Ўз уйингда ўгайдек муомала…

Ўз уйингда ўгайдек муомала…
81 views
06 August 2014 - 11:14

1Саҳифамизда 1 август куни эълон қилинган “Ҳайит xутбасими ёки ҳисобот мажлисими?” номли мақолага келган бир шарх ва унда билдирилган фикрлар мазкур мавзуга қўл уришимизга сабаб бўлди. Ўзини Ahmad деб таништиргна ўқувчимиз томонидан ёзилган шархда Ўзбекистондаги диний эркинлик билан боғлиқ вазият ҳақида сўз боради:

“Ҳозиргина Озодлик радиоси саҳифасидан Наманганда қўлга олинган Иегова гувоҳлари аъзолари ҳақида янгилик ўқиб қолдим, иқтибос: «Қўлга олинган “Иегова гувоҳлари” аъзоларига маъмурий жазо қўлланилиб, ҳар бирига юз минимал ойлик миқдорида жарима солиниши мумкин.» Мени ҳайрон қолдирган нарса шуки, агар уша Иеговага гувоҳлик бераётган кишилар Буюк Парвардигор Аллоҳ Таъолога гувоҳлик берганида, черковда хиргойи қилишга чақирганлар намозга азон айтиб чақирганида, миссионерлик билан шугулланганлар даъватчилик билан машғул бўлганларида ҳам шундай жаримага тортилармидийкин-а? Тахминим ва тажрибам буйича-ЙУК!!! «Бундайин ёт унсур бўлган террорчи-сепаратистлар халқ орасида иғво қўзгаш, фитна тарқатиб миллатлараро низо чиқариш, чет элдан келган байтул-мол эвазига ёшларни вербовка қилиб онгини заҳарлаш, амалдаги конституцион тузумни зимдан қўпориш, Ҳизб-ут таҳрир ва ваххобийлик оқимларининг фикрларини халқ орасида тарқатиш ва ҳоказолар билан … уйининг ертуласида танк, вертолёт сақлаганликдаги айблар билан гумон килиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158, 159, 242, 244, 164, 273, 276, 248 моддаларининг тегишли бандлари билан жиноий иш қўзгатилган» бўларди. Қўрқиб кеттиниз-а, муҳтарам ўқувчи!? Бу айбномани ўқиганлардан сўранг, мен кўрганман, айбланувчи ўзи ҳақидаги айбномани ўқиганида қай аҳволга тушганинию, нима ишлар қилиб қўйганини тасаввур ҳам қилолмасдан шалвираб қолганини… Шунақа гаплар, ўз уйингда, ўз юртингда ўгайдек муомала…”. Иқтибос тугади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда миссионерлик ҳаракати ва у билан боғлиқ даъватлар туфайли қўлга олинганлар асосан Маъмурий жавобгарлик кодекси моддалари билан жавобгарликка тортиладилар. Аксарият ҳолатларда бундай миссионерларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 240-моддаси қўлланилади. “Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланувчи мазку моддага кўра: “Нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарларининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши, диндорлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш — энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача бўлган миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади” – дейилган.

Хусусан, бу борадаги мисолларга тўхталиб ўтадиган бўлсак миссионерлик фаолияти авж олган 2010 йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туман суди “Иегова шоҳидлари” бир квартирада мажлис ўтказаётганда милиция ходимлари у ерга бостириб кириб, қавмнинг олти аъзосини айбдор деб топган ҳолатини маъқуллади. Икки киши 10 кунга, бир киши 15 кунга қамаб қўйилди, уч кишига эса 1 миллион 400 минг сўм (1000 доллар) жарима солинди.

Орадан уч кун ўтиб, 28 февраль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди “Иегова шоҳидлари”нинг милиция ходимлари рейд уюштирган йиғинидан сўнг қавмга аъзо икки кишини 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Шу йилнинг 27 июль куни эса суд Тимур Чекпарбаев ва яна бир кишини Тошкент шаҳар Баҳоийлар марказидаги ўқув йиғинига уюштирилган рейддан сўнг прозелитлик ва миссионерлик фаолияти учун 15 кунлик қамоққа ҳукм этди. Худди ўша суд зикр этилган йиғинида қатнашган яна тўрт кишига худди айни айблов билан 16 минг сўмдан (10 доллар) жарима солди.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистонда ноисломий диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтган ҳолда қонуний фаолият олиб боришлари учун ҳам шароит яратилган аслида. Фақат асосий чеклов – диний тарғибот билан шуғулланмаслик. Ҳаттоки ўтган йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов «Иегова шоҳидлари» диний ташкилотининг Европа ассоциацияси вакиллари Лука Тоффоли ва Арно Тюнглерни қабул қилганди. Л.Тоффоли бугунги кунда Ўзбекистонда «Иегова шоҳидлари» диний ташкилотига ҳам барча бошқа ташкилотлар каби зарур шарт-шароитлар яратилгани учун ташаккур изҳор қилганди.

Ўшанда, Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаётган диний ташкилотлар, уларнинг катта-кичиклиги, ислом ёки христиан бўлишидан қатъи назар, қонун ҳамма учун баробар эканлигини айтганди.

Айнан мана шу қонун олдидаги тенглик масаласида навбат исломий жамоларига келганда вазият тубдан ўзгаради. Биринчидан, биронта исломий жамоа ёки ташкилотни Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтказишнинг ўзи деярли имконсиз. Иккинчидан, исломий тарғибот билан шуғулланганликка нисбатан белгиланган жавобгарлик фақат маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс билан чекланиб қолмайди. Бу вазиятда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари ишга тушади.

Хусусан, 159-моддада белгиланганидек – “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, ёки ушбу кодекснинг 244-1-моддаси билан “Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш” – каби оғир айбловлар қўйилади. Юқоридаги иккита модданинг ўзи айбланувчини 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Баъзи мутахассислар бунинг сабабини “айбланувчилар” содир қилган жиноятнинг мотиви билан изоҳлашади. Унга кўра амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, ҳокимиятни босиб олишга қаратилган ҳаракат элементларининг мавжудлиги ҳамда диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганликдир. Бироқ, масаланинг бу томонини ҳисобга оладиган бўлсак, жуда кўплаб мусулмонларнинг фақат беш вақт ўқиган намози туфайли ҳам “ваҳҳобий” ёки “экстремист” тамғаси босилиб узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинганлиги ҳақида мисоллар талайгина.

Ҳаттоки диний фаолият билан боғлиқ айбловлар қўйилаётганда жиноятнинг мотивлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтирилмайди. Масалан, жорий йилнинг март ойида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилган 19 яшар Ҳомиджон Абдураҳимов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг “Конституциявий тузумга тажовуз” ва “Контрабанда” моддалари билан айбланди. Ўтган йили мардикорликка Қозоғистонга борган бу йигит ўша ердан ишлатилган бир ноутбукни қўлдан сотиб олган. Чегарадан ўтаётганда божхоначилар ноутбукни текшириб, унинг ичидан Абдували қори, Обидхон қорининг диний маърузаларини топиб олган. Натижада эса, умрида намоз ўқимаган, диний экстремизм нима эканлигини фаҳмига ҳам бормайдиган 19 яшар бола суднинг 2014 йил 17 март куни чиқарган ҳукми билан беш ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Хўш, давлат учун юқорида тилга олинган миссионерлик фаолиятидан келадиган таҳдид ва исломий даъватлар ортидан келадиган хавф-хатарга нисбатан ёндашув ҳамда мазкур ҳаракатларнинг малакаланиши борасидаги тафовутнинг бунчалик катта бўлишига сабаб нима?

Юқорида Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов айтганидек Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаётган диний ташкилотлар, уларнинг катта-кичиклиги, ислом ёки христиан бўлишидан қатъи назар, қонуннинг ҳамма учун баробарлиги тамойилидан келиб чиқадиган бўлсак, нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарларининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказиш талабларига риоя қилмаслик каби ҳуқуқбузарлик иккала ҳолат учун ҳам умумий ҳисобланади. Аксарият таъқиқланган исломий жамоалар сингари бугунги кунда жаримага тортилаётган миссионерлик ташкилотларининг ҳам кўпчилиги расмий рўйхатдан ўтмаган. Буни «Иегова шоҳидлари» мисолида кўрадиган бўлсак, ушбу диний ташкилотнинг Марказий Осиёдаги дастлабки жамиятлари ўтган асрнинг 50-йилларида пайдо бўлган ва норасмий равишда фаолият кўрсатиб келган. Ўзбекистонда уларнинг 2 та ташкилоти Фарғона ва Тошкент вилоятларида 1994 йилда расман рўйхатга олинган, улар 1999 йилда қайта рўйхатдан ўтган. Аммо ғайриқонуний ҳаракатларни содир этгани учун фаолияти тўхтатилган.

Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон ҳукумати наздида мусулмонларнинг намоз ўқиши миссионерлик билан боғлиқ ноисломий даъватларги нисбатан режим учун хавфлироқ таҳдид ҳисобланади. Ваҳолангки, 1996 йилнинг феврал ойида Европа парламенти 172 та энг хавфли диний ҳаракатлар рўйхатини эълон қилганида “Иегова шоҳидлари” ушбу рўйхатда биринчи ўринни эгаллаганди.

Шундай экан, Ahmad номи остида шарх қолдирган ўқувчимиз ёзганидек ўз уйингда ўгайдек муомала…

ЎХҲ ахборот бўлими