Ҳайкалтарошни тинглаётган диктатор

Ҳайкалтарошни тинглаётган диктатор
30 views
04 September 2014 - 8:13

7

Темурийлар музейига тикилган Каримов қайтиб юмшоқ курсига ўтирганда, ғазаби бироз босилган бўлса ҳам, алами уни тарк этмаган эди. Ҳали бир қаричлигида унга ёпишган бу бедаво касаллик, унинг ҳақиқий худоси эди. У баъзи-баъзида ўзига қарши туриши мумкин эди, аммо ҳеч қачон ғазабига қарши туролмасди. У нимаики қилса, шу кўринмас балойи азимнинг амри билан қиларди. Болалигидан тақдирнинг унга нисбатан бешафқатлиги туфайли қалбидаги инсон зотига бўлган чексиз нафрат зайли билан туғилган бу кўринмас бало, унинг ҳақиқий қиёфасини ифодаларди.

Онасини яхши биладиган баъзи кимсалардан етиб келган мишмишларга кўра, уни онаси қорнидалигида шу дардга мубтало бўлган, дейишади. Улоқчи отларнинг туёқлари остида қолган боши кесилган серка сингари унинг ҳам калтаклар остида қолиб кетиши, бунга сабаб бўлган бўлса, не ажаб. Онаси кимдан орттиргани бетайин бу болакайнинг бошини ўзбеклар силаб-сийпаб, етимхонада катта қилдилар. У ўзбекдан чексиз меҳр-шафқат кўрди. Аммо унинг меҳр-шафқатини – туғилмасидан ҳаётга ва одамларга чексиз бир нафрат орттирган болакай, Аллоҳнинг ўзига бўлган меҳр-муруввати, адли-инояти, деб ўйламади. Акси, барчасини ўзбекнинг овсарлигию, кучсизлигига йўйди. Шу учун ҳам у ўзбекларга нисбатан чексиз бир нафрат ичида, ғазабга тўлиб улғайди. Илик едирганинг бир кун илигингдан олади, деганлари сингари у охир-оқибат, ўзбек қўйнида асраган заҳарли илон бўлиб чиқди. Ўзбекнинг кўзининг ёғини еб улғайган етимча, ахири унинг мислсиз душманига айланди. Етим қўзи боқсанг, оғзи-бурнинг ёғ бўлар, етим бола боқсанг, оғзи-бурнинг қон бўлар, деган ўзбек матали ўзининг нақадар ҳаётийлигини кўрсатди…

У дамини бироз босиб олгач, хиёбоннинг нариги юзасида қад ростлаган Юридик университетнинг ғиштин биносига боқди. Бу бино ўн тўққизинчи асрда рус истилочилари томонидан қурилган эди. У билан бино ўртасини дарахтлари кесилиб, қўлнинг кафтидек очилиб қолган хиёбон ажратиб турарди. Хиёбоннинг қоқ ўртасида, от миниб турган Амир Темурга ўрнатилган ҳайкал бор эди. Атрофидаги дарахтлар ҳали жуда ҳам ёшлиги учун ҳайкал кўзга маҳобатли кўриниши баробарида, у ўзининг чиройи билан ҳар қандай одамнинг диққатини ўзига тортарди. Президент ўзига орқа ўгириб турган Амир Темур ҳайкалига тикилар экан, унинг кўзлари авваллари пайқамаган бир нарсани кўриб қолди. Кўзларига отнинг икки чоти орасидан бир ножоиз нарса кўриниб, уни ҳушёр торттирди. Иккита қайроқтошдек жуфтлашиб, ўртасидан дуккаги бўртиб турган у нарсанинг Анжуманлар Саройидан кўзга яққол кўриниб туриши, билган одам учун ўзгача бир маъно касб этарди. У зудлик билан Амир Темур ҳайкалини тиклаган ҳайкалтарошни топиб келтиришларини буюрди.

У нарса ҳақиқатан, президентнинг ўй-хаёлларини тўзғитиб, хотирасида Совет йилларидан муҳрланиб қолган манзараларни жонлантирди. Ўша дамлар, қанчалар яхши экан, деб ўйлади, у. Амир Темур ҳайкали ўрнида, ўша замонлардаги Карл Маркснинг салобатли бюстини кўзлари олдига келтириб, унга нисбатан адолатсизлик қилгани учун ичида, ўзидан-ўзи хафа бўлди. Иложини топса, уни ўрнидан ҳеч қачон олиб ташламаган бўлишини ўйлар экан, эвазига бутун бошли пойтахтдаги энг гўзал ва қадим хиёбонни вайрон этиб, кўнгли таскин топган кунларига, пичирлаб тасаннолар айтди. У, ўзини шу ишга руҳлантирган Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг у бир қарорга келгунича, хиёбондаги бутун чинорларни кесилмасидан туриб, казо-казолар учун мебел ясайдиган усталарга олтин баҳосида пуллаганидан эса, ҳалигача ҳам бехабар эди.

