Пора бўлмаса…

Пора бўлмаса…
30 views
02 October 2014 - 8:57

Uzbek5Бўритош Мустафоевнинг хотинининг Самарқанд вилояти туманларининг қай бирида милитсия бошлиғи лавозимида ишлаётган акасининг жиноий иши, бошқа бир мамлакатда содир этилганда эди, бутун дунёда шов-шув бошланарди. Ноҳақликдан бўғилган одамларни ҳукумат эшитмаса, улар тўс-тўполон кўтарардилар. Қадр-қимматини яхши биладиган фуқаролар, ҳукумат бошида ўтирган бир тўп суистеъмолчиларга қонунларни оёқости эттириб, ўзларининг ор-номусларини ерга уришга йўл бермасди. Мамлакатда Олий суд раиси лавозимини эгаллаб турган жиноятчининг синглиси эридан бу ишга изоҳ беришни талаб қилиб, у ўтирган “нажот қалъаси”ни плакатлар кўтарган намойишчилар ўраб оларди. Фаол ва ҳалол фуқаролар мамлакати ва миллат шаънига иснод олиб келиши мумкин бўлган бунақанги шармандали ҳолатга тоқат қилолмасди. Ўзбекистонда-чи?! Уюшган жиноий гуруҳни бошқарган туман милитсияси бошлиғини суд раиси, давлат олдидаги хизматлари ва оиласининг моддий аҳволини ҳисобга олиб, суд залидан очиққа чиқариб юборади. Унинг ўрнида бошқа биров бўлганда эди, ундан янги Акрам Йўлдош ясардилар. Шериклари, акарамчиларга айланарди.

Жуда осон қутулган милитсия бошлиғининг жиноий шерикларига эса, ўн йилдан ўн саккиз йилгача қамоқ жазоси тайинланади. Дунёдаги энг мукаммал суд тизимлари дастуруламалларидан кўчириб, ўз номи билан ўғирлаб ёзилган Ўзбекистон қонунларида, ҳар эҳтимолга қарши “муҳим” кимсаларнинг исталмаган жиноятлари очилиб қолганда, уларни суд залидан чиқариб юбориб, уларнинг ўндан бир жиноятини қилмаган шерикларини қамаб юбориш учун ҳам банд қўшилган ёхуд аҳмоқ бўлиб Ўзбекистонинг “адолатпарвар” қонунларига суяниб қолганларни ўйлаб ўтирмасдан чўктириш учун алоҳида қора туйнук ўрнатилган бўлади.

Қилни қирқ ёрадиган икки палатали қонун ишлаб чиқарувчи фабрика депутатлари, ўзларини олган поралари эвазига таъминлаб турган ижро органлари ходимларининг жиноятлари очилиб қолганда, улар чиқиб қочишлари учун Жиноят кодексидан орқа эшик очиб қўйса, бирига юз қўшилиши баробарида лавозими кўтарилиб, янада ҳурмат-эътибори ошади. Бу махсус орқа эшикдан фақат ва фақат, Каримов ва унинг атрофидагиларга тегишли жиноятчилар чиқариб юборилади…

Энг қизиғи, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Олий суд раисининг қайнисини суд залидан очиққа чиқариб, унинг шерикларига узоқ муддат жазо белгилаган судя, вилоят судига масъул вазифага кўтарилади.

Ўша асноларда, “жаҳонда эътироф” этилган: ўзимизга хос, ўзимизга мос “Ўзбек модели” қулайликлари кўкларга кўтарилиб, қонун ҳимоясидаги Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакатдаги мукаммал қонунлар хусусида, бутун матбуотдан Каримовнинг сиёсий маддоҳлари халққа чўпчак айтиб бераётган бўлади…

Барчасини қўлининг ойнасидагидек кўриб турган Каримов, яна илгаригидек Бўритош Мустафоевни бир муддат эгаллаб турган лавозимидан олиб, Конститутсион судга ўринбосар этиб тайинлайди. Кимларнингдир наздида муносиб жазо бўлиб туюладиган бу иш, аслида Олий суд раисини асраб қолиш учун амалга оширилган ҳийла бўлади. Унинг қайнағаси воқеаси одамларнинг хотирасидан кўтарилиб, мавриди етган кун президент қайтариб, уни яна бирор-бир юқори лавозимга ўтиртиради. Қизининг қилмишлари ёнида, унинг қайнисининг жинояти тирноқча ҳам эмаслигини яхши биладиган президент, бу гал ҳам жаллоди Бўритошни, шу янглиғ содир бўлиши мумкин бўлган хунук воқеа-ҳодисалардан ўзининг манфаатларини кўзлаб, асраб қолади.

Ўзбекистонинг жавҳари, Амир Темурнинг аржуманди салтанати бўлмиш гўзал Самарқандни ҳам, самарқандликларни ҳам Каримов режими Мустақиллик йилларида ўзгартириб юборди. Бўритошга ўхшаганлар Совет йилларидагидан ҳам Самарқанда кўпайгандан кўпайиб, ўзларининг мол-дунёга ўчлиги ва оч-юҳолиги билан одамларнинг онгига ёмон таъсир ўтказиб келди. Олий суд биносидаги тамаддихоналарда ароқ соттиришни йўлга қўйган Бўритошнинг номи самарқандликларнинг тилида достон бўлди. Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, қай бириникида меҳмон бўлманг, улар суд ва прокуратура соҳасидаги кимсаларнинг эрталабдан бир-икки қадаҳ кўтармаса, иш бошламаслигини айтиб фахрланиши, кишида нохуш тассурот уйғотади.

