“Ўзбек модел”лари (2): Ариэль Шарон

“Ўзбек модел”лари (2): Ариэль Шарон
42 views
27 August 2014 - 9:26

3

Бюжеднинг 13 фоизини ўмариб, Тўранинг ертўласига жойлаган Шавкат Мустақиллик байрамига икки ҳафта қолганда, 10 гектар пахтани етиштириш учун енг шимариб ишга киришди. У Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги колхозчи ва омади чопмаган мардикорларни синов учаскаси атрофига йиғиб, ғазаб тўнини кийди. Минглаган колхозчилар ва мардикорларнинг ҳар бирининг бошига иккитадан хавфсизлик ташкилоти вакилидан назоратчи тайинлаб, уларни кеча-кундуз кўзини очирмай оғир меҳнатга тутти. Колхозчилар ва мардикорлар аввалида, ҳар бир ғўзанинг барглари ва кўсакларини бир-бир шошмасдан қайчилаб чиқтилар. Кейин бутун вилоят ҳудудларидан, лўппи-лўппи бўлиб очилган пахталарни чаноғи билан қирқиб келтириб, ҳар бир бутага 120 тадан қилиб улаб, ёпиштира бошладилар. Бу иш учун беш тонна скоч билан уч тонна елим сарфланди. Оқибатида, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги ўқув қуроллари билан олди-сотти қиладиган савдо дўконлари касодга учради. Молининг пули қайтмаган сотувчилар юрак хуружига учраб, тўсатдан жон таслим қила бошладилар. Чақирилган “Тез ёрдам” машиналари бемор ўлиб, ҳар сафар кафанланаётган бир пайтда етиб келарди. Устига-устак келган врач, давлат маблағ ажратмаётганини, барча харажатлар ўзларининг ёнидан эканлигини пешалаб, жабрдийданинг эгаси қўлига 10 литр бензиннинг пулини бермаса, кўзини лўққилиб, унинг тепасида чўнтаги тешик гадога ўхшаб кафтини очиб тураверарди.

Орзиқиб кутилган кун етди. Мустақиллик байрами тантаналари бошланишидан олдин, президент Каримов тажриба участкасига учиб келди. Унинг кўзлари Қора денгизнинг оппоқ кўпиклари каби тўлқинланиб ётган пахта даласига тушар экан: Офари-ин! – деб юборди, кўзларини қисиб. Бўлар экан-ку! Қадингни ур, Шавкат болам. Владимир, Владимирович бўлмаганда, бир-биримизни кашф этолмасдан ўтиб кетар эканмиз, деди.

Тошкетдай жойдан босиб келган қадамларингизга, ҳасонотлар, деди, нима дейишни билмаган Шавкат. Борингизга, шукр. Сиздан бошқа ақллироғи президент бўлганда, нима қилардим?

Ўшанда ҳам, бир нималарни ўйлаб топардинг, деди оппоқ кўпириб ётган даладан кўз узолмай, президент. Пахтанинг япроғи қани?
Шунақа навини ўйлаб топдик, – деди Шавкат. Бу нав барг ўрнига ҳам пахта беради.
Шу, пахтанинг чигитидан, ёғ ўрнига сут олса бўлмасмикин?

Бу иш устида ҳам бошқотиряпмиз, деди Шавкат. Маблағ танқислиги бироз белимиздан уриб турипти. Бўлмаса, бу пайтгача буни ҳам эплардик.

Қанча пул керак? Оғзингга сиққанни сўрайвер, Шавкат болам. Мен сендан жонимни ҳам аямайман…
Президент томонидан, “Эллик икки кунлик бабақ жўжа” деб номланган янги нав тақдимоти, “Ўзбек модели”нинг галдаги ғалабаси сифатида, тўғридан-тўғри жонли эфирга узатиларди. Микрафонни кўрса, афюнни кўрган бедана каби пиппиллиқ отадиган президент, Шавкатни ерда-осмонда қўймай, мақтай кетди.

