Каримовнинг имомлари Ғазо мавзусини айланиб ўтишди

Каримовнинг имомлари Ғазо мавзусини айланиб ўтишди
90 views
29 July 2014 - 9:50

28 июль куни Ўзбекистон масжидларида Ҳайит намозидан олдин ўқилган ҳутбаларда тинчлик Аллоҳнинг буюк неъмати эканлиги, Ироқ, Афғонистон ва Сурияда бўлаётган “биродаркушлик” урушлари ҳақида ваъз қилишган ҳукумат имомлари ўз маърузаларида Ғазолик мусулмонларга қарши Исроил армияси томонидан олиб борилаётган уруш мавзусини айланиб ўтишди.

Хусусан, Тошкент шаҳри масжидларида ўқилган ҳутбаларда пойтахтлик имомлар “Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи ва қўпорувчи оқимлар таъсиридаги гуруҳлар Афғонистон, Ироқ ҳамда Сурияда мусулмонларнинг қонини тўкаётгани” ҳақида сўз очиб, Ўзбекистонда президент Каримовнинг саъй-ҳаракатлари эвазига тинчлик ҳукм сураётганини мисол келтиришди.

“Ўзга диёрларда нотинчлик ва урушулар авж олган бир пайтда ҳурматли юртбошимизнинг шарофати билан мамлакатимизда осойишталик ва тинчлик ҳукм сураяпти. Биз мусулмонлар бу неъматнинг қадрига етишимиз керак”, – деди хусусан Тошкент шаҳар Бош имом хатиби Анвар қори Турсунов Кўкалдош масжидида қилган ҳутбасида. Мусулмонлар диёрларида давом этаётган турли қонли қарама-қаршиликларни мисол келтирган Анвар қори Турсунов Фаластинннинг Ғазо секторида истиқомат қилувчи мусулмонлар Исроил армияси томонидан қириб ташланаётганлиги тўғрисида лом-мим демади. Бу ҳолат пойтахтнинг ва умуман республиканинг бошқа масжидаларида ҳам кузатилди.

Ҳайит намозидан олдин ва кейин қилган дуоларида ҳам ҳукумат имомлари ўзларининг каримовпарастлигини, мусулмонлар умматидан йироқ ва дунёвий орзу-ҳавасларга яқин кишилар эканлигини намойиш этиб, фаластинлик мазлумлар ҳаққига дуо қилишмади. Жаннатга эришиш, дўзаҳдан қутулиш ҳақидаги оҳират дуоларини унутган имомлар турли майда-чуйда дунёвий орзуларини изҳор этишди.

“Кўз, қулоқ, оғиз, бурун ва тиш докторлари”, “велосипеддан йиқилиб касалхонада ётганлар”, “автобусда узоқ сафарга отланганлар”, “жазирама иссиқда қийналаётган кексалар”, “ер участкаларида қурилиш бошлаганлар”, “масжид ҳовлисини супураётган фаррошлар” ва ҳоказо тоифа одамлар ҳаққига алоҳида ҳамда майда дуо қилиб бошлаган имомлар илтижоларининг охирини президент Ислом Каримов, МХХ ва ИИВ ходимлари ҳақларига бағишлашди.

Шундай дуоларнинг сўнгги қисми: “Аллоҳ юртбошимизнинг умрини зиёда қилсин! Юртимизда тинчлик ҳукм сураётганига, осойишта намоз ўқиётганимизга ўз ҳиссасини қўшаётган милиса ва бошқа идоралар ходимлари ҳам узоқ умр кўришсин!” – деган сўзлар билан якунланди.

ЎХҲ ахборот бўлими