Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (17)

Сафо Урганжи: Турон мусофирлари (Муҳожирнинг ён дафтаридан) (17)
29 views
13 August 2014 - 9:09

(Давоми. Асарнинг бошини ўқиш учун линкни босинг)

Ўн олтинчи боб

Дуйсенистонда иқтисодий ўсиш бошланганди. Барчасини изқувар мистер Куаронинг шарофатидан деб ўйлаган Дуйсенбай, куну тун унинг қиёфасига кириб олиб, ўла қолса кийимларини устидан ечмасди. Тўшакка кирганида ҳам иложи борича кийимлари устидан кўрпа тортарди. Мўйловининг икки учини бураб юқорига кўтариб, ҳассасини ҳам қучоқлаб ётарди. Қора кигиз шляпаси пачоқ, кийимлари ғижим бўлса, устидагиларини отиб юбориб, янгисини киярди. Биргина манглайидаги икки пистони, ҳассаси билан кўзойнагини бошқасига алмашмасди. Шохга ўхшаб манглайидан бўртиб турган пистонларни турли рангларга бўяб, биттасига муҳр солинган олтин қутини, иккинчисига депутатлик гувоҳномаси солинган иккинчи олтин қутини осиб олган эди. Буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнагини чўмилишга кирганда ҳам кўзидан олмасди. Ҳожатга кирганда ҳассасини кўксига қаттиқ босиб олганча чиғиларди. У юрталикларни аҳмоқ қилиб ақл бовар қилмас бойлик орттиргач, хўрозлари билан итларига ҳам эътибор бермай қўйди.

Голландиялик академик ниқоби остида Қорасаройни барчанинг кўз ўнгида тунаб кетган Абдираҳмон учарга ҳам қўл силтаб, унинг жиноий ишини ёпиб ташлади. Барча ишлар бошида Авакяннинг турганини у хаёлига ҳам келтирмас эди. Унга биров, “қўйнингда илон асраб юрибсан” деса, ўша кишининг бошини сапчадек узарди. У тўғри сўзни ёмон кўрар, хушомад жони-дили эди. Лаганбардорларни осмонларга кўтариб, шишириб-шишириб, кейин тупроқ билан битта қиларди. Кутилмаганда унинг ғазабига учган амалдор боши билан келиб тушиб, бурни билан ер кураган полвондек, турган жойида гарансиб, айланиб-айланиб, даврадошлари турган тарафни тополмай, тескари томондан чиқиб кетарди. Сўнг у шўрликни давра ортида хавфсизлик жаллодлари кутиб оларди…

Дуйсенбайнинг Марусияга беписандлиги ҳам ҳаддан ошиб кетдики, тутқунлик пичоғи кампирнинг устихонига етди. Тутинган қизлари, опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулга ҳам у кўп замонлардан буён бепарво бўлиб қолган эди. Бош боқон Тарлоннинг бошига ҳам итнинг кунини солар, у думини ликиллатиб эркаланмоқчи бўлса, уни ҳамманинг олдида силтаб ташлайдиган, “ҳа” деса, “ма” деб кетига тепадиган хунук одат чиқарганди. Житириқнинг хонасига Баҳром билан Тўрабикани қамаб қўйган бўлиб, икки ойдан буён бу хонага бош ҳам суқмасди. Унинг бутун фикри-ёди Авакянда эди. Авакян сон-саноқсиз қўйлар каби Дуйсенистонга ҳайдаб келаётган бойликларни ҳар кун хориж банкларига жойлаб, ҳар икки сўзининг бирида уни мақтагани-мақтаган эди. Бу унинг тутинган қизлари – Батангул билан Сатангулга қаттиқ ботарди. Улар ҳар қандай йўл билан ўлкабошига туйнук топиб, Авакяннинг башарасини фош этишга бел боғлаган эдилар. Опа-сингиллар ғазабдан тиш қайраб юрган шундай кунларнинг бирида тутқунлик жонидан ўтган Марусия билан тил топишдилар. Тилини бўғзига ютиб, хўмрайиб юрадиган бир индамас билан улар қандай тиллашдилар, буни ҳеч ким билмасди. Аммо уларнинг мудҳиш режаси хусусида Қорасаройдаги аёллар бир-бирларига пичирлашиб хабар етказишдан ўзларини бир дақиқа ҳам тия олмасдилар. Мишмишларга кўра барчаси Қорасаройдан номи ўчирилган собиқ бош боқон Тайсиннинг қўли билан амалга ошиши кутуларди. Бир неча ойдан буён занжирда териси суягига ёпишиб ётган Тайсиннинг бу ишлардан хабари бор-йўқлиги маълум эмасди.

Аммо шу ўтган даврда у ҳақда Қорасаройда жуда кўп бўлар-бўлмас гаплар тарқалди. “Чап қанот”нинг тўрт минг йил илгари қозоқларнинг тарихи битилган туя терисини ўлик денгизнинг тўққиз минг қулоч тубидан топиши Тайсиннинг асл башарасини фош қилди. Унда айтилишича, ноёб тарихий далилларни Манаснинг катта холасининг қайниси Қизчибей ёзиб қолдирган экан. Қайдларда Нострадамис билан Ванганинг ҳам, бўстонлиқлик табиб Ичкеткизди мулло билан ғузорлик мулло Алкашларнинг номи ҳам тилга олинган, улар қозоқлар ҳақида кўп яхши башоратларни билдиргандилар. Бу маълумотларда қозоқлар дунёни тўфон балосидан қутқарган од қавмидан беш минг йил илгари Гоби саҳросига тушган, яъни қозоқлар Одам қавмидан эмас, билъакс, улар Момо Ҳавонинг айби билан жаннатдан қувилган фаришталарнинг авлодлари, мўғул-татарларининг ўтмишдошлари эдилар. Сартлар ҳам форслар билан арабларга аралашиб сараланмасдан бурун, битикда келтирилишича, уларга яқин қариндош бўлган эканлар. Ёзувларда айтилишича, Тайсин “самозиванец” бўлиб, асл қозоқ ити бўлмиш Тарлоннинг шажарасини ўзлаштирганди. Шунинг учун ҳам ота-боболари Туркманистондан бўлган Тайсиннинг ўз ижтимоий келиб чиқишидан фахрланишга ҳаққи йўқ эди. Буни эшитган Тарлон тонгдан кечгача думни хода қилиб юрар, шомдан тонг отгунча эса думини чотига сиқиб, курсининг тагига кириб ётиб оларди. Опа-сингиллар Қорасаройга келган кунининг эртаси унинг юрагини олган бўлиб, у опа-сингилларни кўрди дегунча қон босими ошадиган бўлиб қолганди. Тағин туя терисига битилган маълумотларда айтилишича, Туркманбошининг уч томлик “Руҳнома” китобидаги бутун бошли тарих ҳам қозоқларнинг сўнгги минг йилликда амалга оширган ишларининг баёни бўлиб, уни бир юз элликта бекорманда туркман олими қозоқ тарихидан ўғирлаб ёзиб, Туркманбошининг номидан чоп эттирганди.

Теридаги битикларни Мирзелимбай ўз кўзлари билан кўргач, унга елимдек ёпишиб олди. Олдин айтганларига тескари ўлароқ, ўзининг Муҳаммад пайғамбарга ҳам, саидларга ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини урғулаб, умрининг қолган қисмини теридаги тилсимларни очиш, бор куч-ғайратини қозоқ халқининг тараққиёти тарихига бағишлашини эълон қилди. Умрининг энг гуллаган даврини “Туркистон” ҳаракатига бағишлаганидан афсус чекиб, ҳаётидаги бу тузатилмас хатосини у “фалокат” деб атади. Уни руҳлантирган мистер Куаро бу хайрли иш учун қўлидан келган ёрдамини аямаслигини айтиб, қозоқни қозоққа, Қозоғистонни бутун жаҳонга танитган “чап қанот”га Мирзелимбайнинг қўли билан узундан-узун дил изҳорлари битилган миннатдорчилик мактуби йўллади. Барчасини парда ортидан бошқариб турган Авакянни у мундоқ эсламади ҳам.

Опа-сингиллар учун бу нарсаларнинг барчаси бир пулга қиммат эди. Уларни фарзандликка олиб, дунёни лолу ҳайрон қолдирмоқчи бўлган Дуйсенбайдаги илиқ муносабатнинг совуқлашуви бу бечораларни жинни қилаёзди. Унинг шу йўл билан ўлкадаги демократик тизимни мустаҳкалашга сўз бергани ҳам ғирт ёлғон бўлиб чиқаётганди. Токи ўлмаса, унинг Дуйсенистон тахтидан воз кечадиган сиёқи йўқ эди. Опа-сингилларни ворисликка тайёрлаш хусусидаги ваъдалари ҳам шунчаки сиёсат учун айтилган пуч гап бўлиб чиқди.

