Марказий Осиёнинг VIP-болалари: Каримова, Назарбоева, Раҳмон, Атамбаева

Марказий Осиёнинг VIP-болалари: Каримова, Назарбоева, Раҳмон, Атамбаева
30 views
24 August 2014 - 11:37

2Отангиз президент бўлса, нима қилган бўлар эдингиз? Аввалига, албатта, фахрланасиз. Кейин-чи? Отангизнинг мавқеидан фойдаланган ҳолда кўнглингиз тусаган ишни қилишга ўтмайсизми?

Уруғ-аймоқчиликка катта эътибор бериладиган Марказий Осиёда отанинг президент бўлиши фарзандлар учун чексиз имкониятлар эшиги очилишини англатади. Бу минтақада VIP-болаларнинг хархашалари ҳамма нарсадан, ҳар қандай қонундан устун. Ахир, юрт каттаси арзандасининг мушугига ким ҳам пишт дея оларди?.. Қолаверса, президент оталарнинг ўзлари ҳам фарзандларини сийлашдан чарчашмайди. Аммо бундай меҳрибонликнинг оқибати аянчли бўлиши мумкинлигини Қирғизистон мисолида кўрдик.
Келинг, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг зурриёдлари билан яқиндан танишамиз. Қизиқ, бугунги кунда улар нималар билан банд экан.

Ўзбекистон

И. Каримовнинг ўғли борлигини Ўзбекистонда ҳамма ҳам билавермайди. Биринчидан, Каримовнинг ўғли аввалги оиласидан туғилган, иккинчидан, исми ўзбекча эмас – Пётр.
3Каримов 1964 йилда Наталья Петровна Кучма исмли аёлга уйланган ва икки йилдан кейин уларнинг оиласида ўғил фарзанд дунёга келган. 1969 йилда эр-хотин ажрашишди. Пётр Тошкентдаги Халқ хўжалиги институти (ҳозирги Иқтисодиёт университети)ни тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди. Айрим маълумотларга қараганда, Пётр Каримов Москвадаги “Азия-инвест банк” Ўзбекистон – Россия банкида бошқарув раисининг ўринбосари бўлиб ишлайди. Аммо буни тасдиқлашнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистон раҳбарининг иккинчи оиласидан икки қизи бор – Гулнора ва Лола.

4Марказий Осиё давлатлари президентларининг ҳеч бир фарзанди Гулнора Каримова сингари машҳур бўлмаса керак. Гулнора ҳақида, унинг Ўзбекистон ва Европада коррупцион ишларга алоқадорлиги тўғрисида сўнгги вақтда жуда кўп ёзилди. У – дизайнер, қўшиқчи, элчи, профессор, ташкилотчи, ташаббускор, саховатпеша ва ҳоказо, ва ҳоказо. Айни пайтда эса гўёки маҳбуса – уй қамоғида. Агар 42 ёшли Гулноранинг фаолиятига тўхталамиз десак, анча-мунча саҳифани тўлдиришга тўғри келади. Қисқаси, ўтган йили унинг Ўзбекистондаги бизнес империяси парчаланди, унга қарашли ташкилотлар, теле ва радиоканаллар, нашрлар ёпилди. Бу ишларнинг бари шахсан президентнинг буйруғисиз амалга ошишини тасаввур қилиш қийин, албатта. Гулноранинг Англияда ўқийдиган ўғли Ислом онасининг уй қамоғида экани ва саломатлиги жойида эмаслигини айтиб, жорий йилда хориж матбуотига бир неча бор интервью берди.

5Опасидан фарқли равишда оммаган кўринавермаган Лола бу одатини ҳалигача тарк этгани йўқ. Опа-сингилнинг орасидан қора мушук ўтган: Лола Каримова ўтган йили Би-би-сига берган интервьюсида опаси билан 12 йилдан бери гаплашмаслигини маълум қилди, яъни улар юз кўрмас бўлиб кетган. 36 ёшли Лола Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги вакили ҳисобланади. Бундан ташқари, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ва Республика болалар ижтимоий мослашув маркази унинг шафелигида фаолият кўрсатади. Лола Каримованинг ўтган йили Калифорнияда 58 миллион доллар эвазига кошона сотиб олганини эътиборга олсак, унинг ҳечам бечораҳол эмаслиги ойдинлашади. Ўзбекистонга истеъмол товарлар оқимини назорат қилувчи “Абу Сахий” компанияси Лола ва унинг эри Тимур Тиллаевга тегишли экани айтилади. Қолаверса, Гулнора ҳам синглисини ноқонуний йўллар билан пул топишда ва ҳатто бангиликда айблаган.

