“Ўзбек модели”нинг бош мақсади

“Ўзбек модели”нинг бош мақсади
117 views
18 September 2014 - 8:14

nam12…Чақолоқ дунёга келмасидан бир-икки ҳафта аввал, туғруқхонага пора берилади. Қорнида боласини тўққиз ой кўтарган она, “бер”-“бер”лардан адо бўлган эсада, боласининг соғ-омон ёруғ дунёга келиши учун охирги кучини муштига йиғиб, қарз кўтариб бўлса ҳам, ҳеч нимадан қайтмайди. Олдиндан пулини тўлаб қўймаса, бўшаниш учун келган аёлни энг исқирт, энг ночор палатага ётқизадилар. Замон талаблари даражасида қурилган шифохонанинг бир чеккасида, ҳар доим алмисоқдан қолган, шарти кетиб парти қолган бир-иккита палата топилади.

Ўзбекистондаги қонунлар: бизда шоҳу гадо тенг, ҳамма нарсалар инсон учун, унинг бахт-саодати учун, ҳамма яхши нарсалар болалар учун дея, кеча-кундуз бутун матбуотдан чиранмасин, улар ўзларини ҳимоя қила олмайдилар. Уларнинг кунидан Каримов томонидан хўжа кўрсинга номига тузилган мухолиф партияларнинг куни авло. Халқ томонидан президентнинг “чўнтак партия”лари деб, аталадиган шотир партиялар ҳар ҳолда, омадсиз тиланчилар эканликларини яшириш учун устиларига эски-туски кастум-шим кийиб, бўйинларига галустук тақиш имконига эгалар.

Ҳукуматнинг оёғига пайтава сингари чувалишдан бошқасига ярамайдиган қонунларга ҳақиқий қиёфасини аён этиш учун эса, ҳуқуқ берилмаган. Қонунлар пўрим кийинган жандармларга ўхшасалар ҳам, ўзларининг ҳиссиз ҳайкалдан бошқа нарса эмасликларини халққа танитсалар, Каримовнинг шўрига шўрва тўкилади.

“Ўзбек модели”нинг бош мақсади – жон билан тан каби мутаносиб бўлишлари керак бўлган фуқаро билан қонунларни бош бириктиришга қўймаслик. Бу йўлда Каримов ҳеч бир нарсани қонун чиқарувчи органлардан аямайди.

Қонун ва фуқаронинг бир-бирини танимаслиги, унинг умрини чўзади, жиноятларини хаспўшлашга сабаблар топиб беради… Аслида эса, биз замон талабларига жавоб беради, деётганимиз шифохонанинг ўзи ҳам юзи ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб, унинг ҳолати Каримов Мустақиллигининг руҳий ҳолатидан авло эмас. Ҳар бир айтилаётган сўз, ҳар бир амалга оширилаётган ишнинг натижаси руҳий ҳолат ва инсоннинг ўзини ўраб турган дунёни қанчалик идрок этиши билан боғлиқ эканлигини англасак, ҳар қандай пурвиқор бино ҳам, энг сўнгги андозаларда жиҳозланган шифохоналар ҳам ҳеч нарсани англатмаслигини дарров тушунамиз.

Барчаси марказида ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайдиган сиёсий саводи ночор фуқаролар тургач, юлдузларни бенарвон урадиган асбоб-ускуналарнинг темир-терсакдан фарқи қолмайди.

Улар халқни алдаш ва уларнинг чўнтакларига тушиш учун қўшимча куч сифатида қўлланилади. Қадр-қимматини, ихтиёрини бой бериб қўйган миллат, ҳар бир соҳадаги каби соғлигини тиклаши учун ҳам умри-жони ва моли-дуёнси ҳисобидан товон тўлаб юраверади.

Эр кулмаган кеч кулмас, кеч кулмаган ҳеч кулмас, деганлари сингари, қўлларида мўмай пули борлар ҳам врачларнинг ширин муомиласи ва риёкорликлари боис, ўзларини-ўзлари алдаб, умри-жонлари ва инсонийлик шаънига зид туриб, бутнинг кармонини ўмарган маймун сингари шифохонадан бир қучоқ бўлиб семириб чиқадилар.

