Ўзбекистонда олий ўқув юртига кириш имтиҳонларининг бир кунда ўтказилиши фуқаролар ҳуқуқини бузадими?

Ўзбекистонда олий ўқув юртига кириш имтиҳонларининг бир кунда ўтказилиши фуқаролар ҳуқуқини бузадими?
92 views
25 July 2014 - 13:54

ekzamenЎзбекистонда олий таълим муассасаларининг сони, тахминан, 70 та бўлиб, йилига 56722 нафар талабани қабул қилади. Давлат тест маркази маълумотига кўра, ўтган йили Тошкентдаги олий таълим масканлари орасида абитуриэнтлардан энг кўп аризаларни Тошкент Давлат техника университети (16219), Тошкент Давлат педагогика университети (15606), Ўзбекистон Миллий университети (13286), Тошкент Давлат аграр университети (10540) ва Тошкент ахборот технологиялари университети (8578) қабул қилган.

Республикадаги барча олий таълим муассасаларига имтиҳон бир кунда ўтказилади. Натижада абитуриент фақатгина битта университетга ҳужжатларини топшириш имкиноятига эга, холос.

Давлат тест маркази берган маълумотларга кўра, 2013-йил 480405 нафар абитуриент олий ўқув юртларига ҳужжат топширган. Демак, ҳар бир ўрин учун энг камида 8 та даъвогар тўғри келган. Баъзи жойларда эса бир ўрин учун 23 нафар абитуриент даъвогарлик қилган. Масалан, Тошкент Тиббиёт академиясининг Фарғона филиалида 115 талабалик ўрнига 2599 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Олий таълим муассаларига кириш синов имтиҳонларини амалга ошириш “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади. Унинг асосий қоидалари қуйидагичадир:

– Олий таълим муассасаларига қабул тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

– Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича таълим йўналишлари, ўқитиш тиллари ва шаклларига кўра алоҳида ўтказилади;

– Тест синовлари, шунингдек, уларни ўтказиш тартибини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.

– Тест синовлари кундузги ва махсус сиртқи бўлимлар учун 1 августда ўтказилади.

Назаримизда, Низомнинг энг муаммоли қоидаси бу тест синовлари ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича таълим йўналишлари, ўқитиш тиллари ва шаклларига кўра алоҳида ўтказилиши ҳақидадир.

Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида абитуриент фақат битта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлиб, тест синовларини муваффақиятли топширмаган тақдирда кейинги йил ўтказиладиган синовларни кутишга мажбур бўлади.

Масалан, 2013-йилда Тошкент давлат юридик институтига (ТДЮИ) кириш бали 215ни ташкил этган бўлса, аммо абитуриент 209 балл тўплаган бўлса, у бу йил нафақат ТДЮИда, балки Ўзбекистон ҳудудида жойлашган юридик ёки юридик соҳага яқин бўлган бошқа йўналишда (юридик таълим ёки халқаро муносабатлар) ўқиш ҳуқуқидан ҳам тўлиқ маҳрум бўлади. У ТДЮИдан бошқа шу йўналишдаги олий ўқув юртларига кириш балидан юқори бал йиғган бўлса ҳам. Ёки 2013-йилда Андижон давлат университети (АДУ) ҳуқуқ бўлимига кириш бали 190 бўлган бўлса, аммо абитуриент 218 балл тўпласа, у фақат АДУда ўқиш имкониятига эга бўлади. Ваҳоланки, у тўплаган бал ТДЮИда ўқиш ҳуқуқини бериш даражасида юқоридир.

Қабул шартлари ва абитуриентлар йиғадиган баллар билан боғлиқ бу воқелик, назаримизда, бир қатор ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради.

Манба: tashabbus.uz