Арзимаган муддат ичида катта бойлик орттирган Дуйсенбайда Житириқнинг наслини кўпайтириш эҳтиёжи ҳам ўз-ўзидан йўқолиб қолди. Энди Житириқнинг ҳушига келиш-келмаслиги ҳам унинг учун унча муҳим эмасди. Хонасига қамалаб олиб очлик эълон қилган Марусияни эса у умуман эсламасди. Қўлтиғига тоғорча қистириб, унинг оёғи учида ўтирган Бахшилло икковидан биргина Марҳабо онда-сонда чиқиб-кириб хабар олиб турар, уларнинг нон-ошига қарарди. Эҳтиёж туғилганда, кимса билмас баъзи бир ҳожатларини Гулисипса бароридан келтирмаса, бошқа бировни уларнинг бор-йўқлиги қизиқтимас эди. Террорчилик амалиёти қўлланганда қаттиқ қўрққан Бахшилло ўша кеча тилдан қолган бўлиб, ҳалигача гапира олмасди. “Рости – русти”, яъни “Куч – адолатда” деб ҳайқирган Дуйсенбайнинг бутун ишлари хўжакўрсинга эди. Унинг хаёлида, “Бутун тизимни муштумимга йиғиб, хоҳлаганимни уриб янчсам, ўзимдан бошқанинг дамини ўчирсам, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм суради”, деган ҳавойи хаёлдан бошқа бирор вақо йўқ эди. У чориғини унутиб Марусиянинг кароватини ташкил этган тўртта исқирт тахтани эсласа, жирканадиган бўлиб қолганди. “Бор барака мана шу тўртта чирик тахтада”, деган сўзлари хотирасидан ўчиб кетганига гўё юз йиллар ўтгандек эди. Марусиянинг бир кунмас-бир кун ўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, кечалари ухлай олмай тўшагида ағанаб чиқадиган бир кимса эндиликда унинг тезроқ ўлишини истарди. Тушларида “Талисманим ўлса, омад мендан жуз ўгирадими” дея алжираганлари рўёга айланганди. Қизиғи шуки, у кампирни Қорсаройдан чиқариб юбориб, ўз эркига ҳам қўймас, гўё шахси аниқланган она-болаларни катта пул эвазига сўраётган Халқаро ташкилотларга ҳам беришни истамасди. Шахси аниқланганини эшитган Марусия одамларнинг кун-кундан ақлдан озаётганларидан ажабланарди. Кимнингдир онаси, кимнингдир хотини ва яна кимнингдир аммаваччаси бўлиб чиқаётганидан ёқа ушлаб, энди ўлмаса, бу дунёда кун йўқлигидан сиқиларди. Озод, эркин юрган кунларини эслаб, ич-ичидан бўзлаб йиғлагани-йиғлаган эди. Унинг кўз ёшлари қовоқлари босиб қолган кўзларидан ташқарига чиқмас, буришиб кетган ёноқларидан сизиб, иягидан узилиб тушмас, бу кўз ёшлар унинг оҳ-воҳига қўшилиб, лахча чўғ каби юрагига тўкилар, учмоқни истаса-да, учолмаётган шуурининг қанотларини куйдирарди.

Марусия ўзини Қорасаройдан изсиз чиқариб юборишлари эвазига опа-сингилларга икки жойда кўмилган хазинанинг ўрнини айтмоқчи эди. Дуйсенбайнинг бобоси бутун бойликларини у билан бўлашган бўлиб, кампир ҳақиқатан ҳам тўғри гапирмоқда эди. Дуйсенистоннинг ҳозирги амлокларини унга Дуйсенбайнинг бобоси совға қилган, хазина ҳам шу атрофга кўмилганди. Бобоси оламдан ўтганидан бир неча йиллар ўтгач, Дуйсенбай Марусияни мардикор бозорига кўчириб олиб борди. Ўшандан буён Марусия Дуйсенистонга қайтиб оёқ босмаганди. Дуйсенбай унинг мулкларини ўзлаштириб, ўзиники қилиб олгач, унинг бу ерларда қиладиган бирор иши қолмади. Нафсиламбирини айтганда, у учун бу амлокларнинг ҳам, кўмилган хазинанинг ҳам бир чақачалик қадр-қиммати йўқ эди. У ҳурликни, озодликни севар, қўл-оёқларидаги кўринмас занжирларнинг парчаланишини орзулар, бу йўлда бор дунёсидан, ҳатто жонидан ҳам кечишга тайёр эди. Шунинг учун ҳам умр бўйи тўйиб ичиб, ўзини унутишни хуш кўриб келди. Бу дунёнинг ғирромликларини бир дақиқа бўлса унутса, шу унинг учун катта мол-давлат эди. Одамларнинг ёлғон-яшриқлари, мол-мулк дея ўзларини ҳар кўйга солишлари унинг жонига текканди. У одамларга умуман ишонмайдиган бўлиб қолган, одамлардан кўра итларни, паррандаларни кўпроқ ҳурматларди. Улар тушунадими, йўқ, одамлар йўқ жойда ўшаларга сўзларди. Ўзи гапириб, ўзи ичини бўшатар, ўзи гапириб, ўзи дардларидан бўшанарди. Бирор одамни кўриб қолса ғинг демас, оғзига талқон солиб оларди. Шунинг учун ҳам унинг гапирганини шу пайтгача ҳеч ким кўрмаганди. Баъзи бировлар уни гапира олмайди, гунгу лол деб ўйларди.