Биз кимларларнинг болаларимиз, деди у. Ота-боболармиз илм-фанда, дунёйи оламни лол қилган. Нима деганда, ватан менга нима берди, деб эмас, мен ватанга нима бердим, деб яшаш керак, барака топкурлар. Вертикал дунё бутун ер юзини ўргимчак тўридек ўраб олган бир замонда, кўриб-билиб туриб унга қарши чиқиш, аҳмоқлик эмасми, ахир? Ғаламислар буни, қаердан тушунадилар? Ундан фойдаланишнинг енги усулларни топишимиз керак. “Ўзбек моделини” яратган халқ учун вертикал дунёни горизантал дунёга айлантиришнинг қийин жиҳати йўқ. Бу гапларни англаш учун ақлли бош зарур. Боши йўқ одамнинг ақли бўлгани билан бу гапларни тушунмаслигини, мен яхши биламан….

Тақдимот тугагач, Шавкат президентни бир пиёла чойга таклиф қилди. Президент синов участкаси чеккасидаги хонадонга кирар экан, кўзини юмиб-очиб ўзини Африкага тушиб қолган чукча каби ғалата ҳис эта бошлади.
Ажабо-о, бу қаер, Шавкат болам, деди у оғзининг сўлагини оқизиб.

Ўзбекистон, деди Шавкат. Сизнинг шарофатингиз билан жаннатнинг бир бўлагини шу ерга кўчириб келдик.
Офарин, офарин болам. Бирор-бир нобоб жойда ногаҳон депсиниб кетиб, бўйнинг синиб ўлмасанг, ҳали кўп ҳунарлар кўрсатадиганга ўхшайсан. Мен Ўзбекистонни дўзахга айлантираман, дея, бир умр жон бериб-жон олсам, сен бу худо қарғаган юртга жаннатни кўчириб юрипсанми…

Шунда, бир тўти олақанот сингари шаққиллаб, президентнинг сўзини бўлди. Яна бир тўрқовоқдаги оппоқ тўти қарғадек қағ-ғғ, қағ-ғғ, дея унга жўр бўлди. Бир зумда, бутун ҳовлини юзлаган олақанотлар ва қарғаларнинг шовқини тутиб кетти.
Ажабо-о, деди президент. Тўтилар бизнинг тилмизда сайраяптиларми?

Ҳа, деди, қовун тушириб қўйишига бир баҳя қолганда, тўтилар жонига оро кирганидан суюнган Шавкат.
Шу пайт, меҳмонларни қаршилаш учун уйидан оёқяланг югуриб чиққан етим қўзи пайдо бўлиб қолди.
Бу ким, деди, президент устига бостириб келаётган етим қўзига кўзи тушиб.

Шарон, мени танимадингми, деди етим қўзи Шавкатнинг ўрнига жавоб бериб.
Президентнинг руҳиятида зилзилалар турди. Кўзларига етимхона дарвозаси кўриниб, қулоқлари том битти. Болалигидаги қоронғи дунёси борлиғини қоплаб, тиззалари қалтирай бошлади.

Ариэль, ўзингмисан, деди у ўзига келгач, чуқур-чуқур нафас олиб.

Ўзимман, Шарон, ўзимман…

Сени Исроилга кўчиб кетган, деб эшитган эдим.

Афсус, шу пайтгача, менга рухсат тегмади. Нитаняху, Шароннинг атрофида ўзимизгилар камайиб кетяпти, уни қўллаб-қувватламасак, сарф-харажатларимизни ким кўтаради, дея оёқ тиркаб олган. Менинг қўлимдан нима келади, ўзим ҳам билмайман.
Мана шу худо қарғаган жойларда миллатни, мамлакатнинг манфаатларини, дея, шунчаки юришинг ўзи, мен учун катта далда, деди безатилган столга Ариэль билан қулоқлаша туриб, ўтирган Шарон.

Улар узоқ суҳбатлашдилар. Дастурхонда минг турли тансиқ таомлар муҳайё бўлсаям, уларнинг болалик йилларини эслатмоқчи бўлган Шавкат ёвғон билан макарон шўрва пиширишни буюрган эди. Тўра ўз қўли билан пиширган таомларни бирин-кетин дастурхонга торта бошлади. Тўйиб ёвғон ичган икки етим қўзини ароқ элитди, шекилли, улар бир-бирларини қучоқлаб, уввос солиб йиғлашга тушдилар. Тўрага ўзларини тасвирга туширишни буюрган Шавкат, иккаласини қучоқлаб, уларнинг бошини кўксига босди. Шавкатнинг нима учун Ариэльга ғамхўрлик қилаётганини шу пайтгача тушунмаган Тўра, энди ёқа ушлаб, унинг пихини ёрган туллаклигидан лолу ҳайрон эди.

Бир замон, кўзлари олдига “Шумбола” кинофилимидаги бой ота билан шумболанинг қиёфаси келган Шарон, ғазаб билан Шавкатнинг қўлтиғидан бошини тортиб олди. Унинг бошини силаётган Шавкатнинг қўллари ҳавода муаллаққолиб кетти.
Бор-э, падарингга минг лаънат, деди Шарон унинг ўзига милғийиб боқиб турганини кўриб. Фоҳиша хотинларга ўхшаб, ҳа, деб кўзингни сузаверасанми…

Шаррондан кўзларини олиб қочган Шавкат, қадаҳларни тўлдириб ароққуйди.

У қадаҳни охирида сипқорар экан, ўзининг Шарон билан Ариэльга қариндошлик жиҳатлари борлигини айтиб, мақтанишга тушти.
Исбот қилиб бер, деди кўп ичганидан оғзи гапга қовушмаётган Ариэль.

Ўн олтинчи асрда Самарқандда вабо тарқалган, деди Шавкат. Шу сабабдан Самарқантнинг туб аҳолиси қирилиб битган. Кейин юз йиллар у жойларга ҳеч ким кўчиб келиб яшамаган. Ахири бўлавермагач, Бухоро амири Ўратепа ва унинг атрофидаги қишлоқларни мажбуран Самарқандга кўчиртирган. Шундай бўлгач, президент билан мен холавачча бўламиз. Ёки менинг отам президентимизнинг тоғаси, бу кишининг оналари менинг аммам бўладилар. Хуллас, бу киши менинг тоғам, мен бу кишининг жиянлари бўламан.

Биз, сен айтаётганингдан ҳам кўра, бир-биримизга яқинмиз, деди диққат билан Шавкатни тинглаган Шарон. Сен менинг ичимсан, юрагимдаги орзу-умидларимнинг рўёбисан… Аммо, нима жин уриб бу ерларга Африкадан маймун келтириб юрибсан, тушунмайман? Бунча сарф-харажат нима учун керак, ўлай агар ақлим етмайди?! Мен мустақиллик йилларида бутун бир ўзбек миллатини маймунга айлантириб қўйганимдан гумонинг борми, ёки?! Ҳозироқ, маймунларингни ҳам, тўтиларингни ҳам сўйдириб, гўштини шилиб Ғанининг сомсахонасига топширтир. Суякларини Чорсуга олиб борсанг, бир соатда Супермаркетларга тарқатиб ташлайдилар. Шу кунларда тошкентликлар учун рагудан тайёрланадиган таомлар, энг тансиқ таомлар сирасига кирадиган бўлиб қолган. Йиғилган пулларни, чигитдан сут олишнинг сирларини ўрганиш учун ишлатасан. Ҳақиқий маймунларни кўрмоқчи бўлсанг, мен билан Тошкентга учиб бор. Уч соатдан кейин пойтахтнинг бош майдонида, Мустақилликка бағишланган асосий байрам тантаналари бошланади. Ўша жойга республиканинг жами маймунлари йиғилади. Жин-ажиналар қўшиқ куйлаб, байрам баҳона, улар шоқол базм қурадилар. Сен уларнинг сувратларига эмас, сийратларига боқсанг, етти ухлаб тушингга кирмаган нарсаларни кўрасан…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон