Мустақиллик “моделлари”: Фолбинларга топширилган давлат

Мустақиллик “моделлари”: Фолбинларга топширилган давлат
53 views
31 August 2014 - 9:14

1

Пойтахт Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги февраль портлашлари бутун ўзбекистонликларни жунбушга келтирган эди. Ҳар доим тадбирга вақтида етиб келадиган президент ўша кун атай, портлашлардан кейин етиб келибоқ, воқеа жойидан тўғридан-тўғри интервю бера туриб: “Бу ишни амалга оширган кимсаларни, биз яхши биламиз” деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолибди. Шу бир жумла сўз уни фош этиши баробарида қиёфасига ҳам, унинг ҳали халқ назарида юз очмаган мунофиқликлари солномасини битади. Одамлар дунё яралгандан буён, унинг тимсолида биринчи мартта ҳақиқий шайтони лаъиннинг асл башарасини кўришга мувафақ бўладилар. Бу, аҳли башар учун мисли кўрилмаган бир янгилик эди. Кейин бутун халқ ичида, “билар экан, нима учун портлашлар олдини олмади”, деган савол болалаб кетади.

Бошқалар каби бу ҳақли савол Мирзиёевнинг ҳам бошини қотириб қўйибди, экан. У Тўрани чақириб олиб, қўлига бир даста фотосурат ва бир сиқим доллар тутқазиб, уни Муталлиб деган фолбиннинг олдига жўнатипти.

Ғаллаороллик Муталлиб деган бир ёш йигит бор экан. У ўрта мактабни тугатиб, Жиззахдаги қандайдир бир билим юртига ўқишга кирипти. Ўша йил пахта мавсуми у учун ҳаётининг бурилиш нуқтаси бўлган экан. У терган пахтасини торттириб, шериклари билан шомда ётоққа қайтаётганда, сирли бир ҳодиса рўй берибди. Ҳамманинг кўзи ўнгида, ғойибдан бир эшак йўлнинг қоқ ўртасида пайдо бўлиб қолипти. Эшакнинг рангги қизил, юз-кўзлари чўтир эмиш. Кўзлари соққа каби ўйнаб, беўхшов ҳанграганда, думи хаданг бўлиб, қулоқлари шалоблаб кетар экан. Изини узмасдан қанча ҳанграмасин, унинг нимани истаётганини, қуруқ ва хунук овоз билан нима демоқчи бўлаётганини бошқалар тугул, ўзи ҳам билмас эмиш. Уни кўриб ҳамма юрак ҳовучлаб қолганда, ўзини йўқотмаган Муталиб унга сакраб миниб, биқнига икки товони билан қаттиқ урган экан, у Муталлибни осмони-фалакка отиб, қайтиб тушаётганда, унга жуфт шатта қоқиптида, қандай пайдо бўлган бўлса, шу алфозда кўздан ғойиб бўлипти.

Ўттиз икки тиши тўкилиб, оғзи-бурнидан қони булоқ бўлган Муталлибни эса, Пахтакор шаҳри марказидаги жонлантириш бўлимига олиб келиптилар. Ҳушини йўқотган Муталлиб қирқ кун ўзига келмапти. Қирқ биринчи кун тунда, кўзлари очилиб кетиб оппоқ чойшабга ўралиптида, ҳеч кимга билдирмасдан касалхонадан қочиб чиқипти. У шу кетишида, тўғри қабристонга борибдида, ўпирилган бир қабрга кириб олиб, қайтиб чиқмапти.

