Атамбаев: Қирғизистон жанубидаги газ инқирози 2016 йилгача давом этади

Атамбаев: Қирғизистон жанубидаги газ инқирози 2016 йилгача давом этади
21 views
01 September 2014 - 10:11

2Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўзининг Мустақиллик кунига бағишланган нутқида мамлакат жанубида беш ойдан бери давом этиб келаётган газ инқирозига тўхталиб ўтди, деб хабар берди kloop.kg.

Унинг сўзларига кўра инқироз 2016 йилгача давом этади.

Атамбаев нутқида таъкидланишича икки йил давомида Қирғизистон ҳукумати ва “Газпром” вакиллари республика жанубини газ билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш мақсадида ишлаб чиқилаётган иккита лойиҳадан бирини танлайди. Булар – мамлакатнинг шимолидан жанубига томони газ қувури ўтказиш ёки Боткен вилоятида кўмирдан газ ишлаб чиқарувчи завод қуришдан иборат.

“Бироқ, 2016 йилга қадар бутун бошли икки йил, икки қиш бор. Биз жануб аҳолисининг ушбу икки йилдан қийинчиликларсиз ўтиб олиши учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак”, – дея таъкидлайди Атамбаев.

Қирғизистон жанубидаги газ инқирози

Мамлакат жанубидаги газ инқирозининг 2016 йилгача ечими сифатида президент “Қирғизистон жанубига узлуксиз равишда электр энергияси етказиб бериш”ни тилга олди. Унинг сўзларига кўра, “Газпром” шу мақсадларда Қирғизистон энергетика вазирлигига 20 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишга рози бўлган.

“Энергетика вазирлиги ушбу маблағни фақат Ўш ва жанубнинг бошқа аҳоли пунктларида газ таъминотини ўрнини электр энергияси ҳисобига қоплаш ва энергия таъминотини яхшилаш учун мақсадли сарфлаши лозим”, – дейди президент.

Қирғизистон жанубидаги газ инқирози 2014 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон зангори олов етказиб беришни тўхтатиб қўйгандан сўнг беш ойдан бери давом этмоқда.

“Газпром” Қирғизистон ҳукуматидан мамлакатда газ таъминоти ва транспортировкаси учун масъул бўлган “ҚирғизГаз”ни сотиб олганидан сўнг Ўзбекистон газ етказиб бериш бўйича шартномани янгилашдан бош тортди.

Жанубдаги газ инқирози бир неча маротаба мамлакатнинг ушбу қисми аҳолиси ва фаоллларнинг норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, июнь ойи бошларида Ўш шаҳрида зангори оловнинг йўқлигига норозилик сифатида “ТезакПром” деб номланган флэшмоб ўтказилганди.

Фаоллар парламент депутатларига бир қопдан гўнг олишни таклиф қилишди. Бироқ, иштирокчилар қўлга олингани туфайли акция 20 дақиқадан узоқ чўзилмади.

Ҳозирда Қирғизистон жанубида 60 минг аҳоли газсиз қолмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими