Ўзбекистонда тақиққа қарамай, балоғатга етмаган болалар пахта теримига олиб чиқилди

Ўзбекистонда тақиққа қарамай, балоғатга етмаган болалар пахта теримига олиб чиқилди
72 views
30 September 2014 - 9:24

kollej paxta 2014Ўтган ҳафтада Самарқанд коллежларининг 16-17 ёшли иккинчи курс ўқувчиларини ҳам пахтага олиб чиқишди. Балоғат ёшига етмаган ўқувчиларини пахтага олиб чиқиш тўғрисидаги расмийларнинг қатъий тақиқига қарамай, шу ишлар бўлиб ўтди.

Самарқанддаги камида икки коллеж ўсмирларни пахта далаларига олиб чиққани маълум. Бу Сўғдиёна даҳасида жойлашган медицина коллежи ҳамда “Геофизика” массивида жойлашган медицина лицейи. Ота-оналарга кўра, таълим муассасалари раҳбарлари ўқувиларнинг ота-оналарига болаларингизни ўқишдан ҳайдаймиз, дея пўписа қилиб пахтага олиб чиққанлар.

Бундан ташқари, ўтган шанба куни шаҳарнинг барча ташкилотларига ва муассасаларига барча ходимларини пахтага олиб чиқиш буюрилган. Шаҳарликларни бир кунга олиб чиқишмоқда; бригадаларни тузишга ва йўлга кетадиган вақт ҳисобга олинса, одамлар беш-олти соатдан пахта теряптилар, холос. Шу вақт давомида улар ҳатто минимал норма – 30 килограмм пахтани териб улгурмаяптилар.

Бошқа таълим муассасасининг ўқитувчиси пахтадан қайтиб келиб, “Фарғона” мухбирига маҳаллий аҳоли шаҳарлик ҳашарчиларнинг эҳтиёжини қондириш учун ўзига хос бизнес ташкил қилганларини гапириб берди. Улар пахтани териб, шаҳарликларга ҳар бир килограммини 300 сўмдан сотишяпти, туман табелчисидан эса ҳар килограмм пахтани 500 сўмдан сотиб олиш мумкин.

Х.Ёқубова (Самарқанд)

Манба: uzbek.fergananews