Ислом Каримов: “Ҳаммани биз билан ҳисоблашишга мажбур қилдик”

Ислом Каримов: “Ҳаммани биз билан ҳисоблашишга мажбур қилдик”
23 views
01 September 2014 - 15:22

karimov-bo`sa-1

Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган ва 31 август куни Тошкентда ўтказилган тантаналарда нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов: “Бугунга келиб биз ҳаммани ўзимиз билан ҳисоблашишига мажбур қилдик”, – деди. Унинг айтишича, “илгарилари Ўзбекистонга хайрихоҳ бўлмаган баъзи давлат ва халқаро ташкилотлар ҳам эндиликда республика раҳбарияти олиб борган ва осойишталикни сақлашга қаратилган сиёсати тўғрилигини тан олишган”.

“Тинчлик ва осойишталикни сақлашга қаратилган сиёсатимиз бошқа муаммолардан устун эканлигига, тинчлик каби неъматнинг олдида бошқа муаммолар арзимас эканлигини улар ҳам тушуниб етишди”, – деди жумладан Ислом Каримов.

Шу билан биргаликда Ўзбекистон президенти “бошқа муаммолар” деганда нималарни назарда тутаётганини очиқламади. Баъзиларнинг фикрига кўра, бу сўз бирикмаси остида Каримов республикада мунтазам бузилиб келаётган инсон ҳуқуқлари муаммоларини ва ижтимоий-иқтисодий нуқсонларни назарда тутган бўлиши мумкин.

Ушбу чиқишида Ислом Каримов Украинадаги вазият бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини яна бир марта маълум қилди. “Биз мамлакатлар ўртасидаги ҳар қандай муаммолар фақат сиёсий йўллар билан ҳал қилиниши тарафдоримиз. Бундан ташқари, ҳар бир мамлакатнинг чегаралари даҳлсиз ва ҳудудлари бўлинмас эканлигини, ҳеч бир давлат бошқа давлатга ҳарбий ҳуруж қилишга ҳаққи йўқлигини эътироф этамиз”, – деди И. Каримов.

Байрам тантаналарида иштирок қилган Ислом Каримов ҳар галгидек рақсга тушиб, байрамда иштирок қилган томошабинлар ва санъаткорлар билан кўришиб чиқди. Кечаги учрашувлари чоғида президент Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Озодбек Назарбеков, Муяссар Раззокова каби санъаткорлар билан алоҳида суҳбатлашди. Бундан ташқари, президент Каримов ўзбекистонликлар орасида “лифт қаҳрамонаси” дея эътироф этиладиган қўшиқчи Зулайҳо Бойхонова билан ўпишишга ҳам улгурди.

ЎХҲ ахборот бўлими