Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (11)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (11)
62 views
04 August 2014 - 8:59

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўнинчи боб

Дуйсенистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Қорасаройнинг бутун теварак-атрофи фавқулодда ҳолатларда ҳаракатга келтириладиган махсус кучлар томонидан ўраб олинди. Чиқиш йўлагига иккинчи гуруҳ эшикбегиларни қўйиб, “Ҳеч кимнинг кириб чиқиши мумкин эмас” деган фармони олий берилди. “Ҳожат” зарурати пайдо бўлса, нима қиламиз”, деган Мирзелимбайнинг саволига: “Қисиб турасиз” деган жавоб қайтарилди. Сўнгра унинг қўлидаги юзига “Фонтомас” деб ёзилган оч-ҳаворанг конвертни тортиб олдилар-да, бутун алоқаларни тақа-тақ узиб ташладилар. Унинг ўғирлаб кетилган буюмлар хусусидаги жаврашларига ҳеч ким қулоқ солмади.

Қорасаройда кўз кўриб-қулоқ эшитмаган воқеа-ҳодисалар содир бўлаётган эди. Тиббий “Тез ёрдам”чилар думи қирқилган Тарлонни замбилғалтакка ортиб кетаётганларида у бармоқларидаги Аббос Қасрийдан тортиб олган ўнта узукни кимнингдир ўмариб кетганини айтмоқчи бўлиб роса чиранди. Бўйнида Жак Андирсондан тортиб олган хоч ҳам йўқлигини билгач, ҳушидан кетиб, йиқилиб қолди. Унинг бу ҳолатига ҳеч ким эътибор бермади. Аслида, опа-сингилларнинг чотидан чиқмаган Тарлоннинг қўлларидаги узуклар билан бўйнидаги бир ботмон келадиган хочнинг ўз-ўзидан йўқолиши соғлом ақлга сиғиши мумкин бўлмаган ҳодиса эди.

Барчасига қўл силтаган Сейитзелимбой Житириқ ётган хонага киргач, бутунлай саросимага тушди. Житириқнинг Бил Клинтоннинг қора кучукчаси билан тушган сурати ва унга Англия қироличаси совға этган олтин тувакча ҳам турган жойида йўқолиб қолганди. Шунда, хонада ўтган вақт ичида Житириқдан бошқа биров йўқлигини эслаган Мирзелимбай, у ётган чортоқсифат каравотга боқиб қичқириб юборди. Житириқни ҳам қип-яланғоч қилиб ечинтириб, тунаб кетган эдилар. Унинг кўкраги устида энди узилган бир даста садарайҳон бор эди. Қишнинг чирсиллама чилласи бошланаётган бир пайтда эндигина узилган садарайҳонларнинг ифор таратиб, серобликдан диркиллаб туриши Мирзелимбайни борҳо гангитиб қўйди. У долондаги юзасига “Фонтомас” деб ёзилган конвертни топиб олган хонтахтага қараб чопти. Хонтахта устида бир варақ оппоқ қоғоз пайдо бўлиб қолганди. Унда “Сарт тоғдан тушган қирғиз эмас”, деган икки оғиз сўз битилганди. Мирзелимбай қоғозни ўқиб, жинни бўлаёзди. Баҳром билан учта аёл унга қўшилиб югуриб-елиб юрган бўлса, хатни кимнинг ёзгани тилсимотдан ўзга нарса эмас эди. Батангул билан Сатангулни думидан тортиб:
– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея ҳиринглаётган Гулисипсанинг қўлидан бу ишлар келмасди… Айтганимиздек, Авакяннинг биргина сурати қолганди.

Икки эркак, уч аёл ҳарчанд бош қотирмасин, уларнинг сирли ишлар замирига ақллари етмади. Хотинлар ўз гап-сўзлари борлигини айтиб, ошхонага тушиб кетгач, Житириқнинг хонасида Баҳром Мирзелимбай билан ёлғиз қолди. Мирзелимбай Дуйсенистонга ишбошқарувчи бўлиб ишга киргандан буён бунақанги чигал муаммога дуч келмаганини айтиб, бош чайқарди. У ҳеч қачон қаторасига икки кун Қорасаройда ётиб қолган пайтини эслай олмасди. Қўнғироқ қилиб хотинига бу тунда ҳам бора олмаслигини билдириб қўймоқчи бўлганида Дуйсенистоннинг хавфсизлиги бошлиғи унинг қўлидан соткасини тортиб олганди.

У ҳам Баҳромга ўхшаб бир бурчакка чўзилиб ухламоқчи эди, аммо бунинг имкони бўлмади. Кўзларини чирт юмиб, ухлашга минг бора уринмасин, кўзлари ўз-ўзидан очилиб кетаверди. Бўлиб ўтган ишлар уни хоҳласа-хоҳламаса ўйлашга мажбурларди. Ҳамма бало муаммога ечим йўқлигида эди. Саволлар сон-саноқсиз, аммо уларга бирорта жўяли жавоб йўқ эди. Ўзини боши берк кўчага кириб қолгандай ҳис эта бошлаган Мирзелимбайнинг чорасизликдан миялари ачиб кетди. Шунда бошига бир фикр келди. “Туркистон” халқ ҳаракати масалаларида Баҳром билан ўртоқлашсам ёмон бўлмасди” деган ўй унга янги куч бағишлаганди. Қайтиб бунақанги имкон бўлмаслиги уни руҳлантириб юборганди. Гулисипса “Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор!” дея ҳиринглаб минг жавраса ҳам, опа-сингилларнинг креслолар остидан чиқмаётгани унинг учун айни муддао эди. Йўқса Батангул билан Сатангул эшик ортидан гап пойлаб, сўзни-сўзга қовуштирмасди. Житириқдан хавотирланмаса ҳам бўларди. У ҳалиям оёғини осмонга кўтариб, кўзларини бақрайтирганча шифтга тикилиб ётарди. Оғзига сув томчилатган Тўрабикка совқотмасин дея унинг устига адёл ташлаб қўйганди.

– Баҳром, ухлаяпсизми? – дея сўради ахири юрак ютиб Мирзелимбай.
– Қани ухлай олсам эди! – деди ўзини тош қотиб ухлаётганга солиб ётган Баҳром.
– Сизни ухлаб қолгансиз деб ўйлагандим!
– Афсуски, ҳарчанд уринсам ҳам ухлай олмаяпман. Ақл бовар қилмас ишларни кўриб таажжубга тушасан киши. Барчасини хаёлимдан ҳайдамоқчи бўламан-у, қўлимдан ҳеч нима келмаяпти!
– Сиз нима деб ўйлайсиз, Туркистон ғоясининг келажаги борми ўзи?
– Бу нарса қанчалар тўғри фикрлаш ва мақсад сари аниқ режалар дастурлашга боғлиқ, – деди Баҳром.
У Мирзелимбайнинг бу саволи билан, ашқол-дашқолларга бош қотирганнинг бир чақалик фойдаси йўқ, бўладиган гаплардан гаплашайлик, демоқчи бўлганини фаҳмлади.
– “Туркистон” халқ ҳаракатининг тузилганига қарийиб ўттиз йил бўляпти-ю, на сонимизда, на сифатимизда ўзгариш ясай олмадик! – деди Баҳромнинг ўзини тўлиқ англаганини гап йўналишидан илиб олган Сейидзелимбай. – На бир мувафаққиятга эришдик, на бир мағлубият аламини тотдик. Бор бўлиб бор эмасмиз, йўқ бўлиб йўқлик мақомида ўрин тутолмаяпмиз. На тирикмиз, на ўлик. Баъзан ўтириб ўйлаб, умримиз беҳуда ўтмаяптимикин деб қоламан?!
– Нафақат “Туркистон” халқ ҳаракати, Туркистон республикаларидаги ҳар бир соҳа, ҳар бир жабҳа аросат манзилларида адашиб юрган туя карвонларига ўхшайди. Билимсизлик, ҳамкорлик маданиятини эгалламаганлигимиз, тартиб-интизомнинг йўқлиги, худбинлигимиз, руҳиятимизга ёпишган тўрт юз йиллик жаҳолат, адолатсизлик бизларнинг кўзларимизни кўр, қулоқларимизни кар қилиб қўйган. Бизлар бировларга баҳо беришда устаси фарангмиз. Аммо ўзимизни танишга келганда жуда ҳам оқсоқмиз. Ўзини танимаганни дунё танимайди. Бор бўлиб бор, йўқ бўлиб йўқлик мақомида эмаслигимизнинг асл сабаби мана шуларда кўринади. Бошқа бир ишга унаганимизда ҳам тоғни талқон қиладиган жойимиз йўқ. Бизларнинг умрларимиз тўрт юз йилдан буён йўқлик саҳросига оқиб, қумларга сингиб кетаётган дарёга менгзайди. На олдимизда йўл очилади, на орқамизда из қолади. Аросат бекатида туриб қолганимиз хусусида бош қотиришни истамаганимиз учун ҳам ғалабалар йўлини англай олмаймиз. Ҳар куни мағлуб бўлсак-да, мағлубият аламини тотмаймиз. Бу каби туйғулар ор-номус, ҳамият каби чуқур ҳиссиётлар билан боғлиқ. Ғолиблик билан мағлублик орасидаги қилдан ҳам нозик масофада от чоптириш учун юракда дард, қалбда чуқур бир оғриқ бўлиши керак. Инсон оқ билан қорани фарқлай олгандагина, рост сўзлашдан қайтмагандагина, ёлғон гапиришдан ҳазар қилгандагина бу каби фазилатлар эгаси бўлади!
– Кечирасиз-у, сиз ўзбеклар баландпарвоз сўзлашга жуда чечан бўлсангизлар ҳам, айтганларингизни амалиётга тадбиқ қилишда ҳаддан зиёда қолоқ бир халқсизлар!
