Пайғамбарлар тарихи (28). Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбарлар тарихи (28). Муҳаммад алайҳиссалом
40 views
01 August 2014 - 8:33

p.t.3Роҳиб Боҳиранинг ташҳиси

Роҳиб Боҳира Пайғамбаримиз алайҳиссаломга юзланиб:
– Эй бола, Лот ва Узза (бутлар) ҳаққи, сенга баъзи саволлар бераман, сен уларга жавоб бер, – деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
– Лот ва Узза исми билан ямин этиб, мендан ҳеч нарса сўрама. Валлоҳи, мен булардан (бутлардан) нафрат этганим каби ҳеч нарсадан нафрат қилмадим, – деди.
– Ундай бўлса Аллоҳ учун жавоб бер, – деди роҳиб.
– Сўра, – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Боҳира Пайғамбаримиздан қандай қилиб ухлашини, ишлари ва бошқа ҳоллари ҳақида турли саволлар сўради.
Пайғамбаримиз берган жавоблар Роҳибнинг эски китобларда ўқигани сифатларга тўғри келарди.
Роҳиб Боҳира энг сўнггида Пайғамбаримизнинг елкасига боқди. Икки кураги ўртасида пайғамбарлик xотамини кўриб, Пайғамбаримизнинг амакиси Абу Толибдан:
– Бу бола сенинг наслингданми? – деб сўради.
– Ўғлим, – деди Абу Толиб.
– Ўғлинг эмас, бу боланинг отаси ҳаётда бўлиши мумкин эмас, – деди Роҳиб.
– У менинг укамнининг ўғлидир, – деди Абу Толиб.
– Отасига нима бўлди?, – деди Роҳиб.
– Онаси бу болага ҳомиладорлигида отаси ўлган эди, – деди Абу Толиб.
– Тўғри сўйладинг. Энди жиянингни дарҳол мамлакатингга қайтар. Яҳудийлар унга зарар беришлари мумкин. Валлоҳи, улар бу болада менинг кўрганимни кўрсалар, уни дарҳол ўлдиражаклар. Биз унинг китобларимиздан ва оталаримиздан сўнгги пайғамбар бўлиб келишини билардик. Бу хусусда биздан аҳд ва мисоқ олинди, – деди Роҳиб Боҳира.
Абу Толиб роҳибнинг тавсиясига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни олиб, дарҳол Маккага қайтди. (Ибн Исҳoқ, “Китобул Мубтадо”, 2/55).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг исми ва сифатларининг аҳли китобга таниш бўлгани ҳақида

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг исм ва сифатлари Мусо алайҳиссаломга индирилган “Таврот” ва Исо алайҳиссаломга индирилган “Инжил”да ёзилган бўлиб, аҳли китоб саналган яҳудий ва христиан олимлари бу хусусда мукаммал билгига соҳиб эдилар.
Яҳудий олимларидан бўлиб, кейин мусулмон бўлган Абдуллоҳ бин Салом “мен Расулуллоҳ алайҳиссаломни ўз ўғлимни танигандан яхшироқ танийман”, деганда, Ҳазрати Умар: “Эй Салом ўғли, бу қандай танишдир?” деб сўраганди.
Абдуллоҳ бин Салом:
– Унинг Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбар эканлиги, унинг васфлари китобларда ёзилгандир, – деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёмонликлардан муҳофаза этилиши

Аллоҳ Таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Абу Толибнинг ёнида яшатиб, жоҳилия даврининг қабоҳатидан асради. Сувотийнинг Абу Нуям ва Ибн Асоҳирдан нақл этишига кўра, ҳазрати Али шундай деган: “Муҳаммад алайҳиссаломдан бир кун “Сен бирор марта бутга сиғиндингми?”, деб сўрадилар. Муҳаммад алайҳиссалом эса “йўқ, мен ҳали Китоб ва иймоннинг нима эканлигини билмаган ҳолда, Қуръайшликларнинг куфрда эканликларини билишдан узоқ эмасдим” деди”.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энагаси Умму Айман шундай деганди: “Қуръайш мушриклари таъзим учун Бувона бутининг ёнида тўпланиб, у ерда сочини олдирар ва қурбон сўярдилар. Абу Толиб бу байрамда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳам қатнашишини истади. Аммо Расулуллоҳ боришни хоҳламади.
Бунга Абу Толибнинг ва Расулуллоҳ холаларининг жаҳли чиққанини кўрдим, холалари “илоҳларимиздан юз буриб, бир балога йўлиқишингдан қўрқаяпмиз” дейишди. Уларнинг тазйиқи билан Расулуллоҳ байрамда қатнашди. Аммо у ерда бир муддат ғойиб бўлди. Кейин рангги оқарган ҳолда пайдо бўлди. Холалари ундан:
– Сенга нима бўлди? – деб сўрашди.
– Мени жин чалишидан қўрқаяпман, – деди Расулуллоҳ.
– Сени Аллоҳ шайтон билан мубтало қилмас. Сенда яхши фазилатлар бор, – деди холалари.
– Мен бутга яқинлашганимда оқ, узун бўйли бир одам пайдо бўлди ва “Эй, Муҳаммад, орқангга қайт, бутга асло қўлингни теккизма”, деб бақирди, – деди Расулуллоҳ. Шундан кейин унга пайғамбарлик келгунга қадар бутлар байрамига бормади.
Ибн Исҳоқ (85-151ҳижрий)нинг айтишича: “Расулуллоҳ йигитлигида мардлик ва инсонийликда қавмнинг энг устуни, аҳлоқ бобида энг гўзали, насл-насабда энг шарафлиси, қўшни ҳақларига риоя қилган, ақл ва юмшоқликда энг кўзга кўрингани, тўғрилик ва тўғри сўзликда энг улуғи, аминлик ва сўзига вафода энг каттаси, ёмон хислатлардан энг узоқ тургани эди. Аллоҳу Таоло бутун яхши хислатларни унда мужассамлаштирганди. Шу боисдан уни қавми орасида Ал- Амин деб аташар эди”.

Пайғамбаримизнинг тижоратдаги фаолияти

Қуръайшликлар тижоратчи эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўн олти ёшида тоғаси Зубайр бин Абдулмутталиб билан тижорат карвони ила Яманга борди.
Йўлда Пайғамбаримизнинг ажойиб ҳоллари намоён бўлди.
Карвон йўлини кесиб чиққан бир қутурган туяни тутиб, ювош ҳолга келтирди, ҳатто устига миниб, четга чиқарди ва карвондан узоқлаштирди.
Шунингдек, сел сувидан тўлиб тошган бир водийдан карвонни мўъжизавий шаклда саломат олиб чиқди.
Бу воқеаларга шоҳид бўлганлар Пайғамбаримиз ҳақида “бу йигитнинг шони буюк бўлади”, дея бошладилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръайшнинг бой аёли бўлган Ҳазрати Ҳадича учун икки марта тижорат сафарига чиқиб, икки марта бир эркак туя билан мукофатланди. Учинчи даъфа Пайғамбаримиз Ҳазрати Ҳадича учун Ҳубашага кетди ва катта фойда билан қайтди.
Пайғамбаримизнинг амакиси Абу Толиб бир куни Пайғамбаримизга “анча қийналиб қолдик, балки Ҳадичадан ишларига ва тижоратига сени вакил қилишни сўрасак, аҳволимиз тузалармиди”, қабилида бир маслаҳат қилди. Пайғамбаримиз қаршилик қилмади.
Ҳазрати Ҳадича Абу Толиб ва Пайғамбаримиз ўртасида бўлган суҳбатни эшитиб “унинг (Пайғамбаримизнинг) бу ишни истаяжагини билмас эдим”, деди ва Пайғамбаримизга хабар солиб, таклифини дарҳол қабул этди.
Ҳазрати Ҳадича Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ниҳоятда тўғрисўз ва ҳалол эканини билар ва унга ҳайрат-ла боқарди.

У Пайғамбаримизнинг Шомга кетаётган тижорат карвонига бошчилик қилишини истади.
Пайғамбаримиз Ҳазрати Ҳадичанинг ёнига келди. Ҳазрати Ҳадича унга: “Сени Шом карвонига бошчилик қилишинг учун чақирдим. Сенинг тўғрисўз, ишончли ва гўзал феълли инсон эканлигингни биламан. Сенга қавмингдан ҳеч кимга тўламаганим энг юксак маош тўлайман”, деди.
Пайғамбаримиз бу таклифни қабул этди.

Роҳиб Ностура

Тижорат карвони Шом тупроқларидаги Бусрага етиб келди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир монастир ёнидаги бир дарахт остида туясидан тушди. Айтишларига кўра, дарахт кекса зайтун дарахти эди.
Монастирдаги роҳибнинг исми Ностур (ёки Ностура) эди. У Пайғамбаримизнинг ёрдамчиси Майсарани танир эди. роҳиб монастирдан бошини чиқариб “Эй, Майсара, ўша оғоч соясида туясини чўктирган зот ким?”, деб сўради.
– Бу Қуръайшлардан, Ҳарам халқидан бир зот, – деди Майсара.
– Бугунгача бу дарахт остида Пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким қўноқламаган, – деди роҳиб. (Ибн Саъд,1/130).
Кейин яна:
– Унинг кўзларида бир оз қирмизи ранг борми?, – деб сўради Майсарадан.
– Ҳа, доим бор, – деб жавоб берди Майсара.
– Демак, ўша. У пайғамбарларнинг сўнггисидир. Кошки, мен унинг пайғамбарлик замонига етишсам!”, – деди Ностура.
Айтишларига кўра, Ҳазрати Абу Бакр ҳам бу тижорат сафарида бўлиб, роҳибнинг сўзларини эшитган ва жуда таъсирланган экан.

