Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (8)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (8)
156 views
01 August 2014 - 8:54

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Еттинчи боб

Баҳром тонг оқариб келаётганда уйғониб кетди. Ҳар бир мусулмонга, ҳар бир номозхонга хос бу одат унга ҳам йиллар бўйи сингиб кетганди. У шунда ҳам ибодатга деярли кечикканди. Шундай бўлса ҳам, таҳорат олиб намоз ўқимоқчи бўлди. Ҳар тугул Қозоғистонда қўрқмасдан намоз ўқиса бўларди. Бутун ўлкада барчага масжидларнинг эшиги бирдек очиқ эди. Уйида дамини ичига ютиб азон айтадиган ўзбекистонликлар учун бу гўё ушалмас орзу эди. Долонга чиқиши билан унинг кўзлари икки опа-сингилни – Батангул билан Сатангулни икки қўлтиғига қисиб, кереслода ухлаб қолган Тайсинга тушди. Кеча аразлаб чиқиб кетган Сатангул яна қайтиб келганди. Уларнинг орқасида тўстувак ушлаган Гулисипса ҳам тикка туриб ухларди. Белидаги чиқинди соладиган елим халта ғижимланган қоғозсочиқларга тўла эди. Хонтахта устида ичилган бўш шишалар қалашиб ётарди. Ярим чала чекиб эзғиланаверган сигарета қолдиқлари кулдонни тўлдириб, ён-атрофига сочилганди. Телевизор ёқиқ қолганди. Экранда бир филни тўдасидан ажратиб олиб овлаётган арслонлар ҳақида кўрсатув борарди.

Житириқга мослаштирилган ётоқхонага чордоқсифат кароват ўрнатилгач, барча буюмларни хонадан чиқарган эдилар. Полдаги гиламлар қолганди, холос. Тўрабика Житириқнинг каровати остига кириб, ҳалигача мириқиб ухларди. Мирзелимбай ҳам бошини остига курткасини буклаб қўйиб, бир чеккага чўзилганди. Хона кенг-мўл ва иссиққина эди. Мардикор бозори билан солиштирганда бу жойлар жаннатмакон эди. Қибланинг мўлжалини ололмаган Баҳром, кўнгли буюрган томонга қараб ният қилди-да, намозини ўқиб олди. Унинг боши зил-замбил бўлса ҳам, уйқуси ўчганди. Тан-баданига балчиқдек ёпишиб олган ланжлик уни лоҳас этарди. У ўтган тундаги еган калтаклари ва чарчоқ зўридан кўзларини очолмасди. Боши ғувуллаб, қулоқларида шовқин турганди. У кўзларини юмиб анча ётди, қовоқлари осилиб кетаётган бўлса ҳам ухлолмади. Ўрнидан туриб, деразага термулиб ҳайкалдек қотиб қолган Житириққа боқди. Уни атайлаб боққа қарата ётқизгандилар. Хўрозлар ва товуқлар ёхуд бошқа тур жониворлардан вакиллар беморни кўргани келишса, унга ётган тўшагида мулоқот қилиш қулайлиги яратилганди. Житириқ улар билан тиллаша олмаганда ҳам, ҳарна кўриб турса, кўнгли ёзилади, дея ҳисоблашарди. Кеча минг турли ташвишлар билан бирор нарсага эътибор бермаган Баҳром деразадан ташқарига қараб, хаёлига ҳам келмаган манзарани кўрди. Кўзлари катта бир майдонга тушиб, росманасига сеҳрланиб қолди. Қиш уйқусига кетган боғ ўз-ўзидан йўқолиб, ўрнида бошқа дунё қад ростлаганди…

…Қорасарой билан майдон ўртасидан катта кўча кесиб ўтганди. Нарида йўл билан ёнма-ён жойлашган фаворалар бор эди. Фаворалар осмону фалакка сув сачратаётган бўлса ҳам, ичкарига шовқини эшитилмасди. Қоқ ўртадан юқорига зинапоялар кетганди. Нариги томонда, устунлар билан самоларга юксалтирилган арк, арк устида оёқлари зулм тўрига илиниб қолган лайлакларнинг тунукадан ясалган ҳайкаллари бор эди. Озодлик истаган лайлаклар тинимсиз қанот қоқмасинлар, тутқунликдан қутулишларининг иложи йўқлиги уларнинг ҳаракатларида моҳирлик билан акс эттирилган эди. Аркнинг чап томонидаги баланд бинода Дуйсенистоннинг жаҳолатпарварлари жойлашгандилар. Улар кун-тун Дуйсенистоннинг қонини сўриш билан, тараққиётини аросатда ушлаб туриш билан овора эдилар. Улардан уч юз қулоч орқада, “Фисқу фасод ва фитналар уйи” бор эди. У ердаги жонли-жонзотлар Дуйсенбайнинг заҳри қотил захиралари таъминоти билан шуғулланардилар. Улар Дуйсенистонни маънавий жиҳатдан оғулаб, иқтисодий жиҳатдан заифлаштириш учун қўлларидан келгунча Дуйсенбайни хўтикка ўхшатиб хўт-хўтлардилар. Аркнинг остидан тўғрига юрилса, икки томон ям-яшил арчазор эди. Кенг йўлка тўрида, мармар даҳмага орқа бериб, онаси Русияга иш излаб кетган неварасига қуриган кўкрагини тутиб турган “Бахтиқаробуви” ҳайкали эътиборни тортарди. Бечора кампирнинг узоқ бир вилоятдан келгани бутун вужудига ёпишган чарчоқдан билиниб турар, унинг тушкунлик соя солиб, ажин босган юз-кўзида ғам-андуҳ жилвалари кезарди.

Баҳром бир пайтлар, даҳма устида қўлини олдинга чўзиб, босқинларга кенг йўл очаётган Ленин ҳайкали бор эди, шекилли деб ўйлади. Миш-мишларга кўра у мустақиллик эълон қилингач, жаҳл отига миниб, даҳма остидаги ертўлага кириб кетганди. Баъзи лақмалар унинг бир кун ертўладан чиқиб, яна ўрнини эгаллашига – мустақилликни ер юзидан супириб ташлаб, Иттифоқни тиклашига қаттиқ ишонардилар. Гап-сўзларга қараганда, орқасини даҳмага бериб ўтирган кампир унга Дуйсенбайнинг устидан арзу дод этиш учун бу ерга келганди. Унингча, чолини, икки ўғлини, ўнга яқин невараларини ва ака-укаларини ваҳҳобийликда айблаб қамоқларга ташлаттирган Дуйсенбай ноҳақ эди. “Бисмилло”сини билмайдиган чоли, икки ўғли, неваралари ва ака-укалари қандай қилиб ваҳоббийчи бўлганига кампир қурғурнинг ақли етмасди. Дуйсенбай аёнлари билан бир неча марта Лениннинг ҳаққи-ҳурмати, бу ерга келиб, кампир ҳайкали оёқлари остига гул қўйиб, бўйнига гулчамбар илиб, ялиниб-ёлвориб уни ҳайдамоқчи бўлди, аммо қўлидан бир иш келмади. Кампир яқинлари озод этилмагунча ёки Ленин ертўладан чиқиб арзу ҳол сўрамагунча, шу ерда тураверишини айтди. У қайсарлигини намойиш этиб, ёз жазирамалари ва қишнинг қақшатқич қорли-ёмғирли совуқ кунларида йиллаб қилт этмасдан турди ҳам. Ахири Дуйсенбайнинг раҳми келиб, унга тиланчилик қилиши учун Тошкент билан келишиб, “Занги ота” зиёратгоҳидан бир кишининг кети сиққудек жой сотиб олиб бермоқчи бўлди. Кампир ҳақиқатан ҳам қайсарнинг қайсари экан, сўзида туриб, бу таклифни рад этди. Жаҳли чиққан Дуйсенбай, “Кетинг бошингдан ошсин, орқангдан зах ўтиб ўл, ношкур банда”, дея қайтиб, унга ялинмади. “Бахтиқаробуви” ҳайкалининг чап томон орқасида “Ёлғон” қонунлар ишлаб чиқариш фабрикаси жойлашганди.

Дуйсенистоннинг энг зиёлилари деб ҳисобланган бир неча авомбош хулқи бузуқлари, текин еб-ичиш ҳисобига бутун дунё қонунларини “Гумбазистон”да кўчириб, маҳаллий шарт-шароитларга мослаб, фабрика фаолларига оширгач, улар ишлаб чиқарилган “Ёлғон” фабрикаси маҳсулоларини ҳаётга тадбиқ этишга рухсат берардилар. “Гумбазистон”даги каби улар учун ҳам барча нарсалар текин эди. Улар, Дуйсенбайнинг бор-йўғи, “ҳа” ёки “йўқ” деган сўзларини такрорлаганлари учун, ўзларини дунёдаги энг бахтли инсонлар деб билардилар. Улар бор-йўғи шу икки сўз учун мояна олардилар, шу икки оғиз сўз учун ҳаммадан кўра яхши яшаяпмиз деб ўйлардилар. “Бахтиқаробуви” ҳайкали орқасидан қандайдир сой оқиб ўтганди. Ўнгга қайрилса, йироқлардан кўзга бир кошона ташланарди. Унинг олдида кўксидан ўқ еб ерга қулаётган турналар ҳайкали бор эди. Ҳамма жойда тирик ҳайкаллар эди. Мажмуани зиёрат қилаётганлар ҳам соялар сингари бир-бирларига айқашиб юрсалар-да, уларда ҳам жон йўқ – руҳиятлари мажруҳ эди. Кўксига ханжар урса, улардан бир томчи қон чиқмасди. Юз-кўзлари, бутун вужудлари каби уларнинг сўзлари таъсирсиз, қалблари ҳиссиз ва лабларидаги кулгилари совуқ ва жарангсиз эди. Улар сояда қолиб кетган гиёҳлар каби нимжон эдилар, рангсиз ва сўлғин эдилар. Қуёш кўрмаган башараларида нурдан асар йўқ, уларнинг нигоҳларидан, ёноқларидан бахтиёрлик жилвалари сизмасди. Улар тирик ўлган ҳайкаллар, тафтсиз гуханлар эдилар. Ўзлари билмаган ҳолларида қадамлардилар, еб-ичардилар, орзулар оламида армонга айлангандилар. Аммо тафаккур этмасдилар, фикрламасдилар…

Тўғрига уч юз эллик қадамча юрилгач, ҳар қандай ўлик жоннинг ҳам ўнг томондаги миллий услубда безатилган “Хотира” мажмуасига кўзлари тушмасдан иложи йўқ эди. Бир-бирига қаратиб қурилган икки айвон остидаги варақасимон темир парчаларга қарашсизлик йилларида бедарак кетган ярим милёнга яқин шаҳидларнинг номи ўйиб ёзилганди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам юрт бунчалар кўп ўғлонларини қурбон бермаган эди. Темир лавҳага номи битилганлар қарашсизлик йилларидаги бир қисм жабрдийдалар эканлигини эътироф этсак, Дуйсенбайнинг ўлимидан кейин камида яна шунча инсонларнинг номи бу жойга битилиши керак бўларди. Айвонларнинг энг тўрида, ўғлонларига аза очган “Мотамсаро она” ҳайкали қад кўтарганди. “Бахтиқаробуви” ўлароқ “Мотамсаро она” мустақиллик йилларида сиёсий сабабларга кўра турли жиноятларда айбланиб, ном-нишонсиз кетган, қамоқхоналарда бешафқатларча йўқ қилинган бутун миллат ўғлонларига аза очганди. У тул қолган келинчаклар ва етим қолган фарзандлар ҳаққи, йиллар бўйи Дуйсенбайни ер уриб қарғарди. “Қаттолнинг оғзидан қони келиб ўлган кунни кўрсам”, деб кўксига муштларди. Қон йиғлайвериб, кўзларида ёши қолмаганди. У узоқ йиллардан буён бошини ердан кўтармасди. Юлдузли осмонларга боқиб, тўйиб нафас олмасди. Унинг оҳ-воҳларига осмонлар чидай олмай, ер бағридан дод чиқарди. Кеча-кундуз тинмасдан ёнаётган олов, ноҳақ тўкилган қонларнинг сояси – жабр-зулм ва бедодликка қўйилган ёвузлик ҳайкали эди. Дуйсенбай шу жойларга келса, қалби ором топарди. Бутун мамлакатни қора кунларга ошино этганидан ўзида йўқ қувонарди…

Энг даҳшатлиси, Житириқ ўлиб қолганди. Уни олиб кетишга келган “Ўлим” поезди ўз-ўзидан ернинг устига чиқиб қолганди.
– “Пахтакор” бекати! – деган овоз янгради у майдонда тўхтагач.– Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!

Ҳамма тушди. Бироқ поездларга ҳеч ким чиқмади. Сўнгра:

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овоз янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…

Барча воқеа-ҳодисаларнинг оёғи осмондан келиб, майдонда тантанали мотам маросими бошланганди. Дуйсенистоннинг давлат байроқлари туширилиб, олақуроқ туғлар тикланганди. Ҳарбийлар оркестрда мунгли куйларни ижро этардилар. Дуйсенбай “Бахтиқаробуви” орқа бериб турган даҳма устидаги ер шарига минбар қўйдириб, микрофонни икки қўллаб чангаллаганча қопқасига суяниб олганди. Унинг бошида қора шиляпа, кўзида қора кўзойнак, қўлларида оқ қўлқоп бор эди. Қоянинг чап томонида, жаҳолатпарварлар – “Фисқу фасод ва фитналар уйи” ходимлари, “Ёлғон” қонунлар ишлаб чиқариш фабрикаси икки палатаси дангасалари ва Дуйсенистоннинг давлат мулозимлари турнақатор бўлиб тизилгандилар. Ўнг томонда опа-сингил Батангул билан Сатангул турарди. Уларнинг орқасида тўстувак ушлаб юрган Гулисипса ҳалиям тикка туриб ухларди. Кўзлари юмуқ эса-да, қўл-оёқлари бурчларини адо этишдан чарчамасди. Бир хилда қорага бурканиб, қора кўзойнак таққан опа-сингилларнинг ва Тайсиннинг думлари остида унинг қўллари тинмасдан ивирсир, белидаги чиқиндихалтаси ғижимланган қоғозсочиқларга тўлиб борарди. Опа-сингиллардан сўнгра, ола-була башарасига қора ниқоб тортиб, бошига ғиррим қалпоқ қўндирган Тайсин турарди. Опа-сингилларники сингари бугун унинг ҳам шимини туртиб чиқиб турадиган тўмтоқ думи орқасига ёпишганди. Икки ёнида икки мураббийси, Жак Андирсон билан Аббос Қасрий ва ўртада безакчи Шўлпаной Авакянлар унинг танқўриқчилиги вазифасини ўтаётгандилар. Улардан кейин маросимга келган чет эллик меҳмонлар ва Дуйсенистонда ерлашган дипломатик корпус вакиллари саф тортгандилар.

Ҳар хил фондлар тузиб, мўмай даромад ундиришга устаси фаранг Батангул вазиятдан фойдаланиб, Дуйсенбай билан келишгач, “Бахтиқаробуви” жамғармасига пул йиғиш тадорикида эди. Сохта айбловлар билан қамалганлар оилаларига ёрдам сифатида ўртага чиқадиган бу аза марафонидан Дуйсенбай ўзини хабарсиздек тутмоқчи эди. У ҳар сафар шунақа ишлар учун Батангулга фотиҳа бера туриб: “Карочи, мен бундан бехабарман. Одамлар барчасини “дода”дан яшириб қиляпти, деб ўйласинлар. Парок қилсанг, ўзинг жавоб берасан, аммо” дерди. “Ўзим жавоб бераман”, деган Батангул ҳам ҳар сафар кичик бир қувлик ишлатарди. Бу гал ҳам шундай қилди. Дуйсенбайнинг қиш ойларида чет эл сафарларига чиққанда киядиган қундуз телпагини хотинидан уч соатга қоп-қоп ваъдалар бериб, ижарага олди. Маросим бошланмасдан олдин, миллий хавфсизлик бошлиғига айтиб, “Бахтиқаробуви” оёқлари остидан ертўлага телпакнинг сиғимида тешик очдирди. Сўнгра телпакнинг устки чокини сўктириб, тешикка тескари қўйганди, очдан ўлмаслик учун нон сўраб йиғлаётган гадонинг ҳовучига ўхшаб қолган телпак тешик билан йиғлаб кўришди. Сиртдан қараганда бир ҳовуч тиллавор билан тўлдириш мумкиндай кўринган телпак остида ўпқон борлигини ҳеч ким сезмаслиги лозим эди. Боқувчиларидан айрилган “Бахтиқаробуви” гўё чолининг телпагини тескари қўйиб, мурувватли кишилардан садақа сўраётганга ўхшаса, олам гулистон эди.

Батангулнинг фикрича, тадбир кампир қўли билан амалга ошса, бир ўқ билан икки ўрдакни урса бўларди. Фуқаро Дуйсенбайни мазлумларнинг ховондори деб ўйласа, унинг қундуз телпагини таниган давлат мулозимлари ва корчалонлар уни тўлдиришга зўр берардилар. Дуйсенистондан бир нима ундириш таъмасида юрган чет эллик меҳмонлар ва дипломатик корпус вакиллари Дуйсенбайнинг эътиборини қозониш учун марафонни “ким ошди” савдосига айлантирардилар. Дуйсенбай кўриб кўрмаганга олиб турса, жонидан умиди бор жонзод борки, Ҳотамтой бўлиб, ҳиммат камарини белига боғламасдан иложи йўқ эди. Икки ўртада Батангулнинг хориждаги милярдларининг чўғи кўпаярди.

Қарама-қарши томонда Дуйсенистоннинг содиқ фуқаролари жойлашгандилар. Дуйсебайга рўпарама-рўпара қирқдан ортиқ даканг хўроз ва бир юз йигирмадан ортиқ она товуқ турарди. Оқ кўйлак устидан катак-катак қирмизи костюм-шим кийган хўрозлар қип-қизил тожларини сиёҳ рангига бўяб, оёқларида қизил этик, қўлларида рўмолча, “Вой болам”лаб уввос солиб йиғлардилар. Уларнинг галустукларини сариққа, тожларини сиёҳ рангга бўяганлари – дилисиёҳликларини – оғир жудоликка учраганларини билдирарди. Оппоқ либосга бурканиб, бошларига кўкимтир рўмол боғлаган товуқларнинг ҳар учтаси бир бўлиб, битта хўрозни овутишни оталиққа олганди. Жазавага тушган хўрозлар баъзида шайтонлаб, ҳушларини йўқотса, баъзида қутуриб, кўнгил бераётган товуқларга тажовуз этарди. Шундай пайтларда қаҳрамонни уч товуқ орқага олиб чиқиб, уриб чўзилтирарди-да, шалпайиб қолгач, судраб келарди.

Уларнинг ўнг тарафида учта буқа билан бир сигир турарди. Уларнинг бозордан қайтгандек гарангсиши нималар содир бўлаётганига тушунолмаётганликларини ифодаларди. Барчаларининг териси қоп-қора бўлгани учун уларга кийим кийгизмаган эдилар. Улар онадан туғма мотам либосида ерга тушгандилар. Чап томондаги юздан ошиқ қўйнинг барчасининг жунини қирқиб, уларни қора рангга бўяб чиққандилар. Қўйларнинг пастида йигирма иккида арлон ит ўрнашганди. Хўрозларни суяб турган товуқларнинг ўнг қанотида эса тўртта от турарди. Уларнинг ёнида болаларини эргаштириб келган тўққизта қанжиқ қора кўзойнак, қора рўмолда, узун думини чотига қисиб, қовоқ уярди. Икки ўртада тобут қўйилганди. Тобут атрофларига аквариумлар билан тувакдаги гулларни тергандилар.

Гулчамбарларга кўмилган Житириқ икки кўзини бақрайтириб, ҳали ҳам оғзини ланг очиб ётарди. Бўртиб турган тили иссиғи баландлигидан қовжираб, жизғанак бўлиб қолганди. Унинг бошидаги ва қанотларидаги докаларини ечиб, қоп-қора кстюм-шим кийгизгандилар. Бўйнидаги мовий галустукда урушаётган шерларнинг тасвири бор эди.

Дуйсенбайдан ишора бўлгач, миллий хавфсизлик боқони йиғилганларга Житириқ билан видолашишга рухсат берди. Биринчи бўлиб хўрозларни суяган товуқларга навбат тегди. Улар Житириқнинг яқин қариндошлари – ака-ука, опа-сингил, амаки-хола, тоға-аммалари ҳисобланардилар. Хўрозлар тобутга етгач, ҳар биттаси Житириқнинг кўксига кўксини босиб уввос соларди. Тобутдан базўр ажратган товуқлар уларнинг қўлидан Житириқнинг мурдасини тортиб олиб, тобутга ётқизардилар-да, ғам-андуҳдан адо бўлган хўрозни “Бахтиқаробуви” ҳайкали олдига суяб бориб, унинг оёқлари остидаги телпакка топганларини ташлаб ўтардилар. Дон-дун олиб келишни ёдидан чиқарганлари телпакка ўтириб, тухум қуйиб ҳам кетаверарди. Уларнинг орқасидан уч буқа билан сигирга навбат етди. Тобутнинг пойига гулдаста қўйган буқалар, сигирни “Бахтиқаробуви” ҳайкали олдига еталаб, учовлашиб бор сутини телпакка соғиб, ўзларини Батангулнинг таъқибидан халос этдилар. Бўрдоқига боқилаётган юзта қўй тобутни ўраб, тўрт ёққа тарқаб кетганда, ўртада тобут ва унда кўзларини бақрайтириб, оғзини ланг очиб ётган Житириқнинг жасадидан бошқа урвоқ ҳам қолмади. Бефаҳмлар гултувакдаги гуллар, гулчамбарлар борми, аквариумдаги балиқлар борми, барини паққос тушириб ямлаб ютгандилар. Уйғониб кетган Гулисипса тобут атрофида сочилиб ётган қумалоқларни териб, белидаги қоғозсочиқ тўла чиқиндихалтага қўшиб телпакка ташламаганда, хайрия тадбирига путур етарди. Гулисипсанинг фаҳми-фаросатига қойил қолган опа-сингиллар унинг қўл-оёқларини ялаб, миннатдорчилик изҳор этдилар. Фахрланиб кетган Тайсин Гулисипсанинг чотлари орасига бурнини тиқиб, тўйиб ҳидлагач, мураббийлари ва пардозчиси Авакяннинг юзига пуфлаб юборди. Унинг бу иши тадбирга кўтаринкилик бағишлади. Нафаслари қайтган мураббийлар ва Авакянга Тайсиннинг бу қилиғи ёқмаган бўлса ҳам, ўлганнинг кунидан барчага таъзиб бажо келтириб, тиржайиб қўйдилар. Қарсак устига қарсак, олқиш устига олқиш бўлди, десангиз…

Руҳланган йигирма иккита арлон сапчиб чиқиб, тобут атрофида бир-бирлари билан ғажиша кетдилар. Буни антракт ўрнида қабул қилган мотам маросими иштирокчилари бирпасга бўлса ҳам ғам-андуҳдан форуғ бўлиб бир яйрадилар, бир яйрадилар, қўяверасиз. Замона зўрники, томоша кўрники бўлди… Томоша тугагач эса, арлонлар тобут атрофини уч марта айланиб, Житириқнинг мурдасини ҳидладилар-да, чотларини кўтариб навбат билан телпакка чоптириб, жойларига бориб ўтирдилар. Арлонлардан қай жойимиз кам қабилида иш тутган тўрт от тобут устидан ҳар томонга сакраб, орқа оёқларида туриб олиб, жўр бўлиб шундай кишнадиларки, ўлиб ётган Житириқ бошини тиклаб, уларга бир нафас бақрайиб турди-да, яна ўзини тобутга таппа ташлаб, оёқларини чўзиб олди. Буни кўриб отларнинг ўтакаси ёрилди. Қочмаган номард, дея тўрталаси бир-бирини босиб, оғилхонага қараб отилди. Шунда ҳеч нимадан қўрқмасликларини исботлаш учун тўққиз қанжиқ болаларини эргаштириб ўртага чиқди. Улар кела-сола тобутни ўраб-олиб, мурдага тиш қайраб, ириллай бошладилар. Мурда қанжиқларнинг важоҳатини кўргач, юраги ёрилиб, қайтадан жон берди. Оналарининг теварагида айланиб, дуч келган нарсани ҳидлаб кўраётган кучукваччалар ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш тутдилар.

Улар телпакни тўстувак ўрнида қабул қилиб, бир-бир ўтириб, ичларини бўшатиб олдилар. Бўлди бир кулги, бўлди бир кулги, Дуйсенбай қорнини селкиллатиб кулавериб, қотиб қолди. Қолганларнинг кулгилари келмаётган бўлса ҳам, Дуйсенбайнинг юз-кўзи дея, ўзларининг қўлтиқлари тагини ўзлари қитиқлаб, ўзларини мажбурлаб кулдирардилар. Аслида уларнинг хайрия маблағларидан телпакнинг тўлмаётганини кўриб, капалаги учган эди. Охирида юк ўзларининг елкасига тушишини яхши билганлари учун ҳам улар ичдан зир кетиб ўтирардилар. Телпакни тўлдира олмасалар, ўзларининг паймоналари тўларди. Чунки Дуйсенбайнинг қундуз телпаги шунчаки, қаердаги бир ношуд, бахтиқаро кампирнинг оёқлари остига бекордан-бекор қўйилмасди. Дуйсенбай орқали ўғрин-тўғрин мол-дунё орттираётган мамлакатда танилган киборлар кеча оёқ яланг юрган исқирт кимсалар эдилар. Бугун мансаб ва бойликка эришиб, ҳаром-ҳалол йиққан молларининг яримини турли йўллар билан унинг ҳисобига ўтказмасалар, мол-дунёлари тугул, жонларидан айрилардилар. Навбат уларга етди. Бош боқон Шаққий Мирчаён тобут атрофини уч марта айланиб, Житириқнинг шалпайган тожини ўпгач, “Бахтиқаробуви” ҳайкали пойига келди. Сеҳргарлардек ғайри оддий ҳаракатлар билан ҳар қўлидан иккитадан тўртта “Ролекс” соатни ечиб, турган жойида гир айланиб, атрофидагиларга уларни намойиш этди-да, сўнгра телпакка ташлаб юборди. Ички чўнтагидан тилло қалам билан ёқут қадалган чақмоқни олгач, яна шу трюкни қўллади. Кейин чўнтакларини тескари қилиб, Батангулга “кўриб қўй, ҳеч нимам қолмади”, дегандай қарагач, тескари бўлиб ётган телпакка кимса билмас нафрат билан боқиб, ер шарида минбарга суяниб олган Дуйсенбайга етти букилиб таъзим қилди. Эндики навбат бош боқон ўринбосари Абгор Зиппиевичники эди. У қошларини ўйнатиб, бақасимон кўзларини Дуйсенбайга сузгач, катта-катта сариқ тишларини кўрсатиб, ишшайишдан иш бошлади. Тобут атрофини уч марта айлангач, дод-войлаб, Житириқнинг тумшуғидан ўпиб олиш учун лаб жуфтларкан, ҳеч кимга билдирмасдан унинг кетига ўрта бармоғини урди. Хайрни жинидан ёмон кўрадиган бу бехайр ўлиб ётган хўрознинг ичидан тухум қидирарди. Молининг қилиғини эгаси билади, деганларидай, Дуйсенбай боқонларига сездирмасдан, “қидиришнинг фойдаси йўқ.

Бўлганида, мен топардим” дегандай, унга билинар-билинмас бош чайқаб қўйди. Бу ишорани дарров англаган Абгор Зиппиевич шоша-пиша қўлини тортиб олганди, ўлиб ётган хўроз қақақлаб, қичқириб юборди. Ўтакаси ёрилай деган Абгор Зиппиевич икки ҳатлаб, телпакка бошини тиққанини ўзи ҳам билмасдан қолди. Икки хавфсизлик боқони оёғидан ушлаб, уни тортиб олганда, унинг рангида ранг қолмаган, жин чалган арвоҳдек қалтирарди. Тишлари такиллаб, қошлари маргумуш еб заҳарланган қарғадек толвос урарди. Ажабланарлиси, унинг қўлларида кучукваччаларнинг ахлати илашган тўртта “Ролекс” соат бор эди. У соатларни чўнтагига солиб, энди кетмоқчи бўлганда, бош боқон Шаққий Мирчаён унинг чўнтакларини титкилаб, соатларни тортиб олгач, қайтариб телпакка ташлади. Қаттиқ қўрққанидан кирди-чиқди бўлиб қолган Абгор Зиппиевич тобутнинг баробарига етганда ҳушёр тортди, шекилли, арқонни кўрганда илон хаёл қилиб сапчиган Витсин каби бир сапчиб чинқирди-да, жойига боргач, бўйнини буриб, оппоқ қўлқопдаги бармоғини тишлаб олди.

Иқтисодиёт ва Ташқи иқтисодий алоқалар боқонларидан сўнгра навбат хавфсизликнинг икки боқонига етганди. Улар муқовасига қизил сиёҳ билан ёзилган бир даста “Мутлақо махфий” деган папкани қўлтиқлаб, жойларида без бўлиб, қилт этмай туравердилар. Буни кўриб мотам маршларини ижро этаётган ҳарбийлардан ўзга барча жонсиз ҳайкал сингари қотди. Хавфсизлик боқонларининг хатти-ҳаракатини ҳурматсизлик дея тушунган Батангулнинг фиғонидан тутун чиқди. Ер шари устида танча қуриб олган Дуйсенбай вазиятни юқоридан кафтидагидек кўриб-билиб турган бўлса ҳам, қора кўзойнагини рўкач қилиб, генралларини кўрмасликка олди. У кўзларини яшираётган қора кўзойнакнинг қилмишларини яширишига ҳам чин юракдан ишонарди. Шу тобда унинг нигоҳи неварасини овутаётган “Бахтиқаробуви”га қадалганди. У ўзини камсуқум, қўй оғзидан чўп олмаган хокисор кимсадек кўрсатишга уринарди. Қўлидан тўстувагини қўймайдиган Гулисипса билан икки ажнабий мураббийга эса барибир эди. Ул-бул ундириш илинжида Батангулнинг оғзидан кириб, кетидан чиқадиган Авакяннинг тишлари қарич-қарич бўлиб, табора ғазаб отига минарди. Опасининг нохуш ҳолатга тушганини кўрган Сатангул ич-ичидан суюнаётган бўлса ҳам, билдирмаслик учун башарасига қаҳр-ғазаб пардасини тортиб олганди. Ҳаммалар қараб турганидан ноқулайлик ҳис эта бошлаган генераллар, ҳеч ким кутмаганда, тоғ кўчкисидек ўринларидан қўзғалдилар. Улар тобутни уч марта айландилар-да, кўзларини чордоқдай қилиб чоррайтириб ётган мурданинг башарасига бирин-кетин қилмишларини фош қилиши муқарар маълумотлар тўпланган папкани отдилар. Сўнгра “Бахтиқаробуви” ҳайкали қошига келиб, узрхоҳлик қилишгач, қўлтиқларидаги Дуйсенбай ва опа-сингиллар жиноятларини фош қилгувчи маълумотларни қучоқ-қучоқ қилиб, телпакка ташлаб юбордилар…

Икки опа-сингил уларни бурда-бурда қилиш учун энса жунларини сих-сих этиб, тишларини кўрсатиб ирриллашни бошлаганда, Дуйсенбай микрафондан:

– Энди чет эллик меҳмонлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳунарларини кўрсатадилар. Қолганлар мурда билан улардан кейин хайрлашса ҳам бўлади. Замонамиз қаҳрамони билан видолашиш навбати меҳмонларга. Марҳамат қилсинлар, хонимлар ва жаноблар! – деди.

У хайрия марафони ёхуд “Бахтиқаробуви” хусусида бир оғиз ҳам гап айтмади. Гўё майдонда тантанали мотам маросими ўтаётганди. Бошқа тадбирга бу ерда ўрин йўқ эди. Аза билан тўйни бир-бири билан аралаштирмайдиган дуйсенистонликлар ўз ишига пишиқ-пухта, идрок-савияси баланд, фаҳмли-фаросатли қавмлардан эди.

Дуйсенбайнинг очиқчасига ён беришини илтифот дея тўғри тушунган генераллар ўз жойларини эгалладилар. Опа-сингиллар ғазабларини босолмай чиранганларича, думларини тиккайтириб қолавердилар. Жангга кириш учун кийимларини ечган Тайсинни Жак Андирсон билан Аббос Қасрий қайтатдан кийинтириб, юзига ниқобини тортиб қўйди. Тайсин генералларга қараб вожаҳат билан иррилларкан, мураббийлари бошига қўндирган ғиррим телпаги тушиб кетди. Шунда портлаб кетмоқчи бўлаётган Авакян аламига чидолмасдан Гулисипсанинг тўстувагини қўлидан тортиб олиб, “Бахтиқаробуви” ҳайкалига қарата отди. Кампир чаққонлик қилиб бошини ён томонига эгганди, тўстувак қулоғи тагидан ўтиб-бориб, тобутда ётган мурдага тегди. Мурда ҳам “ҳап, сеними” дегандай, ўрнидан сапчиб туриб, кўзлари билан Гулисипсани излаб топди-да, “ма, ол матоҳингни” дегандек тумшуғи билан тўстувакни эгасига улоқтирди. Ҳеч қачон жаҳли чиқмайдиган Гулисипсага Авакяннинг найранги қаттиқ ботганди. Тўстувакни ердан олиб, унинг бошига солганди, Авакяннинг бошидан ярим қулоч кўтарилиб турган турмаги орасига яширинган уч литрлик банка синиб, чил-чил бўлди. Маросим иштирокчилари таажжубини қўзғатган нарса бу эмас эди, албатта. Чил-чил синган банка билан дуру жавоҳирлар, олтин тангалар, долларлар ерга тушиб сочилганди. Оддий бир тўстувак Авакяннинг жирканч башарасини бутун мамлакат кўзи ўнгида очиб ташлаганди. Яна ҳам ҳайратланарлиси, мотам маросими тантаналарини тўғридан-тўғри телевидение орқали кўриб турганларнинг оғзи анг-танг бўлиб очилиб, тўрт юз йилдан буён занглаб ётган ақллари ишлаб кетганди. Улар пахта, олтин ва бошқа қазилма бойликларидан келаётган чексиз маблағларнинг қаерга кетаётганини англагандек бўлгандилар. Житириқнинг дафн маросими шарофати билан ўғри ушланганди. Мамлакатнинг бутун бойлиги уч улушдан иборат эди. Улушнинг бир қисми яҳудийларга, бир қисми дода билан опа-сигилларга, бир қисми қавмга қолармиш, деган мишмишлар чиппакка чиққан эди. Тун кеча Али заргардан тортиб олган дуру гавҳарларию маржонларининг ерда сочилиб ётганини кўриб, Батангулнинг кўзлари хонасидан чиққудек ола-кула бўлиб кетди. Кўзлари олдига ўн беш йил аввал Али заргар туғилган кунида совға қилган ўн тўққиз қиротлик йўқолган олмос қошли исирғалари келди. Дугонаси кўзига қарашга юраги дов бермаган Авакян, сочилиб ётган дуру жавоҳирларга қўшиб, шиша синиқларини терди-да, ҳе йўқ-бе йўқ, олиб бориб телпакка ташлади. Батангул, “юзсиз, ўмаришга уялмабсан. Менга тегишли нарсаларни хайрия қилишга қандай ҳаддинг сиғди” дегандай, думини тиклаб, унга ҳамла қилмоқчи бўлганди, Авакян панжасини паншаха этиб уни тўхтатди. Сўнгра сийнабанди остидан флешка олиб Батангулга узатар экан:

