“Ўзбек модел”лари: Каримов вa Шавкат Мирзиёeв

“Ўзбек модел”лари: Каримов вa Шавкат Мирзиёeв
103 views
26 August 2014 - 16:04

uzb-modellariКаримов вa Шавкат Мирзиёeв

1

“Ўзбек модели”ни президент Каримов, президент Каримовни эса “Ўзбек модели” кашф этгани бугун бутун дунёга маълум. Инсоният тарихида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган иқтисодий тараққиётларга йўл очган “Ўзбек модели” шарофати билан Ўзбекистон қайтадан дунёга “танилди”.

Ўзбек халқининг “Турли-туман инқирозларни четлаб ўтиш ҳаракати”, Каримов бошчилигидаги “Ўзбек модели” тажрибахоналарида синовдан ўтиб, “мисли кўрилмаган жаҳоншумул ғалабалар” гарови бўлди.

“Бутун оламни 23 йилдан буён зир титратиб” келаётган Каримов ва “Ўзбек модели”нинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилишида, Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари беқиёс.

У Жиззах ҳокими бўлгач, хусусий хазинабони этиб холасининг эри Тўрани танлади. Вилоятдаги барча ишбилармонларни жазо отряди бошлиғи, мақбул жаллод Ўктамбойнинг қўлига топшириб, уларнинг бутун маблағлари ва инон-ихтиёрини поччасига берди. Норасмий жиҳатдан Жиззахда молия вазири лавозимини эгаллаган Тўра, шиддат билан Шавкатнинг хазинасини тўлдиришга тушди.

Шаҳар ташқарисидаги ташландиқ бир жойда бозор қурулишини бошлаган янги ҳоким қонхўр пашша сингари ишбилармонларнинг қонини сўриб, қурилиш ишларини ниҳоясига етказганда, шу нарса аниқ бўлди-ки, бозор ўрни халққа ноқулай жойдан танланган экан. Ҳалигача, ўша бозорга дайди итлар билан қўтир мушуклардан бошқа биров қадам босмайди. Бу дунёга “Ўзбек модели”нинг ўзига хос, ўзига мослигини кўсатди. Ният ишбилармонларнинг қўлидан пулларни тортиб олиш бўлгач, бозорга одам кириш-кирмаслигининг аҳамияти йўқ эди.

Шавкатнинг амалиётини назарий жиҳатдан чуқур ўрганган президент, кашфиётни бутун республикага жорий этди. Ҳалигача шиддат билан давом этаётган бу иқтисодий марафон – ишсиз ва оч-яланғоч халқнинг ўзи билан ўзини овора қилишнинг, миллатнинг оғзидаги ошни чиқитга чиқаришнинг инсоният тарихидаги тенгсиз тимсоли бўлиб қолди. Шундай қилиб халқнинг қўлидаги пулларни кундузнинг кунида тунашнинг методикаси ўлароқ бу жиноят ёхуд Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқи бошида ўтказган мудҳиш амалиёти, “Ўзбек модели”нинг бош режаси мақомига кўтарилди. Тадбиркорлар ва фермерларнинг қуруқ номлари қолиб, ўзлари ёппасига қулларга айлантирилдилар. Шўроларнинг охуридан нишхўрд еб ўрганган колхозчилар ночор қолганлари боис, гуррос-гуррос бўлиб Россияга иш қидириб кета бошладилар. Ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила олмасликлари, шижоатнинг йўқлиги уларни ёппасига дарбадарга айлантирди.

