Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (13)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (13)
26 views
06 August 2014 - 8:30

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўн иккинчи боб

Бир муддат ўзининг хусусий клиникасида ётиб даволанган Дуйсенбай ўзи билан Дуйсенистонга олам-олам ажойиботлар олиб қайтганди. Унинг ақли-ҳуши билан пешонасига қадалиб қолган иккита пистондан бошқа ҳамма нарса ўз аслига тушганди. Думини улатган бош боқон иккаласи бир-бирлари билан жуда ҳам апоқ-чапоқ бўлиб, иноқлашиб кетгандилар. Думи учидаги ўроқ ва болға тасвири туширилган ол байроқни думининг уланган жойига бойлатган Тарлон ундан айрилмасди. Бир неча кун креслолар остидан чиқишга юраги бетламай, кўксини захга бериб ётган опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулга эса янги чемпион иложи борича яқинлашмасликка тиришарди. Акси, Авакян опа-сингиллардан бир қадам ҳам ортда қолмасди. Клиникада яқиндан танишиб феълини ёқтириб қолган танқўриқчиларнинг ҳам янги бош боқонга ҳурмат-эътиборлари осмон қадар ошганди. Қандайдир сирдан хабардор икки эшикбегининг ҳам оғзилари қулоқчаккаларида эди. Эшикбегилар клиникада эканликларида даволаниш билан бир пайтда қўлларида тўстувак, бош боқоннинг фаррошлигини ҳам амалга оширгандилар. Уларнинг йиллаб хўмрайиб юришларини яхши биладиган Гулисипса нималар рўй бераётганига тушунмасдан лолу ҳайрон, қўлида тўстувак, Тарлоннинг кетидан соядек эргашса ҳам, сирнинг тагига етиш учун қулоқлари Оқгул билан Марҳабонинг оғзида эди. Кинодаги изқувар мистер Куародек кийиниб олиб, қўлларида голландиялик ёши улли академикнинг лупасини ушлаб, жомадондан чиққан приборлар чўнтагида ниманидир қидираётган Дуйсенбайнинг ҳаракатлари у учун мутлақо ғайри оддий туюларди. Фил суяги билан безатилган ойнакли сервантдаги Тайсиннинг тарихи билан боғлиқ ашё-далилларни ўмариб кетган академиклар тушириб қолдирган лупалари сингари жомадонларини ҳам олиб чиқиб кетишга улгурмаган эдилар. Эндиликда бразилча сервантнинг энг юқори токчасида Тайсиннинг катта бобоси Оққушнинг олти ойлик чақалоқнинг жуссасидек келадиган соф олтиндан қуйилган ҳайкалчаси виқор тўкиб турмасди. Собиқ бош боқонннинг бобоси Туҳматнинг ва отаси Оқтошнинг кумуш бюсти ҳам йўқолиб қолганди. Унинг чоғалигида Кўрқоплон билан тушган фотосуратлари ҳам сервандан сирли равишда зим ғойиб бўлганди. Онаси Марлонинг холаси ва тоғалари билан тушган ноёб суратлар ҳам кўзни қамаштирмасди. Чунки улар ҳам ўғирланганди. Бемисл гўзал қанжиқ Марлонинг Ҳилливудда юлдузликда кечган йилларидаги атоқли рассомлар томонидан чизилган картиналарни ҳам ер ютганди. Дуйсенбай Мумбайдаги ким ошти савдосида бир юз йигирма беш минг доллардан сотиб олган картиналарига чув тушганди. Марлонинг ўша йиллардаги лаб бўёқлари, тароғи, тирноқолгичи, ялоғи ва тўстуваги каби қимматбаҳо тошлар қадалган иккита сийнабанди билан куя илматешик қилган битта ичкиси ҳам йўқолиб бораётган тур сифатида энди сервантда виқор тўкиб турмасди. Энди Тайсиннинг бир ҳафталигида кесилган қулоқлари билан думи, катта бобоси Туҳматнинг бўйинбоғи билан таглиги одамларда ортиқ қизиқиш уйғотмасди. Дуйсенбай мана шу каби бир талай буюмларни жаҳон музейларида намойиш қилиб, энди ақл бовар қилмас маблағлар ишлаб топа олмасди. Ўғирланган буюмнинг орасида Житириққа тегишли бўлган бир талай қимматбаҳо буюмларни хотирдан соқит этсак ноинсофлик бўларди. Унинг пажмурда танасидан бошқа ҳеч вақоси қолмаганди. Дуйсенбайни мол-дунёга, шон-шуҳратга чулғаган бу буюмлар энди йўқ эди. Тахминларга кўра уларни Житириқни даволаш учун Голландиядан ташриф буюрган бешта академик ҳамманинг кўзи олдида сирли равишда ўмариб кетганди. Аслида, уларнинг битта жомадон кўтариб кириб, Қорасаройдан қуруқ қўл билан чиқиб кетганини ҳамма кўрганди. Дуйсенистонга келиб сўроқ берган президентнинг уч табиби ҳам уларнинг қўлларида ҳеч нима олиб чиқиб кетмаганини қайта ва қайта тасдиқларди. Академикларни Голландияга олиб бориб қўйган учувчи уларнинг қўлларида бирор нарса кўрмаганини айтиб, нон тепиб қасам ичарди. Буюмлар сирли равишда ғойиб бўлгач, қандай қилиб шотахта устидаги юзасига катта-катта ҳарфлар билан “Фантомас” деб ёзилган оч ҳаворанг конверт пайдо бўлди, бировнинг ақли етмасди. Қолгани, Дуйсенбай тўртбурчак ойнакка солдириб, долоннинг шифтига остириб қўйган Туркманбошининг уч томлик “Руҳнома” китоби эди. Биргина шу нарса собиқ бош боқонни эслатиб турарди. Ўтган кунлардан ёдгор бўлиб қогани биргина шу китоб эди.