У яна опа-сингиллардан хазина кўмилган жойни ошкор қилиш эвазига Қорасаройдаги барча мардикорларни озод этишни сўраганди. Ўзини Тайсин емасдан бурун у Житириқни ейиши лозим эди. Шунда у хазинанинг кичик бўлаги кўмилган жойни ошкор этарди. Ва бир йўла неча ойлардан буён ажал билан олишаётган Житириқнинг оғирини енгиллатарди. Житириқ азоб-уқубатлардан қанча тезроқ фориғ бўлса, у шунча енгил тортарди. Келишувга биноан иккинчи кун Тайсин унинг ўзини ейши керак эди. Шунда унинг ичидан қолган хазинанинг қаерга кўмилганлиги ҳақида ёзилган бир парча қоғоз чиқарди. Икки томоннинг битими мана шулардан иборат эди. Житириқ ўлган кун Марҳобо, уч ўғли ва эри Дуйсенистондан зим-ғойиб бўлса, хазина қидириш амалиётининг иккинчи босқичи бошланарди. Гулисипса: “Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани эшитганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани эшитирмадинг! Қочсам, болаларимни ким боқади? Қозоқ-қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим, бир улоқ, Қани менга қовурдоқ?!” дея қочишга рози бўлмаганди. Барчаси Марусия талаб қилганидек аниқ-тиниқ бўлмаса, иш бузилар, натижада мардикорларни ва ўзини озод этишнинг бошқа йўлини ўйлаб топишга тўғри келарди. Ўзининг бу жойдан қочиш истаги бутунлай сўниб қолган бўлиб, у дардига ўлимдан бошқа даво кўрмаётган эди. Житириқнинг оғирини енгил этиб, мардикорларни асрликдан қутқариш ҳам унинг учун озодликка эришишнинг бир чораси эди. Марусия Тайсиннинг қорнига жой бўлган тунда эса Баҳром билан Тўрабика эси кирди-чиқди бўлиб қолган Бахшиллони ўзлари билан олиб қочиши режаланган эди. Ўзини итга раво кўрган Марусия ўлигини ҳам Дуйсенбайга ишонмай қўйганди.

Марусиянинг таклифи опа-сингил – Бутунгул билан Сатангулга роса ёқиб тушди. Шунда улар вақтни бой бермай, Мирзелимбай билан ҳам яширин иттифоқ тузиб олдилар. Қўли пул кўриб, кўзларига ёруғлик инган Мирзелимбай фойда келтириши мумкин бўлган ҳар қандай ишга ўйлаб ўтирмай бош қўшишга тайёр эди. У йўқсулликдан минг бир ташвиш тушган бошига энди бу балони йўлатмоқчи эмасди. Марҳабони ўз туғишган опаси сингари яхши кўрадиган Оқгул эса Марҳабо ва унинг оиласининг озодлиги учун ҳар қандай хавф-хатарга ҳам тайёр эди.

Опа-сингилларнинг эркакка тўймаётганлари устига, Дуйсенбайнинг орқасига чоптириши дард устига чипқон бўлганди. Уларни эпақага келтиришдан қийналиб, қочиб борганча мистер Куаронинг атрофида кўпроқ тимирскиланадиган бош боқонга кенг дунё тор бўлгач, у хавфсизлик вазири билан тил бириктириб, опа-сингилларнинг орқасидан маълумот йиға бошлади. Додага тўғридан-тўғри қизларини ёмонлашнинг оқибати нима билан тугаши мумкинлигини яхши биладиган хавфсизлик вазирига бу қўл келиб, барчасини унинг қўли билан амалга оширишга аҳд қилди. Ҳаммасидан хабари бор Батангул бир куни хавфсизлик вазирининг идорасига қочқинда юрган холлаваччаси билан бостириб бориб, унга хонасида думини гажак қилганча ҳамла қилиб қолди. “Эркак бунақа бўлмайди, орқадан бировларнинг қўли билан иғво уюштиргандан кўра, шимингни ечиб ташлаб, юбка кий”, деганга ўхшатиб, унга роса чираниб ҳурди. Умрида бундан баттарларини эшитган хавфсизлик вазирининг жони ҳиқилдоғига келгач, тўп-тўғри изқувар мистер Куаронинг ҳузурига бориб, қизлари ҳақидаги жиноятлар битилган бир қучоқ папкани унинг олдига отди. Ғазаб отига минган мистер Куаро ҳам каравотининг тагидан икки қучоқ папка чиқариб, хавфсизлик вазирининг юзига унинг ўзи ҳақидаги жиноятлар жамламасини сочиб ташлади. Иккаласи бир-бирларининг орқаларидан йиққан материалларни диққат билан ўқиб, бир-бирларини кўксиларига босиб, ярашиб олдилар. Бир-бирларини эл-юрт олдида шарманда этишдан маъно йўқлигини айтишиб, ўтириб бирга нонушта қилдилар. Бўкиб ичиб, бир-бирларини қучоқлаб, ўпиб, бир-бирларига садоқатларини изҳор этдилар. Шу билан бу масалага шу жойнинг ўзида нуқта қўйилди.

Хор-зор бўлган, бутун сарватидан маҳрум этилган Тайсиннинг кўзига опа-сингил – Бутунгул билан Сатангул халоскор фаришта бўлиб кўринди. Гулисипса улар орасида кимса билмас воситачи эди. У ярим тунда тўстувак кўтариб ҳовлига чиқди. Уни кузатиб бориб-кузатиб келадиган эшикбегиларни опа-сингиллар ноз-фироқлари билан авраб турдилар. Эшикбегилар олти кишидан иборат бўлиб, ҳар саккиз соатда алмашиб, эшикнинг оғзини икки кишилашиб қўриқлар эдилар. Ўн йиллар асносида эшикбегилар бир марта ҳам юртларига бориб келмаган, уларнинг мояналарини бола-чақаларига ҳар ойда Дуйсенистоннинг ҳисобчиси почта орқали жўнатиб турарди. Кимдир бола-чақасини кўриб келиш учун рухсат сўраса, ўз-ўзидан қўлидаги ишидан айриларди. Бир оғиз ичкаридагилардан бири билан гаплашган эшикбегини Дуйсенбай чавақлатиб, гўштини итларига ташлатарди. Шунинг учун ҳамма гунгу лол, эл-юртини, бола-чақасини кўриш орзусида хаёл суришдан маҳрум эди. Улар соғиниш, қўмсаш, ҳижрон ва фироқ туйғуларини қўзғатувчи ҳислардан мосуво бўлгандилар. Улар ширин хаёлларни уйғотувчи туйғуларга берилгудек бўлсалар, қўлларидаги ишларидан айрилардилар. Алалоқибат бола-чақалари, ота-оналари оч қолиб кетарди… Шунинг учун ҳам улар эркаклик майлларини бир-бирлари орқали қондирадиган бўлиб қолгандилар. Улар бир вақтда ҳам эркаклик, ҳам аёллик вазифасини бажариб, бир-бирларидан уялмай-нетмай шимларини кўтариб кетаверардилар.

Бир-бирларини ялаб-юлқаб, бир-бирларига нозу фироқ этаётган опа-сингилларни кўрган эшикбегиларнинг шаҳватлари барқ уриб кетиб, иккалови қучоқлашиб қоравулхонага кириб кетди. Девор орқасида шуни кутиб турган Гулисипса дарҳол Тайсинни еталаб долонга ўтиб олди.

Бутун Қорасаройни кийим-боши билан кўрпанинг остига кириб олган изқувар мистер Куаронинг хурраги тутиб кетганди. Унинг ортидан соядек эргашиб юрадиган икки танқўриқчиси ҳам долонда телевизор кўриб ўтириб, курсида ухлаб қолган эдилар. Овқатларига қўшилган дори уларнинг чошгоҳгача тошдек қотиб ухлашларига етарли эди. Дорининг қолганини қаҳва билан ичган эшикбегилар ҳам, кўп ўтмай бир-бирларини қучоқлаб, қоравулхонада қип-яланғоч қотиб қолдилар. Опа-сингилларга юрагини олдириб қўйган Тарлон, ҳар доимгидек, қоронғи тушиши билан думини чотига қисиб қайсидир бир курсининг тагига кирганди. Ҳар кун шомдан кейин уйига кетадиган Мирзелимбай бугун атайлаб Қорасаройда қолганди. Яхшигина пул эвазига у Марҳабони эри ва уч ўғли билан Дуйсенистондан олиб чиқиш тадорикини кўрарди. Унда беш кимсани машинаси юкхонасига ортиб, ташқарига бемалол олиб чиқиш учун етарли имкон бор эди. Қочоқларни Қозоғистондан чиқариб қўйишни бўйнига олган киракаш мижозларни Дуйсенистоннинг баланд деворлари остида кутмоқда эди.