– “Сиз” эмас, биз! – деди Мирзелимбайнинг мавзудан чекиниб, миллий эҳтиросларга зўр бергани маъносини тушунмаган Баҳром. – Сизлар билан бизларнинг ўртамизда қанақа фарқ бўлиши мумкин? Сизлар қозоқ туркларисизлар, бизлар ўзбек туркларимиз. Сизларда бор турк уруғлари бизларда, бизларда бор турк уруғлари сизларда бор. Минг йиллар бир-бирларимиз билан аралашиб, бир-бирларимиз билан чатишиб-чирмашиб яшаб келяпмиз. Тўй-маъракамиз, яхши-ёмон кунимиз, тарихимиз, адабиётимиз битта. Ўртамиздан чегара чизиқлари тортилиб, пойтахтларимиз бошқаланса, бизлар иккига бўлиниб қоламизми? Сиз айтаётган нуқсонлар туркистонлик қавмларнинг барчаларига хос бир иллат. Шундай бўлгач, бизларнинг бутун фикри-зикримиз умумиятимизга қаратилган бўлиши лозим. Ҳеч биримизнинг ҳам бир-биримиздан авло жиҳатимиз қолмаган. Ҳаммамиз ҳам яхши хислатларни туя қилганимизга юз йиллар бўлди!
– Ҳар бир ўзбек сизнинг даъвойингизни қилади. Бу одатга айланган. Адабиётимиз бир, тарихимиз бир дея оғиз кўпиртиради. Қанақасига?
– Шунақасига. Ўзбекнинг илғор зиёлилари ҳали Совет йилларида, Ўлжас Сулаймоновдай миллатнинг забардаст ўғли бор, дея унинг асарларини ўқиб фахрланардилар. Унинг ёзганларидан турклик руҳини туйиб, ўзларидан-ўзлари бир қучоқ бўлиб семириб юрардилар. Уни қирқинчи йиллардан кейинги ўтган адибларнинг Туркистондаги шаҳаншоҳи ҳисоблардилар. Ҳозиргача ҳам унга ҳеч кимни тенглаштирмайдилар. Чингиз Айтматов ҳам бизлар учун худди шундай бир мақомда. Сиз бизларнинг юрагимиздаги шу каби эътироф ҳис-туйғуларини юлиб олиб, Туркистонни тикламоқчимисиз ҳали? Тарихимиз бошқа-бошқа бўлса, Форобийларни, Яссавийларни бобокалонларимиз деманглар. Бир замонлар Қипчоқ даштларидан қозоқларни сиқиб чиқарган Шайбонийларнинг боболари Абулхайрхонларни бошларингизга кўтарманглар… Тўғри, бизлар мустаққилликка эришиб, раҳбарга чув тушдик. Бу нарса миллатнинг озодлигини, миллий меросларимизга эгалик ҳуқуқини таъминлай олмади, албатта. Тилимизни, динимизни буздилар.

Қадрятларимизнинг қадр-қимматини тушунмаслигимиз учун қўлларидан нимаки келса, қиляптилар. Аммо қозоқ қардошларимиз ҳар тугул раҳбарга ёлчидилар-ку. Нима учун бизлар бундан суюнмаслигимиз керак? У ҳам бизники сингари уқувсиз бир жоҳил бўлганда, бизлар қўлга киритганларимиздан ҳам айрилмасмидик?! Кундалик ҳаётимизда бизларга рўпара келаётган муаммолар янаям улканроқ бўлмасмиди? Шундай бўлганда, талафотларимизнинг чеки-чегарасини билмасдик. Қўшнининг кимлиги жуда муҳим масалалар сирасига киради. Сизлардаги раҳбарнинг қаътияти, холис нияти бизларга фақат ва фақат яхшиликлар олиб келади. Буни биз жудаям яхши биламиз. Биз ўзбеклар Туркистон республикаларидаги ҳар бир соҳага шу тамойилдан келиб чиқиб ёндошамиз. Биз нафақат Туркистон, бутун дунёни шу назар билан ўқиб ўрганамиз, ўзлаштирамиз. Сизлар ўзиб кетсангизлар, бизлар ҳеч қачонда орқада қолиб кетмаймиз. Аксинча, истасак-истамасак ҳаётнинг ўзи бизни орқангиздан чопишга мажбур қилади. Сизлар бир жойда депсиниб туриб қолсаларингиз-чи? Бизлар олис-олисларда қолиб кетамиз. Кунимиз бундан ҳам қора, бундан ҳам зимистон бўлади. Кеча, Қозоғистоннинг ҳудудлари Ўзбекистоннинг пойтахтигача кириб борган, Тошкент аслан қозоқларники деб мақтаниб ўтирипсиз. Мазкур чегараларни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида бизларга Сталин бошчилигидаги Шўро ҳукутмати белгилаб бермаган эдими?! Ундан олдинроқ, Қўқон хонлигининг чегаралари Олмаотадан юзлаб чақирим нариларда эмасмиди? Ундан ҳам аввал Бухоро амирлиги у ёғи Аштархон, бу ёғи бутун Сибирни назорат қилмасмиди? Ундан ҳам олдинини қўя турайлик… Бизлар индамаймиз-ку! Чунки энди бу гаплар фойдасиз. Билъакс, қозоқ қардошларимизнинг чексиз-чегарасиз ҳудудларда ястаниб ётган мулкларини кўриб ич-ичимиздан қувонамиз. Бу биргина қозоқларнинг эмас, бутун туркистонликларнинг мувафаққияти-ку, ахир. Шу ҳудудларни ҳам Руссия ўз мулкларига айлантирганда, қўлимиздан нима келарди? Тошкент хусусида беҳуда гап-сўз қилгандан кўра, Шарқий Туркистон ҳақида ўйлаш керак! Бизда бўлди нимаю, сизларда бўлди нима?! Ўттизинчи йилларнинг бошида бутун қозоқларни Сталин очарчиликка маҳкум этганда, милёнлаб қозоқлар совуқдан, очликдан ўлиб кетмадиларми?! Милёнлаб қозоқларни ажал домидан олиб қолган ўзбеклар эмасмидилар?! Дуйсенбай ва сиз ўшаларнинг болалари эмасмисизлар? Муштипар ўзбек, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, яна босқинчи, ёмонотлиқ бўлади. Ўша йилларда қозоқлар жон асраш илинжида Тошкент ва Сирдарё бўйларида жойлашган бўлса, Тошкент қозоқларники бўладими? Бундоқ олсак, Чимкентдан тортиб Жамбулу Туркистонгача бўлган кенгликларда Чор Русияси босиб келмагунга қадар умуман қозоқлар яшамаганлар ҳисоби. Бу дегани бу ерлар қозоқники эмас деган маънони англатмайди. Қозоқ халқи кўчманчи чорвадор бўлгани сабаб, бутун Туркистон ҳудудларини қуюн сингари кезиб юрган. Бутун Туркистон ҳудудларида худди бошқа маҳаллий халқлар сингари уларнинг ҳам ҳақлари борлигини бизлар яхши биламиз. Ҳозир ер талашишнинг мавридими? Борига қаноат қилиб, бўладиган ишлар билан шуғулланганимиз маъқул эмасми? Дунёнинг тенг ярмини идора қилган ота-боболаримиздан қолган бир кафт тупроқ биз ўзбекларга етиб ортади. Ўз уймизда тинч бўлсак, озод бўлсак, шунинг ўзи бизларга парвозлар йўлини беради. Жилла қурса, раҳбаримиз сизларнинг раҳбарларингиз даражасида бўлганда эди, бизлар мустақилликнинг ўтган йиллари асносида Японияга етиб олган бўлардик. Шунинг учун ҳам бизларга меҳнат қилиш учун, ижод қилиш учун имконият беринглар. Озодликда, эркинликда тараққиёт қанақа бўлишини дунёларга кўрсатиб қўямиз, дея қичқиргиларим келади… Ҳурликни ўзимиз қозонмасак, бизларга уни ким олиб беради? Ҳеч ким…
– Сиз жуда чуқурлашиб кетдингиз! – деди ўзини ноқулай ҳис қила бошлаган Мирзелимбай. – Мен бу маънода гапирмадим.
– Балким. Аммо гап-сўзларингиз шунақа мазмун касб этяпти. Тожиклар хусусидаги гап-сўзларингиз ҳам, Алишер Навоий хусусидаги иддаоларингиз ҳам менга ёқмаяпти. Наҳотки, тожиклар Туркистоннинг бир бўлаги эканлигини инкор этсангиз?
– Улар форслар бўла туриб қанақасига Туркистонга алоқадор бўладилар? На тили, на маданияти туркларникига ўхшамайди-ку!
– Эронда турк қавмлари йўқми? Тиқилиб ётипти. Нима, уларнинг Эронга тегишли жойи бўлмаслиги керакми? Тожиклар тил жиҳатдан форс гуруҳига киради, холос. Руҳиятлари ўзбекларникидан тирноқча ҳам тафовутланмайди. Ўзбек билан тожик – бири жон, бири тан бўлган битта вужуд. Уларнинг бир-бирларисиз бу дунёдаги барча иддаолари беҳуда. Ахборатингиз учун Хоразм, Бухоро тамаддунлари дея дунё эътироф этган буюк тамаддунлар ҳам уларнинг гўзал урф-одатлари асосига қурилиб, ислом билан ишлов берилган. Тожикларнинг Туркистондаги ҳар битта ғиштда панжа изи бор, ҳар битта осори атиқада чеҳрасининг акси, безакларида нафаси ифори бор. Дунёда ўзбексиз тожик, тожиксиз ўзбекнинг бўлмоғи гумон. Уларсиз Туркистоннинг озодлиги – ушалмас орзу, гўё бир афсона! Қадимда Туркистоннинг Туркистон бўлиши йўлидаги меҳнат-машаққатларда уларнинг хизматлари бошқа турк қавмлариникидан кам эмас. Яна сизлар сарт дея атаётган халқ, аслида, ҳозирда қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, уйғур, тожик деб аталаётган қавмлардан таркиб топган. Ҳамиша илм-фан, маърифатпарварлик ғоялари гуллаб-яшнаб турадиган ҳозириги Ўзбекистон деб аталган давлат ҳудудларида араблар, худди форсийлар каби, ҳар битта турк қавми ўзининг ўғил-қизини ўқитишни, илмли-ҳунарли этишни орзулаган. Оқибатда бу макондаги ассимиляция жараёнлари ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Бу қоннинг, ирсиятнинг ҳамиша янгиланиб туришига, потенциал иқтидорнинг кучайишига олиб келган. Урф-одатлар, инсонларнинг турмуш тарзлари шунинг учун ҳам бу жойларда гуллаб-яшнаб, ҳаёт тўхтовсиз тараққий этаверган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва адабиёти бугун ҳам бутун Туркистон ўлкаларига тегишли бўлиши керак!