Орадан ярим соат ўтмасдан ҳайкалтарошни бошини ерга тиркаган эчки каби туртиб-тортқилаб, унинг олдига олиб келдилар.

– Ҳаёт ҳайкалтарош, сиз билан биз тарошдаги тош! – деди, ҳамиша бировларнинг фикрини ўғирлаб, ўзининг зукколигини намойиш этишни хуш кўрадиган президент. – Менга яқинроқ келиб, тўғрига боқинг-чи, аллома, кўзингиз нималарни илғар экан.

Ҳайкалтарош ойнадан олис-олисларга боқиб:

– Биноларни ва бевақт хазон бўлган забардаст чинорларнинг қон йиғлаётган тўнкаларини кўряпман. Яна, қирилиб кетган қавмининг оҳ-воҳига дош бера олмасдан, қадди дуто бўлган ёш ниҳолларни ва бир замонлар жаннатийлиги билан одамларнинг кўзини яшнатиб, мусаффолиги билан кўнгилларни яйратадиган файзи-тароват мулкларини топтаган хосиятсиз бир замонни кўряпман. Дарахтлар кесилгач, юзага қалққан сизот сувларини, Анжуманлар Саройи пойдеворини емиришни бошлаган захни кўряпман…

Ҳайкалтарошни тинглаётган президент, ич-ичида чакки эмас деб ўйлади. Унга Анжуманлар Саройи пойдеворини зах емираётганини ва янги қурилган Навоий кутубхонасининг ертўласини сув босиб, қанчадан-қанча китобларнинг чириб кетгани ҳақидаги хабарларни ўз вақтида етказган эдилар. У ўз олдига қўйган мақсадига оғишмай амал қилиб, улкан мувафаққиятларга эришаётганидан чексиз мамнун бўлган эди. Умуман, унинг даврида қурилган иншоотларнинг аксарияти, яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. У бу қурилишларнинг қурилмасдан олдин тендерга қўйилишини, тендерга қўйилган ҳар бир иншоотни қуриш ҳуқуқини пора эвазига сотиб олиш мумкинлигини яхши биларди. Қўлига ҳужжатларни киритгунча, қурулишнинг умумий суммасидан ўн фоизини пора сифатида сарфлаган ташкилотнинг мақсади ҳам, бир сўмини шу йўл билан ўн сўм қилиб олишдан иборат эди. Қурулиш битгунича, умумий сумманинг эллик фоизига қурилган ҳар қандай иншоотнинг ўн йил ўтмасдан пойдевори чўкиб, табиий равишда деворлари ёрилиб кетиши, ўз-ўзидан бутун ўзбекистонликларга маълум эди.

Шартномада кўрсатилиши мумкин бўлган сумманинг юз фоизига иншоотни қураман, деган ташкилот иншоотни қуриш ҳуқуқини қўлга киритмасдан олдин инқирозга учраб, охир-оқибатда, ташкилот раҳбари “Ўзбек модели” услубиятини ўзлаштира олмаганлиги учун қамалиб кетарди. “Ўзбек модели”нинг бу ўзига хос усулидан, президент ҳамиша ўзида йўқ фахрланарди. У ҳозир ўзи турган Анжуманлар Саройининг ҳам италияликларнинг маблағларига қурилганини, ҳалигача олинган пулларнинг қайтарилмаганини ҳам яхши биларди.

Қизи Гугушанинг ўша пайтдаги ўйнаши ва жиноий шериги Одил Жалолов – “Зеромакс”нинг бу иш бошида турганини, италяликлардан олинган пулларнинг эллик фоизи ҳали хорижда, бошқа ҳисоб рақамларга ўтиб кетгани ҳам унга маълум эди. Одилнинг тепасида эса, граф турарди. Шу кунларда Ўзбекистонга оёқ босмай қўйган графдан президент чўчиб яшагани боис ҳам, унинг оиласи ва республика ҳудудларидаги кўчмас мулкларини гаровда ушлаб турарди. Графнинг оиласини қўлидан чиқазса, граф унинг қизлари ва невараларини бир кунда ер юзидан супириб ташлаб, бутун нафратини унинг ўзига қаратарди. Шу каби улар орасида, кўпдан кимса билмас ўйинлар давом этиб келарди. МХХнинг бошлиғи Рустам Иноятов бутун хавфсизлик кучлари ихтиёрини қўлга олгунча, Каримовнинг бош жаллоди ва ички ишлар вазири бўлган Алматов, президент билан графнинг ўртасида келиштирувчи мақомида эди. У Путин ёрдамида обрўсизлантирилиб, лавозимидан олиб ташлангач, президент графдан ўзини олиб қоча бошлади. Ўлмас Кашшей каби ҳайвоний бир ҳис билан жони Рустам Иноятов қўлига ўтганини билгач, гиёҳванд моддалар олиб келаётган миллион-миллион долларлардан у юз ўгиришга мажбур бўлди…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон