Ҳақназаровнинг сўнгги мақоласи эл муҳокамасида

Ҳақназаровнинг сўнгги мақоласи эл муҳокамасида
51 views
30 July 2014 - 11:48

banner-300

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, таниқли ва аноним сиёсатшунос Усмон Ҳақназаровнинг “Каримов МХХ ва ДБҚни “ҳаётпараст унсурлар”дан тозалади” сарлавҳали сўнгги мақоласининг мазмуни пойтахтликлар орасида яшин тезлигида тарқалиб, қизғин муҳокама қилинмоқда. Мақолада келтирилган воқеа ва фактлар нафақат таниш-билишлар даврасида, балки нотаниш ва бегоналар иштирокида ҳам оғиздан-оғига ўтмоқда.

“Шу ҳафта давомида уч-тўрт киши шу материал ҳақида сўз бошлаб, МХХ генералларининг уйларидан 100 миллионлаб долларлар топилгани ҳақида айтишди. Улар менга нотаниш бўлган, йўлдан чиққан мижозлар эди”, – дейди Ихтиёр исмли пойтахтлик таксист. Унинг гапларига кўра, бу мақола ҳақида сўз бошлаган кишилар Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримованинг жиноятлари ҳақида ҳам қизғин ҳикоя қилишган. Бундан ташқари, йўловчилар президентнинг адолатсиз сиёсатига қарши ўз нафратларини ҳам очиқ-ойдин, қўрқмасдан гапиришган.

“Илгари мижозлар сиёсатдан сўз очишга чўчиброқ ўтиришарди. Ҳозир унда эмас: юртимиздаги адолатсизликлар ҳақида ўзлари гап бошлаб, хулоса ўрнида: “Бу тузумни ағдариш керак!” – деб қўйишаяпти”, – дейди Ихтиёр ака. Унинг фикрича, Ҳақназаровникига ўхшаган мақолалар ўзбекистонликларнинг қулоғига тез етиб келаяпти ва маҳаллий аҳолида Каримов режимига нисбатан исён туйғуларини шакллантирмоқда.

Бошқа манбаларнинг хабар беришича, Усмон Ҳақназаровнинг сўнгги мақоласи Тошкентдаги элита ресторан ва кафелардаги, бозор ва ишхоналардаги давраларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. “Айтсам, ишонмайсиз, кеча шу мақолада ёзилган тафсилотларни президент хавфсизлик хизматида ишлайдиган доимий мижозларимиз ҳам роса гапиришди”, – дейди Тошкентдаги қиммат ресторанлардан бирида ишлайдиган официант. Унинг айтишича, Ҳаёт ва Жавдот Шарифхўжаевларнинг уйларидан топилган пуллар ҳамда Лола Каримованинг жиноятларини муҳокама қилишган тансоқчилар олдиларига олиб келинган таому чилимларни ҳам унутаёзишган.

“Менимча, Усмон Ҳақназаров ўз мақолалари билан кучишлатар идоралардаги ходимларнинг ҳам онгини “заҳар”лаб бошлаган. Акс ҳолда, мххчи ва пххчилар режимга қарши ёзилган мақолаларни жамоат жойларида очиқча муҳокама қилишмас эди”, – дейди пойтахтлик официант.

 

ЎХҲ ахборот бўлими