Ўлай деса, ўлолмайди, кулай деса, кулолмайди

Ўлай деса, ўлолмайди, кулай деса, кулолмайди
112 views
24 August 2014 - 9:47

1Чорак асрдан буён Ўзбекистонда бездириш сиёсати жараёнлари жадал суратларда давом эттирилмоқда. Амалдаги ҳукумат мисли кўрилмаган талофатларга сабабчи бўлган бундай сиёсатни билиб-кўриб, атай ўртага олиб чиқмади, албатта. Савия даражаси тадбиркорлик сифати билан боғлиқ, бу раҳбарларнинг давлат бошқара олиш салоҳияти ночорлиги – уқувсизлиги, орттирилган билимларнинг замон талабларидан бир неча йиллар орқада қолиб кетгани боис, исталмаган вазиятларни сиёсатнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантирди.

Сиёсат майдонига кириши билан бошқарув жиловини қўлидан қочирган президент Каримовнинг ўз-ўзидан безиб, ўз-ўзидан қочишга жой тополмай қолганининг асосий сабаби ҳам, мана шунда.
Шу-шу, у йигирма беш йилдан буён эшкагини тўлқинга олдирган қайиқ мисоли ихтиёрини оқимга бериб, тўшини тўғри келган тошга уриб юради. У ёлғонхалтасидаги ашқол-дашқолларининг бир чақага қиммат эканлигини мустақилликнинг илк йилларида сезиб қолган эди. Аммо, у алафқопидаги ғариб ва хира хотираларидан – аввалги ҳаётидан воз кеча олмади. Чунки, у бунга ўргатилмаган эди, унинг шахси шакллантирилиб, сиёсий иродасига тарих сабоқларидан пойдевор ўрнатилмаганди. У устунсиз иморат ёхуд илдизсиз дарахт каби омонат бир ғоя асосига бунёд этилганди. Энди, у тарих саҳнасида эски қалъанинг ҳиссиз ва кўримсиз деворлари сингари қолиб кетади. Нафси томонидан хору зор қилинган, камситилган руҳи ҳали неча йиллар вайронадаги бойқуш каби орқасида қолган дилозорликларда бўзлаб юради. Бу кўргуликларнинг бари, қадимий ва маънавий илдизлари соғлом ғоялардан эмак олиб шаклланган ўзбек халқининг шўри бўлди. Ошкоралик шарофати туфайли оғзи ошга етган миллатнинг бурни тошга тегди. Мустақиллик деб аталмиш илоҳий бир неъмат, ношуд раҳбар туфайли бутун дунёда бадном қилинди.

Миллатнинг ҳурлиги, озодлиги учун курашган фидойилари қамоқларга ташланиб, ҳақиқий йўлбошчилари бадарға қилинди, эътиқодидан, иймонидан кечмаганларни қийноқларга солиб, ўлдириб юбордилар. Мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши турганлар ҳокимият тепасига келдилар, миллатнинг раҳнамоларига айланиб, давлатчиликнинг минг йиллик асосларини қуртдек кемира бошладилар.

Каримовга Аллоҳ таоло томонидан чексиз имкониятлар эшиги очилган бўлса ҳам, у ёлғонхалтасидаги чиқиндиларни тўкиб ташлаб, уларнинг ўрнини ҳақиқий билимлар – адолат ва эзгулик ғоялари билан тўлдира олмади. Бу учун у бошқа одамга айланиши, самимий бўлиши керак эди. Бошқа одамга айланиш, самимий бўлиш учун эса у шайтондан қўл узиб, ўзини Раҳмонга топшириши керак эди. Бу учун ундан ўзига танқидий муносабат, Аллоҳни ва у яратган жамики нарсаларни севишни ўрганиш талаб этиларди. Жамоат билан нафас олиб, ҳақиқий ақллардан фоний ҳаёт ва охират сабоқларини қунт билан ўқиб-ўрганишга тўғри келарди. Каримов каби ёлғончи, иккиюзламачи бир кимсанинг бу каби асл ишларга қўл урмаслигини бугун бутун ўзбек халқи яхши билади. Ундан ва унинг сиёсатидан безган миллатнинг қалб кўзи очилиб, кўп нарсани англаган бўлса ҳам, у силласи қуриган йўловчи каби бошини йўқотиб қўйган. Бездириш сиёсати туфайли ўйлаб топиладиган ҳар хил тадбирлар, мияни қоқиб қўлга олиб берадиган мажлисбозликлар уни анор каби сиқиб, кераксиз бир пўчоқ каби оёқ ости қилиб қўйган. Бизнинг кунларимизда бездириш сиёсатининг марказида, Мустақиллик ва мустақиллик сиёсатига бағишланган зўрма-зўраки чиранишлар туради.