Тайсин хонага кириб келганида, Тўрабика Житириқни ўлдиришади дея қаттиқ хавотирга тушиб, лабини тишлаб қонатиб юборди.
– Кераги йўқ! – дея у олдинга интилганди, Тайсиннинг орқасидан уриб кирган опа-сингиллар унга сўйлоқларини кўрсатиб, деворга сиқиб қўйдилар. – Майлига, биз асрликда ўлиб кетайлик, илтимос, Житириққа тегманглар!
– Фойдаси йўқ! – деди унинг билагидан ушлаган Баҳром. – Биз озод бўлсак-бўлмасак, бу иш энди амалга ошади. Бу жойда уларнинг ўзларининг манфаатлари бор.
Шу пайт ҳеч ким кутмаганда хонага бош боқон Тарлон уриб кирди. Собиқ бош боқон Тайсин унга ғазаб билан тикланган эди, у ётиб оёқларини кўтарди. Бу унинг таслим бўлганидан нишона эди. Териси суягига ёпишган Тайсин, “Қўлга тушдингми, ғирром” дегандай довруқ солиб ҳурган эди, Тарлон, “Менга кучантирадиган дори ичириб, тан-баданимга қалампир ишқашганди. Ихтиёрим ўзимда бўлмагач, охиригача уришишга мажбур бўлдим. Йўқса сен билан уришишга қандай ҳаддим сиғарди? Кечир мени, ўртоқ”, дегандай чингсаниб унинг оёқларини ялади. Унинг ҳақиқатни тан олаётганини кўриб ғазабини босган Тайсин, “Энди фойдаси йўқ. Бу билан нима демоқчисан” дея, талвос солиб ҳуриб юборди. Ўрнидан туриб Тайсиннинг оғзини ялаган Тарлон, “Мени ҳам гуруҳларингизга олинглар. Барча шартларингизга сўзсиз итоат этаман, фақат ҳар қандай шароитда ҳам бош боқонлик лавозими ўзимда қолса, менга шунинг ўзи етарли” дегандай, яна ялинганнамо жингсаниб, дум булғаб қўйди. “Сенинг насли-насабинг олий-ку! Қаланғи-қасанғилар билан ўралашиб нима қилмоқчисан?” дея Тайсин ҳурганича унга писанда этди. “Насл-насабига ҳам, туянинг терисига ҳам тупурдим” дегандай ғалати вовуллаган Тарлон, яна ётиб, икки оёғини кўтариб, пешоб қилиб юборди. Тайсин уни ҳидлаб, ялаб-юлқаган эди, ўзининг кечирилганини билган Тарлон ирғиб туриб, опа-сингилларнинг орқа-олдини ҳидлаб, тўрт томонга ирғишлаб, ўзининг чексиз миннатдор бўлганини билдирди. Улар бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқаришга онт ичгач, мақсадлари сари бирга одимлайдиган бўлдилар.

Ўтган ойлар ичида бир марта ҳам юмилмаган кўзини бақрайтириб, қилт этмай шифтга термулиб, оғзини шалоқ қайчидек очиб ётган Житириқ шишиб, катакда боқилган курка каби семириб кетганди. Оғзига ҳар соатда сув томчилатиб турган Тўрабиканинг унинг қандай семираётганига ақли бовар этмасди. Ўтган вақт ичида у на бирор нарса еганди, на тариқдек бир нимани чиқитга чиқарганди. Баҳромнинг тўстувак кўтариб унинг орқасини пойлаганлари бекор кетган эди.

Чордоқсифат каравотидан тортиб уни пастга туширган собиқ чемпион билан бош боқон ҳаш-паш дегунча беморнинг тит-питини чиқариб, суягини суякка, чавоғини чавоққа ажратиб ташлади. Яна беш дақиқа ўтиб, дунёда қозоқнинг донғини тўрт иқлимга таратган енгилмас қаҳрамондан бир ҳовуч пар қолди, холос. Гулисипса уларни йиғиб-йиғиштириб, белидаги чиқиндихалтасига тиқаркан:
– Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани йиғиштириб, чиқиндихалтага тиқишни ҳам буюрмадинг! Қўлга тушиб, қамалиб кетсам, болаларимни ким боқади? Қозоқ-қозоқ қарсилдоқ, Бултур бердим бир улоқ, Қани менга қовурдоқ?!” – дея жаврашга тушди.
Қўлини бегуноҳ бир жониворнинг қонига бўяган жиноий гуруҳ, чакаги тинмаётган фаррошни эргаштириб, хонадан чиқиб кетди. Хонада юз-кўзига кафтини босиб йиғлаётган Тўрабика билан лолу ҳайрон Баҳром қолди.

Ўтган тунда режаланган ишнинг биринчи босқичи кўнгилдагидан ҳам аъло даражада қиёмига етди. Асирликдаги оиланинг қочишга муваффақ бўлганини эшитган Марусия, гўё ўзи озод этилган қулдек, суюнганидан терисига сиғмасди. Житириқнинг азоб-уқубатдан қутулганини билиб, унинг руҳи чирқирамасин дея, тўлғазиб икки стакан вино ичди. У ортиқ очлик эълон қилган билан биров унга эътибор ҳам бермаслигини аллақачон тушуниб етган, жиннилардек ўзидан-ўзи кулиб қўярди. Колбасадан газак этиб, даҳанида деярли тиши қолмагани сабаб, луқмасини икки лунжида айлантириб, ширин хаёлларга чўмарди. Ҳалигача унинг бу янглиғ суюнганини биров кўрмаганди. Ачинарлиси, изқувар мистер Куаронинг энг ишончи одамлари дея ҳисобланадиган икки хавфсизлик генералининг ва танқўриқчиларининг арзимаган ваъдаларга учиб, опа-сингиллар тарафига ўтганлари бўлди. Бу Дуйсенистон ҳокимияти жиловини норасмий жиҳатдан опа-сингиллар қўлга олди, дегани эди. Улар Марусиянинг айтган жойидан хазинани кавлаб олиб, ўзларича чексиз бир бахтга эришган эдилар. Гўё хориж банкларидаги милярдлари уларнинг бахтли бўлишларига камлик қилгандек эди. Кампирнинг бу ганжиналарни “қолганининг юздан бири” деётганига кўра, ҳали ер ости ақлга сиғдириб бўлмайдиган бойликларга лиқ тўла эди. Қолганини топиш учун собиқ бош боқон билан амалдаги бош боқон, қоидага кўра, Марусияни тирик тутиб ейишлари керак бўларди. Кампир қувлик қилиб, хазина ўрни кўрсатилган бир парча қоғозни қайси аъзосининг ичига яширганини айтмаган эди. Бу уни Тайсин билан Тарлон бир ёқдан майда-майдалаб ейишга мажбур деган маънони англатарди.

Тун яримидан кечганда Марусиянинг хонасига опа-сингиллар бошчилигидаги жиноий гуруҳ кириб келди. Уларни кўриб капалаги учган Бахшилло тоғорчани қўлтиғига қисиб, Марусиянинг каровати тагига уриб кетди. Кампир бутун кийимларини ечиб, уларни анчадан буён кутиб турганди. Унинг шижоатини кўрган собиқ бош боқон билан амалдаги бош боқон ўз-ўзидан ваҳимага тушиб, тайсаллаб қолди. Кампирнинг:
– Нимага қоққан қозиқдек туриб қолдиларинг! – деган овозини эшитгач эса улар бутунлай ўзларини йўқотиб қўйдилар.
Унинг қўққисидан момақалдироқдек гулдураган шиддатли овози опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулни ҳам қаттиқ қўрқувга солди. Уни ҳеч қачон гапирмаган деб эшитган ва бир неча йил ўзи бунга гувоҳ бўлган Бахшиллонинг юраги тарс ёрилиб, шу ондаёқ жон таслим қилди.
– Бас, етар! – деди жаллодларнинг серрайиб қолганини кўрган Марусия. – Иккаланг икки оёғимнинг учидан ейишни бошланг! Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши. Пайсалга солганни ёмон кўраман!

Тайсин билан Тарлон хоҳламаётган бўлса ҳам, ўз-ўзидан унинг оёқларига ёпишди. Уларнинг ихтиёри ўзларида эмас эди. Гўё кампир ичларига кириб олиб, уларни бошқараётганга ўхшарди.

Турган жойларида ваҳимадан совуқ ҳайкалдек қотиб қолган опа-сингиллар, “Нима учун оёқдан бошлаш керак? Кекирдагидан бўғизлаб, бўғиб ўлдирса ўзига осон бўлади-ку” деб ўйлаб турганларида, кампир уларнинг кўзларига тикилди. Ҳеч қачон унинг кўзларини кўрмаган опа-сингиллар Марусиянинг кўзларидаги аллақандай даҳшатни кўриб, қўрқиб кетганларидан чотларига сийиб юбордилар.

– Гўрсўхта эрим, бир этак баландли-пешли болаларим бор. Ўзинг сақла, Парвардигор. Мен ҳеч нимани кўрганим йўқ, Сен менга ҳеч нимани кўрсатмадинг! – дея тан-баданини ваража тута бошлаган Гулисипса, Батангул билан Сатангулнинг орқасини тозалаб, бир дақиқада белидаги чиқиндихалтасини икки марта тўлғазди. У айни пайтда Тайсин билан Тарлоннинг орқасига тўстувак тутишни ҳам унутмасди.

