Огоҳ бўлинг – “меҳмонлар” келмоқда!

Огоҳ бўлинг – “меҳмонлар” келмоқда!
86 views
12 August 2014 - 13:30

5Мустақиллик байрами яқинлашгани сари одамни ҳаяжон босади, негадир эрталаб уйқудан уйғониш биланоқ меҳмонларни «ана кеп қолади, мана кеп қолади» деб аксар ўзбек хонадонлари эгаларининг кўзлари дарвозада тўрт булади, шунданми, баъзан одам гапларида адашиб кетади.

Бу байрам-эсда қоларли байрам бўлиб, бир-биридан муътабар меҳмонлар ташриф буюришади. Кўзлари ўткир маҳалла раисларидан тортиб чапдаст, қулоқлари динг посбонларгача, узундан узун дубинкаси бор участкавойдан бошлаб муғамбир, кези келса икки пулга Ўзбекистоннинг тенг ярмини сотиб юборишга таппа тайер МХХ сигача галалашиб узун қисқа бўлиб кириб келишади.

Уй эгаси бу разил, э, азиз меҳмонларни қўйгани жой тополмай ўзида йўқ хурсанд, кимдир ошхонага чопган сув ичвогани, кимдир ҳожатхонага. Азиз меҳмонларга айтиб тушунтиришнинг хеч кераги йўқ, ўзлари билишади, ўз уйларидай ястаниб олишган, ахир Парвардигор аллақачон фаросатдан уриб қўйган. Меҳмонлар бемалол молхонаю оғилхона, ертулаю чордоқларнинг тит-питини чиқариб яйрашади, қарияларнинг сандиқларидан дейсизми, янги тушган келинларни шкафлариданми варақалар, наша, наркотиклар каби нарсалар қидиришади.

Баъзи хонадонларга топилмаганда ҳиммат қилиб ўзлари билан олиб юрганларидан баҳам кўришади… Бу азиз меҳмонларнинг баъзилари ўта ҳае билан тарбия топган бўлиб, уй эгаларини заҳматга қўйганларидан ҳижолат бўлиб юзларига анъанавий маска тақиб олишади. Буни кўрган мезбонларнинг меҳмонларга бўлган ҳурмати янада ошиб, уй эгаларининг айримлари бемалол оеқ қўлларини узатиб юборишади.

1Бу залил, кўзлари қип-қизил қон билан бўялган меҳмонларнинг қадам саслари уйдан узоқлашгандан кейингина уй эгалари мамнуният билан уларнинг ва тарбия қилган ота-оналарининг ҳакларига қўл очиб дуода қолишади.

Анъанавий дуо тарзлари «тарбия килган падарларинга лаънат» билан бошланиб, «президентинг билан қўшмозор бўл» сўзлари билан якунланади. Меҳмондорчилик бу билан тугамайди, уларнинг ортидан қўярда-қўймай, йўк деганларига қарамай «скорый» деган машинада бир гуруҳ ялқов одамлар таклиф қилинади, улар хоҳласа мезбонларни укол қилади, хоҳламаса ҳушидан кетгангаям, юраги ўйнагангаям аспирин, маспирин деган дорилар билан сийлаб, буюк хизматлари учун берилган мўмайгина пулни чўнтакка уриб жуфтакни ростлашади.

Улардан кейин эса қўни қўшнилар кимдир ҳол-аҳвол сўрагани, кимдир текин томошага кириб келади. «Ишқилиб тинчликми?» деган саволларига қани энди зериктирмасдан қўшиб чатиб сайраб-сайраб берсангизу, улар яйраб-яйраб чиқиб кетишса…

1Мен негадир шу байрамни насронийларни жанозасига ўхшатгим келади. Мусиқа чалинади, ашула айтилади, аммо ҳаммани кўзида ёш, қалбида оғриқ, нимадир етишмайди, фақат ўлиб қолган одам хурсанд. «Мана сенлага» деб ниманидир кўрсатгиси келиб ўртада ажинасифат чол ўйинга тушади.

Мана шунақа гаплар. Узбекистонда яқинда юқоридаги сценарий бўйича тадбир ўтказилади. Кимларгадир хорлик, кимларгадир борлик сабабчиси булган мустақиллик байрамингиз тинч ўтсин, азизлар!(муборак булсин дейишга ҳеч тилим ҳам, ёзишга қўлим ҳам бормади).

Ahmad