Каримов ҳукумати жанубий чегаралардан хавотирда

Каримов ҳукумати жанубий чегаралардан хавотирда
18 views
11 September 2014 - 9:38

2Ўзбекистонда жорий йил охирида бўлиб ўтиши режалаштирилган парламент сайловлари ва келаси йилнинг март ойида бўлиб ўтиши лозим бўлган президентлик сайловлари олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилишда давом этмоқда. Олдинги сайловлардаги тадбирлардан фарқли равишда бу сафар хавфсизлик борасидаги асосий эътибор ташқи хатарлардан сақланишга қаратилган.

Маълумки, диктатор Каримов ўз ташаббуси билан ўзбек армиясини ташқи душманга қарши курашдан мамлакат ичкарисидаги оммавий норозилик намойишларига, қуролсиз аҳолига қарши курашга йўналтирилганди.

Эндиликда Украинадаги воқеалар ҳамда каримов режими муxолифларининг кескин радикаллашуви туфайли ҳукумат амалдаги ҳарбий доктринани зудлик билан қайта кўриб чиқиш, ташқи хатарлардан ҳимояланиш мақсадида чегараларни мустаҳкамлашга киришиб кетди.

Айниқса, Афғонистонда жорий йилнинг 14 июнида бўлиб ўтган иккинчи тур президентлик сайловларининг ҳам муваффақиятсиз якун топиши туфайли мамлакатда бўлиниш хавфининг юзага келиши Ўбекистоннинг жанубий чегараларида ҳам хавотирни кучайтирди.

Шу мақсадда Ўзбекистоннинг мазкур ҳудудларида ҳарбий ўқув машқлари ташкил қилина бошланди. Хусусан, жорий ой бошида ўтказилган ҳарбий ўқув машқларида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ), Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус бўлинмалари қатнашди.

Ушбу ҳарбий машқлар Сурхондарё вилоятининг Афғонистонга чегарадош ҳудудида қўшни давлатдан «эҳтимолий террор ҳужуми»ни қайтариш мақсадида ташкил қилинди.

Жанговор ўқув-машқи сценарийсига мувофиқ, Ўзбекистон махсус кучлари Амударё орқали қайиқларда чегарани бузиб ўтишга уринган “террорчилар”нинг йўлини тўсиб уларни йўқ қилади.

Бундан ташқари, махсус куч бўлинмалари Амударё устига қурилган Термиз-Хайратон кўпригидаги чегара пунктида ёнғин ўчоқларини ўчириш ҳамда қўшни давлат фуқаролари келтириб чиқарган оммавий тартибсизликларни бартараф этишни машқ қилишди.

ЎХҲ ахборот бўлими