Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (4)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (4)
183 views
27 July 2014 - 9:27

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Дуйсенбайнинг хўрозбозлик ҳунари ёнига кейинги вақтларда расм бўлган итбозлик ҳам қўшилди. Итлари сабаб, Турон ҳудудларидаги давлатлар тугул, Русия, Украина, Бразилия ва Мексикада ҳам уни танимайдиган итбоз қолмади. Аммо барча мувафақиятларга у хўроз орқасидан эришди. Бобосини урушқоқ хўрозлари асли Тошкентнинг бабақ – даканг хўрозлари наслидан бўлиб, устаси фаранг Дуйсенбайнинг корчолонлиги туфайли бу насл Бразилия, Филиппин ва Қуриянинг урушқоқ хўрозлари билан чатиштирилди. Натижада янаям ушоқроқ, чидамли ва шиддат билан жанг қиладиган зотлар яралди. Кампирнинг саъй-ҳаракатлари уларни янаям ваҳший ва бетамиз бир махлуққа айлантирди. Дуйсебайнинг хўрозлари билан даврага тушган хўрозлар, ўлмай туриб, жанг майдонини тарк эта олмайдилар.

Омон қолганлари кўзидан ёхуд қанотларидан айириладилар. Бироқ унинг бошқа хўрозлари орасида ҳам яққол ажралиб турадиганлари бор эди. Шулардан бири ҳовлида гердайиб юрадиган Житириқ лақабли хўроз бўлиб, Дуйсенбайнинг бутун диққат-эътибори шу кунларда унга қаратилганди. У Житириқнинг тўкис ҳаёт кечириши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширарди. Шунинг учун кампирнинг каровати таги вино билан колбасадан аримайди. Дуйсенбай унинг тинмасдан еб-ичиб, тез-тез қусишини жон-дилидан истагани боис, пулни аямайди. Кампир бетоб бўлса, у ҳам бетоб бўлади, унинг иштаҳаси бўғилса, Дуйсенбайнинг ҳам иштаҳаси бўғилади. Кампирнинг ўлиб қолиши мумкинлигини эсласа, бошига осмон ағдарилаётгандек туюлади.
Кампир ошхонадан чиқиб, девор тагига қўйилган тоғорачага бориб қусди.

Хўроз ийиб, қанотларини палопонлар сингари силкитди, ғалати овоз чиқариб, ўз хуморини қондирадиган муддат келганини билдирди. Сўнгра сарқитни чўқалаб, лаққа-лаққа юта бошлади. Бу пайт Баҳром орқасини деворга суяб, ҳовлига эҳтиёжи туфайли чиққан одамларни тепиб чўқиётган хўрозни томоша қилиб ўтирарди. Уйқуси қочган Сангин билан Фирдавснинг ҳам икки кўзи ҳовлида эди. Баланд қурулган иморат ҳайбатидан осмон кўринмасди. Ҳожатга ёки ошхонага сув ичгани кириб-чиқадиган ишизловчиларга қутурган ит сингари ташланадиган хўроз сояси иморат деворларида филдан-да каттароқ кўланка пайдо қиларди. Мавҳумот ичра нафас олаётган ишизловчилар юрагида бу нарса ваҳима уйғотарди. Қўшни ва қардош бир юртда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари бўлмаган бу бечоралар, аслида, ўзларининг сояларидан ҳам қўрқардилар. Билиб-билмай ножўя қадам боссалар, балоларга қолиб кетишларини яхши билганлари учун хўрознинг жонсиз кўланкаси ҳам уларга таҳдид нишонидек туюларди. Бирор-бир ножўя қадам дегани аслида жиноятни англатмасди.

Уларнинг ўзларини эмин-эркин тутишлари ҳам маҳаллий халқ учун кечирилмас қоидабузарлик эди. Қусуқ еб, кайфи тароқлигидан кўрганига ташланадиган битта хўрознинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларникига таққосланганда, жуда юксакда эди. Улар хўрознинг тепкилари ва уятсиз қилиқларига жаҳллари чиқиб туриб ҳам, кулги ва елкаларини қисиб қочиш билан жавоб берардилар. Шу кабиларни ўйлаётган Баҳром,ичидан хўрозга шеър тўқирди:

Совуқнинг заҳридан вужудим карахт,
Пинжимга тиқилар жоним қуш мисол.
Жулдур чопон каби танимда йўқ тафт,
Деворлар ортидан кўринмас ҳилол.