1 сентябрга уч ой қолганда, Мустақилликка тайёргарлик мавсуми бошланади. Шу ўтган уч ой мобайнида, орқасига қалампир қистирилган давлат мулозимлари халқни қонига ташна қилиб юборадилар. Уч ой ичида бўлиб ўтадиган тадбирлар, мажлислар ва йиғилишлар ҳисоблаб чиқиладиган бўлса, миллатнинг бутун ўй-фикрининг, орттирган мол-дунёсининг тенг ярмисини ҳавога учиргани маълум бўлади. Уяси бузулган арилардек тўзғиган халқ, шу уч ой ичида на ҳолават, на ҳузр кўради.

Хавфсизлик баҳонаси билан бозорларга, савдо-сотиқ дўконлари ва корхоналарга босқинлар уюштирадиган хавфсизлик ташкилотларининг ови бароридан келиб, баъзи бир ходимлар тортиб олинган мол-дунё ҳисобига бойиб, пишқириб кетадилар. Мустақиллик байрамининг ўзига ҳеч бир жиҳати билан тегиш жойи йўқлигини яхши биладиган халқ, уч ой талончиларга тишини-тишига қўйиб, ўзини ғорат этишга имкон беради. Хавфсизлик ташкилотлари ходимлари учун шу уч ой ҳақиқий байрам бўлиб, улар қолган тўққиз ойда, Мустақиллик маска шоуларининг хумори билан яшайдилар.

Энг қизиғи, ўтган уч ойда дунёйи оламга шов-шув қилинган асосий байрам тантанасининг ўтганини биров билса, биров билмасдан қолади. Байрамда президентни қорадори еган бедана каби боқиб, халқ кўзига тетик ва бардам кўрсатиш учун ўлиб-тирилган хавфсизлик раҳбарлари, халқнинг кўзидан яшириб байрамни фавқулодда ҳолатларда ўтказиб юборадилар. Бардам бўлиш учун гиёҳвандлик моддаларидан тўйгунча еб-ичиб, шайтон каби ирғишлайдиган Каримовни телевизордан кўрган халқ, шунда байрам тантаналари бошланганини билиб, устидаги юкдан қутулган ҳаммол каби чуқур нафас олади. Уч ойлик асабузарликдан қутулганини англагач, энди ўзининг тирикчилиги билан шуғулланиши мумкинлигини ҳис қилади.

Энг даҳшатлиси, охирида юз беради. Мустақилликни қора ниқоблиларнинг – муштумзўрларнинг маска шоусига – бездириш сиёсатига айлантирган президентни, Мустақиллик ҳиссиз ва жонсиз бир қўғирчоққа айлантиргани маълум бўлади. Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан, деганларидек, маъно-мазмунини йўқотган Мустақиллик, Каримовнинг бор инон-ихтиёрини олиб, унга амру фармон бераётган бўлиб чиқади. Ихтиёридан айрилган президент жонини сақлаш билан овора бўлиб, қачон, қаерда, қайси куни Мустақиллик байрами ўтиши мумкинлигини, охирги лаҳзаларгача ҳам билмайди. Ўзи дунёга келтирган оқова ва чиркинликлар оқимида, у ихтиёрсиз сузар экан, оқим уни қайси томонга оқизса, у ўша томонга қараб юлқинади… Шунда, чорак асрлик беҳуда чиранишлар, унинг ўзини ҳам бездириб, жонидан тўйғизгани маълум бўлади.

Аммо, у учун барча йўллар берк, қилмишлари темир қалъaдек тўрт томонини ўраб, унга бўридек тиш қайрамоқда.
Ўлай деса, ўла олмайди, кулай деса, кула олмайди…

Эргаш Сулаймон