Ўзбекистонда рус тили: “да” ёки “нет”?

Ўзбекистонда рус тили: “да” ёки “нет”?
95 views
23 August 2014 - 15:07

7Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Facebook” ижтимоий тармоғида ўз саҳифасини очди. Қувонарли ҳолми? Албатта! Лекин саҳифа, унинг боши (баннери) рус тилида! Нимага дейсизми? Билмайман. Мен ҳам шундай савол бердим. Наҳотки бутун бир бошли вазирликда, ходимлари чет тилларини мукаммал билиши керак бўлган идорада битта саҳифани давлат тилида юритадиган одам топилмаган бўлса? Ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлса ҳам майли. Йўқ, фақат рус тилида!

Бу воқеа уч ойдан бери ўзимга бераётган саволни бугун сиз, гапдошларимга ташлашга мажбур қилди. Ҳаммаси ёз бошларида Тошкентда шакар атрофида бўлган… Ҳмм, нима десам экан? Совет даврини эслатадиган тақчиллик (дефицит), шов-шув ва жанжалдан бошланди. Йўқ, мен шакар масаласига тўхталмоқчи эмасман. Гап рус тилида. Ўшанда Тошкент бозорларида олинган суратлар интернет орқали тарқаб кетди. Бозорларда юзлаб одамлар навбатда турибди. Расмларда эса фақат рус тилидаги ёзувлар: “Саҳр нет. Очирт не делат” каби гаплар. Хатоларга тўла сўз ва иборалар. Рус тилида. Ўзбекистонда.

Бундан қарийб 10-15 йил олдин бир бозорда “самий слатки саҳр” деб ёзилганига кўзим тушгани яхши эсимда. Хатоли ёзувлар одамни ҳайрон қолдирмай қўйган десам ҳам бўлади. Қолаверса, интернетда ҳам бундай расмлар кўп. Аммо мен айтаётган пайтда Тошкент бозорларидаги аҳвол бошқача эди. Шакар оламан деб турган одамларнинг деярли ҳаммаси ўзбек. Сотувчилар ўзбек. Дефицитми, бошқами, мана 23 йилдан буён мустақил бўлиб келаётган Ўзбекистон республикасидаги аҳвол. Хўш, нима сабабдан рус тилида ёзиш керак?

Менинг рус тилига ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Ўзим рус тилини мукаммал биламан, рус адабиётини севиб ўқийман, руслар орасида дўстларим кўп. Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ҳақида ҳам фикрим баланд. Бағрикенг ўзбегимни ҳурмат қиламан. Аммо…

Ўзбеклар, ҳар ҳолда Тошкентдаги ўзбеклар сўнгги пайтларда фарзандларини яна рус мактабларига беряпти, дейишади. Бунинг сабаби нимада? Танишларимдан сўрадим. Рус мактабларида яхшироқ билим беради, деди баъзилар. Бошқалар “ўзбек тилини шундоқ ҳам билади болам. Уйда ўзбекча гаплашамиз. Мактабда ҳеч бўлмаса рус тилини ўргансин, инглиз тилини ўзимиз репетитор ёллаб ўргатамиз”, деди. Яна айримлар “ҳа энди, келажакда ҳаммаси Россияга мардикорликка кетади-да, рус тилини ёшлигидан ўрганаверсин”, деди кесатиб. Бу гапларнинг барида жон бор.

Лекин ёзувларнинг ҳамон рус тилида ёзилаётганининг сабаби нима? Нафақат эълонлар, балки ва айниқса буйруқ ва кўрсатмалар рус тилида ёзилади. Уларни ёзадиганлар ўзбеклар рус тилида кўрсатма олса тезроқ бажаради, яхшироқ бўйсунади, дермикин? Биз ўзбеклар учун рус тили собиқ “буюк оға” тилилигича қоляптими? Ўзбек бошлиқ ўзбек ходимига рус тилида дўқ қилса, натижага тезроқ эришадими?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Facebook”даги саҳифасининг очилганига бир ҳафтадан ошди. 11-август куни очилган рус тилидаги бу саҳифа.

Мақоламни ёзишдан олдин яна бир бор текширдим. “Facebook”нинг “SEARCH” деган жойида лотинчада “Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги” деб ёзиб кўрдим. “Facebook” менга “No results found for your query” деб жавоб берди. Кирилчада изладим. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг саҳифаси чиқиб келди. Ташқи ишлар вазирлигиники йўқ.

Бундан 21 йил аввал давлат тили, деб ўзимиз мақом бериб қўйган бўлсак-да, давлат идоралари ишни ҳамон ҳеч қандай мақомга эга бўлмаган рус тилида юритса? Бошқа қайси республикада шундай вазият кузатиляпти?

Ўзимизни, ўз тилимизни ҳурмат қилмасак, бошқалардан ҳурматни қандай талаб қиламиз?

Сиз нима дейсиз, азиз гапдошим?

Гаплашамиз.

Манба: blogs.voanews.com