Ҳовлида изғийди қора бир соя,
Дев каби кўланка кезар беаёв.
Бу шарпа ҳовлида йўқ эди боя,
Ярим тун кечганда бошланмоқда ов.

Арвоҳдек ғимирлар кампир тўсатдан,
Кўнглини беҳузур этганда ароқ.
Тўкилиб кетгудек бўлади бадан,
Қусуқдан бўғзига тиқилар чавоқ.

Кампирнинг оғзига тикилиб хўроз,
Битта оёғини кўтарар бир зум.
Биз шарпа атаган бетамиз шоввоз
Қусуқни донадек чўқиб қилар гум.

Хуморга ўрганган жиғилдон ҳар тун
Хўрозга осойиш бермайди асло.
Кампирдан хўрознинг умиди бутун,
Сарқитдан яхшироқ хўрак йўқ гўё.

Хўрозга дунёда шу важдан бўлак
Муқаддас нарсанинг ўзи йўқ бирор.
Нафсни деб тун бўйи бўлади ҳалак,
Ҳар сафар мастликдан топади қарор.

Азалда бўйнига юкланган бурчни
Унутган батамом – неча йил олдин.
Сарқитга қаратган у бутун кучни,
Унингсиз бир лаҳза ола билмас тин.

Одамларга теккан тубанлик, пастлик
Эгасидан юққан унга ҳам чоғи.
Жонини олади энди бу мастлик,
Кўзларида ёнар ваҳшат сиёғи…

– Бу ҳаромхўрнинг росмона хўроз сингари вақти-соатида қичқирганини эшитмаганман, – деди Қўзи оға. – Илгариги хўроз ҳам худди шунга ўхшарди. Хумори тутса, кампирни кўрса ёхуд маст бўлганда, кетини узмасдан қичқиришни бошларди.

Шу пайт ҳожатхонадан чиққан бир аёлга хўроз тағин ташланиб қолди. Баҳром бу аёлни дарров таниди. У бошқа аёлларга нисбатан ўктам ва шаддод, тили бурро эди. Хиёл қизаринқираган юзларидан соғломлиги бўртиб тургани учун кўзга тез ташланарди. Дуркун қомати кўрганнинг кўзини ёқарди. У кеча Сангин билан Фирдавснинг суҳбатига бурнини тиққани учун ҳам, Баҳром уни яхши эслаб қолганди.

У қўлини ювишга чоғланганда, хўроз унинг елкасига сакраб чиқди. Рўмолидан чўқиб, товуқ каби босмоқчи бўлди. У қаддини ростлаб, қочмоқчи эди, депсиниб йиқилиб тушди. Боши деворга тегиб, бир нафас гангиб қолди. Бундан фойдаланган хўроз дарров унинг бошига тепиб, чўқилашга тушди. Ҳамияти қўзиган аёл ғазабга тўлиб, қон тўлган кўзларига ҳеч нима кўринмай қолди. Хўрознинг кекирдагидан ушлаб ўрнидан турди. Уни ўлимтик каби судраклаб, жони-жаҳди билан деворга урди. Бахшилло ҳаш-паш дегунча шотирлар хонаси деразасидан сакраб ҳовлига тушди. Аёлга мушт солиб йиқитди-да, дуч келган жойига аёвсиз тепкилай кетди. Шунда қандайдир бир ёввойи куч Баҳромни ҳам сапчишга мажбурлади. У ҳам шотир сингари хонадан оёқяланг отилиб чиқди. Бора-сола зўравоннинг чап ёқасидан ушлаб, ўзига тортиб, ўнг оёғи билан чап оёғи тўпиғига тепиб, уни силтаб отиб юборди.
Кейин “вой-вой”лаб ётган аёлни турғазиш учун энгашганди, оч биқинига еган тепки зарбидан гандираклаб кетиб, боши билан деворга урилди. Шу ондаёқ ўзини ўнглаб олиб, маймун каби ирғиб Бахшиллони чотига тепди.

– Вуй-вуй, единг-ку, аблаҳ! – дея шотир ғужанак бўлиб қолди, икки қўли билан олдини чангаллаганча, лунжларини шишириб, бўйнини ичига тортди.
Қолган шотирлар уйғониб кетган, бу можородан хабар топгандилар. Улар уяси бузулган арилардек ғувлашиб ҳовлига отилдилар ва Баҳромни дўппослай кетдилар. Тепки остида қолган бечоранинг инграшга ҳоли келмасди.
– Бир бегуноҳни ўлдириб қўядилар. Қўйга ўхшаб қараб тураверасизларми?! – дея аёл жон ҳолатда қичқира бошлади.
Сангин ўрнидан туриб эшикка отилди, унинг ортидан Фирдавс эргашди.
– Қийзини с…ларинг боласи.., устихона етирди. Маразлигам эвиминанда! – дея Қўзи оғаники қўзиди.

Учта шериги унга жўр бўлди.
Ҳовлида қиёмат қўпди. Олтита ишизловчи саккиз шотирни ер тишлатди. Оёқлар остида қолган Баҳромни аёл амаллаб чеккага тортиб, юз-кўзидаги қонларни бошидаги рўмоли билан артди. У карахт бўлиб қолган, ҳеч нарсани сезмасди.
Шунда ҳовлига миршаблар бостириб кириб, ғимирлаган жон борки, шолтўқмоқлар билан савалаб, чўзилтириб ташладилар. Хўроз бир чеккада қанотларини кўтаролмасдан қақақлаб ётарди. Уни шошилинч равишда ветеринарга олиб кетдилар.

Учинчи боб

Миршаблар шотирларни бош кўтарган ишизловчиларга қўшиб жазо камерасига тиқдилар. Бўйи тўрт, эни уч қулоч келадиган жазо камерасига шотирлар хонаси ичига ўрнатилган темир эшикдан кириларди. Орқасидан очилиб-ёпиладиган иккинчи темир эшик ҳовлининг нариги ёғига олиб чиқарди. Ичкари чироқ нуридан порлаб турарди. Оёқ остига кигиз ташланганди. Камера қорасувоқдан чиққан тўрт девор, шифт ва полдан иборат эди. Темир эшик кўксидаги туйнукни ҳисобга олмаганда, хонага бошқа тарафдан тоза ҳаво кирмасди. Бироқ эшик шотирлар хонасига очилгани учун иссиқ, захдан асар йўқ эди. Хонага зўрға сиққан ўн олти кимсадан бирининг қовоғи, бирининг бошқа жойи ёрилганди. Улар икки гуруҳга бўлиниб, бир-бирларини ёқтирмаётганликларини намойиш этишга тиришардилар.

