“Ўзбек модели”: Каримов депутатлари

“Ўзбек модели”: Каримов депутатлари
77 views
06 September 2014 - 12:58

3Каримов ҳокимиятини мустаҳкалаб олганидан сўнг, Ўзбекистонни чин маънодаги демократик ва ҳуқуқий бир давлатга айлантириш учун ҳеч бир хавф-хатардан, қийинчиликлар ва азоб-уқубатлардан чекинмайдиган мухолифатни – ватан фидойилари – миллий озодлик ҳаракати фаолларини мамлакатдан қувғин қилди. Уларни ҳар хил усуллар билан зимдан йўқоттирди, қамоқхоналарга ташлаттирди.

Ўлкада исломнинг гуллаб-яшнаб ривожланиб кетмаслиги учун мухолифатнинг ортидан мусулмонларга куракда турмайдиган айбларни тўнкаб, динга хуруж бошлади. Кейин эса, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқулари гарови – жамиятнинг тараққиёти омили бўлган қонунлар тизимини ахталаштириш учун енг шимариб ишга киришди.

Парламент ниқоби остида шакллантирилган Каримовнинг жонли тимсоли бўлган Олий Мажлис, 23 йилдан буён бу жабҳада жонбозлик кўрсатиб келяпди. Ўзларини халқ ноиблари деб ҳисоблайдиган – аслида, ҳар биттаси сайланмасидан олдин Каримовнинг қатъий кўригидан ўтказилган депутатлар, соғлом қонунларни майиб ва мажруҳ – хунасаю нармода қилиб, халқига ва ватанига хиёнат қилганлари учун бугунги кунда яхши турмуш шароитларига, халқ бир бурда нонга зор бўлиб яшаётган бир замонда, тўкин-сочин ҳаётга эга бўлдилар.

Улар “ҳа” ёки “йўқ” деган икки оғиз сўзлари ва Каримовнинг содиқ итига айланганлари учун ўзларининг орзуидаги нарсаларга эришган бўлсалар, эришгандирлар. Аммо, улар бутун дунё мамлакатларининг сара қонунларидан ўғирлаб, “Ўзбек модели”га мослаб қабул қилаётган ҳужжатлардан президент Каримовнинг хоҳиш-иродасидан ташқари тирноқча ҳам нарса топишнинг имкони йўқлигини, барчасидан унинг мужмаллиги ва яроқсизлиги уфуриб туришини, кўзгуда ўзларининг аксини кўрганлари каби яққол кўриб турадилар.

Қабул қилинган барча қонунлар замирида ёлғон ётганлиги ва иккиюзламачиклар урчигани, риёкорлик ва мунофиқликлар яширингани каби уларда президентнинг оғмачи феъл-атвори ҳамиша ўзини намоён этади. Уларга тақдирини ишониб топширган фуқароларнинг охир-оқибат, уйлари куяди. Бир умр топганлари селга оқиб, ўзларини Тоштурманинг ертўласида кўрадилар. Мис қўшилган олтиннинг ҳеч қачон соф олтиннинг ўрнини босолмаслигини, депутатлар ҳам халқдан кўра ёмон англамайдилар. Аммо, уларни бу нарса зиғирча хавотирга солмайди. Уларни тўкин-сочин ҳаёт, ҳаром-ҳалолдан йиғиладиган бойликлар қизиқтиради холос.

Улар нафс бандаси бўлганлиги учун ҳам руҳиятларига балчиқ каби ёпишиб олган қуллик психологияси уларни Каримовга муте қилиб, халқнинг олдида қадр-қимматларини бир чақага қиммат этиб қўйди. Улар шу учун ҳам халқнинг тузини еб, тузлиғига тупиришдан уялмайдилар. Чунки, ори билан номусидан мосуво кимсанинг нафсини деб, ҳар балони ейишидан қайтмаслигини, барчамиз яхши биламиз.

Каримовнинг иккинчи қаноти бўлишга ўлиб-тирилиб тиришадиган Сенат ва Сенат аъзоларининг ҳам депутатлардан ортиқ жойлари йўқ. Фарқи, улар матбуот ва шунга ўхшаш минбарлардан ўзларининг президентга содиқликларини кўрсатиш учун ўн йиллаб тер тўкиб, аввалида унинг назарига тушганлар. Депутатлар сингари ҳар хил ташкилотларнинг тавсияси билан президент ишончига нойил бўлмасдан, шахсий ташаббуслари сабаб, тўғридан-тўғри унга ўзларининг садоқатини – унинг давлат бошида туриши учун ҳар қандай пасткашликлардан қайтмасликларини намойиш эта олганлар…

Эргаш Сулаймон