Ҳар кун ишга келадиган Бўритошнинг тўйиб ичиб, кун бўйи қабристон қоравулидек бировни олдига йўлатмасдан бир ўзи ўтириши ҳам, улар учун тенгсиз бир қаҳрамонлик бўлиб туюлади. Бўритош кабиларга эргашиб, мол-дунё ва ортиқча ҳою-ҳавасларга берилган самарқандликлар, Шўро замонидагидан ҳам бир неча баробар кўпайиб кетди.

Улар инсонийлик бурчларини унутиб, барча нарсаларни бойлик билан ўлчайдиган бўлиб қолдилар. Ҳукумат тизимига суқулиб кира олмаган баъзи самарқандликлар ҳам ҳар қандай қабиҳликларни амалга ошириб бўлсада, мол-дунё йиғишнинг ишқига тушдилар. Самарқанд шаҳридан етишиб чиққан мамарозалар нафақат Ўзбекистоннинг, бутун собиқ СССРнинг ёш ва гўзал қизларини Араб Амирликлари ва шунга ўхшаш мамлакатларда фоҳишаликка маҳкум этдилар. Бу каби жирканч ва фосиқ ишлар орқасидан Самарқанда маҳобатли қасрлар тикладилар, ўзларини тиллаворларга буркаб, бир-бирларининг ичини ёқдилар. Бу каби ҳаром-ҳариш ишлардан бунёд бўлган қасрларни, фаҳшга ботган маҳаллаларни кўриб, “ўзбегу тожикнинг зуриёдиман”, деган бирор мустақилликни мадҳ этгувчи мансабдор ёхуд бўлар-бўлмаса кўкрагига муштлайдиган “ватанпарвар”нинг ҳамияти қўзимади, тафаккур қилиб жони ачимади, ор-номусдан жони бўғзига тиқилмади.

Каримовча мустақиллик туфайли, икки туғишган ўзбегу тожикнинг пок тупроғи – ота-боболари хоки билан тўлган фирдавси Самарқанди, наҳс босган кимсаларнинг оёқлари остида қолиб кетди. Иймон-эътиқодли минглаган самарқанликлар кўзлари олдида рўй бераётган бу жирканчликлар, уларни тирик ўлдирди. Инсон зотига бўлган қалбларидаги муҳаббатни сўндириб, Каримов ва унинг мустақиллигига бўлган нафратини борҳо оширди.

…Президент Каримов отнинг чоти орасига дурбиндан термулиб, ҳалигача юқоридаги масалалар хусусида, бош қотирар экан, барчасига демократияни, жамиятнинг ўз-ўзини бошқариш муруватини синдириб, эркин матбуотни, мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларини йўқотиб эришганини тўғри зуҳр қиларди. Ўзининг чўнтак партияларини тузиб, уларга қақшатқич зарба берганидан мамнун эди. Бу йил “Юридичский” унверситетга кириш тест имтиҳонларидан ўтиш учун бир талабага бериладиган пора миқдори эллик минг АҚШ долларигача кўтарилганидан ҳам унинг яхши хабари бор эди. У бу каби масалаларга очиқ мулоқотларда, тиши-тирноғи билан ўзини қарши қилиб кўрсатса ҳам, ботинида қаттиқ тарафдор эди.

Пора бўлмаса на Олий, на бошқа ўқув юртларининг моддий таъминотини бошқаришнинг имкони бўлмасди.

Мансаб курсиларида ўтирганларни муттаҳам қилишнинг иложи бўлмагани каби пора бермасдан ўқишга кирган талабаларни осонлик билан пора олиб-пора беришга кўниктириш ҳам жуда қийин кечарди. Нафақат таълим-тарбия тизимининг, мамлакатдаги бутун бюджетга боғланган тизим поранинг зўри билан ушлаб туриларди. Пора – мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий жон томирларида оқаётган заҳарли қон эди.

Топганлари тутганларига етмайдиган ўқитувчилар пора бўлмаганда эди, арзимаган моянани деб, ўқув даргоҳларига ўла қолса, оёқ босмас эдилар. Каримов ўзининг лаёқатсизлиги ва субутсизлиги орқасидан кўтарим бўлган мамлакат иқтисодини, хонавайрон бўлган халқнинг ўлигига минг тепиб сақлаб турганини яхши англарди. У 2014 йилни “соғлом бола” йили деб ҳам, ҳаммани чув тушираётганидан ўзида йўқ, ич-ичидан қувонарди.

Ўзбекистонда янги туғилган болага эллик доллар ҳам суюнчи пули берилмаслигини у яхши билгани ҳолда, қўшни Қозоғистонда минг АҚШ дўллари миқдорида суюнчи пули берилиши ҳам унга маълум эди.

Ўзбекистонда суюнчи пули олмоқчи бўлганлар ҳафталаб қоғоз йиғиб, унга-бунга пора чўзавериб, охирида икки қўлларини бурниларига тиқиб қолишидан ҳам уни бехабар, деб бўлмасди. Аммо, Қозоғистон фуқароси туғруқхонадан олган бир парча қоғозни кўрсатиб, банкадан ўша заҳоти, минг долларни санаб олишини, унга хуфиялари неча йиллар аввал етказганлари, чин-ҳақиқат эди…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон