Пасткашликнинг энг паст усули

Пасткашликнинг энг паст усули
67 views
06 August 2014 - 17:05

2Маълумки бу йил муборак Рамазон ойи пишиқчилик вақтига тўғри келди. Бироқ шунга қарамасдан бозорларда нарх-навонинг сезиларли даражада ошганлиги кузатилди. Айниқса гўшт ва гўшт махсулотларининг нархлари бошқа махсулотларга нисбатан кескин кўтарилиб кетгани турли вилоятлар аҳолисининг норозиликларига ҳам сабаб бўлди. Юзага келган вазиятдан чиқиш учун вилоят маъмурлари республикадан келган кўрсатмалар асосида турли хил мажбурий чораларни ўйлаб топишга ҳаракат қилишди. Хусусан, вилоятларнинг барча туманларига арзон нархларда гўшт етказиб бериш юклатилди.
Ўз навбатида, туман ҳокимлари эса тумандаги фермерларни йиғиб бутун масъулиятни уларнинг гарданига ағдаришди. Топшириқ бажарилмаган тақдирда унинг аянчли оқибатлари ҳақида ҳам алоҳида огоҳлантирилди. Натижада жойлардаги фермерлар Тошкентга келиб, пойтахтдаги корхоналардан гўштнинг килосини ўзлари 32 минг сўмдан сотиб олиб бозорларда улар учун ажратилган расталарда 23 минг сўмдан сотишга мажбур бўлишди.

Фермерларнинг бозорларда кунига белгиланган миқдордаги гўштни бозорга олиб келиб сотишларини назорат қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган махсус коммисия ҳар кун савдо бошида туриб кундалик ҳисобот олиб борди.

Бундай ўз зарари ҳисобига гўшт сотиб топшириқни бажарган фермерларнинг аксарияти 60 млн.дан 100 млн.гача қарзга ботишди.

Шунга қарамасдан гарданига юкланган топшириқдан қутилиб ўз уйларига қайтган фермерлар ҳаловат топа олишмади. Ҳукумат босими остида қарзга ботган фермерлар энди гўштни сотиб олиш учун пулни қаердан олганликлари тўғрисида жавоб беришларига тўғри келди. Бутун кўзбўямачиликларнинг бошида турган бош вазир Ш. Мирзиёев, эндиликда фермерларни шунча пулни қаердан олган булар дея, текширтира бошлабди.

Ушбу “юқоридан” келган топшириқни олган жойлардаги прокурорлар ҳам “гўшт кампанияси”да қатнашган фермерларни битта-битта чақиртириб қама-қамага тушиб кетишди. Бу махлуқларнинг бировлар ҳисобидан халққа ўзларини ҳимматли кўрсатиб, яна уларни қамашга тушгани шундоқ ҳам қарзга ботган фермерлар учун ўлганнинг устига тепган бўлди. Дунёнинг бирор жойида бу каби пасткашлик, муттаҳамлик содир бўлмаса керак!

Бу ҳудди тошбақа ва чаён масалидаги ҳолатни эсга солади. Бироқ, афсуски бизнинг тошбақалар устидаги чаённи ағдариб ташлаш ҳақида ҳеч ўйлашмаяпти.

Қарздор фермер