Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (16)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (16)
30 views
11 August 2014 - 9:31

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўн бешинчи боб

Авакян ўлкабошининг бошидан кечирган саргузаштни эшитиб, бир унинг елкасига қоқса, бир ўзининг тиззаларига шапатилаб, ичаклари узулгудек бўлиб роса кулди. Кўзларидан тирқираб чиққан ёшларини артиб, очилиб қолган сонларини тунги халатининг бари билан ёпар экан:

– Бўтам, ўлгур сассиқ чолни бир бобламаймизми? – деди.
– Қандай қилиб?! – сўради ҳалигача ҳансираётган ўлкабоши дами-дамига қовушмай.
– Эртага шомда ишдан Бин Лодиннинг қиёфасига кириб қайтасиз!
– Валлоҳи ала-ам! – дея чинқириб юборган ўлкабошининг ваҳимадан кўзлари хонасидан чиққудай бўлди. – Ундан кўра ўзингни ёниб турган оловга ташла, пишқириб оқаётган дарёга от, денг, кўзимни чирт юмиб, ўзимни оловга урай, дарёга отай. Бу анча осон иш. Ақлга сиғдира олмайдиган ишни зиммамга юклаб, юрагимни ёриб, мени ўлдирмоқчимисиз?! Ўшанинг отини эшитсам, бутун вужудим музлаб кетади. Кўзларимнинг олди қорайиб, икки оёғим ўзимга бўйсунмай қолади. Икки қулоғимда шовқин туриб, ичак-чавоғим келиб бўғзимга тиқилади. Заҳарли илонлар билан қоронғи ва зах бир ўрада ётаман, аммо унинг қиёфасига кирмайман. Ўзи ўша отинг ўчкурнинг назаридан қочиш учун мана шу балоларга йўлиқиб юрипман-у, яна топган гапингизни қаранг!

– Ақли донишлар, балонинг ташқарисида бўлгандан кўра, ичкарисида турган хавфсизроқ, ақл чош бўлиб, кўз пишади, деганлар…
Алқисса, у бўлди-бу бўлди, Авакян “ўламан саттор, бундай қилмайман”, дея икки оёғини ерга тиркаб олган ўлкабошини “отанг яхши, онанг яхши” дея алдаб-авраб, охири кўндирди.

Эртаси кун шомда Бин Лодинга айланган ўлкабошининг бошида салла, кўзларида буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнак, чакмонининг қўлтиғига ичидан автомат қистириб, қўлида тасбеҳ, оёғида амиркони маҳси-кавуш, оғзига бир отим носни отиб, соқоли киндигида, қўрқа-писа йўлга тушди. Қўрққанга қўша кўринади деганларидек, ҳар кун кириб-чиқиб юрган кўчалари кўзларига ўлжасини ютишга шайланаётган аждарҳо бўлиб кўринди. Баланд-паст бинолар эса устига бостириб келаётган кўчки сингари ваҳимли кўринар эди.

У “Олтин тепа” масжидидан энди ўтган эди, осмондан тушдими, ердан чиқдими, ойналари қорайтирилган бир қоп-қора “Жип” пайдо бўлди. Ичидан милтиқнинг ўқидек отилиб чиққан тўртта барзанги, “ҳай-ҳуй”ига қарамасдан бошига қоп кийгизиб, уни машинага ортиб номаълум томонга қараб олиб кетди. Анча юргандан кейин, машина бир жойга кириб тўхтагач, дарвозанинг автоматик равишда ғўнғиллаб ёпилган товуши қулоққа чалинди. Эшиклар очилиб, уни пастга олиб тушдилар-да, бошидан қопни чиқазиб олдилар. Не кўз билан кўрсинки, уни шайхлар, бутун шаҳар имомлари, ўзининг хавфсизлик вазирларидан бошқа бутун вазирлари, ҳокимлар кўзлари тўрт бўлиб интизорлик билан кутаётган эдилар. Бир томонда қўлларида автомат ушлаб олган бир гуруҳ мужоҳидлар. Ораларида бир қанча аёллар ҳам бор эди. Улар қўл қовуштирганча, Бин Лодин хаёл қилиб, унга таъзиб бажо келтиргач, уни ичкарига таклиф этдилар. Масжид деса масжид, меҳмонхона деса меҳмонхона – жуда ҳам катта, баҳаво бир саройга бошлаб кириб, давранинг энг тўрига, ўзи учун махсус тузатилган жойга ўтқаздилар. Қолган ҳамма унга қараб ўринлашди. Унинг битта ўзи бошқалар билан юзма-юз ўтирарди. Бу унинг жамоат пешвоси эканидан нишона эди. Ишорани унинг ўзи ҳам пайқади, шекилли, қўрқувдан дағ-дағ титраётган Бин Лодиннинг пўстини ёпинган ўлкабоши елкасидан чуқур нафас олиб, ичидаги бутун хавф-хатарни нафаси билан “пуф”лаб ташқарига чиқазиб юборди. У энди қишнинг чилласига йўлиққан яккаш япроқ каби қалтирамас, бўлар-бўлмас мудҳиш хаёллар устига бостириб келиб, қўрқувда қолган шуурини музлатиб, юрагини изиллатмас, у ақли-ҳушини йиғиштириб олганди. Ўзини бу ерга нима учун олиб келганларини тахминан бўлса ҳам англашга тиришарди.

– “Олтин тепа” масжидидаги айғоқ адашиб юрганингизни кўриб, шаҳар ички ишлар бошлиғига қўнғроқ қилипти экан! – дея гап бошлади шайх. – У киши бу хушхабарни дарров менга етказди. Мен ўз навбатида, “Барадори – баробари” ташкилотимиз фаолларига етказгандим, Тангрига шукур, бургутларимиз оёғингизни ерга теккиздирмай олиб келдилар. Биз сизнинг шаҳид бўлганингизга ишонмаган эдик. Шаҳид бўлган бўлсангиз ҳам, Маҳдий алайҳиссалом қиёфасида қайтиб келиб, кофирларнинг таъзирини беришингизга ишонардик. Шунинг учун ҳам бир неча ойдан буён сизга ҳисобот бериш тадорикида йўлингизга кўз тикиб ўтиргандик. Ниятимиз холис экан, Тангри таоло муродимизни восил этди. Мен ҳам ҳукуматнинг, ҳам мўмин-мусулмонларнинг тенг вакили – ҳар иккаласининг оқимини битта йўналишга солиб, уйғунлаштириб турувчи йўриқчиси бўлганим боис, йўқ демасангиз, биринчи бўлиб, ўзим ҳисоб берсам? Кейин ҳазрати шайх Абдуадиз Мисрий давом эттирадилар.
Сукут алаомати ризолик деганларидек, қовоқ солиб ўтирган Бин Лодин жаноблари индамагач, нафасини ростлаб олган шайх Муҳаммад Осиф қолган жойидан давом этди.