– Нари тур, ўлаксахўр ит! – деди Тўрабика устида серрайиб турган Бахшиллога. У чўнқайиб олиб, Баҳромнинг қош-қовоғи ва бурнидан сизаётган қонга рўмолини босиб турганди. – Сурбетларча, нон еганингдан кўра п.. еганинг яхши эмасми? Бир кун Тожикистонга қайтиб борарсан, биров танимаса, биров таниб қолар. Охир оқибат ит ўлимида ўласан, турқинг қурсин, ҳароми. Қоққан қозиқдай устимда турмай ҳар бало бўлгур. Даф бўл!..
– Сен жиннисан! – деди Бахшилло ҳам жаҳли чиққанини билдирмасликка тиришиб. – Фаҳм-фаросатинг бўлса, Житириқни урасанми? Худо кўрсатмасин, унга бир нима бўлса, катта хўжайин сени ҳам, мени ҳам бурда-бурда қилиб, гўштимизни итларига ташлатади.
– Мени урган қўлларинг синсин, ифлос, деразадан барчасини ўзинг кўриб тургандинг-ку. Қилиғи қурсин ўша хотинбозни, нима қилишим керак эди?!
– Қўйиб беришинг керак эди. Ишини битириб, атрофингдан бир айланарди-да, қанотларини патиллатиб қичқириб юборарди. Кейин сен ҳам ўрнингдан туриб, курк товуқдек силкиниб, патларингни тўзғитардинг-да, кетаверар эдинг. Бирор жойинг камайиб қолмасди.
– Юзинг қурсин, қозоқнинг итига дум бўлмай ўлиб кет! Яхши кўраркансан, хотинингни бостир, онангни бостир!
– Житириқнинг тагида беш қаричли бир нимаси бордай гапиради. Шошмай тур, фалон жойингга арматура тиқаман, яхшиликни билмаган қанжиқ!
– Вой-вой, менга нима яхшилик қилибдиларки, қилмаган ишларини пеш қилсалар. Ҳар сафар келганимда қоринларини тўйдириб қўйганим ҳисобига тузукроқ кўрпа-тўшак берган бўлсалар, бериптилар-да. Аммо сўкинмасдан, одамга ўхшаб гапир, ит. Арматурани қизингникига ур, қизингники қисқалик қилса, онангникига ур. Мени тепган оёқларинг илоё шол бўлсин, акашак бўлсин, эшитдингми?!
– Аясам, бошимга чиқасан бу жой торда, ҳозир мавриди эмаслигини билиб турибсанда. Шошмай тур, юзларини сийпалаётган шоғолинг билан иккалаларингни бошларингга итларни кунини соламан ҳали. Қандайдир бир эшакни силаб-сийпаб, менга бобиллайсан. У ким бўлипти ўзи? Уни шундай жавратайки, туғилган кунларига пушаймонлар есин. Менинг ёқамдан ушлайдиган кимса ҳали онасидан туғилмаган!
– Бор-бор, қўлингдан беш келмаса, ўн беш қил. Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбормайсанми? Сенга ҳам Худонинг боққан балоси бордир. Сатта оғизга олиб бўлмайдиган сўзларни оғзингга олиб, кўпам вайсайверма. Сатқайи сар кет. Йигит бўлмай ҳар бало бўлгур, пасткаш…
Баҳром икки орада кечаётган даҳанаки жангнинг лаби-лунжини озми-кўпми тушуниб турарди. Тожикчадан хабарсизлар нима бўлаётганига ҳайрон эдилар.
– Сен ҳали тожикистонликмисан, ноинсоф? – дея Сангин Бахшиллога сўз қотди. – Тожик бўла туриб, ҳеч бир айби йўқ тожиклар бошига шунчалар кўргуликларни соляпсанми?
– Ҳа, у тожикистонлик, тожик! – деди Бахшилло индамагач, аламзада Тўрабика. – Ёнидаги икки эшакмия мурдашўй унинг ҳамшаҳарлари, мана бу беш гўлоҳ ўзбекистонлик. Барчалари фаррошнинг сарқитига муккасидан кетган хўроз каби ҳаром еб ўрганган иблислар. Ишизловчиларни қон йиғлатибдиларми, топган-тутганлари ёмон кунларига ярасин, илоё, омин!
– Оғзингни ёп, қанжиқ! – дея Бахшиллонинг орқасидаги пакана шотир Тўрабикага кекирдагини чўзди. – Ҳозир бир уриб ўттиз икки тишингни қоқиб оламан!
– Ўзингни қўлга ол! – дея уни Бахшилло қучоқлаб олди. – Ҳозир мавриди эмас деётганимни тушунмаяпсанми? Барчаси тинчиб, миршаблар кетсин, бу урғочи иблисни олиб кетишмаса, қўл-оёғини синдириб, шу жойдан чиқмайдиган қилиб қўяман. Житириқ каби фаррошнинг исқиртидан тўймагунча, остона ҳатлаб кўчага чиқмайди!
– Ўпкангни бос, сен ким бўлибсанки, эрки қўлида бўлган инсонларнинг ҳуқуқларини поймол қиласан! – дея можорога Фирдавс аралашди. – Сен шерикларинг билан биргаликда бу қилмишларинг учун қонун олдида жавоб берасан ҳали. Бугундан бошлаб қамоққа томон ташланадиган ҳар бир қадаминг билан ўзим шуғулланишга сўз бераман!
– Қўлингдан келганини қил! – дея Бахшилло Фирдавсга яраланган тўнғиз мисоли тиш қайради. – Авваллам бор, ўзингни оқлаб, бу жойлардан чиқиб ол, кейин бир гап бўлар.
– Кўрамиз!
– Кўрамиз…

Икки йигит занжирдаги ит каби бир-бирига ўдағайларди. Кўринмас занжирнинг бир учи темир эшик орқасидаги миршаблар қўлида эди. Уларнинг зардали овозлари таҳдид солиб турмаганда, икковлари оч бўридек бир-бирларини ғажиб ташлашга тайёр эдилар.
Эшикни қия очиб ичкарига мўралаган кимса қисиқ кўзлари билан аллакимни қидирди.