Дуйсенбай соғайиб клиникадан келган кунга қадар, Қорасаройдан биров оёқ босиб Дуйсенистонга чиқмагани каби, Дуйсенистондан бирор кимса остона ҳатлаб ичкарига ҳам кирмаган эди. Қорайсаройни ўраб олган ўн минг кишилик Дуйсенистоннинг фавқулодда ҳолатларда ҳаракатга келтириладиган кучлари тўртга бўлиниб, теварак-атрофни куну тун очидан изғиган ёвуз бўридек қўриқлаган эдилар. Асирларнинг ўтган давр ичида нима еб-нима ичганини Тангри билмаса, биров билмасди. Айниқса, уларнинг “ҳожат” масаласида қандай йўл тутганлари ўзларидан ўзгага маълум эмасди. Ўтган кунлар ичида Мирзелимбай билан Оқгул қанчалар қийналган бўлса, мардикорлар – Баҳром билан ўзбекистонлик икки аёл – Тўрабика билан Марҳабо вақтларини шунчалар кўнгилчоғлик билан ўтказдилар. Баҳром билан Тўрабиканинг юз-кўзларидаги яра-чақалар битиб, уларнинг кўринишлари аввалги аслига қайтганди.
Дуйсенбай Дуйсенистоннинг бутун боқонларини эргаштириб, Қорасаройга байрам кайфиятида кириб келганди. У соғайиб чиққан кунига қадар хафвсизлик боқони унга юзасига “Фантомас” деб ёзилган оч ҳаворанг конверт ҳақида “миқ” этиб оғиз очмаганди. Дуйсенбай сабабини сўраса:

– Сизнинг қимматли соғлигингизни ўйладим! – дея хавфсизлик боқони елкасини сиқиб, бошини қуйи солди. Унинг бу ҳолатини кўриб:
– Сизлар менинг соғлигимни дея ўзларингизни ҳам аямаяпсизлар. Барака топкурлар, ўзларингизни ҳам ўйланглар! – дея Дуйсенбайнинг кўнгли ийиб кетганди.

Конвертни Мирзелимбайнинг қўлидан тортиб олган хавфсизлик боқони: “Уни ёши улли академикнинг чўнтагини титаётиб топиб олдим”, дея Дуйсенбайга ёлғон гапирганди. У шу йўл билан ўзининг зўр чекистлигини, ҳеч нимани назаридан қочирмаслигини кўрсатиб қўймоқчи эди. Қорасаройдаги қимматбаҳо буюмлар ўғирлаб кетилганини билган Дуйсенбай шунинг учун ҳам бутун боқонлари иштирокида конвертни Шветсариядан чақиртирилган икки махсус нотариусга очтирмоқчи бўлди. Қорасаройдаги бойликларни Абдираҳмон учарнинг ўмарганига у минг фоиз ишонгани учун конверт ичида ўзининг номига ёзилган чек борлигига ишона бошлаганди. Ҳалитдан милёнлари чўғи кўпайганини ҳис этиб, терисига сиғмай кетаётганди. У академик даражасига эришган эски шериги – учига чиққан фирибгар Абдираҳмон учарни инсофга келган деб ўйларди. Унинг лақаби учар бўлиб, Дуйсенбай буни энди эслаганди.

Қўлларига оппоқ қўлқоп кийган икки нотариус қовоқ уйиб, бутун давлат мансабдорлари кўзи олдида конвертни хавфсизлик боқонидан ўта тажанглик билан қабул қилиб олди. Айни пайтда бу маросим Дуйсенистон телерадиокомпанияси томонидан бутун дунёга тўғридан-тўғри намойиш этилаётган эди. “Эътироф” рукини остида Сарвара Худоурсинова тайёрлайдиган кўрсатувнинг асосий мақсади бутун дунё эътироф этган “Дуйсен модели”нинг тажрибасини ер юзига ёйишдан иборат эди. Бунинг замирида Дуйсенистон раҳбарининг ақл-заковатини башариятга кўз-кўз қилиб, унинг курсисини мустаҳкамлашга хизмат қилиш мақсади ётарди. Унинг ҳам остида кўрсатув муаллифи омма назарида ўзини Дуйсенбайга яқин кўрсатиб, жилла қурса рўзғорининг сабзи-пиёзини текин қилишга эришмоқчи эди. Нотариусларнинг тажанглиги сабаби эса, уларнинг ҳар бирининг Сарвара Худоурсиновага минг баравардан кўпроқ хизмат ҳаққи олишлари мумкин бўлган ҳолда, хизмат ҳаққини шартномада кўрсатилганидан яна минг бараварга ошириш учун эди. Мусиқа садолари остида икки халқаро миқёсдаги олий тоифали нотариуслар конвертларни очганларида, унинг ичидан, “Робин Гуд + Зорро” деб ёзилган бир варақ қоғоз чиқди.

