Каримовга мактаб ўқитувчисидан шикоят ариза

Каримовга мактаб ўқитувчисидан шикоят ариза
75 views
01 October 2014 - 12:28

Таҳририятимизга келган қуйидаги мактуб муаллифи Оҳангарон туманидаги 52-сонли мактабда авж олиб бораётган порахўрлик ва маҳаллийчилик туфайли давлат раҳбарига шикоят қилади. Мактуб матнини ўзгаришларсиз эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти

И. А. КАРИМОВ га
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани
4-кичик ноҳия 52-мактабнинг
Бошланғич синф ўқитувчиси
Раимова Робиядан
Яшаш манзилим:
2 -даха, 4-уй, 1-хонадон
Тел: (94) 423–11-25

Шикоят ариза

Хурматли Ислом Абдуғаниевич Каримов!

Мен Навоий вилоятидан Тошкент вилояти Оҳангарон туманига кўчиб келганман. 3 нафар фарзандим бор. Ёлғиз онаман. Навоий вилоятининг ҳавоси соғлигимга тўғри келмади. Оҳангароннинг ҳавоси яхши, 2011-йилдан буён тумандаги 52-мактабда бошланғич синф ўкитувчиси бўлиб ишлайман. Турмуш ўртоғим 3та фарзандимга берадиган алименти ва ўзим ишлаган ойлик билан 3та фарзандимни боқаман, тарбиялайман.

Мен ўзим ишлаётган мактабда порахўрлик ва маҳаллийчиликнинг авж олиб бораётганлиги туфайли ушбу шикоят аризани ёзмоқдаман.

Хусусан, 52 мактаб бошланғич синфларда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Боймирзаева Наргиза рахбарлик лавозимини суистеъмол қилган ҳолда 6 ешлилар тестидан ўтмаган Наимжанова Рушанани онасидан хизмат хонасида пора олган. Эвазига фамилияси синф журналига 7 ёшли қилиб қилинган. Бу судда ўз тасдиғини топди. Боймирзаева судланди ва амнистияга тушди. Хозирги кунда ҳам раҳбар лавозимида ишлаб юрибди. Боймирзаева раҳбарлик лавозимини суистеъмол қилган, пора олган, лекин туман халқ таълими бўлими мудири А.Эрназаров уни қуллаб қувватлаб юрибди. А.Эрназаровга Боймирзаева Н.га ўхшаган порахўрлар маъқул келса керак, чунки улардан манфаатдор бўлади-да. Шунинг учун ҳар-хил баҳоналар билан бўшатишни истамайди. Бўшатса битта манфаат кўрадиган порахўрдан ажралади. Бу А.Эрназаров учун оғир!

Узоқ йиллар давомида 52-мактабни шахсий мактабига айлантириб олган, бошланғич синфларда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари 0,5 ставкада, 0,5 ставкада тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаетган Наргиза Боймирзаевани миллатчилик, махаллийчилик қилганидан, порахўрлигидан, ҳар иккита гапни бирида мен Оҳангаронликман сени ишдан ҳайдайман, сен қозоқсан, ифлос, маразсан, ўзингни жойинга бориб ишла деб ўқувчилар ва ота-оналар олдида таъзийқ ўтказишидан жуда безор бўлдим.

Асабларим чарчади. Соғлигим кетаяпти. Ҳатто 2014 йил 7 январ куни мактабда швабра билан уриб танамни кўкартирди. Бу ерда мени 3та вояга етмаган фарзандимдан бошқа хеч кимим йуқ. Салкам 3 йил мени қозоқдан олиб қозоққа солишидан ҳар хил ҳақоратомуз сўзлар билан таъзиқ ўтказишига чидаб, ишлаб келдим. Лекин ҳар ҳил гаплари майли, калтаклаганига чидай олмадим.

2014 йилни январ ойида швабра билан калтаклаганидан кейин Оҳангарон халқ таълими бўлими мудири А.Эрназаровга ёзма ариза билан мурожат қилдим, қабулида бўлдим. Натижа бўлмади, у Н.Боймирзаевани ҳимоя қилди.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Мавлянов Амирқуловичга ҳам ёзма ариза билан мурожаат қилдим, қабулида бўлдим. Мавлянов Қ. нима учун сен вилоят ҳокимига ХТБга, Президент аппаратига ёзма мурожат қилдинг. Биринчи мени олдимга келганингда ёрдам қилар едим. Наргиза Боймирзаевага чора кўрар эдим деб мени хонасидан чиқариб юборди. Юқори мутасадди идораларга ёзган шикоятларим айланиб туман халқ таълими бўлимига келди. 2014 йилни март ойда 52-мактабга вилоят депутати З.Эралиева, Музаффар Саидкаримов, Х.Т.Б. мудири Эрназаровалар келиб шикоятимни жойида ўрганди. З.Эралиева Н.Боймирзаевани иши хозирги кунда туман хуқуқни химоя қилиш ташкилотлар томонидан ўрганилаяпти. Унинг порахўрлиги, сохта хужжатлар қилиб 6 ёшли ўқувчиларни метрикаларини 7 ёш қилиб ўқишга олганлиги буни эвазига пора олганлиги хуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан тасдиғини топса ўша куни ишдан оламиз тасдиқланмаса ишлайди деб жавоб берди. Факат 9 йил давомида битта ўзи 2та ишни бошқарган (ўқув ишлари бшйича директор ўринбосари 0,5 ставкада, директорнинг маънавий ишлар ўринбосари 0,5 ставкада ишлаган). Бу мумкин эмас 0,5 ставкадаги тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосарини оламиз деб жавоб берди. А.Эрназаров эса бутун жамоа олдидаги менга босим ўтказиб Н.Боймирзаевадан кечирим сўрашимга мажбур қилди. Н.Боймирзаева мендан ёши кичик бўлса ҳам манманлик қилиб, мен келиб-келиб шундан кечирим сўрайманми деб жамоа ва келган текширув-гуруҳига жавоб берди. Депутат Саидкаримов М эса менга “-Сендака ўқитувчиларни қулида фарзандим тугул итимни ҳам ўқитмайман, буни мактабдан ҳайдаш керак” деди.

А.Эрназаров ҳам депутат Саидкаримов М.нинг гапини мақуллади. Тўппа тўғри бу ўқитувчи бўлиб ишлашга ҳаққи йўқ. Мактабдан ҳайдаш керак деди.

Н.Боймирзаева порахурлиги 2014-йил 18-апрель куни судни қарорида ўз тасдиғини топди.

Мен яна 2014 йил май ойида н.Боймирзаевани 209-моддани 1-қисми ва 210-моддани 2-қисми “а” “в” бандлари билан жавобгарликка тортилганлиги бўйича, мана исботини топди деб ХТБ мудири А.Эрназаровни қабулида бўлдим ва мурожат қилдим. А.Эрназаров Н.Боймирзаевани устидан яна ёзаверсанг, ўзингни келган жойинга қуритаман, қандай келган бўлсанг шундай кетасан деди. Дарсларингни ўзингни билим даражангни комиссия ташлаб текширтираман. Биз бир жойни одамимиз Оҳангаронликмиз. Н.Боймирзаевага судни қарори чиққани билан ишламасин деган эмас. Амнистия билан тугатяпти. У ишлайди. Мен уни ҳимоя қиламан, хоҳламасанг ишдан бўшаб кет. Биз Оҳангаронликлар бир биримизни ҳимоя қиламиз. Четдан келганларни гапи биз учун бир тийин деди.

А.Эрназаровни бу гапи махаллийчлик эмасми? Махаллийчилик Ўзбекистон тараққиети учун хавфли эмасми? Албатта бу ерда манфаатдорлик бордирки Н.Боймирзаевани А.Эрназаров ҳимоя қилмоқда. Мен шундан кейин ХТБ лигига ариза ташладим. Аризам яна А.Эрназаровга келди. Сентябрь ойида Чирчиқ туман халқ таълими кадрлар билан ишлаш бўлими инспектори Махбуба
Ходжаевна Оҳангарон туман халқ таълими кадрлар билан ишлаш бўлими инспектори Деҳқонов Зухриддин 2014 йил сентябрь ойида мактабга келди.

Аризамни Н.Боймирзаева билан биргаликда ўрганди. М.Ходжаева 209,210-модда яъни пора билан айбланиб судга чиққан Н.Боймирзаевага Р.Раимованинг дарсларига кириб камчилигини топ, кейин бизга маълум қил деди. Мактабдан ҳайдаймиз деган фикрни билдирди. Келган текширув гуруҳи А.Эрназаровни гапи билан иш қилмоқда.

Хурматли Ислом Абдуғаниевич Каримов, мен ёлғиз онаман 3та фарзаним билан қаерга бораман. Махаллийчилик қилиб қўлини кўксига уриб гуруҳвозлик қилаётган Оҳангарон халқ таълими бўлими мудири А.Эрназаров депутатлар З.Эралиева, М. Саидкаримовларнинг порахўрлиги учинчи ҳокимият бўлган судлар томонидан тасдиқлансада Н.Боймирзаевани оқ пахтага ўраб ўтирганларга нисбатан чора кўришингизни илтимос қиламан.

деб ариза берувчи

Раимова Р