– Бу ёққа чиқ! – деди Бахшиллога кўзи тушгач, русчалаб.
Бу шотирлар бошлиғи, собиқ қозоқ миршаби эди. Тўс-тўполонни бостирган миршаблар уни уйидан чақиртириб олгандилар. Орадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтса ҳам ҳеч бир кимсани тергамаётганларининг боиси мана шунда эди. Бахшиллонинг чақирилиши можорога аралашган ишизловчиларнинг элакдан ўтказилишидан дарак берарди.
Бахшилло чиқиши билан миршаблар бошлиғи унга тарсаки тортиб юборди.

– Нима қиляпсан? Урма, бу ўзимизники! – деди шотирлар бошлиғи.
– Шишесини с… бу сартни, – деди у. – Таниб турибман, Жақиб. Яхши ишламаганидан сўнгра ураман-да. Ўрнига тузукроғини қўйсанг бўлмайдими?
– Шошмасанг-чи, Нурлибек, сўраб-суриштирайлик-чи, нима гап экан ўзи. Бахшилло сартлардан эмас, тожик.
– Оқ ит, қора ит, битта ит, сарт билан тожик бир гўр!
– Тинчликми? Нима гап? – дея Жақиб Бахшиллодан тўполон сабабини суриштирди.
У барчасини ипидан игнасигача айтиб берди.
– У қанжиқ қаерда ўзи? – дея Нурлибек Тўрабикани сўради.
– Ичкарида!
– Чақир-чи бу ёққа!

Тўрабика барчасини эшитиб турганди. Шунинг учун қонли рўмолни бошига ўраб чиқди.

– Тўмарис бўлмоқчимисан? Қув кўринасан, шишенгни с… сартни қанжиғи…
Миршаблар бошлиғи ўзбек тилида гапирди.
– Тўмарис ким ўзи, кўке? Анави фаррош кампирни айтяпсизми?
– Ҳэ, онангни… Қорнинг тўйиб, пишқириб қолдингми? Пишиқ-пухталик қиламан дея ўраб олган нарсасини қара!
– Рўмолдаги қонлар бунинг ўзиники эмас!
– Кимники бўлмаса, онангни с… сартни боласи?
Бахшилло гапириб хато қилганини англади.
– Ўзбекчада “онангни” деб сўкиш қулоққа ёмон тегаркан! – деди ётиб қолганча, отиб қол, қабилида иш тутган Тўрабика. – Командир, қозоқчалаб “шишанг”ни деб сўкаверинг, илтимос. Шунисига кўникканмиз.
– “Шиша” эмас, шеша! – деди миршаблар бошлиғи. – Бутилка билан онани фарқига бормайсанми? Зўрсан-ку. Қайсисини айтганда ҳам, онанг битта-ку!
– Пайғамбар ҳадисларида ўқиганим бор, кўке. Ким бировни онасини сўкса, ўз онасини сўккан бўлади. Бироқ ўзбекчада “онангни” дея сўкса, юракка қаттиқ ботаркан.
– Бўлипти, шешангни … сартни қизи. Рўмолингдаги қон кимники?
– Ҳа-а, энди-и бу бошқа гап, кўке. Қозоқчадагиси қулоғимни бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқиб кетади…
– Маҳмадоналик қилмасдан саволга жавоб бер. Сўралмаган нарсани гапирсанг, тилингни суғуриб оламан. Шешангни .., чечан чиқиб қолдинг-ку!
– Қон қусгур шотирлар бир бечорани қора қонига бўядилар, кўке. Рўмолимни ечиб, сиқсам, бир челак қон оқади!
– Кимни айтяпсан?
– Мени Бахшиллодан ҳимоя қиламан дея тепки тагида қолган кимсани айтяпман!
– Отаси от қўймаганми у ифлосга? Исмини айтиб гапир. Мен фолбин эмасман, учини чиқарсанг, буёғини улаб кетаверадиган. Давлат одамиман, тагимда курсим, қўлимда пешатим бор, касб-корим мендан ҳар бир нарсани аниқ ва лўнда ечишни тақазо этади.
– Тушундим, кўке. Аммо у кимсанинг исмини билмайман-да!
– Сени Бахшилло нима учун урди?
– Бир ҳароми хўрозни дея! – деб Тўрабика қонталаш ёноғини силади.
– Хўрозни нима қилдинг!
– Ҳеч нима қилмадим, хотинбоз ўлгурни ўзи шилқимлик қилди. Ўзимни ҳимоя қилдим.
– Қандай қилиб?
– Ундан қочгандим, бошим билан деворга урилиб йиқилдим. Бетовфиқ устимга чиқмоқчи бўлди, кекирдагидан ушлаб сиқдим, холос.
– Сиқмасанг нима қиларди?
– Сиқмаса, …ди! – дея бир миршаб луқма ташлади.
Қолганлар хохолаб кулиб юбордилар.
– Жим, жим! – деди сўзи бўлинган Нурлибек икки қўлини юқорига кўтариб.
– Нима қиларди, тегажоғлик қиларди! – деди Тўрабика бир нима демаса қутулмаслигини англаб.
– Тегажоқлик қилса, нима бўларди?
– Кейин… кейин ҳеч нима бўлмасди!
– Ҳеч нима бўлмаса, нима учун кекирдагидан ушлаб сиқасан, шишенгни .., сартнинг қанжиғи?
– Ёлғон гапиряпти. Бу аблаҳ хўрозни кекирдагидан омбурдек сиқиб, уни ўлимтик сингари деворга тоблаб-тоблаб урганларини айтмаяпти, командир!
– Мен сендан сўрамаяпман! – деди Бахшиллога бўғизланган буқа сингари бўкирган миршаблар бошлиғи. Сўнгра яна Тўрабикага кўзларини қадади. – Қани, жавоб бер-чи? Отинг Тўрабўками, Тўрабуқами, нима эди?
– Тўрабика!
– Нима бўлса бўлар, давом эт!
– Бор гап шу!
– Бор гап шу бўладиган бўлса, нима учун хўрозга қўл кўтардинг?
– Айтдим-ку, яна нима дейман?
– Сенинг нархинг қанча туради?
– Нархим… Қанақа нархим?
– Жақиб, бу шешангни … сартни нархи қанча туради?
– Беш юз доллар.