Бунга кўзи тушган Дуйсенбай:

– Шишенгни …са-а-ртнинг учари!!! – деркан, тишларини қисганда нафаси ичига тушиб, афт-башараси кўкариб кетди. Сўнгра қўлларини мушт қилиб тугиб, томоғига суяк тиқилган товуқдай қаттиқ ўқчиди. Нафаси қайтиб чиққанда кўзлари ола-кула бўлиб, ғазаби зўридан мияси отилиб, кўзларига қон урди. Икки қулоғида шовқин туриб, теварак-атрофидагиларни кўрмасдан қолди.
– Абдираҳмо-он.., шишенгни …нинг учар са-арти, яна чув туширдингми?! “Кўктерак”да ярим аср қонимни ичганларинг етмасмиди?!…

Маросим иштирокчилари уни рақсга тушяпти деб ўйлаб, оёққа қалқди. Унинг байрамларда халқ кўзига ўзини тетик кўрсатаман дея, турли-туман дармон дорилардан ичиб, қўтир эчкидек осмонга ирғишлаганлари асқотди. Гулдирос қарсаклар зарбидан “Анжуман”лар зали зир титради. Қуриб берган ажнабий фирмаларга ўн йилдан буён пули тўланмаган оппоқ қасрнинг қоядек-қоядек қандиллари тоқидан узилиб тушгач, томидаги тош лайлакларга жон иниб, ҳуркиб учиб кетдилар. Уларнинг ўрнига хиёбондаги икки юз-уч юз йиллик дарахтлар кесилиб, уяларини тополмай, адашиб юрган қарғалар галаси келиб қўнди. Гудирос қарсаклар билан уларнинг “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” деган қарғишлари омухта бўлиб, бутун Дуйсенистонни ваҳима босиб кетди. Нималар рўй бераётганини теран ҳис қилаётган қарғалар, бойқушларга арзу дод айтаётган эдилар. Дуйсенбайнинг кўнглини овламоқчи бўлаётган дуйсенистонликлар эса, ўзлари билмаганлари ҳолда ўзларининг устиларидан ўзлари чапак уриб, шайтонлаб кулар эдилар. Қоғозда нима ёзилган-ёзилмаганининг улар учун писта пўчоғича аҳамияти йўқ эди. Дуйсенбай уларни кўриб хурсанд бўлса, улар учун бундан ортиқ бахт йўқ эди.

Ғазабини бироз босиб олган Дуйсенбай минбарга чиқди. У маросим бошланмасдан аввал нўхатдек келадиган қорадори емаганда, бутунлай тутақиб кетарди. Унинг ўта ёмон бир аҳволда эканлигини хавфсизлик боқони билан икки нотариусдан бошқа биров сезмади ҳам. Ўзини бошқа боқонлардан ўктам кўрсатмоқчи бўлиб, Дуйсенбайнинг наздида шарманда бўлган генерал қулоқларигача қизариб, бутун вужуди музлаб борарди.

– Нима деганда.., нима деганда! – дея бўғилган Дуйсенбай уни баттар ўнғайсиз аҳволга солди. У ичидан зил кетаётган бўлса ҳам, ўлганнинг кунидан пишган калладек тиржайиб, камерага тишларини кўрсатиб, икки кўзини лўқ қилиб безрайиб тураверди. Ўзининг ҳолати бутун Дуйсенистоннинг кайфиятини белгилашини у жуда яхши биларди. Дунё Дуйсенбай билан унинг ўзини қандай тутишини кўриб, ичкаридаги аҳволга баҳо берарди. Унинг ичидан қиринди ўтаётганини пайқаган биргина Батангулнинг оғзи қулоқчаккасида эди. Опасининг оғир ўтган охирги ҳафталар ичида бирдан чеҳраси ёришганини кўрган Сатангулнинг эса ичини ҳасад булутлари қоплаб, юз-кўзига ғаламислик ғам-андуҳлари соя ташлади. Ҳали сиёсий ўйинлар ҳадисини олмаган бош боқон, икки опа-сингилнинг ўртасида ахлатдан тўйган хашаки хўроздек виқор тўкиб ўтирмасин, кўзларини яшириб турган “хамелеон” кўзойнаги ҳам, қийшиқ қўйган айвони ярим қулочлик жинси кепкаси ҳам омма назаридан унинг овсарлигини беркита олмаётганди. Унинг озорда думини уланган жойидан тағин узилиб тушмасин деб бир қўли билан кўтариб турган Гулисипса иккинчи қўли билан думининг остини артарди. Қўллари банд пайтларда тўстувакни бошига қўйиб ишини қойилмақом қиладиган Гулисипсанинг эпчиллигига бутун маросим иштирокчилари ичларида “офарин”лар айтаётган эдилар. Дунёнинг нари чеккасида телевизорга термулиб, унинг бемисл чаққон бир фаррошлигидан ёқа ушлаб ўтирган Бил Клинтиннинг қора кучукчаси, “фаррош деган мана бундоқ бўпти-да” дегандек ўзининг фаррошига ҳуриб қўярди. Бош боқоннинг думининг уланган жойига тикилган ўроқ ва болға тасвири туширилган ол байроқ, гўё Бил Клинтоннинг кучукчасининг сўзларини тинглаётгандек, қилт этган шабада бўлмаса ҳам шамол ялаган майсадек ҳилпирагани-ҳилпираган эди. Кафдеккина Дуйсенистонда бутун дунё жилваланарди…