– Ўзингиз яхши биласиз, бизда ҳукумат билан ислом жамоаси бир-бирларига олов билан сув сингари душман. Яхши жиҳати, улар бир-бирларидан икки қутб каби ўзларини узоқ тутсалар ҳам, уларнинг ниятларида, мақсад чегараларида унчалик тафовутланадиган ранглар йўқ. Ҳар иккаласининг лойи бир жойдан узилиб, бир хумдонда пишиб чиққани учун, уларнинг ўхшамаган тарафларидан ўхшаш тарафлари жуда ҳам кўп. Ҳар икки томон ҳам ёлғонда, мақтанчоқликда, аравани қуруқ олиб қочишда, илмсизлик, маърифатсизлик ва бетайинликда бир-бирларидан ўтса-ўтадиларки, орқада қолмайдилар. Уларнинг жаҳолатда эгизаклар эканлигини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳар иккаласининг амали ботинида ҳам, зоҳирида ҳам ўғрин-тўғрин бойлик орттириш, бузғунчилик, фисқу фасод, сохтакорлик ётади. Ҳар иккаласи ҳам ўзларини ботир-қаҳрамон, куйинчак қилиб кўрсатмоқчи бўлганлари билан, уларнинг ўта қўрқоқ, пасткаш бир тоифа эканини бутун олам билади. Ҳар қандай ҳукумат вакили тўрт сўм пора учун давлатнинг ҳар қандай сирини сотишга шай туради. Ҳар қандай диндорга ҳукуматдан жой берсангиз, дину диёнатни тўн каби устидан ечиб, чиқиндига улоқтириб юборади. Улар ўзларини турли-туман номлар билан номлаб, қиёфаларини бошқа-бошқа кўрсатмоқчи бўлганлари билан, аслида битта вужуд, битта жондирлар. Ҳар иккаласининг эътиқоди, имони суст бўлгани учун ҳам ҳеч бир муваффақиятга эриша олмаяптилар. Ичи бўш идиш қуруқ даранглагани мисол, улар ҳам бекордан-бекор чиранадилар. Туғмоқчи бўлиб ҳарчанд тиш қисмасинлар, туға олмайдилар. Уларнинг зўриқишдан томирлари бўртиб, қонлари юзига ургани қолади. Шунинг учун ҳам мен аввал бошдан ўрта йўлни тутдим. Ўлкабоши билан зимдан келишиб, юртага қайгач, ҳукумат билан жамоатнинг руҳидан, ички имкониятларидан келиб чиқиб иш олиб боришга қарор қилдим. Ҳукуматнинг иродаси ўта бачкана ва тутуриқсиз, ислом мафкураси жуда ҳам жиддий бўлгани сабаб, ҳар иккаласининг “ўзимизга мос, ўзимизга хос” жиҳатларини олиб, умумлаштирдим. Ҳар икки томонни зимдан муросага келтириш асосий мақсадим бўлгани учун исломнинг асосий шохларини кимса билмас каллаклаб, ҳукуматнинг қолипига мосладим. Бунинг учун одам ўта ҳушёр, худобезори бўлиши кераклигини жуда яхши билардим. Шу боис ислом алломаларининг китобларини тўғридан-тўғри таржима қилиб, тўғридан-тўғри мусулмонларга етказишдан наф йўқлигини англаб, ҳукуматнинг қаричи билан ўлчаб, ўзимнинг номимдан қайта ёзиб чоп қилдирдим. Сабаби, уларнинг ақидаларида ўхшамаган жиҳатлар юзага қалқса, юртимиздаги осойишталикка, тинч, фаравон ҳаётга путур етишини яхши билардим. Биз Эрон, Саудия Арабистони ёки Туркия ҳам эмасмиз. Халқимизнинг топиб айтган “Лўлининг эшагини суғор, пулини ол” деган сўзларига амал қилсак, икки дунёда кам бўлмаймиз. Бизлар Бухорийларнинг, Хоразмийларнинг авлодларимиз. Бизларни Тангри таоло икки дунё соадатига эриштирмоқ учун яратган. Шунинг учун нариги дунёни дея бу дунёмизни сота олмаймиз. Ўлкабошимизнинг айтишича, бу дунёсини сотмаган мўмин-мусулмонларга нариги дунёнинг ҳуру ғилмонлари кўз тикиб турармиш. Бунда эплаб яшай олмаганлардан ўшалар ҳам безормиш. Шундоқ бўлгач, сўзингга “отвичат” қил, оғзингдан чиқдими, албатта “бажар” деган бўлар-бўлмас безорилар чиқарган гап-сўзларни йиғиштириш керак. Эр йигит айтаверади, қайтаверади. Ўлкабошимизни қарангки, чорак асрдан буён бир марта ҳам айтганининг устидан чиқмаса-да, бирор жойи узилиб тушгани йўқ. Егани олдида, емагани орқасида. Кўнглига келган ишни қилади. Дунёда биров унинг мушигини “пишт” дея олмайди. Қиссадан ҳисса, мўмин-мусулмонларнинг ҳам ўлкабошига ўхшашлари учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим. Улар деярли бир нуқтага келиб қолдилар. Фақат уларнинг қиёфаларидаги чалкашлик бироз муаммо бўлиб турипти. Ўлкабошимиз яна чорак аср чидаб берсалар, бу каби кичик нуқсонлар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетади…