Остона ҳатлаб кирган ҳар бир ишизловчининг нархи ҳақиқатан беш юз доллар турарди. Жинси, ижтимоий келиб чиқиши, ҳунари бори-йўқлиги, қари-ёшлиги ёки куч-қуввати аҳамият касб этмасди. Сон муҳим эди. Буюртмачи нақд тўласа, уларнинг ичидан ўзига ёққанини сайлаб олиб чиқиб кетаверарди.
Гап нимадалигини англаган Тўрабиканинг хўрлиги келди. У ўзини бозорга солинган мол сингари ҳис қила бошлади.

– Хўрознинг нархи қанча туради?
– Адашмасам, ўттиз минг доллардан кам эмас! – Жақиб бу саволга ҳам дарров жавоб қайтарди.
– Бу пулга олтмишта сартнинг сара қизини сотиб олса бўларкан!
– Одам билан хўрозни тенг қилиб бўлмайди! – деди Тўрабика миршаблар бошлиғига. – Инсон деган ном ёнида бошқа нарсаларнинг сариқ чақача қиймати йўқ.
– Бўлмаса, нима учун хўрозга ташландинг? Уни емоқчи эдингми?
– Бу ҳаромхўрни чўчқа еса қутуриб ўлади. Сарқит еганимдан кўра очдан ўлганим яхши!
– Ҳаромхўр деётганинг хўрози баҳоси сенинг қийматингдан олтмиш ҳисса кўп эканлигини кўриб-билиб туриб, тағин нимлар деб валдираяпсан? Шешангни … сартнинг қизи!
– Ҳеч нимани кўриб-билиб турганим йўқ, кўке. Сизнинг олдингизда қадр-қимматим бўлмагани билан, юртимда, қариндош-уруғларим ёнида, етарлича қадр-қимматим бор. Кимлигингиздан қатъи назар, шаънимни ерга уришга ҳаққингиз йўқ. Мен ҳам онангиз, опа-сингилларингиз ва хотинингизга ўхшаган бир аёлман. Сизни қизингиздан кам жойим йўқ. Менинг ҳам сиз каби отам бор эди, мени ҳам сизни туққан аёлга ўхшаш бир аёл туққан. Арзимаган ҳаракатим билан ўзимни ҳимоя қилишга уриниб, бирор жиноятга қўл урган бўлсам, бутун Қозоғистондаги аёллар судланмасдан қамалишлари зарур бўлади…

(Давоми. Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)