– Нима деганда.., нима деганда, биз бир кунда бундай оламшумул ғалабаларни қўлга киритмадик, барака топкурлар! – деди ахири Дуйсенбай. У нуқсонларини хаспўшлаш учун ҳам янгидан-янги қусурларини фазилатга йўйишга мажбур бўларди. У милтиқ эди. Ёлғонлар унинг ўқлари, безбетлик мўлжални бехато урадиган мувафаққияти гарови эди. Билимсизлиги уни жоҳилга, жоҳиллиги зомбига айлантирганди. Унинг тепкисини кимнинг бармоғи кўпроқ босишини аниқ айтиб бериб бўлмасди… Зомбилик унга Дуйсенистон тахтини ҳадя қилганди. Яна маросим иштирокчилари оёқларига қалқдилар. Яна гулдирос қарсаклар янграб, қарғалар“қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” дея довруқ сола бошладилар. – Мен сизларнинг ҳаммангизни яхши кўраман. Ҳар биттангизни бағримга босгим келади. Сизлар Дуйсенистон фуқаролари эмассиз, менинг болаларимсиз, жону жигарларимсизлар…

Яна, гулдирос қарсаклар, яна“қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” деган вайронани қўмсагувчи мотамсаро овозлар… Дуйсенистонликларнинг Дуйсенбойга бола бўлиб, жону жигар бўлиб, ҳақ-ҳуқуқларидан айирилиб қолаётганлари билан ишлари йўқ эди. Улар ҳали “фуқаро” дегани нима – билмасдилар. Уларда шаклланган шахс ҳақида тушунча йўқ эди. Улар ёлғонлар билан семирардилар, риёкорликлари билан фахрланиб, сохтакорликлари билан мақтанардилар…

– Дунё бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлса, сифатсиз қурилган иморатларимизга, ҳеч қачон талабга жавоб бермаган равон йўлларимизга, ўлган ҳўкизнинг бақрайган кўзидек ҳайратдан қотиб қолган мусаффо осмонимизга, газнинг жабрига топталган чўлу чаманларимизга боқсин! Халқимиз бундан йигирма-йигирма беш йил илгариги оми, “ҳа” деса, “ба-а-а” дейдиган қўйга ўхшаган хат-саводи йўқ бир оломон эмас. Ҳожи пиённи ароққа бўктириб қўйганларида, ўзини билмасдан: Қачон халқ бўласан, эй сен оломон, дея ҳайқирган экан. Ўша тўпори тўда қарашсизлик туфайли бугун тузуккина бир халққа айланди. Авваллари оғзидагини олдирган бўлса, у энди мардикорлигини қилиб бировларнинг оғзидагини тортиб олмоқда. Йигитларимиз юлдузни бенарвон урадилар, қизларимиз тор шим, мини юпка кийиб, бутун жаҳоннинг кўзини яшнатадилар. Ана-а санъа-ат, мана-а санъа-ат, бўғзингга шайтон чанг солади, ўлим нақд, ўлгинг келмайди. Хаёлот ўлда-жўлда, ошиқлар ҳар кун кўлда. Лиқи-лиқи, диқи-диқи…

