“Ўзбек модели”: Диктаторнинг шайтанат дунёси

“Ўзбек модели”: Диктаторнинг шайтанат дунёси
81 views
07 September 2014 - 11:12

2Ўзбекистонда қонунларнинг хўжакўрсинга қабул қилиниши намойиши – хавфсизлик кучларининг ноқонуний ҳаракатларини ҳукумат муҳофазасига олди. Провардида, президентни ва у вужудга келтирган мустабид тузумни мустаҳкамлаш учун бутун хавфсизлик тизимлари фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилиб топтаб, тартиб-интизом ўрнатиш баҳонасида жамият ичида зуғумга зўр берди.

Фуқаролар конституцион ҳуқуқларидан мосуво бўлганлари етмаганидек, очиқдан-очиқ президент Каримов ишлаб чиққан сиёсий-ижтимоий агрессияга учрай бошладилар. Бунга кичкина бир мисол:

Хавфсизлик кучлари вилоятлардан Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкентга келган ҳар қандай кимсага уч кун ичида рўйхатда турмаган бўлса, жарима солиш ёҳуд суриштириб ўтирмасдан уни уч кунга қамаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу жаҳон тарихида мисли кўрилмаган шармандали бир тадбир эди. Фуқароларнинг ўз пойтахтларига эркин келиб кета олмасликлари, уларнинг ҳақ-ҳуқуларининг тамоман бўғилганига очиқ бир ишора бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан қонунийлаштирилган бу бедодлик, аслида президентнинг хоҳиш-иродаси эканлигини яхши тушунадиган Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини кўрсада, кўрмасликка олди. Чунки, бутун мамлакатдаги хавфсизлик кучларининг халқни ёхуд юртни эмас, президент Каримовни қўриқлаши ва унинг хавфсизлигини таъминлаши учун қатағонлар ўтказиш тизимини ишлаб чиқаётганини, улар кўриб билиб турардилар.

Бу пайтга келиб товуқлар президент Каримовни, дея тухум қўярди, ипак қурти уни дея, ипак ўраса, вазирлар уни дея, хотинларининг солинчоғида учарди. Ўзбекистон қадимги Мисрга айланмаган бўлса ҳам, президент Каримов ўзини Фиръвн деб ҳис қила бошлаган эди. Ўзларининг ҳам шу мақсадга мувофиқ сараланганларини яхши биладиган депутатларнинг ҳам, миллатга хиёнатлари туфайли турли лавозимларни эгаллаб турганлари ҳеч кимга сир эмас эди. Мамлакат ва миллатнинг шаънини, қадр ва қимматини қонунлар ишлаб чиқариш йўли билан ҳизбу ҳимояда ушлаб турадиган олий бир даргоҳдагиларнинг ўзлари, қонунларнинг душмани, халқни талаётган қароқчи, ўғри ва каззобларнинг ҳомийси ва уларнинг тириклигини таъминлаб турадиган жон томири вазифасини ўтардилар…

Давлат тизимларини ҳар соатда зўравонликлар ва қатағонлар содир этиб туришга мослаштириб, собиқ Совет режаси асосида қайта тузиб чиққан президент, энди уларнинг узликсиз ишлаб туришини таъминлаши лозим эди. Бу учун бутун бир жамият пастдан юқорига бўйсундирилиб, ҳақ-ҳуқуқлари амалда қўлидан тортиб олинган халқ, кеча-кундуз давлат учун, давлат эса тизимлар учун, тизимлар ҳукуматга, ҳукумат Каримов учун ишлаши ва ҳаёт кечириши, нафас олиб-нафас чиқариши керак эди.

Одамлар Каримов учун еб-ичиб, у учун ҳожатга чиқиши, у учун тўшакка кириб, у учун маиший амалларга қўл уриши зарур эди. Аёлларнинг уни дея, бўйларида бўларди, уни дея ҳомиласини олдириб, уни дея бола туғар эдилар.

Шу учун ҳам Мустақиллик йилларида туғилган йигит-қизларнинг кўпчиликлари Каримовнинг “Ўзбек модели” қурбонлари сифатида, хорижий юртларга иш излаб кетиб, топган-тутганларини Каримовни дея, Ўзбекистонга жўнатаётганлари ҳеч ким учун сир эмас. У шу каби ўзбек йигит-қизларининг қулларча меҳнатлари эвазига ҳокимиятини ҳалигача ушлаб турибди. Шу учун ҳам ўзи тузиб чиққан тизимнинг моддий базасини таъминламоқчи бўлган Каримов, ишнинг бошини она қорнидаги ҳомилага тиғ тортишдан бошлаган эди.

Мустақиллик йилларининг энг катта жабрдийдаси болалар ва оналар эдилар. “Оқ олма”, “Қизил олма” деган ҳар хил бўлар-бўлмас ташкилотлар “Ўзбек модели” чизиғи бўйлаб, ўзбек оилаларининг тўшагига илондек сирғалиб кириб, эр-хотинлик ришталарига заҳар солди. Коммунистлардан Каримовга мерос қолган бу усул миллатнинг таянчи бўлган намунали оилаларнинг пойдеворини қуртдек кемириб, аҳоли сонини ўстирмасликка хизмат қилиши лозим эди. Бу учун мамлакатдаги бутун шифокорлар “Қизил олма” сафарбарлиги остида, аёлларнинг ҳомиласини йўқ қилиш билан шуғулланди. Ҳукуматнинг махфий топшириғига асосан, аёлларни пичиб, бола орттириш бахтидан мосуво этди. Юз минглаган жажжи жонлар оналарининг қоринларидан бир парча этлигидаёқ ситиб олиниб, кесиб ташланди. Нима қилиб қўйганини йиллар ўтиб англаган аёлларнинг ушалмас орзулари, уларнинг бўғизларида бир умр унсиз фарёд бўлиб қолди. Улар, “дод” демасинлар, фарёд солиб сочларини юлмасинлар, на уларнинг энди овози чиқади, на уларни энди биров эшитади…

Шу йўл билан миллатнинг онгидаги “оила – муқаддас” деган тушунча, одамларнинг қалбидан бир чечак каби юлиб ташланди. Юраги остидаги боласини ўз ихтиёри билан жаллод қўлига топширган оналар билан жамиятнинг орасидаги ўзаро ҳурмат-эътиборга дарз кетди. Ҳаёси ва иффатига тиғ теккан аёллар уй-рўзғор, бола-чақа тирикчилиги дея, ор-номус ва мусулмонлик туйғуларини осонгина топтаб ўтиб, разолат ва қабоҳат ҳукмрон бўлган бедодлик кўчаларига кириб кетдилар. Оиласи жиловини қочирган эркаклар турмуши салтанатининг шаҳаншоҳи эмас, оддий ҳаммоли бўлиб қолди. Каримов учун мана шу каби бедодликлар ўртага чиқиши зарур эди. Бу дунё, унинг дунёси эди. У ислом дунёсига тамоман зид, мана шу дунёга хизмат қилиши учун Ўзбекистоннинг бошига келган эди.

Эргаш Сулаймон