Қозоғистон

Ислом Каримов каби совет пайтидан бери ҳокимиятни қўлдан бермай келаётган Нурсултон Назарбоевнинг учта қизи бор – Дариға, Динара ва Алия.
6Дариға Назарбоева 1983 йилда Роҳат Алиевга турмушга чиққан эди. Оқибат шу бўлдики, Алиев одам ўғирлаш ва бошқа жиноятларда айбланиб, сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг ўзи барча айбловларни рад этиб келади ва бошига келган балоларни номзодини президентликка қўймоқчи бўлгани билан боғлайди. 51 ёшли Дариға турли раҳбар лавозимларда ишлаган, партия етакчиси бўлган, жорий йилнинг апрелида Қозоғистон парламенти қуйи палатасининг вице-спикери ва “Нур Отан” партияси фракциясининг етакчиси этиб сайланди. У ҳам Гулнора Каримова сингари қўшиқ куйлаб туради.

747 ёшли Динара сиёсатга эмас, бизнесга қизиқади. “Forbes Kazakhstan” нашри маълумотига кўра, унинг бойлиги 1,8 миллиард долларга тенг. Динара Кулибаева (Назарбоева) “Қозоғистон халқ банки”нинг йирик акциядори ҳисобланади.

8Қозоғистон президенти кенжа қизи Алияни 18 ёшида Қирғизистон президентининг ўғли Айдар Акаевга турмушга берган эди, аммо улар ажрашиб кетишди. Кейинчалик Алия қозоғистонлик Дониёр Ҳасеновга турмушга чиқди. Алия ҳам бизнес-леди. Онаси исмига бағишлаб Alsara заргарлик буюмлари брендини яратган.

Тожикистон

Серфарзандлик бобида ҳеч қайси президент 61 ёшли Имомали Раҳмон билан беллаша олмаса керак. Тожикистон президентининг тўққизта фарзанди бор: ўғиллари – Рустам ва Сомон, қизлари – Фируза, Озода, Рухшона, Тахмина, Парвина, Заррина ва Фарзона.

Бой бойга боқар, сув сойга оқар деганларидек, Имомали Раҳмон қизларини ўзига тўқ хонадонларга узатган. Куёвлар ҳам президентнинг марҳаматидан мосуво қолмаган – юқори лавозимлар ишлашади. Президент фарзандларининг ичида энг танилганлари иккинчи қизи Озода ва тўнғич ўғли Рустамдир.

936 ёшли Озода Имомали аввалига Душанбеда, сўнг АҚШда таҳсил олган. Юридик фанлари номзоди.Тожикистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ишлаган. 2007 йилда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғи, 2009 йилда Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди. Жорий йил 15 майидан эътиборан Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари. Ўзингизга маълум, биринчи ўринбосарликдан вазирликкача – бир қадам. Озода Тожикистон Молия вазирининг ўринбосари Жамолиддин Нуралиевга турмушга чиққан. Уларнинг беш нафар фарзанди бор.

10Рустам 1987 йилда туғилган. Тожик миллий университетини “халқаро иқтисодий муносабатлар” мутахассислиги бўйича битирган. “Истиқлол” футбол клубида ўйнаган. Инвестициялар бўйича қўмита ҳузуридаги Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармасига раҳбарлик қилган. Айни пайтда Тожикистон божхона хизматини бошқармоқда, шунинг баробарида Тожикистон Футбол федерацияси президенти ҳамдир. Тожикистоннинг кейинги президенти Рустам Имомали бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар йўқ эмас.

Қирғизистон

Алмазбек Атамбаевнинг биринчи оиласидан Сейитбек ва Сейтек исмли ўғиллари, Диана ва Динара исмли қизлари бор. Иккинчи оиласидан Қадирбек (1993) ва Алия (1997) туғилган.

11Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентлари авлодларидан фарқли равишда Атамбаевнинг фарзандлари оммага кўриниш бермайди. Зеро, болаларини сиёсат ва катта бизнесга тортишнинг оқибати қандай бўлишини Алмазбек Шаршенович собиқ президент Қурманбек ва унинг ўғли Максим мисолида жуда яхши билади. Шунинг учун бўлса керак, унинг болалари ҳақида шов-шувлар кўпам тарқамайди.

Сейитбек ва Сейтек электр энергияси сотувида воситачилик қилувчи “Автомаш-энерго” корхонасини бошқаришади.

Туркманистон

Гурбангули Бердимуҳамдов бир ўғил ва икки қизнинг отаси. Туркманистон дунёга қанчалик ёпиқ давлат бўлса, Бердимуҳамдов оиласи ҳақидаги маълумотлар ҳам шунчалик сир. Шунинг учун Туркманистон президентининг фарзандлари ҳақида аниқ бирор гап айтиш қийин.
Маълумотларга қараганда, Бердимуҳамедовнинг икки қизи ҳам турмушга чиққан ва улар оиласи билан Европада яшайди. 35 ёшли ўғли Сардор эса Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатия академиясида ўқиган. У бизнес билан шуғулланиши айтилади.

Манба: uz.ca-news.org