Қандингни ур, Дуйсенбай!… Бизнинг онгимиз қарашсизлик йилларида мисли кўрилмаган даражада ўсди. Тоғу тошларимиз, чўлу биёбонларимиз, нефт, газ қудуқларимиз юмронқозиқлар билан каламушларнинг қадим аждодлари – кўрсичқонларга тўлиб кетди. Бизнинг мамлакатимиз ўтган йиллар ичида дунёдаги энг демократик мамлакатлар сафига кирди. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари тугул, бутун ҳайвонот дунёсининг ҳуқуқларини таъминлашга эришдик. Бизларнинг кимлигимизни, қандай яшаётганимизни кўрмоқчи бўлганлар Дуйсенистонга марҳамат қилсинлар. Пана-пастқамда, бурчак-бурчакларда фисқи-фасод билан шуғулланганча, келиб кўриб, “Дуйсен модели”нинг ютуқларига тан берсинлар. Бизлар бир неча йиллардан буён жангари хўрозларимизни алоҳида-алоҳида жойлаштирилган олтин суви югуртирилган катакларда учтадан товуқ билан қамаб боқяпмиз. Оддий ҳайвонлар яшайдиган ҳудудларимиз ҳам дид билан қурилган бўлиб, чиннидек тозалигидан ёғ тушса ялагудек. Уларнинг оёқлари остига Қазғондан келтирилган тоза мармар ётқизилиб, йўлакларнинг икки чеккаси пастаккина мис панжара билан иҳоталанган. Катакларни иссиқ-совуқдан асрайдиган баланд айвон пештоқи нақшинкор кунгуралар билан безатилиб, шифтида беданалар солинган тўрқовоқлар осилиб турипти. Ҳар битта ит ёки хўроз тиқилган катак бурчагида кичик иссиқхона бор. Уларнинг ҳар бирига тувакларда хонаки гуллар қўйилган. Ҳар битта иссиқхона ичига жойлаштирилган аквариумларда турли-туман балиқлар сузиб юради. Отлар ва буқалар каби қўйларнинг охурлари никелланган материалдан ясалган, итларга сирланган тоза тоғорачаларда овқат берилади. Хўрозлар билан товуқлар соф хитойи чинни товоқларда дон еб, пахта гулли Тошкент косаларидан сув ичадилар. Ҳайвонлар еб-ичадиган идиш-товоқларни ва охурларни ўзбекистонлик мардикорлар ҳар куни уч марта кир ювиш воситалари билан тозалаб ювиб, қуруқ мато билан ишқаб артадилар. Бу ишларга эҳтиёж бўлмаса ҳам, Дуйсеннистоннинг куч-қудрати ва бойлигини бутун жаҳонга намойиш этиш учун шу усулни қўлладик. Маҳобатли Қорасаройимизда чемпионликни қўлга киритган энг донгдор ит яшайди. Бу шарафли номга сазовор бўлган янги чемпион бир вақтнинг ўзида Дуйсенистоннинг бош боқони лавозимини эгаллашини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Бу статус қонун йўли билан бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Саройнинг ертўласи унинг еб-ичиб, чўмилишига мўлжалланган. У ерда яна ошхона, емакхона ва учта музлатгич бор. Музлаткичлар сут-қаймоқ, мол гўшти, товуқ гўшти, тухум, балиқ ва увилдириқларга тўла. Чемпион айниқса қазини суйиб егани учун қази-қартага кўпроқ жой ажратилган. Яна ертўлада анчайин катта ҳавза бўлиб, унга туташ туркча ва русча ҳаммомларни ёнма-ён жойлаштирдик. Чет эллик мураббийлар чемпионимизнинг беминнат хизматида. Биринчи қават – чемпионннинг машғулотлардан бўш вақтини кўнгилли ўтказишига, кези келганда ҳордиқ чиқариб, мириқиб ухлашига мўлжалланган. Бир неча ётоқхонаси бўлган биринчи қаватнинг тенг ярмисини жуда ҳам кенг-мўл бўлган долон эгаллайди. Долоннинг тўрдаги деворига юпқа экранли, ёзув тахтасидай келадиган катта телевизор илинган. Чемпион бўш қолди дегунча, телевизорда ўзининг ашаддий рақибларининг жангларини томоша этади. Уларнинг ожиз қирраларини ўрганиб, навбатдаги жангларга руҳий тайёргарлигини оширади. Кайфияти зўр бўлганда у опа-сингил икки қанжиқни қўлтиқлаб, италянча чарм ғилофли Юнонистон ёнғоғидан ясалган юмшоқ мебелларда ястаниб, ўзининг жангларини кўриши мумкин. Мудроқ босса, аччиқ-аччиқ қаҳва ичиб ҳушёр тортади. Қони кўпириб, жўш уриб кетса, думини диккайтириб, вовуллаб, қанжиқларнинг бирини ётоқхонасига олиб киради. Унга қонмаса, талвасага тушиб, ҳуриб, иккинчисини нариги ётоқхонага етаклайди. Рашк ўтида куйиб, шуни кутиб зўрға чидаб ўтирган опа-сингил қанжиқларнинг иккинчиси думини кетига қисиб, эшикдан лип этиб хонага кириб кетганини ўзи сезмасдан қолади. Чемпионимиз янаям пишқириб кетса, кўчадан бошқа бир дайди қанжиқни чақиртириб, тонг отгунча хонама-хона юриб илашишга муккасидан кетади. Дуйсенистон кўчаларида нима кўп, бир бурда нон илинжида сандироқлаб юрадиган шилта қанжиқ кўп. Пул бўлса, улар устингга тутдек тўкилади. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Доруломон кунлар келди, шафақлари ял, деб юраверган эканмиз. Коммунистлар ҳаммамизни зомбига айлантириб қўйган экан, билмаган эканмиз…

У сўзи шу жойга етганда, тўхтаб сув ичди. Мирзелимбай тутган сочиқни олиб, юз-кўзларининг ва билакларини кўтариб, қўлтиқларининг терини артди.
– Ҳим-м! – деди сўнгра кўзойнагини кўзига илгач, минбарга қўйилган матнга қараб. – Ёлғон гапирсам, илҳомим жўш уриб кетади. Ўзимни тўхтатолмай қоламан. Бу бевафо дунёда ўзимга ўхшаган яна битта нотиқ бормикан? Ёки ўзим якка-ягонамиканман, дея оғир ўйларга толаман. Ўлиб кетсам, ишимни давом эттира оладиган кимса топилмаслигини ўйлаб, ич-ичимдан ўртанаман. Майли, ҳозир бу гапларнинг ўрни эмас. Нима деётган эдим? Ҳа-а, баъзан чемпионнинг хумори тарқамай, ҳафталаб ётоқхонасида қолиб кетадиган пайтлари бўлади. Тўстувак кўтарган фаррошнинг хонама-хона юравериб силласи қурийди. Долондаги гулларни парваришлаб, аквариумдаги балиқларга хўрак ташлайдиган аёл, чемпионимиз ойилмагунча, шеригининг ёнидан бир қадам ҳам жилмайди. Ҳар кун эрталаб саломга келаман. Мабодо эшик олдида тўстувак кўтариб турган хизматкорга кўзим тушса, қўл силтаб ортимга қайтаман. Кўравериб кўзим пишиб кетган. Чемпионнинг нима билан машғуллигини кўрмасдан туриб ҳам дарров англайвераман. Қизиғи, шундай маҳобатли кошонанинг ҳожатхонаси йўқ. Чемпионимизнинг ва опа-сингил қанжиқларнинг кетига тўстувак тутиб, қоғозсочиқ билан юқини артиб қўядиган фаррош ичида мени ёзғиришини жуда яхши биламан. Аммо у шу иши учун мояна олаётганини, Ўзбекистондаги бир этак болалари ва хунаса эрини шу пуллар эвазига боқаётганини инобатга олмайди. Ичкарида ҳожатхона қурилиб ишсиз қолиб кетишига фаҳми етганда, у мен қолиб, ўзини ёзғирарди…