Хуллас, уни одамлар кўриб қолиб, дод-вой қилиб милисага боришибди. Муталлибни жин фаҳмлаган жанговар гуруҳ қабрстонни тўрт томонидан ўраб, ахири Муталлибни қўлга олибдилар. Шу-шу, президент Каримов буйруғи билан жияни Жамшид Каримов ётган Самарқандаги жиннихонада у уч ой ётипти. Муталлиб барча воқеа-ҳодисаларни олдиндан айтиб бера оладиган кароматгўйга айланиб қолган экан. Йўқолган нарсаларнинг жойини, ким ўғирлаганини айтиш у учун чикора экан. Беморларнинг қаери оғриётганини, қандай касалга чалинганлигини расмини кўриб ҳам, билаверар экан. Уни узоқ текширибдилар. У синовлардан мувафаққиятли ўтипти. Сўнгра, президентнинг махфий кўрсатмасига асосланиб, уни жиннихонадан қўйиб юборибдилар. Каримовнинг ўша махфий кўрсатмаси, ислом динини сохталаштириш ва аҳкомларини бузиш қудратига эга кимсалар учун чиқарилган экан. Кўрсатма асоси, юртда сохта муллаларни ва исломни қурол қилиб олган фолбинларни кўпайтиришга қаратилган экан.

Уйига етиб келган Муталлиб, миллий хавфсизлик хизматидан олган кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, тезлик билан иш бошлабди. Пардаси туширилган нимқоронғи бир хонага кириб олиб, бир томонига Қуръонни, иккинчи томонига Инжилни қўйипти. У мижозлари кўнглидаги гапларни топиб айтаётгани учун бир ҳафта ўтмасдан, уйи атрофига оломон сиғмай кетипти. Хазиначи бўлиб олган хотини, пул териб етиша олмас экан.

Унинг довруғи Тўранинг қулоғига етиб, у бу хабарни Мирзиёевга етказибди. Мирзиёев, уни зудлик билан Муталлибнинг олдига жўнатибди. Тўра оғзи қулоғида, ҳайратдан ёқасини ушлаб қайтиб келипти. Саволларига тўғри жавоб олган Мирзиёевнинг ҳам таажжубдан кўзлари хонасидан чиқиб кетай, депти… Шу-шу, Мирзиёев билан Муталлибнинг орасида, Тўра ўттиз иккининг мокисидай бориб келар экан…

Юздан ортиқ фотосуратларни кўздан кечирган фолбин, уларнинг орасидан ўнтасини ажратиб олипти. Фотосуратларда: бой билан графнинг, ички ишлар вазири Алматов, Темур Аъзамов, Қодир Ғуломов ва Аброр Усмонов каби ўзларини тошкентлик ҳисоблайдиган бир гуруҳ маҳаллийчи жоҳилларнинг қиёфаси барқ уриб турар экан. Уларнинг орасида президент Каримов ҳам бор экан. Кўриб, Тўранинг кўзи чиқиб кетай, дебди.
Портлашларга йўл очган кишилар, мана шу маҳаллийчи гуруҳ орасида, деган Муталлиб қолган гапни Мирзиёевнинг ўзига айтаман, депти.

Улар ярим тунда Тўранинг уйида учрашибдилар.

Портлашлар Абдували қори деган ислом уламосининг йўқолиши билан боғлиқ бўлган. Уни Каримов қаергадир учиб кетаётганда аэропортда ўғирлатиб, МХХнинг ертўласига ташлаттирган экан. У киши ҳақиқатда ҳам, фозил ва диёнатли бир кимса бўлган экан. Унинг муридлари Каримовнинг адолатсизликларига чидай олмай, янглиш ишга қўл урибдилар, дея фолбин сўз бошлапти. Улар сабр қилиб ақл билан иш кўриш ўрнига шошиб, вазирлар маҳкамасида бўладиган йиғилишда, Каримовга қўшиб бошқаларни ҳам портлатишнинг пайига тушибдилар.

Бу хабар хавфсизликнинг хуфиялари орқали, дарров ички ишлар вазири Алматовга етиб борипти. Алматов ўпкасини қўлтиқлаб, бой билан графнинг олдига чопибди. Маҳаллийчи гуруҳ ишни қандай амалга оширишнинг режасини ишлаб чиқибди. Президентнинг қабулига кирган ички ишлар вазири ишлаб чиқилган режа асосида, унга ҳисобот берибди. Қўрқувдан титраб кетган президент, вазиридан жўяли бир маслаҳат сўрабди. Алматов, бу ишга йўл очиб бериш кераклигини айтиб, президентга фойдали томонларини тушунтирибди. У айтган маслаҳат амалга ошса, халқ юрагини ҳовучлаб қолиши баробарида, маҳаллийчи гуруҳ жуда ҳам катта моддий фойда олар экан.