– Қолган нусхалари “Масхад” билан ЦРУда сақланади, – деди.

“Бу нима” дегандай, Батангул тори сустлик билан вовуллаб қўйди.

– Ўша, ҳў-ў ўша! – дея дарров изоҳ берди гап нимадалигини англаган Авакян.

Батангул, “дугонажон, мен ҳеч нима демадим”, дегандек Авакянга суйкалиб, унинг оёқларини ялади. Шу билан бу шоу тугади. Бу томошани кўриб, энди бойликларимиз қайтар экан, деб суюниб турган томошабинлар, икки қўлларини бурунларига тиқиб қолавердилар. “Авакян бошига банкани тескари қўймас экан. Хазинани солиш қулай бўлсин учун атайлаб, тўғри қўяр экан”, деган баҳс-мунозаралар кейин ҳам бир неча кун давом этди. Шу орада, “…бу нарсалардан дода бехабар экан” деган миш-мишлар пайдо бўлдию, аввалги ивирсивирлар йўққа чиқди. Аммо довруғи оламни тутган Гулисипса тўстувак орқасидан қаҳрамонга айланди. Энди унинг бири икки бўлмаса ҳам, бир этак боласининг қорни тўйиб нон емаса ҳам, бу дунёда эгни битиб, рўшнолик кўрмаса ҳам, номи тарихда қоладиган бўлди. У ўлмасидан туриб ўзи ҳақида дарсликларда ўқийдиган, ўзи ҳақидаги ўзи билмайдиган афсона ва чўпчакларни невараларига сўзлаб берадиган бўлди…

Ажнабий меҳмонларнинг ғайрат-шижоатлари бениҳоят баланд эди. Улар тобутни зиёрат қилиб, топган-тутганларини қайта ва қайта телпакка ташлайвердилар. Хитойликларнинг нияти Қуриянинг Дуйсенистондаги мавқеини пасайтириш эди. Русияликларнинг бутун диққат-эътибори эса исроилликлар билан амриқоликларни минтақадан сиқиб чиқаришга қаратилганди. Умуман олганда, уларнинг ҳеч бирларининг мақсадлари ҳам дуйсенистонликлар каби шунчаки Дуйсенбайга яхши кўриниш учун эмасди. Дуйсенбайнинг қалбини ишғол этиш асносида, улар халқаро майдонда ўз мамлакатлари сиёсатига хизмат кўрсатишга тиришардилар. Аслида бу каби қарашлар ҳам фидойиликка менгзаш туюлса-да, “битта ўзим бўларлик”дан бошқа нарса эмасди. Уларнинг башарият тақдирига худбинларча ёндашишини дуйсенистонликларнинг ўз тақдирларига бепарволигидан авло деб бўлмасди.

Телевидение орқали барчасини кўриб-эшитиб ўтирган томошабинлар ер шари устига минбар қўйиб ўтириб олган Дуйсенбайни алқардилар. Уларнинг назарича, “дода”нинг қувлиги боис бутун ер юзининг бойликлари Дуйсенистонга оқиб келаётганди. Хазинани, ертўлага кириб кетган доҳий Ленин ҳайкали каби, кўз қорачиғидай асрашига ҳам манглайқаро соддалар астойдил ишонардилар. Улар, ертўлага оқаётган бойликлар вагонларга ортилиб, метрополитен яратган қулайлик туфайли Халқаро Аэропортга кетаётганидан ҳам тамоман бехабар эдилар. Уларнинг орасида, “Зотан, доданинг қундуз телпагининг таги тешик эмасдир. У Алоуддининг сеҳрли чироғига ўхшаши ҳам мумкин-ку. Телпак ичида додага хизмат қиладиган девларни йўқ дея ким айта олади”, дегувчилар ҳам топиларди. Улар жорий соатларда бойликларни ортиб, илк учган учоқларнинг Шветсарияга бориб, қайтиб келаётганини хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Русия осмонида ушланиб, ерёнғоқ пўчоғига жойланган фалон тонна олтинларнинг мусодара қилинганини эшитганларида, уларнинг Русия манфаатини кўзлаб, тилларини ғийбатдан тия олмасликлари ҳам ҳаққирост эди. Улар ҳали ҳам ўзларини Русия мамлакати фуқаролари, Москвани пойтахтлари дея ҳисоблардилар. Дуйсенбайга шунчаки, бир отамонга ялтоқлангандек – қўрққанлари туфайли лаганбардорлик қилсалар-да, Путинни ҳақиқий давлат раҳбари – ўзларнинг президентлари сифатида кўрардилар. Улар Дуйсенбайга, Дуйсенбай уларга мос эди…

Дафн маросими ким ошди савдосига айланди. Ажнабийлардаги чексиз ҳимматни кўрган Дуйсенбайнинг атрофидаги давлат мулозимлари ҳам енг шимариб, савоб орттиришга шўнғидилар. Икки ўртада соғлом рақобат вужудга келди. Бутун дунёда “Дуйсен модели” дея юритиладиган бу усулнинг жуда кўп афзалликлари бор эди. Илм-фаннинг сўнгги ютуқлари эътироф этган бу усулни жаҳондаги янги инқирозларнинг олдини олиш учун қўллайдиган даврлар яқинлашаётганди. Қўлларида ҳемирлари қолмагач, бир-бирларига тиш қайраётган ҳар икки тараф устларидаги кийимларни ечиб телпакка ташлай бошладилар. Охирида барчалари қора шляпа, қора кўзойнак, Житириқнинг тасвири туширилган сиёҳранг галустук ва оқ қўлқопларда қолдилар. Уларнинг ҳар бирлари, “Қора кўзойнак шарофати билан мен ҳаммани кўряпман. Мени эса ҳеч ким кўрмайди”, деб ўйларди.

Уларнинг ножоиз жойларига кўзлари тушган Житириқнинг мурдаси уятдан қизариб кетди. Ва дунёда энг бетамиз дея кўрилган махлуқ қанотлари билан юзини яшириб, оёқларини осмонга кўтариб олди.“Бахтиқаробуви”, “Мол-дунё дея шарманда қилдиларинг. Юзларинг қурсин, сенларинг”, дея даҳанига тил битиб, неварасини бағрига босганча ўзини телпакка отди…

Биргина, опа-сингиллар – Батангул билан Сатангул ва Тайсин кийимларини ечмаган эди. Ажнабий икки мураббий билан Авакян ҳам ким ошди савдоси марафонида қатнашиб, яна бир бор Дуйсенбайнинг назарига тушиш учун жон бериб, жон олгандилар.
Билмаган ҳолда икки марта қаҳрамонлик кўрсатган Гулисипса ҳам, ҳалиги жойига тиқиб асраб юрган беш сўм пули борми, устидаги кийимлари борми, бор буд-шудидан ажраб, қўлидаги тўстуваги билан қолганди. Унинг:

– Балалар, мен кўп калондимоғ, тезхонман-да. Биров мақтаса, ўлган-йитганимни билмайман. Ҳай, так дейдиган одам йўқ. Тош қотмай ўлсин, “Бахтиқаробуви”нинг ташвиши менга тушибдими? Бузоқ эринг билан бир этак болангни ўйла, дейдиган бир хумса йўқ! – деган пушаймонларидан энди фойда йўқ эди.
Дуйсенистоннинг жонли-жонзотлари тушларида кўрмаган воқеаларни кўриб, лолу ҳайрон эдилар…
Тобутни олиб кетиш учун “Ўлим” поезди ернинг устига чиқди. У марҳумни сўнгги манзилга етказиш учун эгарланган отдек шай турарди.
Шунда ер шари устида минбарни қучоқлаб олган Дуйсенбайнинг овози янгради.
– “Пахтакор” бекати! Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!
Ҳамма тобутда қанотлари билан юзини яшириб олган мурдани эсидан чиқариб, ўзини вагонга урди. Улар қолиб кетмасликлари учун бир-бирларини босиб-янчиб, олдинга интилардилар. Гулисипса олдини тўсганнинг бошини тўстувак билан мажақлаб, қурбонининг ўлигига ҳам бир тепиб ўтарди.

Бекатда қолган икки опа-сингил ва Тайсин эса хайрия марафонининг мувафаққиятли ўтгани билан бир-бирларини табриклаш билан овора эди.

Бироқ поезддан ҳеч ким тушмади. Оёқлар остида қолиб бошидан ёхуд танасининг бошқа бир аъзосидан айирилганлар ҳам, парчаларни териб, вагонларга кириб кетдилар.

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деди Дуйсенбай. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ… Пешат қани, пешат! Оҳ, мандатим! Кўзимнинг нури, ҳаётимнинг қувончи…
– “Озодлик” бекатига қаердан ўтилади? – сўради йўловчилардан бири.
– Алишер Навоий орқали! – жавоб қайтарди иккинчи йўловчи.
– “Алишер Навоий” бекатига йўл очиқ-ку!
– Гўёки шундай. Ҳаммаси йўлига. Аслида барчаси рўё. Барчаси авров ва сароб!
– Рўё бўлмаса-чи? Сароб бўлмаса-чи?!
– Оппоқ тонглар отади. Навоийнинг Ҳурлари дуйсенистонликларни қанотларида олиб учадилар. Оғир юк ортмоқлаган карвонларни озод ва обод манзилларга етказадилар. Карвондагилар ғафлат уйқусидан уйғониб кетадилар, борланадилар, нурланадилар…
– Нарида нима бор?
– Янаям, нурли бекатлар… Бизларнинг тасаввуримизга сиғмайдиган дунёлар – жаннат диёрлари бор. Беҳишт боғлари, ҳурлар, парилар бор… Яратганнинг…
– Чатоқ экан. Бизларнинг борлигимиз йўқликларда билинади. Борлиқлар олдида бизлар ҳеч киммиз. Бизларга бунақаси тўғри келмайди. Доданинг йўли йўл. На ўликсан, на тириксан. Бизлар учун чалажонлик – салтанат демакдир, ҳокимият демакдир. Куч-қудратимиз аросатларда, разолатларда. Бизлар шу жиҳатларимиз билан кучлимиз, қудратлимиз…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)