Бирлашолмаган ўттизтача ёлғиз одамлар…

Бирлашолмаган ўттизтача ёлғиз одамлар…
126 views
26 August 2014 - 8:42

521.08.2014 йилда мазкур сайтда босилиб чиққан, «Олий суд раисига қабул, ҳали-ҳануз эски ҳаммом – эски тоз» сарлавҳали мақолада: -«мен Олий суд раиси қабул қилмаганлигидан эмас, қабул қилмаслигига деярли ишончим комил эди, балки қабулдаги 30 тача якка-ёлғиз аммо бир-биридан гуё ўта ақлли, ҳаттоки ўзларини бир-биридан бир эмас икки бошга юқори ва ақллироқ ҳисоблаётган одамлар ҳақида алоҳида тўхталишни ва фикр мулоҳаза қилишга жазм этмоқчиман» -деган фикрни баён этган эдим!

Август ойининг 1-жума куни, яъни 01.08.2014й. Олий суд пештоқига каттадан-катта қилиб осиб қўйилган қабул жадвали бўйича, Олий суд раисининг бир ойда бир маротоба бўладиган қабулига эрталаб соат 07 ларда борганимда, қабулга келган анчагина, тахминан 25-30 тача одам йиғилишиб, ўзлари қабулга келганларнинг навбатини бир оқ вараққа ёзиб туришган эканлар. Мен ҳам ручка олиб навбатга 18 рақам билан ўз фамилиямни тиркаб қўйдим. Бир четда туриб қизғин бахс мунозараларнинг гувоҳи бўлиб турибман, деярли ҳамма бир-бировига гап ўқдиришми, қонунларни ўргатишми, процессуал қонун кўчасидан бирров ўтганми йўқми, хуллас ҳамма ҳамма нарсани бир-бировидан анча кўп ва мукаммал биладиганга ўхшайди. Мен учун энг ачинарли ҳолат, бир ёши каттароқ одам, шу масалада 10 йилдан буён серқатнов эканлигини, хеч бир афсус –алам билан эмас, аксинча ғурур билан, гуёки ҳаммадан кўп тажриба ва кўникмага эгадек-гуёки бу ерга бузилган хақ-хуқуқини тиклашни сўраб келмаётгандек, гуёки бу ерга малака ва кўникма ошириш учун келаётгандек гапирмоқда эди. У кишига ёнидан қўшилиб, ундан сал-ги-на тажрибаси камроқ, яъни 8 йилдан буён серқатнов киши иккинчи фахрий ўринга давогарлик қила кетди. Хуллас, бир сўз билан айтганда ҳамма ҳамма нарсани бир-бировидан икки бош юқорироқ даражада билишадигандек…

Мен бу гапларни нима учун ёзмоқдаман???…

Мен бу гапларни минг афсус ва алам билан ёзмоқдаман, мен кимнидир билимсизликда ёки онгсизликда айблаб нафсониятига тегиш учун эмас, балки нега биз ўзлигимизни англашни, ўз хақ-хуқуқимизни ҳимоя қилишни, мақсад – маслагимизни тўғри тасаввур қила олмаймиз, ахир биз 30тача мақсадимиз-маслагимиз бир ва дарду-хасратимиз ҳам бир-ягона Олий суд раисининг қабулига кириш мақсадимиз-ку?…

Юқорида айтган биринчи ўринга ростманасига давогарлик қилаётган ва ҳеч кимга сўз бермай, ўзини ҳаммадан тажрибалироқ ва ақллироқ кўраётган акахон, нега 10 йилдан буён Олий суд эшиги олдидасиз ва нима учун бундан афсусланмайсиз-ғазабланмайсиз, аксинча гуё фахр ва ғурур туйғусини ҳис этаётгандайсиз, нега, ахир хақ-хуқуқингиз тикланмабдику, сиз айтмоқчи бўлган 1 метр ерни суд қайтариб бермаётибди экан-ку???…

Соат миллари 09га яқинлашавергач, кескин бахс мунозара ўз-ўзидан тиниб, йиғилганларнинг юз ифодасида ҳадик ва сўров пайдо бўла бошлади ва бир бировларидан, раис қабул қилармикан-деб қолишди! Шунда, мен ўзимни тутиб тура олмадимда, ярим ҳазил-ярим хажв қилиб: -соат 14-30да анҳор кўпригидан қарашни, агарда анҳор суви тескари оқаётган бўлса, демак раис қабул қилишини, акс ҳолда қилмаслигини илмоқ ташладим.

