Мажбурий пахта йиғим-теримига қарши ҳуқуқий қўлланма

Мажбурий пахта йиғим-теримига қарши ҳуқуқий қўлланма
44 views
07 October 2014 - 9:44

1

“Ташаббус” нодавлат ташкилоти ҳуқуқшунослари пахта теримига мажбуран олиб чиқиш, жумладан, вояга етмаган шахсларни пахта теримига жалб этиш ноқонуний экани ҳақида қатор мақолалар чоп этиб келади.

Жорий пахта мавсумида “Ташаббус” интернет саҳифасида мажбурий меҳнат борасидаги ҳуқуқий маслаҳатлар ва мақолаларни тўплаб, тартибга солиб, фуқаролар пахта йиғим-теримига мажбуран жалб этилган ҳолатларда қандай ҳуқуқий чоралар кўриши лозимлиги ҳақида махсус қўлланма тайёрлангани ҳақида хабар эълон қилинди. Қўлланмани лотин ва кирилл алифболарида, шунингдек, рус тилида тайёрланган бўлиб, унинг илова қисмида мажбурий меҳнатга жалб этилган ҳолатларда фуқаролар ёзиши лозим бўлган ариза намуналари ҳамда уларни қай тартибда ва қаерга ёзиш йўл-йўриқлари ҳам берилган.

Хусусан, қўлланма кириш қисмида Ўзбекистонда ҳар йили пахта теримига фуқароларни оммавий сафарбар қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақида сўз юритилади.

“Теримчиларнинг бир қисми ўз ихтиёри билан чиқаётган бўлса, аксарияти мажбуран қатнашаётганлардир. Булар орасида балоғатга етмаганлар, талабалар, ҳомиладор ва ёш фарзандли аёллар ҳам бор. Ачинарлиси, амалдаги қонунчилик меҳнат қилишга мажбур этишни қатъиян тақиқласа ҳам, пахта терими билан боғлиқ бундай ноқонуний ҳолат ҳар йили такрорланади. Мазкур вазиятга чек қўйиш учун фуқаролар ўз ҳуқуқлари билан танишиб чиқиб, улардан қандай самарали фойдаланиш йўлларини ўрганиб олишлари керак. Бунда, биринчи навбатда, амалдаги қонунчиликдан мажбурий меҳнат тушунчаси қандай ўрин олгани билан танишиб чиқишлари керак ва шу қонун нормалари ёрдамига ноқонуний ҳолатларга қарши курашишлари лозим. Қўлланма мазкур масалада ёрдам бериш мақсадида ёзилди”, – дейилади қўлланмада.

Қўлланма уч асосий бўлимдан иборат. 1-бўлим мажбурий меҳнат тушунчаси, унинг амалдаги қонунчилик билан қандай тартибга солиниши, мажбурий меҳнат қурбонлари ва шaроитлари ҳақида маълумот беради. 2-бўлим мажбурий меҳнатга қарши курашиш учун кўрилиши лозим бўлган миллий-ҳуқуқий чоралар ҳақида. Мазкур бўлимда маъмурий ва суд тартибида амалга ошириладиган ҳуқуқий чоралар, мажбурий меҳнат учун жавобгарлик, мажбурий меҳнат устидан шикоят қилиш тартиби, мажбурий меҳнат натижасида келтирилган мулкий ва маънавий зарарни ундириш йўл-йўриқлари тушунтирилган. 3-бўлим мажбурий меҳнатга қарши халқаро миқёсда ҳуқуқий чоралар кўриш тартиби ҳақида. Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли органларига, хусусан, Замонавий қулчилик шакллари бўйича махсус Маърузачи, Таълим олиш ҳуқуқи бўйича махсус Маърузачи ва Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аҳволи бўйича махсус Маърузачига шикоят билан мурожаат қилиш тартиби тушунтирилган.

Ушбу Қўлланма, асосан, мажбурий меҳнат шаклларига қарши ҳуқуқий чоралар кўрмоқчи бўлган кишилар, хусусан, мажбурий меҳнат қурбонлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун мўлжалланган.

Ушбу қўлланманинг аҳоли ҳуқуқий билимларини оширишда, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишларида ўзига хос фойдали манба бўла олишини инобатга олган ҳолда уни сайтимизда эълон қилишга қарор қилдик.

Қўлланмани PDF форматида ўзбек тилида кўчириб олиш учун ушбу линкни босинг.

Қўлланмани PDF форматида рус тилида кўчириб олиш учун ушбу линкни босинг.

ЎХҲ ахборот бўлими