Тил офатлари ҳақида

Тил офатлари ҳақида
174 views
22 August 2014 - 15:36

3Тил офатлари кўп ва хилма-хилдир. Уларнинг қалбда лаззати ва табиатда боислари мавжуд. Уларнинг хатаридан фақат сукут этишлик билан нажот топилади. Биз аввало сукут этишликнинг фазилати ҳақида зикр этамиз, сўнг муфассал суратда тил офатлари тўғрисидаги сўзни келтирамиз, иншааллоҳу роббул оламин!

Билинг! Чиндан ҳам сукут сақлаш инсон ҳимматини жам қилиб, фикрни фориғ этади.

Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Кимки менга соқол ва мўйлаб ўртаси (оғзи) ва икки оёғи ораси (фарж-нафси) кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман”. Имом Бухорий ривояти.

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда воридким: “Банданинг қалби пок бўлмагунича иймони тўғри бўлмайди, тили ростгўй бўлмагунича қалби мустақим бўлмайди”. Ибн Абу Дунё “Сомт” китобида ривоят этган. Имом Бухорий бу ҳадисда гап-қораш бор, деб айтганлар.

Муоз ривоят этган ҳадиснинг охирида шу сўзлар мавжуд: “Бу тилингни тий”. Мен дедим: “Эй Расулуллоҳ! Биз сўзлаган нарсаларимизга ҳам жавоб берамизми?” Расулуллоҳ айтдилар: “Онанг сени йўқотиб қўйсин! Эй Муоз, одамларни юзлари билан ёки бурунлари билан оташи дўзахга уларнинг тиллари қилган ғийбат-бўҳтон гаплари йиқитади”. Имом Термизий бу ҳадисни саҳиҳ, деб айтганлар. Ибн Можа ва Молик ҳам ривоят этишган.

Яна бир бошқа ҳадисда ворид бўлганки: “Кимки тилини тийса (сақласа), Аллоҳ унинг авратини сатр этади (беркитади)”. Ибн Абу Дунё ривоят этган, ҳадис илми олими Ироқий бу чиройли ҳадис, деб айтган.

Ибн Масъуд айтдилар: “Тилимдан бошқа узоқ вақт ҳибс этишга лойиқ ҳеч нарса йўқ”.

Абу Дардо айтдилар: “Оғзингга қараганда қулоғингга инсоф эт. Дарҳақиқат, гапиришингдан кўра кўпроқ эшитишинг учун сенга икки қулоқ ва бир оғиз ато этилган”.

Мухаллад ибн Ҳусайн дедилар: “Мен эллик йилдан буён узр талаб этиладиган бирон-бир калима демадим”.

Манба: «ХИДОЯТ ИЗЛАБ»( Холис Аллох йўлида ) гуруҳи