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея Тарлоннинг думини ушлаб турган Гулисипса чинқириб юборди.
– Бўлди, бўлди! – деди уни тинчитмоқчи бўлиб қўлини кўтарган Дуйсенбай. – Қўрқма, сенга ўринбосар йўқ. Шунчаки айтдим-қўйдим. Ҳим-м, қаерда қолган эдик? Ҳа-а, учинчи қават жисмоний машғулотларга мўлжалланган. Саксон фоизи ойнакдан иборат яхлит катта бир долонда чемпионнинг жисмоний чиниқиши учун барча шароитлар муҳайё. Энг сўнгги модада ишлаб чиқарилган компютирлаштирилган чиниқтириш асбоб-ускуналари ва иккита чет эллик мураббий унинг хизматида. Елкасига оппоқ сочиқ ташлаб олган чемпионимиз ойнакдан бутун шаҳарга, олис-олислардаги тоғларга термулиб, ҳар куни тонгдан пешингача чиниқиш машғулотларини ўтказади. Сўнгра ертўлага тушиб, ҳовзада мириқиб чўмилади. Туркча ҳаммомдаги чинни кафеллардан терилган супа устида чўзилиб, кўзини юмиб, хаёллар оғушига ғарқ бўлади. Белгиялик бўлган мураббий белгача уқалашнинг устаси. Марокашлик бўлган иккинчиси белдан энсагача уқалашнинг ҳаддисини олган. Ҳозир уларни ертўладаги жазо камерасига ташлаб қўйганман. Келишилган пулларни мамлакатларидан чақириб олишга қурблари етса, чангалимдан қутуладилар. Бўлмаса, ертўлада ириб-чириб ўлиб кетадилар. Менга барибир. Ҳар икки ҳолатда ҳам, янги чемпионимизга янги бир мураббийларни тайинламасам бўлмайди.

Чемпионимизнинг елкасидан тепа қисми билан Париждаги бутунжаҳон “Каллапазлар” конкурси мусабақасида олий ўринни эгаллаган Шўлпаной Авакян шуғулланади. Опа-сингиллар чарчаса, у қуйи қисмини ҳам эплайди. Соғ бўлгур жуда устасифаранг. У чемпионни ҳар куни қўғирчоқдай безаб, кўзларига сурма тортади. Қошларини ўсма билан бежаб, қулоқ-бурунларидаги мўйларни теради. Оқара бошлаган сочларини хинога бўяб, охирида жимитдек икки юз доллар турадиган шампун билан ювиб артиб, уни адёлга ўраб қўяди. Ханжар тишларини гўшт қолдиқларидан битта-битта тозалаб, уларни ўзининг Вашингтондан олиб келган мисвоги билан оқармагунча ювишдан чарчамайди. Бўшашган чемпион шунда хуррак отиб ухлаб қолади. У кўзларини очганда, тепасида белига пуштигулли фартук боғлаб ўзининг уйғонишини кутиб турган ошпазни кўради. Унинг орқасида тўстувак ушлаган фаррош бўлади. Чемпионимиз шотахта бўйига эринчаклик билан келиб ўтираркан, аввалида керишиб, кейин чуқур ҳомуза тортади. Қоғозсочиқ ушлаб турган фаррош унинг кўзларидан тирқираб чиққан кўз ёшларини артгач, у арман конягидан бир рюмка отиб, бирпас дамини ичига ютади-да, уфлаб юбориб, Украинадан атайлаб келтирилган олий навли шоколаддан газак этади. Шотахтанинг усти бутунлигича пиширилган курка, ғоз, ўрдак, товуқ, қуён ва чўчқа боласига ўхшаш турли хил пишириқлар билан лиқ тўла бўлади. Тириклигича пиширилган эшак махсус ойнакли музлатгичга тиқилган бўлиб, у тишларини кўрсатиб, кўзларини лўқ этганча қотиб қолган. Гоҳ-гоҳ чемпионимиз ундан ҳам тановул қилиб туради. Эшак гўшти ва қоронғи жой итни қутуртириб, ваҳшийга айлантиради. Ваҳшийга айланган итнинг қутуриб урушишини айтмасам ҳам бўлаверади… Хил-хил ширинликлар ва хитойи чинни косаларга солинган сут ва қаймоққа ўхшаш нарсаларни-ку қўяверинглар. Шотахтанинг қоқ ўртасига ўрнатилган катта вазадаги минг турли ҳўл меваларни у бир чақага олмайди. Кези келганда креслода ёнбошлаб, писта-бодом каби қуруқ меваларни эрмак қилишни суяди. У бугун ҳам жўжа гўштидан пиширилган қайноқ шўрвадан туз тотмади. Иккинчи рюмкани кўтаргач, қазини паққос тушира бошлади. Қўпол қилиб айтганда, у қази еб, қази чичади. Ухлагани ётганда ҳам устидан қора халат тушмайдиган фаррош, у кавшаниб турганда ҳам орқасига тўстувак тутиб, кетини қоғозсочиқ билан артиб юраверади. Бечора фаррош ҳовлига фақат ҳожат учун чиқади. Бўлмаса, ўзбекистонлик икки эшикбеги уни эшик олдига яқинлаштирмайди. У остона ҳатлаб эшикдан чиқиши билан ҳовлидаги бутун итлар ўзлари қамалиб ётган олтин суви югуртирилган катакнинг панжарасига тикланиб, жон бериб, жон олиб ҳуришга тушадилар. Чемпиондан ортган сарқит билан боқиладиган бу итларнинг бурунлари қази ҳидини олгач, руҳиятларига исён киради. Чемпион нуқул қази-қарта ейди, нима учун бизга мумкин эмас, деган савол уларга кеча-кундуз тинчлик бермайди. Мабодо уларнинг бирор-биттаси панжарани бузиб чиқса борми, бўйи-бастидан қази-қарта гупираётган Гулисипсани тирик тутиб ғажиб ташлайди. Шунинг учун ҳам у жони бўғзига келмагунча шамоллашга чиқмайди. Қўриқчиларнинг кўзларини шамғалат этиб, “кичиги”ни тўстувакка қўйвориб юраверади. Аммо мени буни билмайди деб ўйлайди. Мен Дуйсенистонда бўлаётган номаъқулчиликларнинг ҳаммасини биламан. Шуниси менга маъқул бўлгани учун индамайман, холос. Қолаверса, “доданинг ҳеч нимадан хабари йўқ” деган сўзларни жону дилимдан яхши кўрганим учун, қайта-қайта эшитгим келади. Хуллас, тўстувакни ҳар соатда эшикбегиларнинг ўзлари навбати билан олиб чиқиб, итларга кепак қайнаётган қозонга тўкадилар. Урушда ғалаба қозонмаган ёхуд нархи чиқмаган итга бундан ортиқ нарса берилмайди. Шаҳарда бир нечта қовоқхоналарим бор. Чемпионннинг дастурхони мазкур жойларда пиширилган озиқ-овқатлар ва ноз-неъматлар билан тўлдириларди. Чемпион ва опа-сингил қанжиқлардан ортган емаклар кечқурун келган жойига қайтариб олиб кетилади. Бизнинг Дуйсенистонимизда бирор нарса увол бўлмайди. Хўрандалар бўкиб ароқ ичгач, нима берганинг билан унча ҳам қизиқавермайдилар. Витиринадаги бутун пиширилган эшак гўштини ҳам тез-тез алмаштириб турадилар. Чемпионимиз эскирган эшакнинг гўштини еб заҳарлангудек бўлса, мен Қорасаройдаги хизматчиларнинг умрини заҳарлайман…

