Ўзбекистон Бош прокурори ўғирлик пулларини қаерга сарфламоқда? (фото)

Ўзбекистон Бош прокурори ўғирлик пулларини қаерга сарфламоқда? (фото)
35 views
15 September 2014 - 15:57

9Юқорида берилган сарлавҳа остида таҳририятимиз почтаси орқали ўзини Қудрат Ғофуров деб таништирган муштариймиздан бир мактуб олдик.

“Биз, Ўзбекистондаги ҳукуматнинг бедодликларидан жабр кўрган тадбиркорлар, мансабдорларнинг фақат ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда ўз халқига зарар бериш йўли билан қўлга киритган бойликлари ва уларнинг мамлакат иқтисодиётини “ривожлантириш” йўллари ҳақида тасарруфимиздаги маълумотларни сайтингиз учун тақдим қилишга тайёрмиз”, – дейилади мактуб ибтидосида.

Мактубда Ўзбекистонда қонунларнинг бир хилда ижро қилиниши устидан назоратни амалга ошириш учун масъул бўлган Бош прокуратура тузилмаларида мансабни суистеъмол қилиш ва порахўрлик билан боғлиқ жиноятларнинг авж олгани тилга олинади.

“Бироқ, бугунги кунда мазкур идоранинг асосий иши ўзбек бизнесини тортиб олишдан иборат бўлиб қолди. Кўриниб турибдики, прокурорлик мансаби жиноий фаолият бўлган – порахўрлик ва тижорат тузилмаларига “крыша”лик хизматидан маблағлар келиб тушадиган даромад манбаига айланди”, – деб ёзади муаллиф.

Дарҳақиқат, сўнги вақтларда ОАВ воситалари ва мустақил нашрларда мунтазам равишда мазкур тузилма айрим ходимларининг жиноий жавобгарликка тортилганлиги билан боғлиқ хабарларнинг эълон қилиниши юқоридаги фикрнинг ҳақиқат эканлигидан дарак беради.

Катта пул катта имкониятдир, шу сабабли прокуратура ходимлари ҳам ўғирланган маблағларини ташқарига олиб чиқишга ҳаракат қилишади.

Бу тоифадаги прокурорларнинг энг ёрқин ўрнаги сифатида мактуб муаллифи Бош прокурор Рашид Қодировни мисол келтиради. Мактубда ёзилишича, Р. Қодиров ўз оиласи билан Испания, Бирлашган араб амирликлари ва Латвияда йирик кўчмас мулк объектларига эга.

Ушбу мулкларга мисол сифатида Латвиянинг Рижский туманидаги Суниши посёлкасида жойлашган Қодировлар оиласига қарашли иккита қасрсифат уйни келтириш мумкин.

1

Ўзбекистон Бош прокурори Р. Қодировга тегишли уйлардан бири

Уйлардан бири Р. Қодиров қизининг эри – Тимур Каримов исмли машҳур тадбиркор номига расмийлаштирилган.

Иккинчиси эса Р. Қодировнинг биринчи никоҳидан бўлган Алишер исмли ўғли номига расмийлаштирилган. Алишер ҳам Ўзбекистоннинг оқсуяклар авлоди саналадиган “олтин ёшлари” орасида етарлича танилган.

2

Р. Қодировнинг ўғли Алишер номига расмийлаштирилган уй

Қонунларнинг бош қўриқчиси оиласига яқин манбанинг айтишича иккала кўчмас мулк ҳам шахсан Бош прокурорнинг пулларига қурилган.

Ушбу ёзда Қодировлар оиласи – турмуш ўртоғи, ўғли, қизлари, куёвлари, неваралари Латвияда дам олишган ва бегоналардан ҳоли янги ҳовлиларни дабдабали равишда нишонлашган.

Хизматчи ходимларнинг сўзларига кўра, дабдабали зиёфатда алкогол ичимликлар дарё бўлиб оққан, кунига уч маротаба қизил ва қора икралар дастурхонга тортилган ва асосий шоҳона таомлар сифатида балиқ ва денгиз махсулотлари дастурхондан жой олган.

Ҳозирда пул ювиш ва капитални ҳорижга жойлаштириш барча ўзбек мулозимларига ҳос бир одат саналади. Шу тарзда Р. Қодиров ҳам ўғирлик пулларни ҳорижга олиб чиқиб “фавқулотда ҳолатлар”да асқотадиган қўшимча аэродром ҳозирлаб қўйган.

(давоми бор)

ЎХҲ ахборот бўлими