“Қулдорлик режими”да хор бўлаётган икки касб

“Қулдорлик режими”да хор бўлаётган икки касб
124 views
19 August 2014 - 10:10

paxta-2014Мана 2014 йилнинг кузи, яъни халқ тили билан айтганда олтин куз-барча хосилни йиғиб-териб олиш муддати яқинлашиб қолди, энг асосийси, халқ бойлиги ва ифтихори бўлган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш фурсати яқинлашиб келмоқда. Аммо халқнинг кайфиятида бунинг ифодасини кўрмайсиз, аксинча саросима-қўрқув ва ташвишли нигохларни учратиш мумкин.

Бунга сабаб, сўнги йилларда йилдан-йилга авж олиб бораётган мамлакатимизда бюджет ташкилотларида ишловчи барча ходимларни совет даври сарқитидан қолган кампаниявозлик бўлмиш эксплуатация қилиш кенг авж олганлигида кўриш мумкин.

Ушбу эксплуатация оқибатида, айниқса ходимларининг сони жихатидан энг кўпчилигини ташкил этадиган таълим тизими ва тиббиёт ходимлари кўпроқ жабр кўрмоқдалар. Сабаби ушбу икки касб эгалари вилоят-туманларда барча қора ишларга мажбуран жалб қилинувчи биринчи рақамли текин хизматчиларга, ўрни жоиз бўлса қулларга айлантирилган. Чунки уларнинг қора хизматларига ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ўз маърузаларидан бирида -“дунёдаги минг-минглаб касблар орасида икккита буюк касб – шифокорлик ва ўқитувчилик касби борки, улар токи ҳаёт бор экан, ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди”, -деб алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Аммо ҳақиқий амалиётда бунинг мутлақо аксини кўриш мумкин. Мактабгача таълим масканларидан тортиб олий ўқув юртларигача, оилавий поликлиникалардан тортиб шифохоналаргача бўлган барча ташкилот ходимларини баҳор фаслидан бошлаб пахтани ягана ва чопиқ қилиш учун далаларга мажбуран ҳайдаш амалиёти кенг тадбиқ этиб келинмоқда. Бу ҳолатни фашист-босқинчиларининг уруш қилиб босиб олган давлат аҳолисини асосан аёллар ва болаларни Германияга (“Ихтиёрий ўлим ёки ишлаш”) мажбуран ишлатишга юборилгани каби десак, ҳудди ўзидир.

Ўзбекистон маҳаллий ҳукумат раҳбарлари махфий ташкилот қўрқитуви орқали аҳолини ростмана фашистлардек асосан аёлларни болаларни қўшни туманларга пахта плантациясига 10-30 кунгача бўлган муддатга ётоққа кетишга мажбур қилмоқда. Бунга қаршилик кўрсатганларга эса ишдан ҳайдаш хақидаги дўқ-пўписагина эмас ростманасига – агар вилоятларда ходим ишдан ҳайдаладиган бўлса, халқ тили билан айтганда халқ душманига чиқазилиб- унинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Сабаби бюджет ташкилотларида фаолият юритувчи барча ходимлар оладиган арзимас ойлигини гарчанд пластикда олиб яна 15-20% гача зарар кўришсаларда, аммо фақат шунинг хисобига кун кўриб, рўзғорини тебратишадилар.

Шу туфайли, улар учун ишдан ҳайдалиш, оила бюджетига жуда оғир мусибатларни олиб келиши тайин. Бундай кишилар, гарчанд ёш авлод онгини ва билимини юқори даражага кўтара оладиган етук педагог ёки ўз касбининг эгаси ва халқ соғлиғининг ҳақиқий посбони бўлган малакали шифокор бўлсада, улар маҳаллий раҳбарларнинг айтганига юрмай, тинчлигини бузганлиги сабабли ҳам ҳеч қаерга ишга олинмайди, ҳатто мурожаатлари ҳам кўрилмайди, аксинча ниқобланган касаба қўмиталари ҳам, ишчи хизматчиларнинг манфаатини эмас, айнан раҳбарларнинг манфаатини кўзлаб иш кўрадилар .

Бундан ташқари вилоятларда пахта далаларида чопиқ ишлари бошлангунга қадар ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини кўчалар, катта йўллар ва темир йўл атрофларини тозалатиш ишларига мажбуран жалб қилиш одатий ҳолга айланиб қолди!

Давлат ушбу касб эгаларини кўча супуриш ва ободончилик ишлари учун катта харажатлар билан ўқитганмикан, шунинг учун олий маълумот бериш шартмикан?…

11Пахта йиғим-теримининг бошланиши ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари учун энг оғир давр ҳисобланади. Барча вилоятларда, хусусан, сўнгги йилларда пойтахт – Тошкент шаҳрида ҳам ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини пахта териш учун пахта далаларига ҳайдалмоқда. Вилоятларда қўшни туманларга, Тошкент шаҳрида эса қўшни вилоятларга ишчи-ходимлар қул-хашарчи сифатида ётоққа олиб кетилади. Олий маълумотли профессор-ўқитувчилар, устозлар-маърифат тарқатувчилар, ҳамда олий маълумотли юқори малакали шифокорлар ва тиббиёт ходимлари пахта далаларидаги оғир шароитлар туфайли ўз соғликларини ҳам йўқотишмоқдалар.

Улар умуман шароити бўлмаган, чорва моллари, паррандалар сақланадиган биноларда ёки кимёвий ўғитлар сақланадиган омборхона вазифасини ўтаб келган очиқ сочиқ дераза ойналари йўқ шийпонларда ётишга мажбур бўлмоқда. Сабаби илгари дала шийпонлари бўлган эски биноларда ҳозирда фермерларнинг чорва моллари ва паррандаси боқилади.

Энг ачинарлиси, пахта йиғим-теримига борган кўпчилик ҳашарчилар уйларига қарздор бўлиб қайтишади. Пахта далаларида ҳар бир ҳашарчи учун пахта териш нормаси белгиланган. Шундай аламли оғир шароитларда ҳашарчилар пахта териб, ўзларига белгиланган нормани бажаришга мажбур қилинмоқда.

Бунинг билан биз пахтани термаслик керак демоқчи эмасмиз, аксинча масалага тўғри ечим топиш лозим.

Пахта учун ҳақни тўғри белгиланса, (масалан Қозоғистонда 1 кг пахта терганлиги учун бизникидан 5 баробар кўп хақ тўланмоқда, аммо Қозоғистон пахта саноати касодга учраган эмас) пахта ҳосилини йиғиб олиш учун халқ ўз ихтиёрлари билан боришади. Ана унда давлат фермерларни эксплуатация қилмайди, фермерлар қишлоқ ишчи-хизматчиларни эксплуатация қилмайди, қишлоқ аҳли ўз навбатида шаҳардик педагок ва шифокорларни эксплуатация қилмайди ва натижада ўз-ўзидан ижтимоий адолат ўрнатилади.

Бизда бўлса, шаҳар ва туман марказларида ишлайдиган олий маълумотли етук педагок ва шифокорлар пахта даласида «ЖАВЛОН» ураётган бир пайтда, айнан пахта далалари ҳудудидаги қишлоқларда яшовчи ва ҳеч қаерда ишламайдиган аҳоли қатлами нима билан машғул? –«Бизнес» билан!

Яъни, ўз худудидаги пахтани териши ва ундан манфаат кўриши нақд бўлган қишлоқ аҳолиси, шаҳарлик олий маълумотли етук мутахассисларни чув туширишга ўтиб олишган, яъни педагок ёки шифокорга, бир ойга -«гуёки ёлланади» ва эвазига 400минг сўм нақд пул олиб, ҳамда ўз пахтасини терганлиги учун пахта пулини олиб ва фермердан ғузапоями ёки бошқа келишувларми, хуллас ўз иши билан шуғулланаверади.

Аммо, 400-500минг сўм ойлигини фақат пластикда, ҳамда шуни ҳам ўз вақтида ололмайдиган (бир сўм ҳам нақд ойлик берилмайди бу ёзилмаган қонун бюджет ташкилотлари учун) бечора шаҳарлик устоз ёки шифокор ёлланма ишчи учун 400минг сумни нақдни олдиндан бериши шарт.

Буни ватанпарварлик деб аташ керакмикин ёки мутелик деб билмадим?

Масаланинг иккинчи томонига эътибор берадиган бўлсак, пахта йиғим-теримига кетган ўқитувчи-устозларнинг дарслари умуман ўтилмаяпди, ўқувчилар дарс вақтларида устозларнинг йўқлиги сабабли бекор ўтиришиб, билимсиз қолиб кетишмоқда. Ўқитувчи-устозлар-вояга етиб келаётган ёш авлоднинг онги ва билими-маънавий соғлиги учун масъул, ҳамда малакали шифокорлар тиббиёт ходимлари – халқнинг руҳияти ва тан-соғлиги учун масъул бўлганлар, ёппасига узлуксиз равишда ҳар хилдаги кўча тозалашдан тортиб бошқа қора ишларга, “ҳашар номи билан” мажбуран жалб қилинадиган бўлса, ўсиб келаётган ёш авлодга, фарзандларимизнинг онгини-билимини- маънавиятини ким асрайди, ким уларнинг тан-соғлигини ва руҳий баркамоллигини асрайди.

“Фарзандлари соғлом ва билимли бўлган юртнинг келажаги буюкдир”-деган чақириқ, фақатгина қоғоз учун-кўз буямачилик учунга ўхшаб қолмоқда.

Фарзандаларимиз-келажагимиз тақдирига бундай эътиборсизлик, келажакда ўта жиддий салбий оқибатларни олиб келиши, кундай равшанку!.

Ушбу фикримизга 2013 йилдаги воқеа яққол мисол бўла олади: Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 1200 дан ортиқ ўқувчи таълим олаётган 52-ўрта мактабда 2013 йил май ойидан бошлаб директор лавозимида “ишлаб келаётган” 57 ёшли, оиласиз, фарзандсиз, меҳр булоғидан бебаҳра, муқаддам судланган-пенсионер “хоним” – Қандолат Мухторова 65 нафар ўқитувчини, онгсиз равишда ёшларга оид давлат сиёсатига- қарши чиқиб, маҳаллий раҳбарларнинг кўзига яхши кўриниш учун хаммани 100% пахта теримига сафарбар этган. Мактабдаги 1200 нафар ўқувчига, 52-мактаб директори Қандолат Мухторованинг лоқайдлиги –мансабпарастлиги ва лаганбардорлиги сабабли, 1200 нафар ўқувчини ўқитиш учун 65 нафар ўқитувчи ўрнига 5-6та ўқитувчи “билим” бериш учун мактабда қолган!

52-ўрта мактабнинг 90% ўқитувчилари 18 сентябрдан бошлаб пахта теримига гуёки жавлон уришга сафарбар этилган ва натижада ёш авлодга талим-тарбия бериш ўрнига ўқитувчиларнинг куни пахта ғўзапояларининг шудринги орасида пахта йўқлигидан бесамар ўтган., уйларига эса еган овқатлари учун қарздор бўлиб қайтишганлар. Бунга сабаб эса, пахта далаларида ҳосил қолмаган бўлса-да, ҳашарчиларнинг далаларда “сон” бўлиб туриши каби маҳаллий раҳбарларнинг маҳаллий сиёсатлари туфайли улар далаларда қолишларига мажбур қилиниши оқибатидир.

13Гўёки пахта далаларида фалончи миқдорда хашарчилар жавлон уриб пахта теришмоқда!”, -деган сохта хабар бериш учун шундай қилинганлигидир!.

Оҳангарон туман Халқ таълими бошқармаси мудири Эрназаров Абдуқаҳҳор – 52-мактаб директорининг ушбу ишларидан хабардор бўлса-да, бу ҳолатга кўз юмиб панжа орасидан қараган, сабаби нима-да экан..!?

Оҳангарон туман прокуратураси нега судланган шахсни масъул лавозимга, маънавият ўчоғига раҳбар этиб ишга тайинланганлигига эътиборсиз қарайди?! Маънавият ўчоғидаги аҳвол шуми, муносабат шуми?!

Ушбу ҳолатни, ҳаракатсиз халққа қарши исён, ёки геноцитизм деб баҳолаш мумкин, суянчиқлари вилоят ташкилотларида эканликларини сезиш мумкин.

Чунки, ушбу муқаддам судланган- пенсионер “хоним”нинг директор лавозимига тайинланишида, унинг автобиографияси ва меҳнат фаолияти, вилоят халқ таълими мутасадди раҳбарлари томонидан чуқур ўрганиб чиқилганидан кейингина, тасдиқланишини назарда тутсак, мактабга директорни тайинлаш ва иш фаолиятини назорат қилишга масъул бўлган барча ташкилотлардаги раҳбарларни жазога тортилмоғи лозим бўлар эди-токи бу каби ҳолат иккинчи бор такрорланмаслиги учун.

Охангарон туманидаги 52-ўрта таълим мактаби ёшларининг таълим тарбиясига бўлган совуққонлик ва лоқайдликни бир мисолда келтиришимиз бэжиз эмас. Сабаби бундай мисолларни бошқа мактабларда ҳам кўриш мумкин.

Бундайин халқ таълими ва қолаверса бошқа соҳалардаги салбий ҳолатлар, ўз-ўзидан давлатнинг давлат сифатидаги халқаро майдондаги нуфузининг пасайишига ҳам олиб келади!

Шуни унутмаслик керакки, ҳукумат қанчалар зуғм-мажбурлаш ва қийноқ усулларни қўлламасин Фуқароларнинг ҳокимият органларига ишончи йўқолмасин!.

Инсонларнинг ҳуқуқий маданиятга бўлган интилиши йўқолмасин!.

Пичоқ суяккача бориб тақалмасидан бурун, бунинг олдини олишга ҳаракат қилинсин!

Инсонни сиёсатдан – бор ҳақиқатни гапиришдан маҳрум этиш, фарзандлари келажаги тўғрисида қайғуришдан маҳрум этишдир –деган экан машхур Француз-адиби.

Холдор Равшан