– Мен ўлишимдан аввал вужудимни жоним тарк этмаганини билмоқчиман! – деди Марусия. – Ҳали ҳам тирик эканимни, яшаётганимни ҳис этиб, томирларимда оққан қонимнинг қанчалар жўшқинлигини ўз кўзларим билан кўриш мен учун жуда ҳам муҳим. Мен оғриқни соғиндим. Тутқунлик, ўтган кунлардаги таҳқирлар мени хору зорликларга кўниктирмаган бўлса, демак, мен ҳали ҳам ор-номусимдан кечмаганман, ҳали ҳам Аллоҳ ато этган ҳурлик мени тарк этмаган. Юрагимда ҳамият, мағрур бир бандалик кайфияти кезаётганини мен шундан биламан. Улардан айрилган бўлсам, ейиш-ичиш учун ўзимни ўзим қул – мардикор қилган бўламан, ихтиёрим билан ўзимни ўзим кишанлаган бўламан. Ҳали ҳам тирик эканлигимни англаб, бахтиёр бир алфозда жон таслим қилишга муяссар бўлсам, менинг хазинам ҳам, ганжинам ҳам шу бўлади. Унинг олдига бошқа бир нарса билан боришдан ўзи асрасин, илоё! Мен шунчаки, оғриқсиз, тафаккурсиз бу дунёни тарк этишни хоҳламайман. Кимлардир тирикликларидаёқ ўлган бўладилар. Аммо буни ўзлари билмайдилар. Мен ҳеч қачон эркимни, ҳурлигимни сотиб, мол-дунёга, ҳурмат-эътиборга эришишни истамаганман. Бу ихтиёрий ўлим дегани, ахир. Озодлик, ялтоқлик эвазига берилган мол-дунёнинг, бахтиёрликнинг нақадар бир бадбахтлик эканлигини мен жуда эрта англадим. Шунинг учун ҳам мен одамлардан қочиб юрдим. Ўзларини бахтли деб юрган бечораларнинг нақадар бахтсизликларини кўришни истамадим. Уларнинг ёлғон-яшриқларини эшитишга менда на тоқат, на ихтиёр бор эди. Мен биргина Аллоҳнинг ёди билан яшадим. Унинг яратган мўъжизаларига маҳлиё бўлиш менга тўғри яшаш бахтини берди. Фалакнинг ишларига гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмаслик менга завқ бағишлаб келди. Ҳақиқий муҳаббатга эришмоқ учун ақлдан кечиш керак. Ақлдан кечиш учун ақл жоиз бўлади. Ақлинг бўлмаса, нимангдан кечасан? Муҳаббатга қандай етасан? Тафаккур этиш неъмати, шукроналик менга узоқ ва мазмунли умрни бахшида этди. Мен қуликка ҳеч қачон кўника олмайман. Чунки мен фикрлаш неъматига эгаман, қалбимда муҳаббатим бор. Ҳар кун Аллоҳнинг ёди билан янгиланиб турадиган идроким ҳеч кимнинг қўлларимга кишан солишига йўл бермайди. Мен учун озодликдан бошқа ашёда на мантиқ, на соадат бор. Озод инсонда ҳамма нарсаси бор.
Озодлиги йўқ инсоннинг ҳеч нимаси йўқ. Озодликсиз дин йўқ, диёнат йўқ, ҳамият йўқ, ор-номус йўқ. Озодликсиз диёнат умрга хиёнатдир. Озодлиги йўқ бахт бахтиқароликдир. Озодлиги йўқ инсоннинг ўзини-ўзи алдаб, ўзини-ўзи авраб яшаши – фолбиннинг ўзига-ўзи ром очиб, йўқ нарсага ишонишидек бир гап. Худога ишонмаган одам ҳамма нарсага ишонади. Яратганни чин кўз билан танимаган банданинг мустақиллиги ҳам, тараққиёти ҳам ёлғондакамига бўлади. Сароб ичра сароб бўлмоқ қанчалар мантиқсиз, қанчалар…
У шундай дея биргина боши қолганда жон берди. У на оёқларидан айирилганда, на жигари билан юрагидан айрилганда бир марта бўлсин инграб қўймади, дод солмади, қони оқиб туриб ҳам фарёд этмади. У кулиб туриб сўйлади. Ёниб туриб, чин юрагидан сўйлади. Тириклигига ишонгани учун у жуда ҳам бахтиёр эди…

Тайсин билан Тарлон унинг бутун танасини еб, бўғзига етганларида Марусиянинг бўғзига тиқилиб қолган бир парча қоғоз чиқди. Қоғозда кавлаб олинган кечаги хазинанинг қолгани ўша ўранинг икки қулоч остида эканлиги ҳақида ёзилганди. Яна бир жойда учинчи бир хазина ҳам бўлиб, унгача қазиб олинган хазиналар унинг мингдан бирича ҳам эмаслиги ҳақида сўз борарди. Унинг калити изқувар мистер Куаро қиёфасига кирган Дуйсенбайнинг ичида бўлиб, уни топиш учун Дуйсенбайнинг суягини келида туйиб, гўштини қиймалаб чиқиш лозим бўларди…

– Гўрсўхта эрим бир этак баландли-пешли болаларим бор! – деди Марусиянинг кийимларини териб чиқиндихалтасига тиққан Гулисипса, шунда хуррак отиб ухлаётган Дуйсенбайни кўзлари олдига келтириб. – Ўзинг асра, Парвардигор! Мен ҳеч нимани кўрганим ҳам йўқ, эшитганим ҳам йўқ. Ҳалол хизматим ҳаққи, моянамни беришса бўлди. Қолгани менга керак эмас. Мен балодан қочаман, бало мени қувади. Художон, ўзбеклигим менинг айбим эмас-ку, ахир…

(давоми бор)