– Қадамларингизга ҳасанотлар бўлсин! – деди сўзга чиққан шайх Абдуадиз Мисрий. Шайх Муҳаммад Осифни эшитиб, мамнун бўлиб ўтирган Бин Лодин бошини билинар-билинмас қимирлатиб қўйди. – Мен ҳам шу ўтган вақт мобайнида ўзимга яраша ёмон ишламадим. Бутун бошли матбуотлар “ўлкабоши ёмон”, “ўлкабоши мустабид”, “қизлари ғилминди, суюқ” дея жар солади-ю, халқнинг бетайинлиги, бетартиб, беҳафсалалиги хусусида миқ этмайди. Шу лақма, баджаҳл, қизиққон, қўрқоқ ўлкабоши уларнинг отасини ўлдирсин, онасини Учқўрғондан кўрсатсин, телевизорга чиқиб, битта “лирик чекиниш” қилиб, “ҳар биттангизни бағримга босгим келади”, “ҳар биттангизнинг шўрлаб кетган пешонангиздан ўпгим келади” дея қувлик қилса, ҳаммасининг иштонбоғи бўшаб, икки бути шилта ҳўл бўлади. Йигирма йиллаб сурункали жабр-зулм тортганларини ҳам, бир бурда нон илинжида кимларнинг оғзидан мард бўлиб кириб, кимларнинг кетидан номард бўлиб чиққанларини ҳам унутадилар-қўядилар. Бу нима дегани?! Сиёсий саводсиз бир халқнинг қўлидан бундан ортиқ ҳеч нима келмаслигини яхши биламан. Аммо юрагим ёниб, жиғилдоним қайнаб кетади. Ҳар бир халқнинг тараққиётига раҳнамомолик қилувчи куч, қатлам, бу зиёлилар бўлади. Қайси халқнинг зиёлилари етук, аҳил, ҳамжиҳат ва олға интилувчи, баркамол бўлса, қудратли бўлса, ўшалар миллатни тараққиёт босқичига йўллайдилар ва ривожланиш поғоналарига олиб чиқадилар. Қайси халқнинг зиёлилари ноаҳил, бир сўз билан айтганда, пачақ бўлсалар, бу ўша халқнинг шўри. Яъни у халқ ҳеч қачон тараққиётга эриша олмайди. Мен ўзимизнинг зиёлиларимизни ўйласам, кўнглим айнайди. Ўта виждонли бўлсанг ҳам жонингга жабр экан. Мен халқ вакилларидан бирортасини ҳажга жўнатаман дея, қўлидан фалон доллар пора олиб, улардан бирортасини ўзимга алоқаси йўқ сабабларга кўра жўната олмасам, келиб мен билан ёқа бўғишадилар. Юзтадан тўқсон бештасининг мушкулини осон этганим ҳисобга ўтмай қолади. Берган пулига қўшиб ўн беш кило писта-бодомини ҳам устимда туриб, бозордан саралаб-саралаб соттириб олиб кетади. Ўлкабоши унинг бутун сарватини, ихтиёрини қўлидан олиб, кўчада қип-яланғоч қолдирса ҳам, бирор-биттаси индамайди. Халқнинг кўрар кўзи, эшитар қулоғи ва сўзлар тили бўлган зиёлилар ҳам кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб, тилларини ичларига ютиб, ҳеч нимани кўрмагандай бўзрайиб, еб-ичиб ўтираверадилар. Менинг қилганим ўлкабошиникининг ёнида денгиздан томчи ҳам эмас-ку, биродари азиз! Бола-чақам бор, уй-рўзғорим бор. Мояна билан тирикчилик қилиб бўлмайди-ку! Шунинг учун ҳам нима бўлса, бўлди деб, мавқейимдан фойдаланиб, ўзимни китоб савдосига урдим. Бандасидан эмас, Ўзидан тилаш керак экан. Муттаҳамларнинг руҳиятидан келиб чиқиб, Аллоҳнинг китобини таржима қилиб, шахсий бизнесимни юриштириб юбордим. Катта домламиз айтганлари каби, танг аҳволда қолганда, қўшнининг сигири билан бузоғини ўғирлаб сотиб, бола-чақани очлик сиртмоғидан қутқариш ҳам савоб. Мирзо Кунжа таъкидлаганидек, ўғирлик ҳам эплаб жойида амалга оширилса, деворнинг сувоғи ичидаги сомонлар ҳам Аллоҳга такбир айтиб юборадилар. Савоби бировнинг сигирини ўғирлаб, оиласини қутқариб қолган мўминнинг аъмоли дафтарига ёзилади. Охирги сигиридан айрилган бечора бир бурда қотган нонга зор, бола-чақаси билан ўлиб кетса ҳам, иккинчи бир оила қутқариб қолиняпти-ку, ахир! Бу гапларнинг маъносини чақиш учун чақин ақл, нозик дид зарур. Тўғрисини айтсам, бизнинг халқда бу каби фазилатлар жуда танқис. Уларнинг бисотида бузуқбошлик, худбинлик, бир-бирини сотиш тажрибалари тўлиб-тошиб ётипти. Ҳар неки қилдим, барисини мана шулардан келиб чиқиб қилдим, тақсир. Шунинг учун ҳам ўзимдан кўнглим тўқ. Аллоҳ мени дўзахга лойиқ топса, аввало мени шу қинғир йўлларга мажбурлаган мана шу халқни ташлайди. Агар шу халқ жаннати бўлса, мен улардан олдин жаннатга кираман. Улар менинг ортимдан кирадилар. Аммо мен бозордан қайтган эчки каби шохимни ерга тиркаб, тўғридан-тўғри жаннатга кириб кетаверадиган аҳмоқ эмасман. Жаннат дарвозасида қулочимни икки томонга кериб, ичкарига ўзимга ёққанини киратаман, ёқмаганини ўша жойнинг ўзида орқасига қайтараман. Дидимга ўтирмаганлар, икки жанозадан қолган мулла сингари, на жаннатга, на дўзахга кира олмасдан, кейин икки жаҳон овораси бўлиб сараклаб юраверадилар.

…Ўша шартаки бир аёл келиб, пулига қўшиб писта-бодомларини олиб кетган куни бошимга зўр бир фикр келди, десангиз. Аламзадаликнинг ғайрат-шижоатни қўзғатишини, ақл-идрокка қанот, фикрга қувват бағишлашини ўшанда билдим. “Хап сенларними”, дея ўлкабошига мослаб мафкура яратишга киришдим. “Ислом бу насиҳат” деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Айнан исломга урғу берсам, биров Анбар қорига ўхшатиб қоронғи бир бурчакда чавақлаб кетмасин тағин дея, қўрқиб, кейин “Дин – насиҳат” дея фикримни кимлар учун умумлаштирдим, кимлар учун эса мавҳумлаштирдим. Исломнинг минг бир қирраси борлигини, кимнинг қайси қиррадан туриб қарашига қараб, унинг намоён бўлишини жуда яхши англасам-да, унинг кичик бир қирраси бўлган “насиҳат”ни ўзакка айлантирдим. Бу билан ўн беш кило писта-бодомнинг юзига борадиган юзсизлар учун уларнинг маиший ҳаётидан исломнинг ташқарига чиқмаслигини таъминладим. Улар учун дунёни идрок этишларига, илм-фанда, тараққиётда улкан натижаларга эришишларига, фуқаро сифатида сиёсий ҳушёр бўлишларига динда тирноқча бўлсин имкон қолдирмадим. Ислом самимиятини уларнинг шууридан ситиб ташлаб, мияларида сохтакорликдан жаҳолат биносини тикладим. Энди бу халқ камида эллик йилгача ҳушига келолмайди. Ўзини таниб, ўзлиги учун курашмайди. Ислом – самимият, буюк ихлос, адолатнинг меҳвари деганда эдим, улар борлана бошлар, ортиқ бир-бирларини алдашдан уялардилар. Бир муштга айланиб, бир ёқадан бош чиқариб, иймон байроғини юксак-юксакларга кўтарар эдилар. Ислом бутун ер юзига қуёш сингари нур сочарди. Сўқир қалблар ҳидоят нурини эмардилар, мазлумларнинг кўзлари рўшноликдан чарақлаб, ҳақсизликдан пажмурда бўлган озурда юраклар малҳам топардилар. Мен ҳам аслида шуни хоҳлайман. Дунёни содир бўлаётган бутун ҳалокатлардан биргина Аллоҳнинг ёди қутқаришини жуда яхши англайман. Бироқ бу ишлар ўн беш кило писта-бодомни инсон шаъни, ор-номусидан юқори қўйганларнинг қўли билан амалга ошмаслиги лозим. Бу ақли ноқисларга исломнинг – инсон руҳининг қони-жони, қалб қўрғонининг сарлочини эканлигини кўрсатдим-у, ўша қонга ўлкабошининг бир чимдим заҳрини солдим. Сарлочиннинг қанотларини қийиб, тумшуғи билан тирноғини эговлаб, уларнинг бош чаноқларига жойладим. Энди улар ўзларининг бош чаноқларини олтин, сарлочинни – булбул фаҳмлаб, ўзларича, сайраб юраверсинлар. Уларнинг қонларига қўшилган ўлкабошининг заҳри қотили уларни энди ҳеч қачон аросат зиндонларидан чиқариб юбормайди…

– Биз буюк тамаддунлар, турли маданиятлар яратган буюк бир халқмиз! – деди ҳисобот йиғинининг баҳс-мунозорга айланиб кетаётганидан норози Анбар қори. – Ҳали ислом келмасдан минг йиллар бурун ота-боболаримиз ўлкабошимизнинг ташаббуслари билан зардушт динига асос солганлар. Улар оловга сиғиниб кам бўлмадилар. Қурбонликлар қилиб, уйланган кунларининг илк дамларида боболармиз момоларимизни бир-икки кеча маҳалла раисларининг ихтиёрига бериб қўйиб, миллатнинг қонини тозалатиб олганлар. Шунинг учун ҳам бизларнинг қонимизда туғма миршаблик бор. Маҳалла раисларининг аслан хуфия, қулоқ, хоинликлардан бошқа қўлларидан бирор иш келмаслигини эътибордан соқит қилмасак, иддаомиз қийинчиликларсиз ўз исботини топади. Ўлкабошимизнинг кейинги археологик тадқиқотлари Будданинг ҳам Термизда туғилганига шама этяпти. Демак, бутпарастлик дини ҳам ўзимиздан – Мирабдиғани аканинг Митандаги “Скотконтора”сидан бутун дунёга тарқалган деган хулосага келсак, хато бўлмайди. Шаманлигимизни ўзларингиз ҳам яхши биласизлар. Араблар бостириб келганида Муқаннанинг кўрсатган қаҳрамонлигини айтмайсизми?! Муқанна бобомизнинг юз-кўзлари чўтир, ўзи бадбашара бўлгани билан, ул зотнинг ҳийла-найрангга тўла қалблари, риё билан боқадиган беҳаё нигоҳлари гўзалликка лимо-лим бўлган. Тарихларда ёзлишича, юзларига қаратиб бир ҳовуч мош сепсалар, биттаси ҳам қайтиб ерга тушмас экан. Мен ўлкабошимизни ўша кишига ўхшатгим келади. Ким ўлкабошини Амир Темурга ўхшатаман деса, бекорларнинг бештасини айтибди. У киши бировлар даъво қилаётгани сингари Гитлерга ҳам, Сталин билан Чингизхонга ҳам ўхшамайди. Улар ақлга сиғмас ваҳшийликлар содир этган бўлсалар-да, катта иқтидор соҳиблари эдилар. Ҳар бирининг аниқ мақсад йўли, пухта дастурланган режалари бўлган. Улар шаклланган мураккаб шахс, инсоният тарихида ўз қиёфаларини яратган дарғалар эдилар. Тарихда уларнинг ҳар бирининг ўчмас ўрни бор. Ҳар биримизнинг умр йўлларимизда уларнинг ўзларидан қолдириб кетган излари турибди. Ўлкабоши дунёга келиб шармандаликдан бошқа нарса орттирмади. Бузғунчилик, ур-сурдан бошқасини билмади. Миллатни ўзининг тубанликларига тортиб, шаллақиликлар содир этишдан бошқасига ярамади. Амир Темурнинг қўлидан пасткашлик келмаган, тушунинглар, биродарлар. У ёлғондакамига “ислом”, “ислом” демаган. Ўлкабошига ўхшаб, ҳеч бир ишни сиёсат учун, ҳокимиятини узоқ ушлаб туриш илинжида амалга оширмаган. У, умуман артистликни ёмон кўрган, мунофиқликни билмаган. Аммо исломнинг Ҳақ дини эканлигини рўй-рост, бор бўйи-таровати билан англаган. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир қадамини исломга мослаб, кейин олға ташлаган. Ҳаракатлари қанчалик аниқ-ноаниқ чиққан, бу бошқа масала. У ёлғон ҳам гапирмаган, халқни ҳам алдамаган. Ўн бармоғини оғзига тиқиб, маишатга ҳам муккасидан кетмаган, очкўз, гушна ҳам бўлмаган. Болаларини ҳам бетийиқ этиб ўстирмаган, эсанкиратмаган. Бирон-бир жиноят содир этса ҳар бир фуқаро сингари ўғиллари ҳам, неваралари ҳам қонун олдида жавоб берган. Ўлкабошининг қизларига ўхшаб, чичиб қўйиб, қоронғи хонага қочиб кириб, оғзидан олов пуркаб ётмаган. Уларнинг жиноятлари учун ўзга бировлар жазоланмаганлар. Шундоқ бўлгач, ўлкабоши билан Амир Темурнинг қай бир жиҳати бир-бириникига ўхшаши мумкин?! Ҳеч бир жиҳати! Улар ғусса чангининг гардича ҳам бир-бирларига ўхшамайдилар. Шунинг учун, биродарлар, санамасдан саккиз деманглар. Обдон ўйлаб, айтаётган сўзларингизнинг ҳаққиростлигига амин бўлгач, кейин вайсанглар. Авлиё даражасига кўтарилган бир руҳоний раҳбар билан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак номларини тилига олишдан ор этадиган жоҳилни тенглаштирманглар, илтимос. Амир Темур ҳали ўн ёшига кирмасдан Қуръони каримни ёд олган. Оналари Тигина Моҳ хоним Бухоро шайхулраисининг қизлари бўлган. Оталари ҳам насл-насаби баланд Кешнинг аслзода бекларидан эди. Темурнинг саводини оналари чиқарганлар. Ўлкабоши тарбия нари турсин, болалигида қорни тўйиб нон емаган. Эри ўзи бошлиқ бўлиб ишлайдиган идорадан тўртта эчки пўстагини ўғирлаб сотиб, қамалгач, онаси бир этак сағирни боқаман дея, эшикма-эшик юриб, одамларнинг кир-чирини ювиб, зўрға бир бурда нон топган. Ўлкабоши етимхонада рахитга учраб, ўн беш ёшигача бошини қозон, қорнини кажава этиб, ётган кўрпачасини ҳўллаб юраверган. Унда насл-насаб деган нарса йўқ. У таълим-тарбия нима, дину диёнат, давлатчилик асослари нима, ҳалигача ҳам билмайди. У ўғридан чиққан қозидек бир гап, ахир. Сизларни Дуйсенбайнинг итлари қувлаб келаётгани йўқ, ўлкабошининг миршаблари талаётгани йўқ. Нимага, қаерга шошасизлар?! Бир нима дейишдан аввал олди-орқангизга қараб олинг, барака топасиз. Менга ўхшаб бемаврид гапириб қўйиб, биқнингиздан ханжар еб юрманглар, жон биродарлар!

…Яқинда ўлкабошимиз афу эълон қилдилар. Шу муносабат билан тўрт-бешта маҳкумни озодликка чиқаришдан олдин, менинг олдимга олиб келиб тавба-тазарру қилдирмоқчи бўлдилар. Телевизорда кўрсатиб, халққа диний бағрикенглигимизни намойиш этмоқчи эканлар. Тасвирга чиройли қилиб олиб бўлгач, маҳкумлар билан эркакчасига гаплашиб қўйиш учун кетларига бир-иккидан тепиб, қулоқчакалари остида шавла қайнатиб, роса таъзирларини бердим. Оғзимдан боди кириб, шоди чиқиб, русча-ўзбекча аралаштириб, роса кўпиртириб сўкдим. Номозхонлардан бир-иккиси кўриб қолган экан, гап деб арзимаган бир нарсани бутун шаҳарга овозаю дарвоза қилиб юрганмиш. Биродарлар, бизнинг мазҳабнинг бошқа мазҳаблардан фарқи шу диний бағрикенглигимизда-ку, ахир! Сўзнинг кучи етмаган жойга оёқ билан кириб борамиз, муомала тўғри қилолмаган ишни муштимиз билан тўғирлаймиз. Яхши гап билан битмаган ишларни ҳақорат билан жўнаштирамиз. Бунинг нимаси ёмон? Ҳар ишда ўзлари ўрнак кўрсатадиган ўлкабошининг талаби ҳам мана шу. Биздан қўлимиздан келмайдиган нарса талаб қилинаётгани йўқ. Бутун шарт-шароит яратиб қўйилган, йўлакларга гуллар экилиб, супаларга сувлар сепилганидан кейин, чойхонада сўри остида оёқни чўзиб ўтирганга нима етсин! Ароқ ичган билан одамнинг бир жойи камайиб қолмайди. Кўчада бир жонон учраб қолганда, орқа-бўйига суқланиб боққан билан осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳаммасини меъёрида, жойида қилишга одатланиш керак. Вақт-бевақт ликилламасдан, мавридини топиб, иссиғида амалга оширилган ишга фаришталар “омин” дермиш. Ана шуни диний бағрикенглик дейдилар. Бизларнинг бошқалардан фарқимиз ҳам, афзаллигимиз ҳам мана шунда, биродарлар!

Худо ҳам берганни қулим дейди. Бермагандан ҳамма безор. Болага муштдеклигидан пул топишни ўргатиш керак. Така бўлсин, сут берсин…
– Бўлди-э, ўтиринг! – деган шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, Анбар қорига еб қўйгудек бўлиб, милтиқнинг ўқидек ўқтади. – Одам бўлмай, ҳар бало бўлиб кетинг. Мени тинглаяптилар экан деб, оғзингизга келганини қайтармасдан гапираверасизми?! Ҳамма зўрға чидаб ўтирибди. Жонимиздан тўйдириб, безор ҳам қилиб юбордингиз.
– Узр! – деди икки қўлини кўксига қўйган Анбар қори. Нотиқлигим тутиб кетса, ўзимни тўхтатолмай қоламан. Бу ҳам ўлкабошимиздан юққан бир касаллик. Жамоат эшитиб, бир мазза қилсин, дейманда.

Жамоатсиз азон қуруқ бир сасдир,
Муллолар ўқиган илм абасдир,
Қозиларнинг иши чой билан носдир,
Бузуқ бир нишона чиқа бошлади,
деганларидай, жамоани кўп гапириб жонидан тўйғизсам, жоним киради. Ўзим мазза қилсам бўлди, ўзга билан неча пуллик ишим бор!