Аслида, врачлар пора бера олмаган кимсадан кўра, уларга ҳам яхши қарамаган бўлади. Шифокорларнинг ҳирси-дили пул бўлгач, пора берганларга керак бўлса-бўлмаса, нинани кўпроқ санчиб, кўпроқ таблетка берса, бўлар-бўлмасга суҳбатлашиб, кулгуси келмаётган бўлса ҳам, тез-тез табассум улашиб қўйса олам гулистон. Соғликни сақлаш соҳасидагилар яхши шифокор бўлгандан кўра,

Мустақиллик шароитида ёмон руҳшунос бўлган минг марта афзал эканини, Каримовнинг 23 йиллик ур-суронли йилларида жуда ҳам яхши анлаб олганлар. Тиббий саводи йўқ халқ билан ёлғон-яшриқлар орқали тиллашилмаса, оч қолиб кетишларини ҳам улар яхши биладилар. Каримовнинг “Ўзбек модели” асосида, муттассил пастга қараб ривожланаётган мустақил Ўзбекистонда, ҳар бир соҳада ва ҳар бир жабҳада, мана шу руҳ, мана шу усул устивор. Каримов ўзи тан олиб айтганидек, унинг: ўзига хос ўзига мослиги ҳам, мана шунда…

Врач пора олмаса, иложи борича беморнинг олдига кирмасликка ҳаракат қилади. Дори-дармон тақчиллигини писанда қиладиган ҳамшира қош-қовоғини уйиб, ҳар сафар ичбуруққа учраган кимса сингари унинг олдига, буралиб кириб чиқади.

Иккинчи томондан, бюжеддан ажратилган дори-дармонларнинг ҳам камида 40 фоизи шифохонага етиб келмайди. Юқоридагилар “юзинг-кўзинг” демай, ўнг қўли билан бериб, чап қўли билан ўмариб турганидан кейин, пастдагилар ҳам етиб келган дори-дармоннинг қолган 30 фойизини туя қиладилар. Шунда, ажратилган дори-дамонларнинг 90 фойизи ҳар хил йўллар орқали қайтиб сотувга чиқади.

Президентдан тортиб, токим ҳамшираларгача бўлган тизимда, бошқа соҳалардаги сингари халқни очиқчасига кундузнинг куни чув туширадилар. Ўзбекистон президенти ўзининг ёлғон-яшриқлари, хиёнатлари, миллатфуруш-ватанфурушлиги, худосизлиги ва фиръавинланиш каби гуноҳларига бутун миллатни – хавфсизлик ташкилотлари, маориф, маданият ва ҳаказоларни… шерик қилгани сингари Соғликни сақлаш соҳасидаги барча қинғир ишлари туфайли кўз очадиган мудҳиш жиноятларига ҳам соҳа ходимларини шерик қилади. Бу билан у қамоқхоналарга узликсиз ўринбосарлар тайёрлаш сиёсатини амалга оширади. У ҳам энидан, ҳам бўйидан урар экан, кеча унинг номини айтиб кўкрагига муштлаб юриганлар, бугун ўзларини Тоштурмада кўрадилар.

Аммо, бирор-биттаси бу кўргуликларнинг замирида президент Каримов турганини билса ҳам, адолатсизликдан, “дод” демайди, юрак-бағри куйиб кетаётган бўлса ҳам, “…уйимни куйдирдинг, уйинг куйгур, Каримов” демайди.

Гўё, у туғулмасидан олдин ўзининг шунга маҳкум қилинганини башорат қилар экан, “Пешонада бор экан, тақдирдан қочиб қутулишнинг иложи йўқ”, дея алламолик қилмоқчи бўлади. Ўзини замонанинг тушунган кишиси кўрсатиб, ўзгаларга: ота билан ўйнашиб бўлмайди, Мирсаидов билан Қўқоновга ўхшаганларни тирик ўлдирди. Ер юзини сўраб турган бой билан графни, “гаҳ” деса, қўлига қўнадиган қилиб қўйди, дея панд-насиҳатлар беради.

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон