Ўзбекистон Россия тажовузидан ҳимояланиш учун Шарққа юзланмоқда (видео)

Ўзбекистон Россия тажовузидан ҳимояланиш учун Шарққа юзланмоқда (видео)
77 views
15 September 2014 - 14:05

6

Россиянинг Украинага нисбатан олиб бораётган тажовузкорона сиёсати туфайли сўнги вақтларда собиқ иттифоқ республикалари хавотирли кунларни бошдан кечирмоқда. Оврўпа давлатлари ҳам Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси ортидан халқаро мувозанатнинг бузилишидан ташвиш билдиришмоқда.

Болтиқ бўйи давлатлари Донбассдаги воқеаларда ўз барқарорлиги учун хавф-хатар мавжудлигини кўришмоқда. Ўз навбатида Марказий Осиё давлатлари ҳам Кремлнинг ўзгарувчан ташқи сиёсатидан хавотирда. Бу ҳақда “EurasiaNet” америка нашри томонидан эълон қилинган мақолада сўз боради.

Марказий Осиё давлатлари Кремлнинг Украинага нисбатан тажовузкорона ташқи сиёсатидан жиддий ташвишда. Даставвал Путиннинг Қозоғистон давлатчилиги ҳақидаги номаъқул баёноти янгради. Эндиликда расмий Тошкент Кремлдан узоқлашишга ва унинг собиқ совет давлатларини ўз назоратига олишга уринишларидан ҳимояланишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон узоқ вақт давомида Россия Федерациясига нисбатан эҳтиёткорона сиёсат олиб борди. Буни расмий Тошкентнинг Овросиё иқтисодий иттифоқига аъзолик масаласига ҳеч қандай қизиқиш билдирмаётганлигида ҳам кузатиш мумкин. Кремль учун эса бу ташкилот собиқ совет ҳудудида ўз таъсирини қайта тиклаш имконияти сифатида талқин қилинади.

Расмий Тошкент томонидан билдирилган сўнги баёнот Ўзбекистоннинг Украина шарқидаги воқеаларни жиддий қабул қилганлигини кўрсатиб турибди. Диктатор Каримов маъмуриятининг вазият таранглигидан хавотири Россия Федерациясидан имкон қадар узоқлашиш имкониятларини кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин. Жумладан, бундай кайфият Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида ҳам яққол намоён бўлди.

Вақтида ўз коммунистлиги билан фахрланган диктатор Каримов ўз нутқида совет ўтмишини қоралади. Донбассдаги воқеалар ва Кремлнинг собиқ Совет ҳудудларида ўз таъсирини кучайтиришга уриниши ортидан айтиш мумкинки Каримовнинг бу билан Путинга ишорат бермоқчи бўлди.

Каримов ўз нутқида Украина номини ошкора тилга олмади. Бироқ, низонинг кенг қамровли урушга айланиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган қандайдир “таранг вазият” ҳақида гапирди. Бундан ташқари, Каримов куч ишлатмаслик, давлат суверенитети ва чегаралар дахлсизлигининг ҳурмат қилиниши лозимлигига урғу берди.

Мураккаб вазиятда қолган расмий Тошкент

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати олдидаги муаммолардан бири Украинадаги воқеаларга нисбатан ўз муносабатини аниқлаштириб олишдан иборат. Мураккаблик шундан иблоратки, Каримов учун қарама-қарши тарафларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслик кўпроқ фойда келтиради. Тошкент учун Кремлнинг экспансия сиёсати жиддий хавф саналади, шу сабабли ҳам уни қўллаб-қувватлаш манфаатларга мос келмайди.

Танганинг бошқа томонида эса халқнинг диктатурага қарши муносабатини ифодалайдиган Киевдаги инқилобий кайфият турибди. Киевдагига ўхшаш воқеаларнинг Ўзбекистонда ҳам қайтарилиши диктатор Каримов учун ўлим билан баробар. Чунки Каримов учун ўз ҳокимиятини қўлдан бериш қўрқуви ҳаттоки Россияга таъсири остида тушишдан ҳам кўра кучлироқдир.
Сиёсатшуносларнинг эътироф этишича расмий Тошкент Кремлнинг Ўзбекистонга таъсир кўрсатиш мақсадида “юмшоқ куч” қўллаш эҳтимолидан ташвишда. Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида меҳнат қилишларига таъқиқ қўйилиши ва “россияча тарғибот усуллари” орқали оммавий ахборот ҳужуми уюштириш Россиянинг Ўзбекистонга босим ўтказишда “енгил куч” қўллаш воситалари бўлиши мумкин.

Кремлнинг рус тилида сўзлашувчи аҳолини ҳимоя қилиш зарёрияти ҳақидаги баёнотлари эса собиқ совет маконидаги барча давлатларнинг хавотирланиши учун жиддий сабаб ҳисобланади.

Тошкент олдида турган яна бир муаммо – стратегик шерик танлашдан иборат. Таҳлилчиларнинг фикрича, Кремлнинг ташқи сиёсати иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги давлатлараро алоқаларни имкон қадар диверсификация қилиш учун асос саналади.

Расмий Тошкентнинг Вашингтон билан муносабатлари 2005 йили ҳарбий база билан боғлиқ ҳолатдан сўнг қайта ўнгланмади. Бундан ташқари, америка ҳукумати ва Оврўпа мамлакатлари томонидан Каримовнинг ўз фуқароларига нисбатан репрессив сиёсати ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг абгор бир аҳволда эканлиги танқид остига олиниб келинади. Бу мавзулардаги танқидни эса ўзбек диктатори хушламайди.

“EurasiaNet” нашрининг хулоса қилишича, мавжуд вазиятда кўпгина сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг Хитой ва Осиё минтақасининг ривожланаётган давлатлари билан иқтисодий характердаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг муҳим эканлигини таъкидлашади.

Мутахассисларнинг фикрича, Жанубий Корея, Япония ва Форс кўрфази мамлкатлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳам алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Лондондаги Economist Intelligence Unit таҳлилчиси Дэвид Далтоннинг фикрича, Ўзбекистоннинг Хитой билан алоқаларни кучайтиришга бўлган ҳаракатини Россия тажовузига қарши тура оладиган кучли ҳамкорга бўлган эҳтиёж сифатида баҳолаш мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими