Бош вазирга очиқ хат

Бош вазирга очиқ хат
92 views
17 August 2014 - 6:31

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ
ВАЗИРИ Ш.МИРЗИЁЕВГА
Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИ И.А.КАРИМОВГА

Тошкент шахар, Учтепа тумани, Ўрикзор
Махалласи Боситхон 4 тор кўча 23 уйда
яшовчи Ж.Шосалимов ва Тошкент шахар
Шайхонтохур туман, Каттабоғ кўчаси 31
уйда яшовчи Ш.Рустамовдан.
ЧИҚИШ РАҚ.№___тел: 99890.353-19-31.

О Ч И Қ   Х А Т

Хурматли Шавкат Миромонович !

Биз ушбу йилнинг 1 февраль кунидан бошлаб Ўзбекистон хукуматининг қуйи ва ўрта бўғин идораларига, қонунчилик хокимиятининг вакилларига (ноибларига) ўзимиз ва ахолининг муаммоларини кўтариб чиқиб, уларнинг ечимини излаб мурожаат қилмоқдамиз.

21.03.14 йил куни 11 масала юзасидан шахсан Сизга хам мурожаат йўлланган.
Бизнинг Сизга йўллаган Аризамизни идорангиз амалдори Э.Махмудов қабул қилиб олган эди.
Орадан бир ойча вақт ўтгач, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирининг ўринбосари А.Юсуповнинг имзоси билан хат жавобини олдик. Унинг жавоби бизни мутлақо қониқтирмади.
Бизда хукумат амалдорларининг виждонлари, малакалари, эгаллаб турган мансабларига мутлақо мос эмас деган фикр пайдо бўлди. Амалдорларнинг берган жавоблари фикримизнинг исботидир. Шундан кейин шахсан Сизнинг қабулингизга кириб, муаммоларни ечиш йўлини танладик.
9.06.14 йил куни бизни қабул қилишингизни сўраб такрорий Ариза йўлладик.

23.06.14 йил куни хукумат амалдори И.Мирзаев 26.06.14 йил куни соат 11.00.да қабулга келишимизни телефон орқали маълум қилди. Лекин шу кунги қабул М.Боқиевнинг касаллиги туфайли амалга ошмади.

М.Боқиевдан бошқа амалдор бизни қабул қила олмаслиги, М.Боқиевнинг касалхонада операция қилинганлиги туфайли бизнинг тўрт ойлик харакатларимиз чиппакка чиқди. Ушбу харакатлардан хулоса қилиб, И.Мирзаев бизга ўхшаган фуқароларни сизнинг қабулингизга киритмаслик хақида сиздан кўрсатма олган ёки у ўзини сиздан юқори қўймоқда.

Биз 11 та иқтисодий масалалардан ташқари сизнинг қабулингизда қуйидаги ўта мухим масалаларни ечими юзасидан Сизнинг фикрингизни билишни истаймиз:

1. Президент Фармони билан ўзбек миллатини камситувчи ва тахқирловчи даражада энг кам иш хаққи миқдорини 97.000 сўм қилиб белгиланиши ва айнан шу кўрсаткичдан ахолини социал химоялашда асос сифатида
фойдаланилиши масаласи хақидаги фикрингизни,
2. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш кучларини ва ишлаб чиқаришни яксон қилган пул эмиссияси сиёсатининг оқибатларини хозирги хаётимизга ва келажагимизга солаётган тахликаси масаласи хақида,
3. Аҳолини, банк ва ишлаб чиқариш корхоналарини пул маблағларини йўқилишига сабаб бўлган, асоссиз пул эмиссияси оқибатлари масаласи,
4. Ўзбек миллий валютасининг хаётини сақлаб қолувчи, уни тўхтовсиз қадрсизланишини олдини олувчи, товарлар ва хизматларнинг чакана нархларини ўсишини тўхтатиш масаласи хақида,
5. Чет элга чиқиб мехнат қилишга мажбур бўлаётган 5- 8 миллион ўзбек мехнат армиясининг мавжудлиги ва бу армия жангчиларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган 150 – 250 миллиард долларлик инвестицияларига бахо бериш масаласи хақида,
6. И.Каримов давлатни бошқаришда йўл қўйган хато ва камчиликлар оқибатларини хаётимизга ва келажагимизга солиши кутилаётган хавф хатарлари юзасидан фикр алмашиш.
7. Ўз.Р.Конституциясига киритилган сўнгги ўзгартиришлардан келиб чиқиб, сизга юклатилган янги ваколатларни хаётга тадбиқ этиш борасидаги фикр ва мулохазаларингиз билан танишишни истаймиз.

Сиздан Ўзбекистон қонунлари доирасида бизни шахсан қабул қилишингизни яна бир бор илтимос қиламиз.

Сизга хурмат ва эхтиром билан:                                                                                                                                                                                                                      / Ж.Шосалимов /

                                                                                                                                                                                                                                                                                  / Ш.Рустамов /

                                                                                                                                                                                                                                                                      ______август 2014 йил.