Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жаллодига иш топилди

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жаллодига иш топилди
87 views
24 August 2014 - 9:21

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг 12 нафар собиқ ходими ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Собиқ МХХчилар Тошкент вилояти Бекобод туманида хавфсизлик идоралари собиқ ходимлари сақланадиган қаттиқ тартибдаги 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасасига юборилган.

“Норасмий манбалардан олинган маълумотларда судланганлар МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев қўлида ишлаган ходимлар экани иддао қилинди. Ҳозирча расмий тасдиғини топмаган бу иддаоларни Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларида ишлайдиган бир-биридан мустақил иккита манбаси тасдиқлади. Фақат манбалардан бири қамалганларнинг сонини 12 нафар, яна бир эса 14 нафар, демоқда. Манбалардан олинган маълумотларга кўра, судланган МХХчилар Тошкент вилояти Бекобод туманидаги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд-прокуратура органлари собиқ ходимлари сақланадиган қаттиқ тартибдаги 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасаси ҳамда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги қаттиқ режимли қамоқхонага юборилган”, – деб ёзади Озодлик.

Озодлик манбаси иддаосига кўра, Навоий қамоқхонасида собиқ МХХчилар таҳқирлангани – колония маъмурлари талаби билан яланғоч қилиб ерга ëтқизилгани ва судралгани, айтилади.

Хусусан, Бекободдаги қамоқхонага ташланган собиқ милиционер, терговчи, судья ва прокурорлар, одатан айнан МХХ тизимлари томонидан қўлга олиниши ва жазога тортилиши кузатилади.

Шу боис, Бекободдаги турмага йўллангани иддао қилинган собиқ МХХчилар ҳам жазо ўташ чоғида, улардан жабр кўрган маҳкумлар тарафидан тахқирланиши ва шафқатсизлик қурбони бўлиши эҳтимоли маҳкумларнинг яқинларини даҳшатга солаётгани айтилди.

Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада маҳбусларга нисбатан шафқатсиз муносабат кўлами ҳақидаги ҳисоботларни ўз манбаларига таянган Париждаги “Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” раҳбари Надежда Отаева шундай баён қилди:

– Қамалган МХХ ходимларининг яқинлари Бекободдаги 64/21-сонли қамоқхонада мавжуд шафқатсизлик кўламини яхши билади. Бекободдаги колония МХХ тарафидан мутлақо назорат қилинадиган маскан. МХХ ходимлари у ерда нафақат озодликдан маҳрум бўлишади, балки бошқа маҳбуслар томонидан қасд олиш, таъзирини бериб қўйиш каби шафқатсизлик билан юзма-юз бўлишади. Биз гаплашган гувоҳларнинг айтишича, бу колонияда “Палач” лақабли қамоқхона жаллоди Нозим Ж. (Тўлиқ исми-фамилияси ошкор қилинмаяпти – таҳр.) маҳкумларни шафқатсиз равишда қийнаши ҳақида бизда маълумотлар бор. “Палач” калтагидан умрбод майиб бўлган ўнлаб маҳкумлар иқрорномаси ҳам бизга етиб келган, дейди “Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” раҳбари Надежда Отаева.

МХХ ходимларини Бекобод қамоғида кутаëтган “палач” ҳақидаги маълумот ва фотосурат ҳам Озодлик тасарруфига етиб келган.​6

Озодликка етиб келган норасмий маълумотларда, 50 яшар Нозим Ж. Ўзбекистоннинг биринчи рақамли жаллоди сифатида ном чиқаргани иддао қилинган.

“Жиноят оламида Нозим Бухарский, маҳкумлар орасида эса “Палач”, “Лохмач” деб ном чиқарган бу шахснинг Бухорода туғилгани айтилади. Нозим. Ж МХХ буйруғига кўра, Бекободдаги колонияда маҳкумларни шафқатсиз қийнаш билан шуғулланиши ҳақида шикоят ва ҳужжатлар “Марказий Осиëда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси”да мавжудлиги ҳам айтилди. Озодлик бу иддаоларни ҳам бошқа бирор расмий ёхуд норасмий манбалар орқали тасдиқлатишга муваффақ бўлмади” – дейилади хабарда.

Озодликнинг хавфсизлик хизмати ходимларининг қамалганини иддао қилган норасмий манбаси, МХХда “жиддий тозалашлар” бораётганини маълум қилган.

Озодликка исми сир қолиши шарти билан маълумот берган Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларидаги манбанинг иддао қилишича, МХХнинг озодликдан маҳрум қилинган 12 ходими Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги энг ëш генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев бошчилик қилган гуруҳнинг аъзоларидир.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин яна бир манба эса МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаев укаси Жавдат Шарифхўжаевнинг ўзи айни дамда “ишдан бўшатилгани ва тергов қилинаëтгани”ни иддао қилган.

ЎХҲ ахборот бўлими