Мустақиллик бахти…

Мустақиллик бахти…
23 views
12 August 2014 - 9:01

1Муҳтарам президентимизнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга Аллоҳнинг назари тушганмиш. Фақат бизларда тўрт фасл рисоладагидек, кун билан туннинг алмашиши оби-тобида эмиш. Бошқа юртларда фасллар Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий аҳвол мисоли аросатда, кун билан туннинг алмашиши ҳаром-ҳариш кечармиш.

Ўлкамизнинг йигитлари Ялангтўш баҳодир, қизлари Барчиной эмиш. Меҳмоннавозликда, хушомад ва ҳасадда ўзимизга хос, ўзимизга мос эмишмиз. У кишининг айтишича, дунёдаги энг ор-номусли, одоб-андишали халқ бизлар эканмиз. Шу учун бутун йигит-қизларимиз “ишёқмас” бўлиб дунёнинг тўрт бурчагига сочилиб кетаётган экан. Болалар ота-оналарини кўрмасдан ўсаётгани таълим-тарбиянинг зўрлигидан экан. Чолларимиз Хизр, кампирларимиз жодугар экан. Хуллас, бир сўзли танти, айтганидан қайтмайдиган ноёб бир миллат эканмиз. Аллоҳ суйган бандаларига шунақанги сабр-қаноат, чиройли феъл, оғир-босиқлик берармиш. Бизларнинг ўрнимизда қозоқ ёки қирғиз бўланида, юртбошининг иқрорига кўра у кишини йигирма уч йил аввал чавақлаб ташлаган бўлар экан.

Мустақиллик, дедикми, биз қўл-оёғимизни бойлаб, президент бошимизни кесса ҳам, бошимиздан мағзава тўкиб, оғзимизга қўрғошин эритиб қуйса ҳам, бу йўлдан қайтмайдиган бир сўзли танти инсонлар эканмиз. Ҳар сафар юртбошининг эътирофларини эшитганимда юрагим жўш уриб, бизлар кимларнинг авлодларимиз, дея ичимда пичирлаб қўяман. Ғурурим жўшиб, томиримда дарёлар асов тулпор каби пишқириб кетади.

Ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам ҳам бўлмаймиз, деб тишларимни қисганимда, қон босимим, ошиб, кўзларим косасидан тўпнинг ўқидек отилиб чиқиб кетмоқчи бўлади. Ўзингни бос, ҳаммол дея ҳай-ҳайлаб, зўрға ўзимни йўлга соламан. Мустақиллик туфайли туғилган фахр-ифтихор туйғуси, мени ёниб турган бир оловга айлантиради.

Тишларимни қарич-қарич қилиб, думимни хаданг қилганимни ўзим ҳам сезмасдан қоламан. Ҳар туким Темурнинг найзаси бўлиб, кийимимни тешгани етмаганидек, танамдан уриб чиққан миннатдочилик терлари, туйғуларимга аралашиб тупроқ йўлларга оқиб, чанг-тўзон кўчаларни балчиққа айлантиради.
Дод!

Мустақилликнинг дастидан, дея кўчага отилиб чиқмоқчи бўламану, беҳудага маломатларга қолиб ўлиб кетаман, деб қўрқаман.
Ем-хашаги йигирма уч йил олдин қуриб битган охуримга бошимни суқиб, кишнамоқчи бўламан, “нима учун рухсатсиз кишнадинг, охурингнинг лисензияси борми”, дея солиқчилар сўраб қолишмасин, тағин дея, дамимини ичимга ютаман.

Сабаби, кун бўйи яғири чиққан елкамда юк кўтариб топган пулим, жариманинг ўндан бирини ҳам қопламайди. Бунақада, болаларимнинг бир ой оч қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Кўрпангга қараб оёқ узат, деганларидек, ҳолимни билганим учун ҳормайман, чарчамайман. Ҳолини билмаганларнинг энасини кўриб, қамоқхоналарда тишининг кирини сўриб юрганини эса, жудаям яхши биламан. Орқасидан йигирма йиллаб қатнаган бола-чақаларининг силласи қуригани етмаганидек, уларнинг ўзлари чол, кампирлари мурдага айланганига узоқ йиллар бўлди.

Қорним тўймаса ҳам, ичимдагини айта олмасам ҳам, ҳар тугул ярим кеча ҳориб-чарчаб келганимда, хотинимни қучоқлаб ётибман-ку, деб ўйлаб, бизларни шу кунларга етказган муҳтарам президентимизга раҳматлар, Мустақиллигимизга шукрлар бўлсин деб, юбораман.
Хотинимнинг, “дадаси, Мустақиллик эълон қилинганидан буён, ўзи шундан бошқасига ярамайдиган бўлиб қолгансиз”, деган сўзларини эшитиб, ўзимни эшитмасликка оламан…

Муҳтарам президентимизнинг Ўзбекистонга Аллоҳнинг назари тушган, деган сўзларига қараганда, Аллоҳ ҳам бандасининг қўлида борига қараб муомила қилса керак, деган хаёл кўнглимга келади. Шунда, Аллоҳ ҳаммага тенг, деган ислом дини ақидаларига ишонгим келмай қолади. Рост-да. Аллоҳ чиндан ҳам ҳаммага тенг бўлса, нима учун бошқа юртларни четга чиқариб, фақат бизларга – Ўзбекистонга назар солади?! Бунақада, заррадан ой-қуёшга қадар, баъайни, ўн саккиз минг оламдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг назаридан хорижда эмас, деган ислом динида таъкидланган сўзлар нотўғри бўлиб чиқадида!…

Ҳар гал президентимиз телевизирга чиқиб қолса, берганнинг бетига боқма, аллоҳга ҳам берсанг, ёқасан, деган сўзлар эсимга тушиб, ҳафталаб тоат-ибодатга бўйним ёр бермай, қийналиб юраман. Шайтонга йўлиққан кўппак сингари тушимда ўзимнинг думим билан ўзим олишиб, тонг отгунча деворда осилган юртбошининг портретига қараб толвос солиб, аламимдан улаб чиқаман. Лабларига учуқ тошган хотиним, болаларни ҳовлига еталаб чиқиб, қуёш тиккага кўтарилгунча юрак ҳовучлаб ўтиради. Ишга отланиб кўчага чиқмасам, остона ҳатлаб мен ётган хонага ёналамайди.

Ҳаммол бўлсам ҳам, ҳар бир нарсага эътибор бериб юрадиган ақли-ҳуши жойида бир фуқароман. Ўтган йили пахта мавсуми бошланганда, пойтахт ва бутун вилоятлардаги бозорларда, савдо-сотиқ дўконларида, корхоналар ва ишхоналарда ажойиб бир тадбир ўтказилди. Озгина даромад келиб турган киоск ёки пистачи ўтирадиган кафдек жой борки, бошланган тадбирдан четда қолмади. Бир кўзи кўр, ҳайбати зўр, деганларидек, муҳтарам президентимиз бениҳоя адолатпеша, бевафуруш ва етимпарвар бўлганлари боис, ҳаммага салоҳиятига қараб солиқ солинди. Ким пахта йиғим-теримига бормаса, “Юртга хизмат – олий ҳиммат” шиори остида, ватаннинг улкан пахта хирмонига топган моли-пули билан ўз улушини қўшди. Ким пулини қизғанса, берадиганининг ярмига мардикор ёллаб, ўрнига бировни бир ойга ҳашарга жўнатишга мувафақ бўлди. Юз минглаганлар мардикорга еб-ичишдан ташқари, ўртача бир милён атрофида мояна бериб, уни отанг яхши, онаг яхши дея Сирдарё ёхуд Жиззах чўлларидаги денгиздек чайқалиб ётган пахта далаларига жўнатди. Елкасига офтоб теккан мардикорлар соя-салқинда, еб-ичиб, маҳаллий аҳолидан кунига беш-ўн кило пахтани номига сотиб олиб, тарозидан ўтказди. Шу алфозда, уларга бошқа харидор топилмаса, бир ой деганда, орқасига қайтди.

Харидоргирлари уч-тўрт ой очиқ ҳавода ўпкасини кислородга тўлдириб, хотинининг ёнига кўкнор еган куркадек, семириб кетганидан бақбақасини шишириб, озиб-тўзиб қайтиб келди. Бечора мардикорлар шундай қилиб бултур чорак асрлик Мустақиллик даврида биринчи марта меҳнат таътили олиб, ҳордиқ чиқариш шарафига муяссар бўлдилар. Халқимизнинг тўқсон фоизи мардикор эканлиги ҳисобга олинса, иш бошида турган президентимизнинг қанчалик ҳиммати баланд, ботир-қаҳрамонликлари аён бўлиб қолади. Уйида ўлмагур, бу кишининг бениҳоят риёкор ҳунармандликларини ҳисобга оладиган бўлсак, халқнинг бошига солган жабр-зулмлари қолмаганига гувоҳ бўламиз. Умрлари узоқ бўлсин, ҳали бу кўрганларимиз, илгаригиларининг олдида ҳолва бўлмаса гўрга эди. Бу йилги пахта мавсумига тайёргарлик бошланар экан, солиқчилар, бу йил мардикорлар хизматидан президентимизнинг бўйин товлаётганини айтиб, фақат пул йиғяптилар. Бир йил шу кунларни кутиб яшаган бечора мардикорлар, бу йил икки қўлларини бурунларига тиқиб қоладиган ўхшайди. Пул беришдан бўйин товлаган дўкон мудири, корхона раҳбари ёхуд пистачи бўладими, эртаси куни уни солиқчилар босиб, она сутларини оғзиларидан келтирадилар. Охирида, қилмаган жиноятларини гарданларига юклаб, фалон йилга қамаб юборадилар.