Қозонч

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккадан олиб келган молларини сотиб, олиниши керак бўлган молларни сотиб олганида, жуда катта қозонч (фойда)га эришганини кўрдилар.
– Эй, Муҳаммад, Ҳадича учун қирқ йил тижорат қилсак ҳам бу сафарги каби қозончга соҳиб бўлолмасдик, – деди ўшанда Майсара.

Бурсадан Маккага қайтиш

Тижорат карвони Бусрадан чиқиб, Маккага йўл олди.
Ҳазрати Ҳадичанинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёрдамчи сифатида юборгани Майсара роҳиб Ностурадан пайғамбаримиз ҳақида эшитганларидан ҳайратга тушиб, унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузата бошлаганди. У пешин келиб, кун исиган бир чоғда икки малакнинг Пайғамбаримиз устига соя солиб, уни жазирама иссиқдан қўриб келаётганини кўрди.
Тижорат карвони Марруз Заҳронга етганида, Майсара Пайғамбаримизга юзланиб, “Эй, Муҳаммад, сен мендан аввал Ҳадичага етиш, Oллоҳу Таолонинг унга нималар келтирганидан хабар бергин, у ҳам сени тушунсин”, деди.
Пайғамбаримиз Маккага кирганида ўша икки малак ҳам уни қуёш нуридан ҳимоя қилиб, устида турди.
Кўшкига чиққан Ҳазрати Ҳадича ўзининг ёнидаги Нафиса бинти Мунай ва баъзи хотинларга бу малакларни кўрсатди. Ҳаммаси ҳайратга тушдилар. Пайғамбаримиз Ҳазрати Ҳадичанинг қўноғига келиб, тижорат сафаридан қўлга киритилган фойда миқдорини баён этганида бунга ҳамма севинди.

Ҳазрати Ҳадичанинг Варақа бин Навфал билан суҳбати

Ҳазрати Ҳадича ўз хизматкори бўлган Майсаранинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақидаги кузатишларини, Роҳибнинг гапларини, икки малакнинг Пайғамбаримизни иссиқдан қўриганини амакисининг ўғли Варақа бин Навфалга айтиб берди. Варақа бин Навфал христиан эди, самовий китобларни кўп ўқирди. У Ҳадичага: Эй Ҳадича, агар бу деганларинг тўғри бўлса, ҳеч шубҳасиз, Муҳаммад бу умматнинг пайғамбари бўлажак! Зотан, келажак пайғамбарининг бу умматдан чиқажагини мен биламан. Унинг келиши керак бўлган замон ҳам айнан бу замондир”, деди.

Ҳазрати Ҳадича

Ҳазрати Ҳадича жоҳилия даврида Тоҳира деб чақирилар эди.
Икки марта эрга тегиб, тул қолганди.
Нафиса бинти Муля (Умайя) шундай дейди: “Ҳадича бинти Ҳувайлид бин Асад бин Абдулузза бин Қусайй ўз ишини яхши билган, қатъий ҳаракатли, шарафли бир хотин эди.
Ҳадича Қуръайш хотинлари ичида зоти юксак ҳамда бойлардан эди. Шу боис, ҳар бир эркак унга уйланиш учун пул сочарди.