– Тўғри қиласиз! – деди бошқарма бошлиғи нима дейишини билмай. – Сиз бор жойда душманнинг кераги йўқ. Кўнглингиз жойига тушган бўлса, ўтиринг энди. Менинг ҳам бир-икки оғиз гап-сўзим бор. Бу кунни бутун бир умр кутдим.
– Гапираверинг. Ҳеч ким сизнинг оғзингизни ушлаб тургани йўқ!
– Гапирсам, сиздан сўраб гапирмайман. Бўлди-э, жонга ҳам тегиб кетдингиз. Оғзини ушласанг, кетидан, кетини ушласанг, оғзидан чиқади. Нима бало, ичида қайнар булоғи борми?!
– Бор, бо-ор! – деди чордона қуриб ўтириб олган Анбар қори чираниб. – Хўп қиламан, ажаб қиламан. Бу дунёни чидаганга чиқарган…
– Жаноб Усома Бин Лодин ҳазратлари! – деди Анбар қорига ортиқ парво қилмаган бошқарма бошлиғи. – Юртдан чиқаётган жуда кўп хунук ишлар, совуқ гап-сўзлар хавфсизлик ташкилотларининг номи билан боғлиқ. Аслида бизлар буйруқни бажарадиган бир тоифамиз, холос. Бизларнинг қўлимиздан ортиқ иш келмайди. Буйруқ беришларидан олдин юқоридагилар нима иш қилаётганлари хусусида обдон ўйлаб кўришлари керак. Ўлкабоши бошчилигидаги Сенат билан Юқори Мажлисдагилар хавфсизлик ташкилотидагиларнинг қўли билан қон тўкиб, уларнинг бурни билан ҳид оладилар. Хавфсизлик ташкилотидагиларнинг улар учун оддий қуролча ҳам қадр-қиммати йўқ. Қулоқларигача қонга ботган бўлсалар ҳам, уларнинг уст-бошларидан бу қоннинг кичик бир доғини ҳам топиб бўлмайди. Бизга улардан юққан бир томчи қон одамларнинг кўзига дарё бўлиб кўринади. Диний раҳнамоларимизнинг қилмишлари уларникидан ҳам беш баттар. Ўзингиз кўриб-эшитиб турибсиз. Шайх жаноблари ўн беш кило писта-бодомни деб бутун бошли бир халқни йўлдан оздириб ўтирибди. Бундан кўра халқни бир бошдан отиб ташлаган авло эмасми?! Аслида бутун ҳақсизликларнинг, жабр-зулмларнинг бошида мана шулар турадилар. Халқни шулар чалғитмасалар, исломни борича, бутун турқи-таровати билан тушунтирсалар, халқ бу хорликларга, сурункали камситишлар ва ноҳақликларга бир соат ҳам чидамайди. Улар Аллоҳнинг ҳақиқатини англасалар, Қуръоннинг илмидан нурлансалар, Ўзидан ўзгадан қўрқмайдилар. Ислом шижоати уларга ҳақ-ҳуқуқларини олиб беради. Умри жонларига маъно-мазмун киритиб, ойдин кўчаларга бошлайди. Гўё хавфсизлик ташкилотлари бутун бир миллат бошига балолар тоғини ағдариб, босиб турибди эмиш. Улар ҳақ-ҳуқуларини талаб қилиб кўчага чиқса, бизлар уларни ёппасига отиб ташлар эмишмиз. Бу мишмиш, фисқи-фасодлар мана шу ўтирган муллоларнинг ўйлаб топган ҳийла-найранглари. Улар бу чўпчакларни ўзларини оқлаш учун ўйлаб топганлар. Аммо Аллоҳ ҳаммасини кўриб турибди-ку! Унинг эътиборидан ҳеч бир нарса қочиб қутулмайди! Шоир:
Эшонлари ҳар эшикда топилар,
Муллолардан йўқ ғийбатлар ёйилар,
Авлиёман дея жўги сўпилар
Қийқириб осмонга боқа бошлади,
дея куйиниб ёзганда ана шуларни назарда тутган. Халқ дарёдай тўлиб-тошиб кўчага чиқсинчи, унинг олдини тўсадиган куч топилармикан?! Яна айтаман, топилмайди! Боши бириккан халқнинг олдини тўсадиган куч бутун ер юзининг ҳеч бир жойида йўқ. Тўғри, бўри дориган қўй сингари халқ тарқоқ, қўрқоқ бўлгач, уларга қуёнлар ҳам ҳужум уюштирадилар. Кўчага чиқишдан олдин халқнинг аниқ мақсади, режаси бўлмоғи зарур. Мақсадлар олий, режалар пухта бўлса, халқнинг орасидан раҳнамолар етишиб чиқади. Раҳнамолари бор миллатнинг боши бирикиб, ғалабалар сари шахдам қадамлайди. Қани, шундай халқни тўхтатиб кўрсинларчи, тўхтата олармиканлар?! Бу зинҳор мумкин эмас. Тамом, вассалом. Кўриб турганингиздек, бутун вазирлар халқ томонда. Мен ҳам икки хавфсизлик вазирининг ишончи вакили сифатида бу ерда эканлигимдан чексиз ифтихордаман. Улар ҳам ўзларининг халқи ва унинг келажаги олдида бурчли ва масъул эканликларини сизга етказиб қўйишимни мендан илтимос қилдилар. Аммо, яна айтаман, шайхлар ва муллолардан эҳтиёт бўлиш керак. Уларнинг ўзлари ўтган бир соат ичида, бир вақтнинг ўзида нечта динда эканликларини айтиб, мақтаниб ўтирибдилар. Қибласини билмаган одамдан тош санамлар, жонсиз бутлар яхшироқ. Улар фақат бир нарсани айтмадилар. Шу кунларда қайси динга эътиқод этишларини айтиб, оғиз кўпиртирмадилар. Буни сизларга мен айтаман. Улар шу кунларда “ўлкабоши” динига эътиқод қилмоқдалар. Эртага тахтга тўнкабоши чиқса, улар “тўнкабоши” динига кирадилар. Капчабоши тахтга чиқса, унинг орқасидан эргашадилар…

Ҳисобот йиғини баҳс-мунозорага айланиб кетди. Томонлар айбни бир-бирларига тўнкаб, бир-бирларини ёзғира бошладилар.

– Бу юртда битта бўлсаям эркак қолганми?! – деган Афғонистон уруши қатнашчиси, мужоҳид бир аёл барчанинг диққат-эътиборини ўзига қаратди.
Гапига қараганда у бир неча оғир жангларда қатнашганди.

– Афғонистонни қонга ботирган ҳам, мусулмон юртларни вайронага айлантирган ҳам Амриқо ёки бошқа бир мамлакат эмас! – деди у. – Ким пулини тўласа, ўша томонга ўтиб жангга кирадиган маҳаллий генераллар афғон халқининг – мусулмонларнинг душманлари. Ўзга юртлардан мужоҳидларни “муқаддас уруш” деб, у ёқларга олиб бориб, ана ўша генералларнинг нафсига мўмин-мусулмонларни қурбон қилганлар Афғонистоннинг, исломнинг душманлари. Хотин-қизларнинг кўкракларини кесиб, қопларга жойлаб, амалга оширган қабоҳати билан мақтанганлар исломнинг – мусулмонларнинг душманлари. Баъзи генераллар ва уларнинг ҳомийлари уялмай-нетмай баччабозлик этиб, тунлари Яратгандан ҳаё этмай хотинларини бағрига босиб ётсалар. Мансаб-курсини, мол-дунёни дея бир-бирлари билан ёвлашсалар, бундан баттар яна нима бўлиши мумкин?! Биз бирлашайлик, ҳақиқий ислом буюрган йўлдан юрайликчи, дунёда бизлардан кучли, бизлардан маданиятли яна бир уммат бўлармикан?! Бўлмайди! Чунки ислом бу адолат, тараққиёт, ҳалоллик дегани. Бир сўз билан айтганда, ислом бу соғлом ҳаёт деганидир. Ислом соғлом тумуш-тарзи деганидир…

Бин Лодин жаноблари, кечирасизу, ўзингиз ҳам кўп хато ишларга зўр бериб, мўмин-мусулмонларнинг бошига анча-мунча кулфатларни солдингиз. Масалан, Эгизак биноларни портлатиш шартмиди? Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ўлиб кетди. Айбсиз ислом миллати ҳеч нарсадан-ҳеч нарсага қанча душманлар орттирди. Ислом ҳар бир мусулмонни гуноҳсиз одамнинг қонини тўкишдан қайтарганини сиз бизлардан кўра яхшироқ билардингиз-ку?! Исломнинг ўзи дунёдаги энг қудратли қурол бўла туриб, яна арзимаган нарсалар учун уни қурбон берсак, Аллоҳ бизларни кечиради деб ўйлайсизми?! Ихтиёримизда исломнинг адолат, маърифат, ҳурлик аталмиш неъматлари, бутун башарни қойил этиш имкони бўла туриб, нима учун тубан ишларга бурун тиқиб ётипмиз, ўлай агар тушунмайман?! Сизнинг ҳам, мулло Умарнинг ҳам чин мўмин-мусулмон эканликларингизга ҳеч кимнинг шубҳа-гумони йўқ. Бироқ исломни суистеъмол қилишдан мақсад нима эканлиги мавҳум! Сизларга ислом душмани керак бўлса, золимни топиб ўлдирмоқчи бўлсангизлар, жанг қилгиларингиз келаётган бўлса, мана, ўлкабошини ўлдиринглар. Чорак асрдан буён исломга қилмаган туҳмати ҳам, мусулмонларга ўтказмаган жабр-зулмлари ҳам қолмади. Бизлар Амриқо, Русия, Хитой каби катта давлатлар билан дўст бўлишимиз керак. Ислом мафкурасини маҳкам ушлаб, илм-фанда, саноат тараққиётида, қўйингки, муҳим деб топилган ҳар бир соҳада уларга етиб олишимиз лозим. Жоиз бўлса, уларни қувиб ўтишга бел боғлашимиз зарур. Бизларга бировларнинг ер-мулки, бойликлари керак эмас. Эпласак, ўзимизники етиб ортади. Уларга бизлар ёрдам қўлини чўзадиган кунлар келади…

– Ислом майдонга кашшоф бўлиб чиқди! – деди мужоҳидларнинг йўриқчиси мужоҳид аёлнинг тортаётган изтиробларидан юраги ёниб. – Яъни, кашф этувчи, кашфиётчи бўлиб чиқди. Қанақа кашфиётчи? Аллоҳни, Одамни ва Оламни кашф этувчи. Токи Аллоҳни кашф этмас эканмиз, Одамни ҳам, Оламни ҳам англамаймиз. Одамни, Оламни узлуксиз кашф этмас эканмиз, Аллоҳни ҳам англамаймиз. Аллоҳни, Одамни ва Оламни узлуксиз кашф этиш дегани узлуксиз тараққиёт, маърифат дегани. Тараққиёт йўқ жойда маърифат, маърифат йўқ жойда тараққиёт йўқ. Шу уч нарса исломнинг асл моҳиятини ташкил этади. Исломнинг асл моҳияти унинг узлуксиз кашфиётчи дин эканлигида намоён бўлади. Ислом тўғри идрок этилган асрларда: Берунийлар, Ибн Синолар, Фаробийлар каби юзлаб катта-катта олимлар гумбурлаб чиқиб, башарият шуури осмонини қуёш каби шуълалантирган эдилар. Ҳар қандай маърифатнинг самараси Аллоҳга юз бурмоқдир, дея улуғларимиз бекорга айтмагандилар. Беруний шу ерда туриб баҳри уммоннинг нари ёғидаги Амриқони кашф этди. Аслида бу кашфиётчи дин бўлмиш исломнинг хизмати эди. Ўн бешинчи асрга келиб мусулмонлар мутаассиб руҳонийларнинг таъсирида исломнинг асл моҳиятидан чекиниб, унинг фақат суратига ёпишиб олдилар. Беш вақт намоз ўқисанг, рўза тутсанг, ҳажга бориб келсанг, закотни берсанг бўлди, сен мусулмонсан, деган ақида ҳукмрон бўлди. Асосий моҳият четда қолиб кетди. Моҳият: Аллоҳни, Одамни, Оламни кашф этиш эди. Ислом шуниси билан жозибали эди. Янги-янги нарсаларни майдонга ташлайверсангиз, ҳамма сизга қизиқади-да! Намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳажни адо этиб, закотни бериб қўлни қовуштириб ўтираверсангиз, ҳеч ким сизга қайрилиб ҳам қарамайди. Ўз-ўзидан эътибордан қолиб кетасиз. Намозу рўзанинг, ҳажу закотнинг ҳам жозибаси – Аллоҳни, Одамни, Оламни узлуксиз кашф этишда намоён бўлмайдими? Шундай қилиб мутаассиблар исломни жазбу жозибасидан маҳрум қилдилар. Бошқалар наздида ислом жозибали дин бўлмай қолди. Вазифа нимадан иборат? Вазифа: исломга асл моҳиятини қайтариш. Мусулмонларнинг миясига, нима учун исломнинг моҳиятини унутдинг, деган фикрни сингдириш. Ислом ўзининг моҳиятини қайтадан кашф этмас экан, мусулмонлар тараққиёт йўлига кирмайдилар. Улар учун тақа-тақ ёпилган илм-маърифат диёрлари эшикларини очмайди. Ислом дунёси тараққий этган дунё – тараққий этган жамият бўлмас экан, мусулмонларнинг сўзини икки пулга олишмайди. Илминг бўлмаса, ҳунар эгаси бўлмасанг, бир камбағал бечора бўлсанг, ўзингнинг чориғингни зўрға судрасанг, ким сен билан ҳисоблашади? Бурнингдан юқори гап айтсанг, бўлиш-туришини кўр, менга ақл ўргатади, дейишади. Илғор бўлсанг, пешқадам бўлсанг, олиму уламо бўлсанг, оқилу доно кашфиётчи бўлсанг, ҳамма сенга қулоқ осади.
Мирзо Улуғбек ўз даврида бир юз ўн саккизта юлдузнинг ҳаракатини кашф қилган. Беш аср давомида бирорта ислом олими бир юз ўн тўққизинчи юлдузни кашф этмади ҳали. Мирзо Улуғбекнинг йўли кўмилмаганда эди, коинотга биринчи бўлиб мусулмон учарди. Королевнинг айтишича, Мирзо Улуғбек олов пуркаб отадиган қурол-аслаҳалар кашф этишга жуда яқин келган. Шундай бўлса, у нима учун ўқотар қуролни – милтиқни кашф этмаган деган савол туғилади? Агар мусулмонлар ўқотар қурол-аслаҳаларга эга бўлганларида, бутун дунё мусулмонларнинг қўлида бўларди. Оврупо бизни шу билан енгмадими? Биз қилич кўтариб чиққанимизда, улар ўқотар қуроллар билан бизларнинг ҳамламизни осонгина бартараф этмадиларми? Мирзо Улуғбекнинг ўқотар қурол-аслаҳаларни кашф этишга уринмаганининг биринчи сабаби, у буюк инсонпарвар зот бўлган. Унинг инсонпарварлиги ҳақиқий мусулмонлиги асосида туғилган. Шунинг учун ҳам у оммавий қирғин қуролини яратишга қарши бўлган. Инсоният бундай қуролни қўлга киритса, у йўқотилган ҳеч бир нарсани орқасига қайтариб бўлмайди, деб ҳисоблаган. Бу йўлнинг фақат ва фақат фалокату ҳалокатларга олиб боришини у яхши англаган. Мана, бизнинг замонимизда худди шундай бўлди. Мирзо Улуғбек-чи?! Мудҳиш бир кашфиётдан четлаб ўтиб, инсоният тараққиётини камида икки юз йил олдинга суришга мувафақ бўлган. У бу қадами билан тинчликпарвар инсон, етук ҳукмдор сифатида башариятга жуда катта хизмат қилган. Ўзи ҳам бу каби қалтис бир ишга қўл урмаган, ўғиллари – шаҳзодаларни ҳам бу ишга яқинлаштирмаган. Аслида ўғли Абдулатиф шундай қурол-аслаҳалар ишлаб чиқариш ва жангу жадаллар тарафдори эди. Мана, ота-ўғил ўртасидаги низо қаердан келиб чиқяпти! Ислом дини тинчлик дини эканлигининг энг ёрқин исботи исломда етишган комил бир инсоннинг бутун имкониятлари бўла туриб, унинг оммавий қирғин қуроллари яратмаганлигида, ва бунга йўл қўймаганлигида ўз аксини топади. Унинг энг катта хизмати ҳам шундан иборат. Бу исломнинг шак-шубҳасиз Ҳақ дини эканлигидан, албатта. Бу бошқа томондан мутлоқ мусулмон бўлган бир ҳукмдорнинг дунёни бошқаришдан бош тортганини англатади. Яъни ислом дунёга ҳукмдор бўлиш учун эмас, башариятни камолот сари етаклашга интилади. Икки дунё саодатига фақат ва фақат комиллик сарҳадларидан кесиб ўтиб эришиш мумкинлигини уқтиради.

Ғарб тамаддуни Шарқ тамаддунини четга суриб, карвонбоши бўлиб олгач, инсоният бир аср ичида икки марта жаҳон урушини бошидан кечирди. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ўлиб кетмадилар?! Мисли кўрилмаган даражада қурбонлар, иқтисодий талофатлар юзага келдики, салмоғини минг йилликлар билан солиштириб бўлмайди. Бу тамаддун эртага дунёни қаерга бошлаб боради, деган ҳақли савол туғилади. Бу саволга ҳозир ҳеч ким жавоб бера олмайди. Биз бу саволга жавоб топишдан олдин тўғри йўлни топмоғимиз жоиз. Тўғри йўл қонуни шундан иборатки, ким тўғри йўлни топса, шу йўналишдаги ҳар бир қадам уни мақсадга яқинлаштиради…

Бин Лодин қиёфасидаги ўлкабоши, Авакяннинг олдига фаромуш бўлиб қайтди. Унга кўриб-эшитганлари ҳақида сўзлаб, ўзининг янглиш йўлда эканлигини англаганини билдирди. Умри беҳуда ўтганидан афсус-надоматлар чекиб, ҳаётининг қолган қисмини Аллоҳ йўлида истифода этишга бел боғлаганини айтди. Бундан ташвишга тушган Авакян, “чап қанот” билан боғланиб, унинг манглайига пистон ўрнатишга рухсат сўради. “Чап қанот”дагилар хавотирга ўрин йўқлигини билдирдилар. Барчаси назорат остидагилигини айтиб, ўлкабошининг ҳали онаси қорнидалигида миясига пистон жойлаштирилганини ошкор этдилар. Унинг эртага шомда яна Бин Лодин қиёфасига кириб, ўша йўналиш бўйлаб Дўлма қароргоҳига қайтишига буйруқ бердилар.

Эртаси кун иш соатлари тугагач, Бин Лодин қиёфасига кирган ўлкабоши тилининг остига бир кафт қумолоқ носдан ташлаб, Дўлма қароргоҳига қараб хомуш йўлга чиқди. Кечадан буён унинг на ичганида, на еганида ҳаловати бор эди. Боши гангиб, икки ўт орасида қолиб кетганди. У “Олтин тепа” масжиди ёнидан минг бир истиҳола билан энди кесиб ўтганида, рўпарасидан қоравул чол чиқиб қолди. У осмондан тушдими, ердан чиқдими, қаердан пайдо бўлганини ўлкабоши илғашга улгурмади. Чол бурнини оқ дока билан ўраб, устидан чиллик этиб қизил лента ёпиштирганди. Банка синиқлари бошқа жойини тилган эди-ку, деб ўйларкан, унинг нима учун бурнини ўраб-чирмаб боғлаганига ақли етмади. Чол қўярда-қўймай ўлкабошини қоравулхонага олиб кириб, бир пиёла иссиқ чой билан сийлагач, уни ичкарида “Барадори – баробари” биродарлари кутиб турганини айтди.
Ҳалигача ҳам чол ўзини танимаганига ишончи комил ўлкабоши нималар бўлаётганига лолу ҳайрон эди. “Барадори – баробари”чилар миллий хавфсизликнинг ёқилғи базасида тезак терадими, дея ишонмагач, у қоравул чол кўрсатган эшикдан кириб, жинни бўлаёзди. Не кўз билан кўрсинки, у кечаги келган жойига тушиб қолганди. Кеча машинада анча юриб келган нуқтасига пиёда юриб икки дақиқада етганди. Аммо ҳайратланарлиси ҳали бу эмас эди. Ичкарида қанча одам бўлса, барчаси Усома Бин Лодиннинг қиёфасида эди. Ҳаммаси бир хил кийиниб, елкасига калашников автоматини осиб олган эди. Улар икки томчи сувдек бир-бирларига ўхшаш эдилар. Таажжубдан ёқа ушлаган ўлкабоши уларнинг ичига аралашиб кетганини ўзи билмай қолди. У билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ҳар ким ўзи билан ўзи овора эди. Бутун Бин Лодинлар сояга ўхшардилар. Бир-бирларини кесиб ўтиб, ҳар-ҳар ерда уймалашиб, кезиб юраверардилар. Ўлкабоши кўп ўтмасдан ўзини йўқотиб қўйди. Ўзини қайдан излаб топишини билмай, мияси ачиб, кўзларидан ёш тирқираб чиқди. У ҳар бир сояни пайпаслаб, унинг ўзи эмаслига ишончи ортгач, юраги қўрқувдан тарс ёрилгудек бўлди. Ўзини қидириб, югуравериб, охири оғзидан тили бир қарич бўлиб чиқиб, ҳаллослаб қолди. Талвасага тушиб, жони бўғзига келди. Шунда “чап қанот”чилар унинг миясига буйруқ бериб, уни ичкаридан олиб чиқиб кетдилар.

Эртаси шомда у Шўлпаной Авакян қиёфасига кириб Дўлма қароргоҳи томон қайтар экан, “Олтин тепа” масжидининг ёниидан қўрқа-писа кесиб ўтгач, бир кечада қад ростлаган тўрт қаватли коллеж биносини кўрди. “Барадори – баробари” деб номланган террорчи гуруҳлар уя қурган миллий хавфсизликнинг ёқилғи базаси портлатилиб, ўрнида бир кечада коллеж биноси тикланганди. Янги қурилган коллежнинг чим ётқизилган спорт майдончасида бир тўп болалар копток тепиб юрардилар. Симёғочга ўрнатилган радиокарнайдан “Замон-замон бизнинг замон…” қўшиғи янграб, уйларидан елка қисиб чиқаётган одамларнинг кўзларида ваҳима ўйнарди. Одамларни қўрқув босиб, ақли-ҳушларини йўқотган бўлсалар ҳам, уларнинг лаблари, “Шу осойишта кунларга етказган ўлкабошига раҳмат! Бизга бахтимизни қайтариб берган Мустақиллика шон-шарафлар бўлсин!” дея шивирлашдан тийилмасди. Улар илон хаёл этиб, арқондан қўрққан от сингари, коллежнинг баробарига келганларида, уйилиб, ундан четлаб ўтардилар.

Буни кўриб турган ўлкабошининг битта туки ҳам қилт этмади. Бу каби юзлаб бедодликларни амалга ошираверганидан унинг дийдаси без бўлиб, юраги тошга айланиб қолган эди…

(Асарнинг давомини ўқиш учун линкни босинг)