У, бир қизиса оғзига келганни гапираверарди. Асосий масала бир четда қолиб, ўтлаб кетарди. Айбларини сўзамоллик билан яшираман деб ўйлаб, ўзи ўзининг кетини очганини билмасдан қоларди. Эшитиб, кўриб турган дуйсенистонликлар, уни тилни яхши билмагани учун пала-партиш гапиради, дея ўйлаб, нутқини ўзларига мослаб эшитаверардилар. Унинг ўрнида бошқа биров бўлиб, Дуйсенбайнинг мингдан бир айтганларини у гапирганда, уни аллақачонлар Дуйсенистоннинг душмани дея отиб ташлаган бўлардилар. Дуйсенистонда биргина Дуйсенбайга оғзига нима келса, шуни қайтармасдан гапиришига рухсат бор эди. Бугун ҳам шундай бўлди. Ҳаммасидан ҳам унинг собиқ бош боқон Тайсиннинг номини бирор марта тилга олмагани қизиқ бўлди. Унинг шуҳратини чемпионлиги билан оламга ёйган Тайсиннинг довруғи билан бирга гўё ўзи ҳам ўлганди. Бундан ичида қувониб ўтирган янги бош боқон Тарлон, нима учун Дуйсенбай менинг номимни тилига олмаяпти? Мен янги чемпионман, дея ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмасди.
– Бемисл қаҳрамонликлар кўрсатган Житириқ шу кунларда оғир хаста! – деди гапида давом этаётган Дуйсенбай. – Қаҳрамонимизга бизларнинг мувафақиятларимизни кўролмайдиган сартлар суиқасд уюштирдилар. Мардикор бозорининг томидан туриб, снайпердан отган сартнинг қанжиғи уни юрагидан қаттиқ яралади. Худойга шукур, у ўлмасдан қолди. Пешонамизда ҳалиям бир тишлам нон бор экан, тақдир бу гал ҳам дуйсенистонликларни сийлади. Сартнинг қанжиғини чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганда, ёвқур чегарачиларимиз қўлга олдилар. Бир неча кундан буён у билан суриштирув ишлари олиб бориляпти… У Дуйсенистонда таҳликали вазият ҳукм сураётганини билдириш учун ёлғонни паққос туширарди. Шу йўл билан халқни ваҳимага солиб, измимда ушлаб тураман, деб ўйларди. – Изтироб тортишга, ваҳимага тушишга ҳожат йўқ. Вазият назорат остида. Голландиядан чақириб олганимиз бешта академик, Житириқнинг атрофида парвоналар каби кеча-кундуз гиргиттон бўлиб турибди. Улар Голландиядаги энг сўнгги технологиялар асосида бунёд этилган жонлантириш клиникаларини ҳам жомодонларига жойлаб, ўзлари билан олиб келганлар. Житириқнинг наслини кўпайтириш учун товуқлар шай ҳолатга келтирилган. У ҳушига келиши билан кечиктирмасдан иш бошлаймиз. Шу учун жорий йилимизни “Соғлом Жўжа” йили деб атадим. Сабаби, келажагимиз мана шу ёшларимизнинг қўлида. Энди ўзларингиз бундоғ ўтириб, таналарингизга бир ўйлаб кўринглар. Ҳайвонлари шунақа иззат-икромда яшаётган яна бир юрт қаерда бор? Дуйсенистонда ҳайвонларки тўкин-сочинликда олтин катакларга бурканиб, роҳат-фароғатда экан, демак, сиз билан биз жаннатда яшаяпмиз, экан-да?! Фуқароларимизнинг беҳад бахтиёрликлари ҳам мана шунда! Улар сиз билан бизга ҳавас қиладилар. Бахтли ҳаётимизни кўриб, ўзларида йўқ қувонадилар. Уларга яна нима керак? Дунёнинг исталган бурчагига бориб ишлаб, ота-боболари кўрмаган кўргуликларни кўриб қайтаётган бўлсалар! Қайта олмаётганлари ўша ёқларда тинчгина ўлиб кетаётган бўлса… Чиғириқдан чиққанлари, ўзларингиз гувоҳ бўлаётганларингиздек, машаққат билан топган маблағларига данғиллама уйлар қуриб, тўкин-сочин тўйлар беряптилар. Уйларида тинчгина оёқларини чўзиб, еб-ичяптилар… Эрларни кўринг. Бола-чақага бош бўлиб, егани олдида-емагани кетида, оёқларини осмонга кўтариб, маза этиб шифтга тупуриб, қоринларини пашалаб ётибдилар. Ўн-ўн беш болани меҳнат қилиб туғдириб қўйганидан кейин, хотинини ишлатиб, ҳақиқий эркаклар ётади-да! Ахир, у инсон. Оддий ҳайвонларнинг эркаги ишламайди-ку. Буқанинг ёхуд арслоннинг эркагининг меҳнат қилганини ким кўрибди? Ҳеч ким! Буқанинг вазифасини ҳамма билади. Ейди-ичади ва ўша иш билан шуғулланади. Арслоннинг эркаги ҳам шунақа. Ейди-ичади, туғдиради, ухлайди. Бутун ташвиш урғочисининг бошида. Бола туғади, тарбиялайди, едиради-ичиради. Яна устига-устак эрини ётқизиб боқишни фахр деб билади. Бизнинг аёлларимизнинг улардан қаерлари кам? Ёки эркакларимизнинг буқалар билан нар арслонлардан ками жойи борми?!
Фурсатдан фойдаланиб, сизларга яна бир янгиликни етказмоқчиман. Дунёда бир жинслилар расмий равишда турмуш қураётганларидан хабарларингиз бор. Ити ёки мушугига милярдлаган маблағларни қолдираётган аҳмоқлар сон мингта. Жинсий аъзоларини жарроҳлик йўли билан ўзгартираётганлар ҳам улардан оз эмас. Эшак эшакдан қолса, қулоқ-қуйруғини ермиш деган ота-боболардан қолган ҳикмат бор. Биз ҳам замондан орқада қолмаслигимиз керак. Зарур бўлса, дуйсенистонликлар замондан бир-икки қадам олдинда юришлари лозим. Шу кабиларни ўйлаб, ажиб бир қарорга келдим. Сўзимни ерда қолдирмасангизлар, опа-сингил – Батангул билан Сатангулни фарзандлика олсам, дейман. Аҳли башар бу ўктам қадамимизни олқишлаб, бизларга тасаннолар айтса. Итдан бош боқон кўтарганимиз каби бу ишда ҳам ташуббус кўрсатсак. Дунёни лолу ҳайрон қолдирсак…