Муҳаммад (алайҳиссалом) Шом тижоратидан қайтганидан сўнгра Ҳадича мени унинг ёнига юборди. Ҳадича Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг унга уйланишини истаб-истамаслигини билмоқ истарди. Мен Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг ёнига бориб: “Эй Муҳаммад, сен нега уйланмайсан?”, деб сўрадим.
– Қўлимда пул йўқ, қандай уйланаман, – деди у менга.
– Агар уйланиш масрoфи топилса ва сен жамолга, молга, шарафга даъват қилинсанг, сен ижобат қиласанми?, – деб сўрадим мен.
– Ким у хотин! – деб сўради Муҳаммад (алайҳиссалом)
– Ҳадича, – дедим мен.
– Бу сенингча қандай бўлиши мумкин?
– Бу ёғини менга қўйиб бер, бу менинг вазифам, – дедим мен.
– У ҳолда айтганинг бўлсин, – деди Муҳаммад (алайҳиссалом).
Мен бу суҳбатни дарҳол Ҳадичага билдирдим”. (Ибн Саъд, 1/131).
Бу хабарни олган Ҳазрати Ҳадича Пайғамбаримизга: “Эй, амакимнинг ўғли, ақрабом (қариндошим) бўлган қавм ичида энг шарафли, энг амин ва тўғри сўзли бўлганинг учун сен билан уйланишни орзу этмакдаман. Амаким Амр бин Асадга бориб, ундан мени иста”, дея мужда йўллади.
Кейин амакиси Амр бин Асадга никоҳларини қийиши учун алоҳида хабар юборди.

Никоҳ маросими

Никоҳ маросимида Ҳазрати Ҳадичанинг амакиси Амр бин Aсад билан Пайғамбаримизнинг амакилари ҳозир бўлдилар. Ҳазрати Ҳадичанинг тайёрлаган қўй этидан пиширилган таом ейилганидан сўнг, Ҳазрати Ҳадича Пайғамбаримиз алайҳиссаломга “амакинг Абу Толибга айт, мени сен учун истасин”, деди.
Абу Толиб оёққа туриб: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, У бизни Иброҳимнинг зурриётидан, Исмоилнинг наслидан, Моаднинг маъданидан ва Мудорнинг аслидан яратди. Бизга ҳаж қилиш учун бир байт (маъбад), ичида ҳузурга қовушилажак бир ҳарам эҳсон этди. Бизни бу Ҳарамнинг посбони айлади. Энди биродаримнинг ўғли Муҳаммад бин Абдуллоҳ билан Қуръайшдан ким қиёсланса, муҳаққақ Муҳаммад ундан зоти, ақли ва фазилати билан устун тутилажакдир. Муҳаммаднинг Абдулмутталиб ва Ҳошим каби шонли оталарнинг набираси эканлигини биласизлар. Энди у қизингиз Ҳадича бинти Ҳувайлидга уйланишни орзу этмакдадир. Айни пайтда, Ҳадича ҳам унга тегишни истамакда. Ҳадичага маҳр сифатида нима берайин?”, деди.
Абу Толибнинг бу сўзларидан кейин Ҳадичанинг амакисининг ўғли Варақа бин Навфал оёққа туриб: ”Аллоҳга ҳамд бўлсинки, У бизни ҳам сен баён қилганинг каби яратди. Сен санаган фазл ва шараф ила бизни ҳам мумтоз айлади. Биз ҳам арабларнинг улуғлариданмиз, сизлар ҳам шундайсизлар. Биз ҳам сиз билан қариндошлик қуришни орзу этамиз. Эй, Қуръайш жамоати, шоҳид бўлинг, мен Ҳадича бинти Ҳувайлидни тўрт юз динор маҳр билан Муҳаммад бин Абдуллоҳга никоҳладим”, деди ва жим бўлди.
Ҳадичанинг амакиси Амр бин Асад: Эй Қуръайш жамоати, мен ҳам Ҳадича бинти Ҳувайлидни Муҳаммад бин Абдуллоҳга никоҳладим”, деди.
Никоҳ маросимида ҳозир бўлган Қуръайшликлар бунга шоҳид бўлдилар.

Тўй

Ҳазрати Ҳадича ўз тўйида жорияларига доира чалдириб, ўйинлар ўйнатди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйдан ташқарига чиқар экан, Ҳазрати Ҳадича:
– Эй Муҳаммад, қаерга кетаяпсан, амакинг Абу Толибга учра, туяларидан биттасини сўйиб, халққа берсин, – деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтилганидай қилди.
Пайғамбаримиз уйланганида 25 ёшда, Ҳазрати Ҳадича эса 40 ёшда эдилар. (Ибн Саъд,1/132).

Зайд бин Ҳориса

У саккиз ёшли бола экан, Бани Қайн отлиқлари босқинида асир олиниб, бозорга чиқарилганида, уни Ҳаким бин Низом 400 дирҳамга сотиб олиб, холаси Ҳазрати Ҳадичага берганди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайдни кўриб, “бу қул меники бўлсайди, уни дарҳол озод этардим”, деди.
Ҳазрати Ҳадича ҳам “у ҳолда бу қул сеники”, деди ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайдни дарҳол озод этди. Кейин уни ўғил сифатида қабул этди.

Муҳаммад Солиҳ тайёрлаб,
2009 йилда Истанбулда нашр этган
«Пайғамбарлар Тарихи» китобидан.