Жони ва курсисидан бошқасини қўримайдиган Каримовнинг кўзига бу кўринмабди. У портлашларга йўл очиб бериб, бу ишларга ҳеч қанақа алоқаси йўқ мухолифи бўлмиш Муҳаммад Солиҳни халқ олдида, бадном қилишни режалабди. Шундай қилса, у ўзини асосий хавфдан ҳоли бўлади, деб ўйлабди.

Иш маҳаллийчи гуруҳ ишлаб чиққани сингари олиб борилибди. Абдували қорининг муридлари билан хавфсизлик ташкилотларининг хуфиялари бақамти ҳаракат қилибдилар. Режада кўрсатилганидай, Каримов йиғилишга ўз вақтида келмабди. Портлашлар рўй бериши билан пайдо бўлиб, шошганидан режадаги гаплар қаторида, баъзи бир ҳақиқатларни ҳам сайраб юборибди…

Маҳаллийчи гуруҳга бу ишлардан нима фойда етади, дея сўрабди боши қотган Мирзиёев.
Улар, аввал бошдан Каримовни ёлғон-яшриқлар билан қўрқитиб, уни таъсирлари остида ушлаб келадилар. Уларга ҳокимият бойлик орттириш ва яхши яшаш учун керак экан, холос. Уларнинг руҳиятларида миллат, дину диёнат, давлатчилик деган ақидалар шакллантирилмаган. Биттагина, Қодир Ғуломов деганлари бундан мустасно экан.

Адашмасам, у Ғофур Ғуломнинг ўғли бўлса керак. У отасининг ҳам унчалик зўр адиб бўлмаганини, тузумга лаганбардорлик қилиб умрини бекорга ўтказганини яхши билади. Миллат, дину диёнат нима, шаклланган инсонлар кимлар, улар қанақа одамлар бўладилар, унинг барча-барчасига ақли етади. Президентнинг юртга, ўз халқига хиёнат қилаётганини, унинг президентлик лавозимига мутлақо ярамаслигини у бошидан пайқаган. Унинг жоҳил, бир чақага қиммат одамлигини билгани учун, унга бирор нима дейишдан ўзини тияди. Халққа жони ачиса ҳам, қўлидан ҳеч вақо келмагани учун дами ичида…

Бу гапларнинг ҳеч бири Мирзиёевга керак эмас эди. У фолбиннинг сўзларини эшитиб, кўзлари олдига ўзининг қиёфасини келтирар эди.

Бу гапларни, йиғиштир, деди у шу учун ҳам ғазабини ичига ютиб. Менга президент ҳақида бирор-бир янги гап айт.

Президентнинг оёғига ёмон бир яра чиқипти, деди, “биламан” деб Мирзиёевга ёқмайдиган далилларни айтиб, хато қилганини тушунган фолбин. Яқинда Исроилдан врачлар келиб, унинг икки марта қонини алмаштирибдилар. Унга ўн олти яшар қизларнинг қонини қуйсалар ҳам, фойда бермаётган экан. Оёғи сасиб, туфлисини чиқарса, ўзи ҳам қўллансасида тура олмаяти экан. Оёғи қорасон бўлиб, унинг ўлиб қолишидан қўрқаётган яҳудийлар бошларини қайси деворга уришни билмасдан юрибдилар экан…

Нима учун?
Каримов ўлиб қолса, мамлакатлари бюджетида камомат юзага келар экан.
Унинг дардга бирор даъво борми, ўзи?
Албатта, бор, деди шунда фолбин.
Шуни гапирмайсанми, деди, шунда кўзлари чақнаб кетган Мирзиёев. Портлашларнинг мен учун ҳеч қанақа қизиқарли жиҳати йўқ экан. Ўйлаб қарасам, ҳаммаси ўзим биладиган гаплар экан…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон