Бундай юртга энди қирғин на ҳожат

Бундай юртга энди қирғин на ҳожат
51 views
07 August 2014 - 8:15

kenzhabiyning-yahshi-rasmi

 

 

 

 

 

 

Муллолари юрса иймонин пуллаб,
Дўстман, деганлари дўст сирин гуллаб,
Туғишганлар эса бир-бирин куллаб,
Бундай юртга энди қирғин на ҳожат.

Қайга бош суқмагин, ҳар идорада
Ҳоким, тўраларнинг қўли порада.
Ихтиёр қолмаса бир бечорада,
Бундай юртга энди қирғин на ҳожат.

Беклари бир-бирин қириб басма-бас,
Гуллари қоришиб ётса мисли хас,
Омонат кўринса жонлар ҳар нафас,
Бундай юртга энди қирғин на ҳожат.

Ёлғонни бетиним чайнаса тиллар,
Ғараздан тўлишиб борса кўнгиллар,
Ғазнага чўзилса ювиқсиз қўллар,
Бундай юртга энди қирғин на ҳожат.

Маддоҳлар кўксини безаган нишон,
Олчоқлик йўлида берилган эҳсон.
Битта киприк қоқмай оладурлар жон,
Бундай юртга энди қирғин на ҳожат

Кенжабий

www.dunyouzbeklari.com саҳифасидан олинди