Разолат ва жаҳолатнинг тантанасини англаган зиёлиларнинг аксари юзсизларча мол-дунё, шон-шуҳрат илинжида, ўзларини “Ўзбек модели”нинг эҳтиёт қисмларига айлантирдилар. Улар ўз халқининг виждони, ўтмиши ва келажаги эканларини ўйламадилар ҳам. Президентга мадоҳлик қилиб, ундан тиланчи каби эҳсон кутдилар. Ўлим машинасини ҳаракатга келтириш учун тарих ва келажакка заҳарли ўқ бўлиб отилдилар. Бугун англадилар-ки, биргина Аллоҳдан ўзгасидан марҳамат кутиб бўлмас экан. Қолган барчаси, ўткунчи экан…

Кўнглидаги ишлар бўлаётган президентни Шавкат Мирзиёевнинг “ғалабалари” беҳад руҳлантириб юборди. У ёш ҳокимдан янги ташаббуслар кўтаришни талаб қила бошлади.
Ҳоким Тўра бошлиқ хусусий молиячиларини йиғиб, “Ўзбек модели” ғояси асосида, улардан мамлакат хазинасини қандай қилиб ўмаришнинг режасини тузиб чиқишни сўради. Айни соатларда, янгидан-янги таклифлар туша бошлади. Шулардан, олтмиш кун ичида пахтани экиб-тикиб, ҳосилни йиғиштириб олиш ғояси Шавкат Мирзиёевга ёқиб тушди. У янгиликни дастурхон қилиш учун оёғини қўлтиғига қисиб, пойтахтга президент ҳузурига чопти. Эшитиб беихтиёр тўлқинланиб кетган Каримов ҳозироқ иш бошлаш учун қанча маблағ лозимлигини сўради. Республика бюжедининг атиги 13 фоизи етарли эканини маъқуллаган Шавкат Мирзиёев бу йил кеч бўлганини билдириб, бу ишни келаси йилдан бошламоқчилигини айтди.

Йўқ, деди, бармоқ букиб биринчи сентябргача неча кун қолганини ҳисоблаб чиққан президент. Мустақиллик байрамига эллик икки кун қолипти. Бугуноқ, 10 гектар ерга синов тариқасида пахта экиб, байрам нишонланадиган кун пахта ҳосилини топширасан. Олтмиш кунда пишиб етиладиган пахта, эллик икки кунда ҳам пишиб етилади.
Хўп, бўлади, командир деб, Шавкат Мирзиёев кўксини ғоз тутиб, “чест” берди, қарши гапирса бошида телефон аппарати синиши мумкинлигини пайқаб. Подшо амри вожиб, сиз айтганингиздан кейин қанақа пахта эканки, у эллик икки кунда очилмаса…

Путиннинг отасига минг раҳмат, аммо, деди, юраги фахр-ифтихорга тўлган Каримов. У сени менга топиб бермаганда, қаланғи-қасанғилар билан синган телефон аппаратларни тузатишдан бошим чиқмасди…

Шавкат вилоятга қайтиб, Уч тепа туманидан ўн гектар пахтаси гуркираган далани синов участкасига ажратди. Унинг айнан, шу жойдан ер танлаганининг сабаби бор эди. Даланинг чеккасида Каримов билан етимхонада ўсган яна бир етим қўзи яшарди. Етим қўзи ўртоғи Абдикримбой президент бўлганидан буён, пайдар-пай мактуб битиб, у билан учраша олмасдан, дод-вой қилиб вилоят ҳокимининг олдига қатнагани-қатнаган эди. Хатларнинг президентгача етиб бормаслигини, бунақа хатларга зарур бўлганда МХХи бошлиғининг буйруғи билан президентнинг матбуот котиби Шайтонмуроднинг жавоб ёзишини, Шавкат Мирзиёев яхши биларди.

Бюжеднинг 13 фоизини ўмариб, Тўранинг ертўласига жойлаган Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрамига икки ҳафта қолганда, енг шимариб ишга киришди. У Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги қолган-қутган колхозчи ва омади чопмаган мардикорларни синов учаскаси атрофига йиғиб, ғазаб тўнини кийди. Минглаган колхозчилар ва мардикорларнинг ҳар бирининг бошига иккитадан хавфсизлик ташкилоти вакилидан назоратчи тайинлаб, уларни кеча-кундуз кўзини очирмай оғир меҳнатга тутти. Колхозчилар ва мардикорлар аввалида, ҳар бир ғўзанинг барглари ва кўсакларини қайчилаб чиқтилар. Кейин бутун вилоят ҳудудларидан, лўппи-лўппи бўлиб очилган пахталарни чаноғи билан қирқиб келтириб, ҳар бир бутага 120 тадан қилиб улаб, ёпиштира бошладилар. Бу иш учун беш тонна скоч билан уч тонна елим сарфланди. Оқибатида, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги ўқув қуроллари билан олди-сотти қиладиган савдо дўконлари касодга учради. Молининг пули қайтмаган сотувчилар юрак хуружига учраб, тўсатдан ўла бошладилар.

