Абдували Қори ва у билан бирга олиб кетилган ҳамроҳлари ҳаётдами?

Абдували Қори ва у билан бирга олиб кетилган ҳамроҳлари ҳаётдами?
40 views
02 August 2014 - 12:48

1Саноқли кунлардан сўнг Тошкент аэропортида Андижон Жомеъ масжиди имоми Абдували қори Мирзаевнинг Каримов режими махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганига 19 йил тўлади. Ўтган вақт мобайнида ушбу дин арбобининг кейинги тақдири билан боғлиқ турли тахминлар илгари сурилди, интернет нашларида кўплаб мақолалар ёзилди. Булар ҳақида кейинроқ тўхталиб ўтамиз.

Таҳририятимизга мазкур иш тафсилотларида илгари тилга олинмаган баъзи маълумотларни ўз ичига олган мактуб келиб тушди.
Мактубда Москвада бўладиган Ислом анжуманида қатнашиш учун йўлга чиққан Абдували қори Мирзаевнинг ёнида ҳамроҳи ҳам бўлганлиги, таниқли имом билан бирга унинг ҳам ўзбек махсус хизматлари томонидан олиб кетилганидан бери бедараклиги ҳақида сўз боради.

Андижон шаҳар Огаҳий кўчаси,
51- уйда яшовчи Маткаримова Мамлакатхондан

Сизларга мурожаат қилишимдан мақсадим, ўғлим Маткаримов Рамазонбек 1995 йил 29-августда Андижон Жомеъ масжиди имоми Мирзаев Абдували Қорига ҳамрохлик қилиб, Москвада бўладиглн ислом анжуманига бориш учун Тошкент аэропортидан 668-рейс билан Москвага учиш учун рўйхатдан ва махсус кўрикдан ўтгандан сўнг, махсус орган ходимлари томонидан ушланган ва қарийб 19 йилдан бери ўғлимдан ҳеч қандай дарак йўқ.

Ўша рейс билан Москвага учаётган ўғлимни ва домлани яхши танийдиган андижонлик йўловчилар ўғлим билан аэропортда кўришганини, рўйхатдан ва махсус кўрикдан бирга ўтганлигини, аммо бирга намоз ўқиш учун ўғлимни ва домлани самолётда топа олмаганини таькидлади. Кейинчалик Андижон Вилояти ИИБ ходимлари андижонлик ўша йўловчини ўз сўзларидан бош тортишга мажбур қилишди.

Домла имомлик қилган масжид ёпилди, кўплаб намозхонлар ҳар хил тухматлар билан қамалишди. Бизнинг оиламиз ИИБ, МХХ, Бош Прокуратурага жуда кўп мурожаат қилди, аммо ҳеч қандай натижа бўлмади.

Сизлардан илтимос оиламиз бошига тушган мусибатни президентимиз И.А. Каримовга шахсан етказишга ва ўғлимизни топишга ёрдам беришингизни сўраймиз.

Ҳурмат билан Маткаримов Рамазонбекнинг онаси Маткаримова Мамлакатхон

Маълумки Абдували қори Мирзаев Ўзбекистондаги энг обрўли ва таниқли уламолардан бири эди. Унинг халқ орасида обрў эътиборининг ортиб бориши, атрофида халқни жамлай олиш салоҳияти Каримовни жиддий ташвишга соларди. Шу сабабли ҳам мустабид режим Абдували қорини йўқ қилишга қарор қилинди ва бу қабиҳ режа асосида 1995 йил 28 августда Москвадаги Ислом анжуманига йўлга отланган имом ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилди. Қатъий ишонч билан таъкидлашимизга сабаб, ўтган вақт мобайнида Абдували қорининг айнан Каримов режими махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганлиги ҳақида инкор қилинмайдиган маълумотлар эълон қилинди.
Хусусан, 2007 йили қорининг Ҳаж сафарида автофожеадан вафот этган ўғли Абдулқуддус Мирзаев Абдували қори шубҳасиз МХХ томонидан ўғирлангани ва бу ҳақда мутлақо аниқ маълумотларга эгалиги ҳақида, мазмунида отиб кетилган ўшлик журналист Алишер Соиповга интервью берган эди.

“Абдували қорини кимлар олиб кетгани, Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) қайси бўлими бу ишга бошчилик қилгани, бу амалиётни шахсан ким бошқаргани, қандай русумдаги машиналарда олиб кетилгани, дастлабки ушлаб турилган жойлар, дастлабки тергов мазмунлари, дастлабки тергов қилган шахслар ҳақида тўла, ишончли маълумотларга эгамиз”, – деганди Абдулқуддус Мирзаев.

Каримов ҳукумати Абдували қорига нисбатан бўлган хусуматини ва уламонинг МХХ томонидан олиб кетилганини расман тасдиқламаган бўлса ҳам сўнги йилларда таниқли имомнинг номи Ўзбекистонда 1990-йиллар ўрталаридан кейин бўлиб ўтган кўплаб сондаги ноқонуний диний ташкилотларга алоқадорлик айбловлари илгари сурилган маҳкамаларда тилга олинди, у “Ваҳҳобийлик” оқимининг руҳоний раҳбари сифатида тақдим қилинди.