Афсус менинг гапим ҳеч кимга ёқмади, гуё менинг гапим учун ҳам раис қабул қилмайдигандек!!!…

Шу пайтда, бир Сурхондарёлик аёл, шахсан раиснинг қабул қилишини сўраб ариза ёзишни таклиф этди ва дарров ариза ёзиб ташлади! Аммо, минг афсус ва надоматлар бўлсинки, яна биз ўз камтарлигимиз, сермулоҳазалигимиз, очиқчасини айтганда қўрқоқ ва мазахистлигимиз учун ҳам аризада 3-4 та имзо қўйилди холос!

Мен, олдинги таклифим кишиларнинг умид учқунларини ўчириб қуйганлигидан истиҳола қилиб, бошқа таклифни айтдим: -бизга барибир олдиндан ҳеч ким раис қабул қилиши ёки қилмаслигини айтмаслигини, шунинг учун соат 15-00да қабулга ким биринчи кирса, кўрсин агарда Олий суднинг раиси қабул қилмаётган бўлса дарров қайтиб чиқишликни ва ҳаммамиз тинч –тотув, жамоат тартибини бузмаган ҳолда, шу ерга раиснинг тушишини кутишимизни, токи раис тушмагунича ҳеч ким ҳеч қаерга кирмаслиги ва кетмаслигини таклиф этдим. Ҳа, сукунатни мен ризолик аломати деб билдим, фақат бир аёлнинг, “Намангандан келиб кирмай қайтиб кетавераманми ”-деган эътирозидан бўлак!

Аммо, соат 15-00 да қабулга 5 кишидан руйхат бўйича чақириш бошланганидан сўнг, ҳеч ким қабулни рад этиб қайтиб чиқишни ҳаёлларига ҳам келтирмади, аксинча хўроз қандни мазза қилиб ялаётган тамбал боладай, чиққанлар лабларини ялаб хурсанд чиқишар, бироқ ким қабул қилди деган саволга елкасини қисишар ёки индамай қуя қолишар, бир сўз билан айтганда, нима учун ва кимнинг қабулига келганликлари ҳам эсларидан чиқиб кетган, қай бири қўйнидаги пуч ёнғоқни шақиллатса, қай бирлари қулоқлари анча-мунча лағмонни кўтара олишидан-уйга бориб мазза қилиб лағмон тушуришни орзу қилиб лаблари тамшаниб кетишмоқда эдилар.

Минг афсуски, бу айтаётганларим, баъзилар тўқиётгандек мантиқсиз эртак ёким кўпирма хамиртуриш эмас, балки аччиқ ва ҳозирга ҳаётимиздан бир кўнгилсиз лавҳадир.

Мен 4-бешталик сафида кирганлигим ва Олий суд судьяси Атабаев Файзулло Хасановичга нима деб қайтиб чиққанлигимни, олдинги 21.08.2014 йилдаги мақоламда баён этганман, шундай бўлсада, такрорлаш бўлсада; -Файзулло Хасанович, мен сизга қабулда айтган сўзимни сўзма-сўз яна бир бор такрор айтаман: – «Сиз Олий суд раисига айнан менинг шахсан қабул қилиш хақидаги илтимосимни шахсан етказа олган бўлсангиз, сиз катта иш қилган бўласиз, чунки сизгача ҳам кўп судьялар худди шундай ваъда беришганлар, аммо раиснинг эшигини ҳам тақиллата олишмаган шекилли!...»

Кимлардир, катта-катта муаммо ва масалалар турганида, нега бу инсон Олий суд раисининг қабули ҳақида ёзиб қолди деган эътироз билдириши мумкин, аммо унутмайликки, ҳар қандай ривожланган инсон омили биринчи ўринда турадиган фуқаролик жамиятида, қонун нормасида кафолатланган инсон ҳақ-хуқуқи одилона ҳимоя қилинадими ёки поймол этиладими, бунга фақат ва фақат суд ҳокимияти- мустақил судьялар қатъий жавоб бериши-сўнгги сўзни айтиши-сўнгги нуқтани қўйиши шарт ва лозим!…

Худди шунингдек, бизда ҳам айнан суднинг ғайриқонуний ҳукм ва қарорлари билан одамлар қамалмоқда, қонуний ҳақ-хуқуқлари поймол этилмоқда, ёки бирор бир киши судсиз қамалганлигини биров айта оладими, демак бу адолатсизлик ва ҳақсизликлар учун айнан Олий суд раиси халқ олдида жавоб бериши шарт ва лозим!!!…

2014 йилнинг 27 январь куни Вазирлар Махкамасининг 2013 йил якунлари ва 2014 йилдаги истиқболли режаларга бағишланган кенгайтирилган мажлисида, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов; -«суд хокимияти мустақиллиги қонунда белгилаб қўйилган бўлсада, аммо хақиқатда айрим судъялар мустақил равишда қонун нормалари асосида ишнинг хақиқий холатидан келиб чиқиб иш кўрмаётганликларини, аксинча телефон қўнғироқларига қараб қарор чиқараётганликларини» -қатъий танқид қилиб ўтганлиги ҳам бежизга эмасдир ахир?…

Балки судьяларининг ғайриқонуний ва савиясиз ҳукм ва қарорлари сабабли ҳам, бечора Олий суд раиси халқни қабул қилиб унинг кўзига қарашга ботина олмаётгандир???…

Ахир Ўзбекистон қонунлари Суд ҳокимиятига мустақиллик-дахлсизлик ва фақат Конституция ва қонунларга буйсуниш ваколатини бериб қўйибди ва ушбу ваколатлар асосида қуйи судлар ишларини назорат қилиш вазифаси айнан Олий суд раисининг Олий вазифасидир !

Агарки Суднинг мустақил иш юритувига кимлардир йўл бермаётган бўлса, демак Олий суд раиси шуни очиқ-ойдин халққа баёнот чиқариши лозим!!!

Ха, шуни ҳам унутмайликки, халққа баёнот бериши, халққа ҳисобот бериши ва халқни қабул қилиши ва дардини тинглаши лозим!!!

Демоқчиманки, 30-40 тача бир-бири билан бирлаша олмайдиган, гуёки бир-бировидан икки бош юқори турсада аммо ҳаммаси ёлғиз одамларга эмас!…

Балки ҳеч бўлмаганида, 30-40 тача мақсад-маслаги бир ва дарду-хасратлари ҳам бир-ягона Олий суд раисининг қабулига кириш бўлган одамлар бир бутунга айланганда…

Яъни ҳеч бўлмаганида ушбу 30-40та одам бирлашиб қонуний ҳақ-ҳуқуқини талаб этсагина ва том маънода халқнинг бир бўлагига айлансагина, ана ўшанда Олий суд раиси албатта халқни қабул қилиш бахтига муяссар бўлади деб ўйлайман!…

Ҳа, мен адашаётганим йўқ, ҳеч бўлмаганида айнан мақсад-маслаги бир 30-40та одам бирлашиб халқ бўла олсагина, Олий суд раиси (унинг фамилияси ким бўлишидан қатъи-назар),халқни қабул қилиш ва халқ дардини тинглаш бахтига муяссар бўлади!… 

Яна такрор айтаман, халқ эмас, у бундай бахтни орзу қилиши керак аслида!!!

Эътиборларингиз учун рахмат !!!

Яна учрашиш насиб этсин деган умид билан
Бахром Абдурахимов

тел. +998907210725; +998912140916:
E-mail bahrom2661@mail.ru Skype: bahrom6126