Ўзбекистонда парвоз олдидан йўловчиларнинг барча электрон воситалари текшириладиган бўлди

Ўзбекистонда парвоз олдидан йўловчиларнинг барча электрон воситалари текшириладиган бўлди
19 views
01 October 2014 - 9:10

iphone-screening-airport-tsa-2Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Миллий хавфсизлик хизматининг биргаликдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида радио, телеаппаратура, аудио ва видео техника, компьютер, планшет ва мобил телефонларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш қоидалари (pdf) тасдиқланди.

«Мазкур Қоидалар талаблари Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясида ички ва халқаро йўналишларда учувчи йўловчиларнинг (ҳаво кемаси экипажининг) ёнида бўлган электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текширишга нисбатан татбиқ этилади», — дейилади ҳужжатда.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Қоидаларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Қоидаларда аниқлик киритилишича, электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари томонидан аэропортдаги махсус ажратилган ва зарур махсус техник воситалар билан жиҳозланган текшириш хонасида амалга оширилади.

«Йўловчи (ҳаво кемаси экипажи) авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг сўровига асосан текшириш хонасида ўзининг электрон воситаларини ёқиш орқали ишлашини, уларнинг аккумуляторлари, батареялари жойлаштирилган жойларини кўрсатиши шарт. Электрон воситаларнинг ишлашини уларни ёқиш орқали аниқлаш имкони бўлмаса, улар йўловчи (ҳаво кемаси экипажи) томонидан тақдим этилган ёки текшириш хонасидаги зарядлаш анжомлари орқали текшириш учун етарли даражада қувват олгунига қадар зарядкага қўйилади», — дея қайд этилади ҳужжатда.

Агар текшириш учун етарли даражада қувватланган электрон восита ёқилмаса, мазкур электрон восита авиация хавфсизлиги бўлинмаларининг ходимлари томонидан қўшимча махсус техник воситаларни қўллаш орқали текширилади.

Қоидаларда белгилаб қўйилганидек, авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари томонидан йўловчига тегишли бўлган ва электрон воситаларда сақланаётган шахсий маълумотларни текшириш тақиқланади.

Электрон воситаларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш жараёнида уларда тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги аниқланса, текшириш тўхтатилади ва йўловчи ҳаво кемасига қўйилмайди.

Манба: daryo.uz