Жонфидо, адолатни ва эзгуликни жони-дилидан суядиган юртбошимизнинг феълини бешикдан қабргача узанган ҳаёт йўлларида ҳар бир фуқаро яхши билгани учун ҳам, ҳеч ким у кишининг фармони олийларига қаршилик кўрсатишга жазм қила олмаса керак, деб ўйлайман. Асосийси, 2014 йилги пахта мавсумига сафарбарлик бошланди. Келажаги буюк Ўзбекистонимизда, халқимизнинг миллий ифтихорига айланган пахта ҳашарига – қуллик дунёсига марҳабо…

Мустақилликнинг 23 йиллик юбилейи муносабати билан Президентлик маҳкамасида ўтирган бир корчалоннинг ҳомийлиги остида, яқинда беш юз минг нусхада ёпишқоқ қоғозда Ўзбекистоннинг байроғи босиб чиқарилиб, бутун солиқ идораларига тарқатилди. Солиқ идоралари ходимлари мамлакатдаги ҳар бир дўкон, ҳар бир корхона ойнасига “ҳе” йўқ-“бе” йўқ шапалоқдек келадиган байроқни ёпиштириб, корхона эгаси чўнтагидан олти минг сўмни қоқиб оляпти. Тиши суғирилган бемор сингари чинқириб юборган бечоралар, нафасларини ичларига ютиб, солиқ ходимининг орқасидан мушт кезаниб қолмасинлар, бунинг бир чақалик фойдаси бўлмаяпти. Уларнинг, еб-ичишимизни ҳам уйимиздан ташияпмиз, уч-тўрт сўм фойда қолсин дея, пулга сув олиб ичмаймиз, деган сўзлари оғизларида қолиб кетяпти.

Муҳими, бу эмас. Муҳими, Мустақиллик байрами баҳонаси билан ҳам халқнинг чўнтагидан пул ўмариш йўлини топган Президентлик маҳкамасидаги корчалонга қойил қолиш керак. Ана буни тадбиркорлик деса бўлади. Қандингни ур, Каримбой дегин келади, айтолмайсан. Сиёсатга аралашди, дея қамаб юборсалар бола-чақанг, ёш хотининг бева қолиб кетади. Бу мамлакатда бировни мақташ учун ҳам лисензия керак бўлади…

Ўтган йил Минор қабристонига яқин жойдан кесиб ўтган Анҳор бўйидан Россиялик ўзбек бойи Алишер Усмонов моҳабатли масжид қурулишини бошлабди, эмиш деб гап чиқди. Кўп ўтмади, унинг, масжид қурилишига менинг ҳеч қандай алоқам йўқ, деган жаҳон матбуоти саҳифаларида радияси босилди. Орқасидан Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг масъул вакили чиқиб, Алишер Усмоновнинг иддаосини маъқуллаш баробарида, масжид мусулмонлар идораси ва Ўзбекистон давлати маблағларига қурилаётганини дастаклади. Шунда, илм-фанга, тараққиёт ва динга душман президент Каримов қандай қилиб бундай эзгу ишга бош қўшганига ҳамма лолу ҳайрон қолди. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деганларидек, барчаси яқинда куппа-кундуз куни аён бўлиб қолди. Ҳашарга бош қўшинглар, хайрли ишга бош қўшинглар, дея, бозорларни ва кўча-кўйдаги дўконларни айланиб, машиналарга ўрнатилган карнайларда чақириб чиққан солиқчилар, ҳеч ким чўнтагидан пул чиқаришни истамаса ҳам, ақл бовар қилмас маблағларни йиғдилар. Тепанинг сиёсатига қарши чиқиб бўлмаслигини айтиб, қимирлаган жон борки, битмагандан бит ундир, қабилида иш тутиб, тукини юлишга, айтиш жоиз бўлса, одамларни товуқдек партлашга тушдилар. Шундай қилиб масжид кимларнинг пулига қад кўтараётгани очилиб қолди. Масжидни ўзи қураётганини англаб қолган халқ, масжид қурулиши ҳақида сўз кетса, чўнтагини чангаллаб, жуфтак ростлайдиган ғалати одат чиқарди…

Бу барчаси мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик шарофатидандир. Атрофдаги республикалар: Қоғоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда чорак асрдан буён қонли жанглар давом этмоқда. Одамларнинг на еган-ичганида, на уйқусида тинчилиги бор. Ҳамма жулдур кийимда, чордевор томли уйларда яшайдилар. Бошқасини қўя турайлик, Қозоғистон тараққиёти бизларникидан йигирма бир йил орқада қолди. Одамларининг ўртача турмуш даражаси бизникидан етти марта паст. Бизчи, биз?! Еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда. Қайга хоҳласак, бориб-келяпмиз, эт-ичимизни еб, ҳориб-чарчаб, уйқумизда ўлиб боряпмиз.

Уйқуда ўлмак нақадар гўзал!

Эргаш Сулаймон