Маънавий тубанлик сари (видео)

Маънавий тубанлик сари (видео)
86 views
10 August 2014 - 14:59

Зулм режими инсонларни нафақат иқтисодий ёки сиёсий, балки маънавий жиҳатдан ҳам тубанликка туширади. Маънавий тубанлик туфайли содир бўлаётган жирканч воқеалар эса миллат тақдирига бефарқ бўлмаган инсонларнинг қанчалик ғазабини келтирмасин иқтидордаги режим эгаларининг парвои палак. Зеро режимнинг ўзи бошига рўмол ўраганларни ва иффатини сақлаганларни жазолайди, ахлоқсизлик ва фоҳишабозликни рағбатлантиради.

Иккита Ўзбекистон халқ артисти акс этган қуйидаги видеолавҳа жамиятимиздаги маънавий тубанликка яққол мисолдир.

Энг ачинарлиси, бу икки шоввоз санъаткор юқоридаги видео туфайли ижтимоий тармоқлар “юлдузи”га айланишганига қарамасдан, ҳали ҳам Ўзбекистоннинг расмий телевиденияси экранларидан тушишмайди.

Бу ҳолатга нисбатан Саид Аскар тахаллусли тармоқ фойдаланувчиси шундай ёзади:“Бу икки мараз ЎзТВда чиқиволиб халлқа шунақа насиҳат қилишади-ки, ўзлари ақлли ва ойю, халқ нодон ва қорадек туюлиб кетади. Анави манжалақининг эри жанжал қилган шу видео тарқалиб кетгандан кейин. Лекин ғижжакчи кал бориб, қўрқитиб келмоқчи бўлган. Ўзбекистондаги артист ва ашулачиларнинг 90 фоизи шундай ифлос”.

Журналист Шуҳрат Бобожон ўзбек жамиятидаги маънавий ахлоқсизлик ҳақида ёзаркан, юқоридаги воқеани мисол сифатида келтирaди:“Бугун бир тўйдаги аëл ва эркакнинг шаҳвоний рақсидан ғазабланганлар суҳбатига ошно бўлдим. Негадир жамоат жойида ўз шаҳвониятини рақс воситасида намойиш қилишса ватандошларимизга жуда ëқмас экан. Лекин улар масалан халқ артисти Абдуҳошим аканинг яна бир халқ артисти (эрли жувон) Зулайхонинг кўкрагини ғижимлаганига унча эътороз билдиришмайди. Ҳар холда кўздан панадам лифтни ичида. Қўл синса енг ичида дейдику..”, деб ёзади журналист.

Шуҳрат Бобожон “ижтимоий иккиюзламачилик”ка ишора қилади: Инсонлар кўз ўнгида содир бўлган бузуқликка нисбатан эътирозларини билдиришадию, бироздан сўнг яна ўз ташвишлари билан йўлида давом этаверишади.

Дарҳақиқат, “халқ севган санъаткорлар”нинг бир меҳмонхона лифтидаги шармандали ҳолати акс этган видеолавҳа ўша вақтларда кўпчиликнинг қаҳру-ғазабини келтирган бўлса ҳам, бугунги кунга келиб, ҳеч ким бу ҳақда эсламай қўйди.

Шухрат Бобожон тилга олган ватандошлар ўша тўйдаги аëл ва эркакнинг шаҳвоний рақсини ҳам бир зумда унитиб юборишади. Уларда бундай ҳолатларнинг авж олиб бораётгани, жамиятнинг маънавий қашшоқлашиб бораётгани сабаблари ҳақида ўйлаб кўришга хафсала ҳам, иштиёқ ҳам йўқ.

Нега шундай ёки нима сабабдан жамиятимиз, одамларимиз маънавий оқсоқликка дучор бўлди, деган саволга жавоб излар эканмиз, масала яна ўша бузуқлик ҳомийси бўлган режимига бориб тақалаверади.

Масалан, меҳнат лаёқатига эга бўлган аҳолининг аксарияти бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан жуда фаол. Бу фаоллик албатта қўшимча бойлик орттириш эмас, оила тирикчилигини таъминлаш билан боғлиқ фаолликдан иборат. Айнан мана шу иқтисодий фаоллик одамларимиз кундалик ҳаётининг мазмунига айланиб қолган. Чунки мамлакатдаги режим бу одамлар учун шундан бошқа фаолликнинг барча турларини таъқиқлаб қўйган. Бу биринчи навбатда – аҳолининг СИЁСИЙ ва ИЖТИМОИЙ фаоллигидир. Иқтисодиётнинг ўзаги эса моддийликка бориб тақалади. Фақат моддийлик билан боғлиқ нaрсaлар онгни эгаллаб олиши маънавият билан боғлиқ тушунчаларни сиқиб чиқарaди.

Ваҳоланки, маънавият билан йўғрилган ақл-идрок инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи жиҳатдир.

ЎХҲ ахборот бўлими