Юмуқ кўзлар бахти

Юмуқ кўзлар бахти
27 views
31 July 2014 - 12:49

CIMG1413(«Сиёсатга аралашмайман», деганларга бағишлов)

Кўзингни юмасан — юмилар оғриқ,
Кўзингни юмасан — йитади кадар.
Қийноқларинг асли кўзингга боғлиқ,
Кўзларингни юмсанг, кетишар бадар.

Дунё рухсорини қўйма ичингга,
Кўзларингни чирт юм, кирмасин бехос.
Чин ёлғонга дўнсин, ёлғонлар чинга,
Қовоғингга улкан тегирмонтош ос.

Атрофда кезади нусхалар масрур,
Қайғу нелигини билмайди улар.
Сурув-сурув бўлиб кезишади «ҳур»,
Бир-бирига боқиб, бахтиёр кулар.

Улардан ўрнак ол, улардай яша,
Турмуши уларнинг тақлидга лойиқ.
Сен ҳам ўпқонларга ўзингни ташла,
Агар жарга отса, ўзин ҳалойиқ.

Кўзларингни чирт юм, кирмасин инсоф,
Кўзларингни чирт юм, кирмасин зиё,
Кўзи юмуқларнинг бахти қордай соф,
Кўзи очиқларнинг кўргани — зиён.

 
Қийноқларинг фақат кўзингга боғлиқ…

 
Максуд Бекжон