Жаҳлим чиқди

Жаҳлим чиқди
34 views
02 August 2014 - 14:39

31. Вариант – Фильмнинг номи: “Муҳаббатга пичоқ тегиб қонаб кетди”

Улар кўчада тасодифан учрашиб қолишади. Ўртада йўқ жойдан жанжал чиқади. Жанжал баҳона икки ёш бир-бирига кўнгил қўяди. Аммо, бир муаммо бор: йигит бой, қиз эса камбағал. Йигитнинг отаси ўғлини ўз дўстининг қизига уйлаб қўйишни истайди. Чорасиз қолган йигит ва қиз қалтис ўйинни бошлашга қарор қилишади…

2- Вариант: Фильмнинг номи: “Пичоққа муҳаббат тегиб, пичоқ қонаб кетди”.

Улар кўчада тасодифан учрашиб қолишади. Ўртада йўқ жойдан жанжал чиқади. Жанжал баҳона икки ёш бир-бирига кўнгил қўяди. Аммо, бир муаммо бор: қиз бой, йигит эса камбағал. Қизнинг отаси қизини ўз дўстининг ўғлига турмушга беришни истайди. Чорасиз қолган қиз ва йигит қалтис ўйинни бошлашга қарор қилишади…

Ҳодисалар юз берадиган жойлар: Анҳор бўйи, Ҳашаматли уй, касалхона, “Малибу” автомобили, бозор, мозор.

Бу сценарийни ўқибоқ “Болливуд фильми” деб ўйлаган бўлсангиз керага?!

Адашасиз. Бу сценарий Ўзбекистонда ишланаётган фильмларнинг 80 фоизини ташкил этади.

Аммо бу фильмларда пахсалик уй, чироқсиз кўча, пахта далалари, чоппиққа чиққан мактаб болалари, таппи ураётган аёл, милисадан калтак еган мардикор, фоҳишалик қилаётган талаба бўлмайди асло. Чунки, Ўзбек фильмларида, худди Ҳиндистонда бўлгани сингари, инсонлар орзуси ҳикоя қилинади.

Ўзбекистонлик таниқли кинорежиссёрдан “нега ўзбек киноларида фақат ҳашаматли уйлару, бахтли ҳаёт тасвирланади?” деб сўрадим, у кулиб: “Одамларга ҳаққоний ҳаётни кўрсатсангиз, уларнинг онгини заҳарлаб қўясиз”, – деди.

Жаҳлим чиқди. Ўзбек киносидан эмас, таниқли кинорежиссёрдан жаҳлим чиқди. Бизларга била туриб ёлғон тушларни кўрсатаётгани учун жаҳлим чиқди. Унинг зиёли деган ном эгаси бўлганига жаҳлим чиқди.

Сирожиддин Толиб