– Сарт деган ном қаердан пайдо бўлган? Бу ном нима маънони англатади? Минг ўйласам ҳам бунинг таг-замирига етолмайман!
– Сартлар – ота-боболаримизнинг айтишларига кўра, кўчманчи турк қавмларининг ўтроқлашган бир қисми. Қўпол қилиб айтганда, маданийлашгани. Ҳозирги тожиклар ўша замонлардаги форслар билан аралашиб, илму ҳунарга, савдо-сотиққа қунт қилган, қилич билан отдан довот-қаламни устун қўйган қавмлардир. Яъни ўзликларидан чекинмаган бошқа турк қавмлари наздида: сараланганлари – сўрти, нави ўзгариб, киборлик касб этганлари – нозиклаша бошлаганлари – нимжонлари. Сартни – сўртни ҳозирги ўрис тилидаги “сорт”, “нав” сўзининг ўзаги деб ҳам айтишади. Қозоқбой Маҳмудовга кўра, минг йиллар аввал ҳозирги ўрислар ўша замонлардаги турк руҳиятли форсийзабонлар билан бемалол бир тилда сўзлашганлар. Бизнинг кунларимиздаги Русия ҳудудларидаги кўп жойларнинг асли туркчадаги каби форсчада айтилиши фикримизни исботлайди. Рус тилидаги жуда кўп сўзларга эътибор берсангиз, ўзаги туркчада жаранглагани мисоли, форсчада ҳам жаранглайди. Ўрислар нафақат бизларга яқин ўтмишдаги қариндош бўлганлар, роман-герман қабилаларга қўшилиб кетмагунларича, биз билан битта тилда мулоқот қилганлар. Хуллас, Навоийнинг айтишича эса, сарт дегани савдогар маъносини англатар экан. Навоий замонида форслашган ёки улар билан аралашиб яшаган туркларни “сарт”лар деган эканлар.
– Ўзбек номи қаердан келиб қолган?
– Йигирма тўртинчи йилда Туркистонни парчалаш керак бўлган. Ўшанда бошқа эллар каби кун тартибида ҳозирги Ўзбекистонни “нима деб атаймиз” деган масала ҳам кўндаланг турган. Шунда, бизникилар “ном қидиришга ҳожат йўқ. Бизнинг ерлар азалдан Туркистон” деб аталган деган иддаони олға сурганлар. Шунда, Сталин: “Назовите хоть чёртом, но чтобы не был Туркестан” деган экан. Чунки у Туркистонни жинидан ҳам ёмон кўрган. Иккинчи томондан, туркистонликларнинг ўзларининг туркиялик қардошлари билан боғлиқ эканликларини билишларини у истамаган. Туркистон деган ном қолса, туркистонликларнинг ҳар дақиқада Туркияни эслаб туришлари табиий эди. Сталин бу халқ қон-қардошларини билмасин, аста-секин тарихини, тилини, динини унутсин, деган ниятда бўлган. Туркистонликларнинг тарихий хотираларидан жудо бўлишлари коммунизмнинг узил-кесил ғалабасини таъминлашини ўша пайтда коммунистлар жуда яхши англаганлар. Русларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этадиган турк нишонли элатлар каби туркистонликлар ҳам русларга вақти етиб ассимиляция бўлса, бу минтақаларда буюк давлат тиклаши мумкин бўлган бошқа бир халқ қолмас эди. Бу руслар билан хитойларнинг кимса билмас режаларига мос тушарди. Улар ўз назарларича, гўё минг йиллар асносида қутқу солиб келган катта хавфдан қутулардилар. Шунинг учун ҳам улар ишни Туркистонни парчалашдан, бир бутун турк халқларини бир-бирларига қарши қўйишдан бошлаганлар. Ўшанда, ўртага “Сартия” деб атасак қандай бўларкин, деган таклиф тушади. Кимдир, “сарт” дегани қозоқ, қирғиз тилида сўкиниш, “сарт – сари ит ” дегани, дейди. Шунда бошқа биров айтадики, ўн олтинчи асрда Дашти қипчоқдан бир қисм ўзбек деган қавм Шайбоний бошчилигида кўчиб, Туркистон марказига келиб ўрнашган. Улар ҳам ўзимизнинг қавмимиз. Келинглар, шуларнинг номи билан Марказий Туркистонни “Ўзбекистон” деб атайлик, деган таклифни олдинга суради. Шундан сўнгра Марказий Туркистон – Ўзбекистон, бир бутун турклар – ўзбеклар дея юритила бошлайди.
Шунинг учун ҳам ялтоқланишни суядиган Ғофур Ғулом:
Иосиф Сталин улуғ отамиз,
Ўзингиз бердингиз халқимизга ном.
Шунинг-чун ўзбеклар ҳар қутлуғ ишда,
Азиз номингиздан олади илҳом, –
дея ўз вақтида Сталинга шеър бағишлаган эди.

Яна, ўзбек деган сўзнинг ўзагини “Ўғузбек” деган номдан келиб чиққан деб ҳам айтишади.
– Худога шукур, ўшанда ҳам, ундан олдин ҳам қозоқларда бунақа муаммолар бўлмаган! – дея Мирзелимбай енгил нафас олди.
– Сизга буни ким айтди? – дея Баҳромнинг бироз ғаши келди.
Баҳром очиқчасига тан олиб, барча нарсаларни очиб ташлаётганда ҳам, Мирзелимбай ўзининг қобиғидан чиқишни хоҳламаётган эди. У бўйнини ичига тортаётган ипак қуртининг ғумбагига ўхшарди. Фақат мен ипак ўрайман, қолган қуртларнинг ўргимчакдан фарқи йўқ, тўртанак тўқийверсинлар деб ўйларди.
– Туркистон халқларининг муаммолари ҳар доим бир бутун ҳолда ўртага чиққан. Шунинг учун ҳам уларни бир-биридан айрича ҳал этишнинг имкони бўлмаган. Ўшанда ўзбеклар сингари қозоқларга қандай ном бериш коммунистларнинг бошини роса қотирган. Ҳатто бу жараён қозоқлар учун нисбатан мураккаб ва узоқ кечган. Шу сабаб уларни бошида ном тополмасдан қорақирғизларми, қирғизми деб юритганлар. Бироз сўнгроқ қозоқ атамаси кун тартибига чиққан. Токим Қозоғистон 30-йилларнинг охирига келиб, республика мақомига эга бўлмагунча, қозоқ номини ўзлаштириш осон кечмаган. Шунгача ҳам жанубий ҳудудларда истиқомат қиладиган қозоқлар Ўзбекистонга қўшилиш истагидан қайтмаганлар. Чунки шимоллик қозоғистонликлар билан жанубий қозоғистонликларнинг руҳиятлари бир-бирларидан жуда узоқ бўлган. Болшевиклар сиёсатининг фойдали томонлари ҳам йўқ эмасди. Кейинги асрларда ўта тарқоқлашган турк қавмларига битта халқмиз, битта миллатмиз деган тушунчаларни уларнинг қайта сингдирганини тан олмай иложимиз йўқ. Ер масаласида ҳам қозоқлар ўз-ўзича катта ҳудудларга бирдан эга бўлиб қолмаганлар. Уларнинг ораларида ўн олтинчи асрдан буён руслар билан иттифоқ тузиб, иш кўраётган элатлар бўлган. Ҳатто улар чор Русияси разведкасига асрлар асносида хизмат қилиб келганлар. Ҳадсиз-ҳудудсиз Қипчоқ даштларидан Туркистоннинг марказигача босқинчи русларини бошлаб келганлар ҳам аслида ўшалар бўлдилар. Эвазига қозоқларга узоқ ҳамкорлик ва ишонч рамзи сифатида катта ҳудудларни эгаллашга имкон берилди. (Аслан бу жойлар туркистонликларнинг ота-боболаридан мерос қонуний мулклар бўлган. Бировларнинг ҳимматисиз ҳам қозоқ бу ерларга эгалик қилиш ҳуқуқига эга эди. Афсуски, замон зўрники бўлгач, гоҳо ўз ҳаққингни ҳам талаб қилолмас экансан.) Баъзи турк қавмларининг шундай йўл тутишларига ўша замондаги подшоларимизнинг адолатсизлиги, калтафаҳм, очкўзлиги сабаб бўлган, албатта. Чунки садоқат ҳам, хиёнат ҳам шунчаки, ўз-ўзидан содир этилмайди. Қозоқ деган номнинг маъносига келсак, у, билишимча, қочоқ – бедарға, бадарға деган маънони англатади. Яшаб турган мамлакати қонун-қоидаларига бўйсунмасдан, чекка-чекка ҳудудларда кўчиб юрган ёинки бутун кўч-кўрони билан бепаён чўлларнинг оёқ етмас жойларида макон тутган қавмларни “қозоқ”, “қозоққа кетди” – “бедарға”, “бадарға” деганлар. Кейинроқ қозоқларнинг бир бутун бўлиб бирлашиб, ўз қонун-қоидаларини ишлаб чиққан гуруҳлари ўзларини “ўзбек”лар деб атай бошлаганлар. Яъни чекка-чеккада дов бермасдан қочқинда юрган майда тўдаларнинг бирлашиб, ўзларининг борликларини аён қилганликлари, ўзларига ўзлари бек бўлганликлари –“ўзбек”лашганликлари эди. Улар биз бугун номини тилга олганимиз Шайбоний бошлаб келган турк қавмлари бўладилар. Ўрис казакларининг келиб чиқиш тарихи ҳам аслида турк қозоқларининг турмуш тарзи билан боғлиқ. Улардаги бўсунмаслик, ярим тўпори, ярим қароқчилик унсурлари турк қозоқларининг ҳаёт тарзидан олинган. Бугун бу ном катта бир миллат нишони, шиддат билан тараққиёт йўлига кирган мамлакатнинг байроғи ўлароқ кўкка ўрлаб турибди. Қозоқ қавмларнинг тарихдаги энг буюк хизматларидан бири уларнинг кўчманчи мўғул қавмларни турклаштиришларида намоён бўлади. Улар бу ишлари билан ўз вақтида Туркистоннинг яхлитлигини таъминлаганлар, чегараларини мустаҳкамлаганлар. Уларнинг бу миссияси бизларнинг кунларимизда яна оёққа қалқди, десак, хато бўлмайди. Жараённинг тўхтаб қолган жойидан давом этишида Ўлжас Сулаймонов каби қозоқ зиёлиларининг роли бениҳоя улкан. Бу ишлар бошқача бир тарзда рўй беряпти, холос…

– Ундай бўлса, ўзингизнинг ҳам аслингиз қозоқлардан экан-да?!
– Мен учун қозоқлик шараф. Қозоқлар – ота Туркистонимизнинг порлоқ келажагидирлар! Биз ҳозир пайқамаётгандирмиз, неча асрлардан буён елкаси қуёш кўрмаган халқларимизнинг халоскори ҳам шулардир балки? Туркистон шуларнинг саъй-ҳаракати, тараққиётга бўлган кучли иштиёқи боис чиндан ҳам озодликка эришар, ўтмишларда қолган сарватини тиклаб, эркини, ҳурлигини қўлга киритар! Аммо мен ўғузларданман. Қозоқ билан қирғизга амакивачча бўламан. Туркманнинг амакиси, ўзбекнинг тоғасиман. Туркнинг ўғли бўламан!
– Ўғузлар кимлар?
– Ўғузлар кейинги минг йилликларда Буюк Хоразмни бунёд этдилар. Хазарни кесиб ўтиб Озористонни тикладилар. Ундан ўтиб усмонлилар асос солган буюк империяга – Туркияга таъмал тошини қўйдилар. Ўғузларнинг шажарасини бошлаб берган Буюк Ўғузхон Ота Туркнинг ўғли бўлган. Фирдавсий адашиб, турк дегани – буқа дегани, дейди. Ундай эмас. Турк – турқи-тароват, чиройли, гўзал демакдир. Кучли, шижоатли демакдир. Ўғуз – Ўкис, ҳўкиз – буқа дегани бўлади. Фирдавсий иккаласини бир-бири билан адаштирган. Бунга унинг туркчани яхши билмагани сабаб бўлгандир. Балким, у туркчани яхши билса-да, аламидан шундай дегандир. Буёғи Тангрига аён. Ўғуз номи Амударёнинг қадимги Ўкисдарё – Ҳўкиз, Буқа дарёси номидан олинган. У қирғоқларини ўпириб, чўли-чаманларни кураб, қутуриб оққани учун қадим аждодларимиз уни Ҳўкиз, Буқа – Ўкисдарё деб атаганлар. Бизнинг юртимизда ҳозир ҳам ҳўкизни, буқани ўкис деб айтадилар…

Баҳром сўзини тугатгач, Мирзелимбай ўзининг уруғи хусусида тўлқинланиб гапирди. Унга кўра, у қозоқ эмасмиш. Олий ирқли, насл-насаби ноёб хўжаларданмиш. Хўжалар алоҳида бир миллат бўлиб, бошқа майда-чуйдаларга қўшилмасмиш. “Мирзелимбай” деб айтиладиган исмининг узундан-узунлиги, унинг оддий одамлардан ажралиб туришини билдирар экан.

Баҳром унга ўзбек-тожикларда ҳам хўжалар борлигини уқтирмоқчи бўлди. Хўжаларнинг муайян бир миллат эмаслигини таъкидлаб, уларнинг ҳам бошқа уруғлар сингари бирор миллатга боғлиқлигини гапирди. Умуман ҳар қандай инсоннинг нуфузи унинг адолати, олган билимларию амалдаги тадбиқи билан белгиланишини таъкидлади. Мирзелимбай ҳеч бирини тан олмади. Унга кўра, қозоқнинг улижуз, ўртажуз, кичижуз уруғлари хўжаларга беминнат хизмат қилиши лозим экан. Ўз навбатида учта асосий қозоқ уруғларининг ҳам бир-бирлари олдида китобларда ёзилмаган даражалари бор экан. Унинг айтишича, учала уруғнинг мақомати бир хил эмасмиш.
У баъзи ақлсиз хўжаларга ўхшаб ўзини Муҳаммад пайғамбар авлоди дея даъво қилса ҳам, Аллоҳнинг мавжудлигига ишонмасди. Дарвинни кўргани кўзи йўқ бўлса ҳам, унинг таълимоти қон-қонига сингиб кетганди. Исломдан умуман тушунчаси йўқ эди. Қайси бир мамлакатга бормасин, турк халқлари бирлигига бағишланган қурултойларда ёинки сиёсий анжуманларда қатнашчиларни ота-боболаридан қолган шаманликка ўтишга тарғиб қилганликларини айтиб мақтанарди. Ота-боболарининг турли-туман хурофотлардан, ўт-оловлардан қутулиш учун Аллоҳнинг дини бўлмиш исломга кирганидан у тамоман бехабар эди. Қуръоннинг қудрати, Суннатнинг ҳикмати унга бегона эди. Ҳатто у фазогирларнинг ойга қўнганларига ҳам ишонмасди. Барчасини сиёсат учун дея, ёлғонга йўярди.
Қадрятларидан овлоқда, дунё илм-фанидан йироқда бир кимсанинг қандай қилиб Туркистонни бирлаштирмоқчи эканига Баҳромнинг фаҳми етмасди. Айниқса, унинг Туркистон бирлиги йўлида қозоқлар жиловни ўз қўлларига олиб, қолганларни йўлга солиб турадиган вақт етганини башорат қилишини умуман ҳазм этиб бўлмасди. Туркистон республикаларининг ҳар биттаси тўла мустақил бир шароитда битта иттифоққа бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, битта мушт бўлишига унда ишонч йўқ эди. Иттифоқда ҳар бир республиканинг муҳим роли бўлиши муқаррарлигини у тасаввурига сиғдира олмас эди. Унинг ақли ноқисича, Туркистонни ер юзининг қудратли минтақасига айлантириш учун Русия билан Хитойни ер юзидан супириб ташламаса, иш пишмасди. У Туркистоннинг уйғонишини истамайдиган Русия билан Хитой учун бундан кейин айнан қудратли ҳамкорнинг зарурати сиёсий эҳтиёжга айланиб бораётганини ҳис этиш неъматидан мосуво эди. Дарҳақиқат, Туркистонга ҳам Русия ва Хитойга ўхшаган сиёсий қувватлар манбаи зарур эди. Айниқса, Русиянинг ҳеч бир замонда кўкрагидан итариб бўлмасди. Ўтган ишга саловат деб, этакдаги тошларни тўкадиган давр етган эди. Минтақадаги учта қудратнинг битта блокка уюшиши мумкинлигини ҳақиқатан ҳам унча-бунча ақл эгаси танасига сингдира олмасди. Аммо бу ҳақиқат эди. Ойдинликка йўл шу чизиқдан ўтарди. Бунинг учун аввалам бор туркистонликларнинг ўзларининг бошлари бирикиши лозим эди. Шундай бўлса, дунё сиёсатининг посангилари лапангларди. Ер юзидаги қудратлар ўрин алмашарди. Оқлар билан қоралар жойларини ўзгартирардилар. Буни англашга Мирзелимбайда қунт ҳам, ҳафсала ҳам йўқ эди. У Навоий нима учун уйланмаганлиги ҳақида бош қотирарди. Унинг йигитлик қуввати суст бўлган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, саволларига жавоб топгандек бўларди. Унинг даҳоси билан қизиқмасди. Тўғри жавоб олиши мумкин бўлган манбаалардан айланиб ўтарди. У “Туркистон” ғоясининг шамчироғи билан сирлашишга тайёр эмасди. Тайёр бўлганида, Навоийнинг қарийиб, олти юз йил илгари барчасини жойба-жой қилганига фаҳми етарди. У мавриди етди дегунча, оддий ўзбекларга ўхшаб, Ўзбекистон президентининг отаси ким бўлганлиги хусусида баҳслашишни ҳам жонидан яхши кўрарди. “Унинг отаси Муллақандов деган бир бухори жуҳуд бўлган” дея, фикрини ўтказишга зўр берарди. Президентни яҳудийлар нима учун “Миллат олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган дея айтганларини дастаклагани-дастаклаган эди. “Ўзбекистондаги бутун бойликлар учга бўлинади. Бир қисми жуҳудларга, иккинчи қисми президент ва унинг қизларига, учинчи қисми Ўзбекистонга қолади”, дея ёқа бўғишишдан ҳам тоймасди. Билмасдики, иллат ичимизда эди. Айб ўзимизда, нуқсонларимиз жоҳиллигимизда эди. Илмсиз эдик, билимсиз эдик. Тўғри фикрлашни, тафаккур этишни эплай олмасдик. Мусулмонларни жон-жаҳди билан ёмон кўрадиган ҳар қандай яҳудийни келтириб Ўзбекистонга президент кўтарганда, унинг жорий президентдан мамлакатни минг дафа яхши бошқариши мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмасди. Ҳар қандай яҳудийнинг жорий президентдан кўра ўзбекларга – мусулмонларга минг бора кўп яхшиликлар қилиши мумкинлигини ўйламасди. Чунки яҳудийда яхлит дунёвий билимлар тўпланганлигини, у ўз шахсияти, дунё халқлари олдида шармисор бўлишдан қўрқишини англаш осон эмасди. Яҳудий ўзбекка ўхшаб тахтга ёпишиб олмасди. Дунёнинг маишати турганда, совуқ курсига бағрини босиб ухлашни истамасди. Албатта, у етук бир мусулмоннинг ҳам ишини қилмасди. Чунки бу каби юксак мартаба мусулмон ҳукмдорларининг ҳам жуда камчиликларига насиб қилган эди. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверарди…

Аммо Мирзелимбай Дуйсенбайнинг “Ўзбекистон президентининг отаси қозоқ бўлган” деган иддаосига умуман қўшилмаслигини айтарди. “Сартни бизга қул қилиб берди”, дея Ўзбекистон президентини жон-дилидан суядиган Дуйсенбай эса унинг ўз фикрига қўшилмаслигидан бехабар эди. Чунки, орқасида бошқача гапирса ҳам, юзи учун Мирзелимбай: “Дода, тўғри айтасиз, сартларнинг президентининг отаси Чимкентлик қозоқ бўлган” дея унга хушомад этарди. Шу учун ҳам шундай бир одамнинг: “Туркистон” халқ ҳаракатининг тузилганига қарийиб, ўттиз йил бўляпти-ю, на сонимизда, на сифатимизда ўзгариш ясай олмадик” деган сўзларига ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверарди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)