Ҳукуматнинг навбатдаги фирибгарлиги

Ҳукуматнинг навбатдаги фирибгарлиги
189 views
05 August 2014 - 14:04

3Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилдаги  12 фоизли ички ютуқли заёми облигациялари бўйича индексация коэффициентини белгилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 июлда тегишли қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, 1994 йил июлидан 2014 йил июлигача энг кам ойлик иш ҳақи 1 373 марта ошганини ҳисобга олиб, заём облигацияларига 1,373 (1 рубль : 1,373 сўм) миқдорида индексация коэффициенти белгиланди.

Бироқ, пулини олиш учун банкларга борган облигация эгаларининг хафсали пир бўлган.

Мавзу бўйича Озодлик сайти берган хабарда облигация эгаларининг алданиб қолганликларини ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирилади. Хусусан, 1992 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг ваъдасига ишониб алданганини айтилади нукуслик меҳнат ветерани Сарсенбой ота:

“Кун иссиғида эрталабдан очередда турган эдим, заëм пулини қайтариб оламан деб. Кейин чиқиб пул йўқ¸ хозир пул келса, пластикка ўтказамиз, деб айтди. Постановлениеда 1373 баробар дейилган яъни 1373 раз. Бу дегани 1000 сўмга 1 миллион 373 минг сўм беради, деб ишонувдим.
Келсак 1992 йилдаги 1000 сўмга орадан 22 йил ўтгандан сўнг 1373 сўм берамиз, деб устимиздан кулиб турибди. 1992 йилда ўн минг сўмга битта машина берар эди. Энди бўлса, ярим кило гўштни пулини бериб турибди. У ҳам бўлса пластикка”¸ дейди.

Меҳнат фаҳрийси Ўзбекистон президентининг гапига ишониб 1992 йили ютуқли заëм олганини таъкидлайди:
“Шу заëм чиққанда Исломхон акани ўзи шахсан ТВдан айтган эди, халқимиз заëмни олсин¸ бу давлатга ёрдам бўлади, кейин қайтариб оласизлар, деган эди. Биз ишонувдик. Ҳозир билсак, юртбошимиз алдаган экан. Ҳамма қариялар бу гапни эслайди. Улар Каримовнинг гапига ишониб бор пулига заëм олганди”, дейди нукуслик Сарсенбой ота.

Озодлик билан суҳбатлашган иқтисод бўйича чет элда маълумот олган мутахассиснинг айтишича¸ 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заём юзасидан ўз мажбуриятини бажармаган Ўзбекистон Молия вазирлигини бемалол фирибгарликда айблаш мумкин:

“Ўзбекистон фуқаролари мамлакат иқтисодий аҳволи қийин бўлган пайтда облигация сотиб олиб иқтисод ривожланишига кўмак кўрсатишди. Орадан 22 йил ўтиб бу фуқаролар айни ҳукуматдан рағбат кутишга лойиқ. Аммо бу облигацияларни чиқарган молия вазирлигининг ғирромлигини эса фақат қоралаш мумкин. Облигациялар ютуқли дейилган, аммо ҳеч кимга ютуқ чиқмади”¸ дея такидлайди у.

Ҳақиқатан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарорида энг кам ойлик иш ҳақи 1 373 марта ошганини ҳисобга олиб, заём облигацияларига 1,373 (1 рубль : 1,373 сўм) миқдорида индексация коэффициенти белгиланганлигини инобатга олиб вазиятга аниқлик киритиш мақсадида таҳририятимиз молия вазирлигидаги манбамиз билан боғланди.

Мулозимнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги ПФ-870-сон Фармонига мувофиқ 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси – “Сўм” муомалага киритилди. Ўшанда янги ўзбек сўмининг қиймати 1 сўмга 1000 сўм купон қилиб белгиланган. Табиийки бу ўз навбатида ундан олдин бирга бир алмашган рубль қийматида ҳам 1000 рубльни ташкил қилади.

Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон ҳукумати облигациялар бўйича тўлов мажбуриятларидан соқит бўлиш учун жуда катта фирибгарликни амалга оширган. Оммага эълон қилиндиган ҳукумат қарорида индексация коэффициентини 1 рубль:1,373 сўм тарзида бериб, қарорни ижро қилишда эса 1994 йилги пулнинг 1000 га 1 сўм қийматидаги алмашинувини ҳам қўшиб ҳисоблаган.

Бу эса ўз ўзидан 1000 сўмга 1373 сўм берилиши учун асос бўлган.

Эслатиб ўтамиз, облигацияларнинг муддати 20 йил этиб белгиланган бўлиб, улар учун тўловларни 2014 йилнинг 1 июлигача талаб қилиш белгиланган эди. Пул маблағларини индексацияни ҳисобга олган ҳолда 1 августдан 30 ноябргача тўлаб бериш режалаштирилган.

Замир Малик