Жорий йил бошларида ўзбек матбуоти, хусусан, “Ташкентская правда” рўзномаси бундан бир йил олдин бўлиб ўтган маҳкама ҳақида хабар тарқатганди. Унда Тошкент вилоятидаги Ўрта Чирчиқ туман маҳкамаси 2013 йилнинг 12 мартида бир неча кишини “Жиҳод” ҳаракатига аъзоликда айблаб қамоқ жазоларига ҳукм этгани, маҳкама қарорида Абдували қори Мирзаев “Жиҳод” ҳаракатининг раҳбари сифатида тақдим қилингани айтилганди.

Абдували қорининг ўғирлаб кетилиши ўзбек махсус хизматлари фаолиятидаги ягона ҳолат эмас. Бундан 22 йил олдин, яна бир таниқли диний уламо, Ўзбекистонда исломий партия тузишга ҳаракат қилган Абдулла Ўтаев ҳам ўзбек махсус хизматлари томонидан олиб кетилганди. 1992 йилнинг декабрида Абдулла Ўтаевнинг Тошкент шаҳридаги уйи кўп сондаги қуролланган ва юзларига ниқоб таққан кишилар томонидан ўраб олинганди ва у номаълум томонга олиб кетилганди. Шундан буён Абдулла Ўтаевнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Эътиборга молик жиҳати, шу пайтгача Абдували қори Мирзаевнинг Тошкент аэропортида МХХ тарафидан ўғирлаб кетишига оид эълон қилинган хабарларнинг аксариятида Ислом анжуманига йўл олган имомнинг ёнидаги ҳамроҳлари ҳақида сўз бормаганди. Фақат шу йилнинг март ойида ББС ўзбек хизмати томонидан Ўзбекистондаги “Жиҳод” ҳаракати аъзоларининг қамалганлиги ҳақидаги хабарда Абдували қори ҳамроҳлари билан йўлга чиққанига оид қисқача маълумот берилганди.

“У ва бир неча ҳамроҳи август ойининг охирида Москвадаги конференцияга йўл олган ва Тошкент аэропортида текширувдан ўтганидан кейин ғойиб бўлганлар”, -дейилганди ББС хабарида.

Таҳририятимизга келган юқоридаги мактуб таниқли имомга ҳамроҳлик қилганлардан бири Андижонлик Рамазонбек Маткаримов бўлганлигига ойдинлик киритди. Мактубда ёзилганидек қарийб 19 йилдирки Абдували қори билан биргаликда Тошкент аэропортидан олиб кетилган Рамазонбек Маткаримовдан ҳам ҳеч қандай дарак йўқ. Рамазонбек Маткаримовнинг қаерда эканлигига эса фақат Абдували қори Мирзаев тақдири борасида аниқ маълумотнинг юзага чиқиши ойдинлик киритиш мумкин.

Абдували қорининг Тошкент аэропортидан олиб кетилганидан сўнги тақдири тўғрисида ҳам жуда кўплаб тахминлар илгари сурилди, турли маълумотлар пайдо бўлганди.

Уларнинг баъзиларига кўра Абдували қори 1995 йилдаёқ аэропортдан МХХ ёки Ички ишлар идорасига олиб бормай, Тошкент вилоятидаги бир чекка туманга обориб сўроқ қилишган ва ўша ерда ўлдириб юборилгани айтилса, бошқа маълумотларда унинг 2003 йилда қамоқхона ичкарисида отувга ҳукм қилингани ва отиб юборилгани таъкидланади.

Бироқ, шу билан бирга Абдували қорининг тириклиги ва МХХ ертўласида сақланаётганини тасдиқлайдиган маълумотлар ҳам талайгина. Бу ҳақда 2007 йилда имомнинг марҳум ўғли Абдулқуддус Мирзаев ўз интервьюсида отасининг тириклиги ҳақида аниқ маълумотга эгалигини айтганди.

“Ҳозир шу ишга алоқадор одамлар, уларнинг ичида ҳам виждони қийналадиган ёки пул учун ишлайдиган одамлар бор, бизга шу кунга қадар дадамиз қандай ҳолатда эканини, жуда аниқ айтилмаса-да қайси жойларда сақланаётгани, хусусан тергов мазмуни, тергов қилган шахслар ҳақида маълумот етказиб туришади. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир Абдували қори Ўзбекистонда, Тошкент вилоятида сақланяпти. Соғлиғи ёмонлашиб, бундан 4-5 йил муқаддам хасталанган. Ҳарбий шифокорлар қараб, соғлиғи тикланган”, – деганди Мирзаев.

Шундан сўнг ҳам орадан 7 йил вақт ўтди, Абдували қори ва ҳамроҳларининг МХХ тарафидан ўғирлаб кетилганига эса 19 йил тўлмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими