Hошудлар ношуди Каримовдан ҳам ношуд

Hошудлар ношуди Каримовдан ҳам ношуд
27 views
12 September 2014 - 9:06

2У аёлларга ҳар жойда тошдан совуқ ҳайкаллар тиклаб, ўзини аёл зотига меҳрибон қилиб кўрсатади. Аслида, у ўзининг жиддий ишлар сингари қувликни ҳам эплай олмаётганидан хабари йўқ. У менинг устимдаги гўзал ва қимматбаҳо либосларни кўряпсизларми, дея қанчалар томоқ йиртиб, айиқ каби бўкирмасин, унинг либос ярашмайдиган яланғоч ва жирканч танини бутун миллат кафтдагидек кўриб, “балодан ҳазар” қабилида, “…ҳа, сен зўрсан. Сендан ит зўр…” дея, ўзларининг ташвишлари билан чалғиб кетаверадилар. Қонун устивор, матбуот эркин бўлмагач, мамлакатнинг ҳеч бир жойида мухолифатнинг овози эшитилмайди.

Мухолифат бўлмагандан кейин, тараққиёт гарови бўлган рақобат ўлиб, кучсиз ва қўрқоқлар, зўравонга айланадилар. Арслон ораламаган ўрмонда шоқоллар қаҳрамонликлар кўрсатиб, Каримов каби масхарабозлар подшонинг тахтига чиқиб, ҳожат чиқарадилар. Бўрини эчки еб, сичқонлар олтинни гуримига тортиб бештош ўйнайди. Эшаклар қулунлаб, сигирлар туя, қўйлар қоплон туғади.

Барча-барчани ёлғон ва риё билан сеҳрлаб қойил қилаётганига ишониб қолган Каримовни атрофидагилар хушомад ва мақтовлар билан овлайдилар. Сеҳру жодига маҳлиё бечоранинг кўр ва кар бўлиб қолганидан хабари йўқ.

Асрлар синовидан шикастсиз ўтган Нодирабегим каби ўнлаб ўзбек аёлларининг юксак ижодий мероси бир четда қолиб, у собиқ Шўроларнинг куйчиси Зулфиянинг ҳеч нимани англатмайдиган номини мустабид сиёсатнинг сохтакорликлари учун қурбон беради. У ўзи каби дину диёнатга, халқнинг азалий қадрятларига тиш-тирноғи билан қарши турган Шўро куйчиларига ҳайкаллар ўрнатиб, бутун мусулмонни уларга будга сиғинган маймун каби сиғинтирмоқчи бўлади.

Комсомолнинг меросхўри бўлмиш “Камолот” ташкилоти миллатнинг сара қизларини йўлдан уриб, фитна ва маиший бузуқчиларга ўринбосарлар тайёрлашга киришиб кетади. Орқасидан мусобақада ютиб чиқиш учун пора, юқоридан қўнғироқлар каби шармандачиликлар бош кўтариб чиқади. Қизларни зоҳиридан ижодийдек кўринган алдамчи мусобақаларда ютиб чиқиши учун аврайдилар, “…президентимизга раҳмат! Биз ёшларга барча шароитларни яратиб қўйибдилар, юртбошимиз…” дея, сайратадилар… Эвазига… Бузуқчиликлар, маиший беҳаёликлар…

Вақт ўтган сайин Зулфияхоним қизларининг ненинг эвазига ғолиб бўлгани, уларнинг ўрнига кимларнинг ижод намуналари намойиш этилгани намоён бўлаверади, намоён бўлаверади…

Мустақиллик сиёсати туфайли ўн гулидан бир гули очилмаган қизларимиз қизил гулдек сўлиб, умрлари хазон бўлаверади, бўлаверади…

Бугун буни ҳеч кимдан сир тутиб бўлмайди. Бутун халқ бошқа ҳар хил ташкилотлардаги сингари Зулфияхоним қизларининг фаолиятлари шармандачиликлар чўққисига етиб, интиҳо топаётганини кўриб билиб, ёқа ушлаб турибди.

Иккинчи томондан отасининг қизи бўлмиш Гугуша Фонд – форум, Галаконсертлар ва Кўкрак саратони деган одам боласининг хаёлига келмайдиган алламбалолар тузиб, ит қисганни бит қисади, деган каби халқнинг оғзидаги ошигача қўлидан тортиб олади.

Кўкрак саратонига хайрия йиғиш марафонини ўтказадида, аёлларимизнинг кулфатидан фойдаланиб ҳам отасининг қизи пул йиғади. Марофоннинг югуриш бўйича тадбирлари бошида, “безгалтир” билан “ластичка” кийган Абдиҳошимбой. Қўлида ғижжак, орқасида ўқлов ушлаган Зулайхахон Бойхонова, “ҳай-ҳай”лаганча, уни йўл бўйи томошабинлар хуружидан қўриқлаб боради. Ундан ҳам олдинда, жуни кўзига тушган итдек бўғзини йиртиб толвос урган Жоҳонгир Фозилжонов. Куюккан қанжиқ сингари думини чотига қисиб, ирғишлагани-ирғишлаган…

Шу йўл билан Гугуша миллонларни, милярларни йиғди. Топилган маблағларнинг саратонга йўлиққан аёлларимизга бир мири тегмади. Гугушани фақат телевизор орқали кўриш мумкин эди. Бирор муҳтож кимса шу чоғгача у билан учрашиб, у билан гаплашмаган. У хоҳлаган ўтини еб, хоҳлаган ишини амалга оширди. Бугун бутун дунё бунга гувоҳ бўлиб турибди.

Бу ишларда фақат Каримов айбдорми, деган ҳақли савол туғулади. Шахсан, мен: йўқ, битта у айбдор эмас, деб жавоб берган бўлардим. Хўрланаётган аёлларнинг эрлари, ака-укалари, ўғиллари қайда? Улар ўлганми-тирик, деган бўлардим?

Мустақиллик сиёсати жабрдийдалари болаларининг ота-оналари, амаки-тоғалари соғ-саломатми, жинни-пинни бўлмаганми, дея сўраган бўлардим. Эрлар, ака-укалар, ота-она, амаки-тоғалар бор-ку! Мен, у, улар, бизлар ва сизлар мана шу Каримов жабрдийдаларининг эрлари, ака-укалари, ота-онаси ва амаки-тоғалари эмасмизми, дея, ночорларнинг ночори, ношудларнинг ношуди Каримовдан ҳам ношуд ва ночор эканмиз туфайли, барчаси бизнинг касримизга қоляпти, деган бўлардим…

Давоми бор

Эргаш Сулаймон