Баробарида, Шавкат Мирзиёев етим қўзига ғамхўрлик қилишни ҳам унутмади. Унинг уйи атрофларига “Совпласитал”дан келтиртириб, мевалари ғарқ пишиб турган тропик дархатлар ўтқаздирди. Ота-оналари Россияга иш излаб кетгач, кўчада қаровсиз қолиб кетган юз чоғли болачаларни ушлатиб келтиртириб, уларни маймунга ўхшатиб кийинтириб, дарахтларнинг шохларига қўйиб юборди. Ҳожибой Тожибой айтган, қишлагани шимол юртларга учиб кетмаган қарғаларга ҳар хил тўтиларнинг либосларини кийдириб, тўрқовоқларга солдириб қўйди. Етим қўзининг хизматига учта ошпаз тайинлаб, уни орқасидан ҳам, олдидан тиқтириб, бўрдоқига боқилаётган новвос сингари боқтирди. Кўзлари киртайиб, зўрға юрадиган етим қўзи семириб, охирги кунларда одамбашара бўлиб қолди.

Орзиқиб кутилган кун етди. Мустақиллик байрами тантаналари бошланишидан олдин, президент Каримов тажриба участкасига учиб келди. Унинг кўзлари Қора денгизнинг оппоқ кўпиклари каби тўлқинланиб ётган пахта даласига тушар экан: Офари-ин! – деб юборди, кўзларини қисиб. Бўлар экан-ку! Қадингни ур, Мирзиёев болам. Путин бўлмаганда, бир-биримизни кашф этолмасдан ўтиб кетар эканмиз.

Тошкетдай жойдан босиб келган қадамларингизга, ҳасонотлар, деди, нима дейишни билмаган Шавкат Мирзиёев. Борингизга, шукр. Сиздан бошқа ақллироғи президент бўлганда, нима қилардим?

Ўшанда ҳам, бир нималарни ўйлаб топардинг, деди оппоқ кўпириб ётган даладан кўз узолмай, президент. Пахтанинг япроғи қани?

Шунақа навини ўйлаб топдик, – деди Шавкат. Бу нав барг ўрнига ҳам пахта беради…

Президент томонидан, “Эллик икки кунлик бабақа жўжа” деб номланган янги нав “Ўзбек модели”нинг галдаги ғалабаси сифатида, тўғридан-тўғри жонли эфирга узатиларди.
Микрафонни кўрса, афюнни кўрган бедана каби пиппиллиқ отадиган президент, Шавкатни ерда-осмонда қўймай, мақтай кетди.

Биз кимларларнинг болаларимиз, деди у. Ота-боболармиз илм-фанда, дунёйи оламни лол қилган. Нима деганда, ватан менга нима берди, деб эмас, мен ватанга нима бердим, деб яшаш керак, барака топкурлар. Вертикал дунё бутун ер юзини ўргимчак тўридек ўраб олган бир замонда, кўриб-билиб туриб унга қарши чиқиш, аҳмоқлик эмасми, ахир?
Ғаламислар буни, қаердан тушунадилар? Ундан фойдаланишнинг енги усулларни топишимиз керак. “Ўзбек моделини” яратган халқ учун вертикал дунёни горизантал дунёга айлантиришнинг қийин жиҳати йўқ. Бу гапларни англаш учун ақлли бош зарур. Боши йўқ одамнинг ақли бўлгани билан бу гапларни тушунмаслигини, мен яхши биламан….

(Давоми бoр)

Эргаш Сулаймон