Бу нутқни эшитиб маросим иштирокчилари оёқларига қалқдилар. Яна гулдирос қарсаклар янграб, қарғалар “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” дея довруқ сола бошладилар.

– Опа-сингилларни фарзандликка олишдан биринчи мақсад: дунёни лолу ҳайрон қолдириш бўлса, иккинчиси ўлкамиздаги демократик тизимни мустаҳкалашдан иборат. Энг асосийси, улардан бирини ўзимга ворисликка тайёрлашим керак…
Яна гулдирос қарсаклар янграб, қарғалар “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” дея довруқ солиш ўрнига турган жойларига таппа-таппа йиқилиб, ўла бошладилар. Бешафқатларча кесилган забардаст дарахларнинг руҳлари пайдо бўлиб, Дуйсенистон осмонида қуюқ булутлар кезди…
– Мен-ку, ўлишимга ишонмайман! – деди сўзида давом этиб Дуйсенбай. – Мабодо ўлиб кетсам, сизларни қаердаги қаланғи-қасанғиларга ташлаб кета олмайман-ку?!
У шундай деркан, очиқчасига янги бош боқон Тарлонга ғазаб билан ўқталди. Дуйсенбайнинг назари кўксини ўқдек тешган бош боқон курсидан туриб, унга икки букилиб таъзим бажо келтирди.
– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – деган Гулисипса тўстувакни боши устига қўйиб, Тарлоннинг думининг уланган жойидан ушлаб, орқасини тозалаб қўйди.
Ўзида йўқ хурсанд опа-сингиллар – Батангул билан Сатангул шайтонваччалар сингари кўкка ирғишлаб, бир-бирларини ялаб-юлқашга тушган эдилар.

Еру кўкни гулдирос қарсакларга тўлдирган дуйсенистонликларнинг ҳолига маймунлар ҳассага таяниб йиғлайдиган кунлар яқинлашаётганди. Айни ҳаётларининг баҳор мавсумида каллакланган дарахтларнинг руҳи-арвоҳлари буни сезиб, булутларга, рўёларга дўнган эдилар. Оёқларини осмонга кўтариб ўлиб қолган қарғаларнинг устига ёмғир ўрнига қип-қизил қон ёғаётганди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)