Ва отасиз бола сифатида дунёга келади…

Ва отасиз бола сифатида дунёга келади…
82 views
08 October 2014 - 7:30

almatov zakirСобиқ Ички ишлар вазири, президент Каримовнинг кўз очиб кўрган биринчи бош жаллоди Зокиржон Алматовнинг тагига сув қуйган Андижон фожеалари, баъзи бир журналистлар ва сиёсий шарҳловчилар айтмоқчи, унчалик ҳам сирли ва енг ичида битирилган оламшумул бир иш эмас. Бу жойда муғамбирлик ҳам, фавқулотда режалаштирилган пишиқ-пухта тактика-страдегия ҳам йўқ.

Аммо, Каримовнинг тубанликлар содир этгани ҳақиқатдир.

Унинг қуролсиз ва ўзига сидқи-дилдан ишониб яхши ниятлар билан майдонга йиғилган аҳолини қирғин-баротга тутганини, ваҳшийликлар содир этиб, ўз келажагини бой берганини ҳам ҳеч ким инкор эта олмайди. Бу барчаси унинг лаёқатсизлиги ва давлатчилик асосоларини билмаслиги орқасидан келиб чиққан муаммолар, холос. Унинг инсон зотига нафратини, меҳр-муҳаббат туйғусидан мосуволигини кучлилик ёхуд қувлик деб тушунмаслик керак.

Унинг билимсизлиги ва кучсиз бир шахс эканлиги, уни президентлик курсисини ноқонуний ва ноинсоний усуллар билан ушлаб туриш учун жиноятлар қилишга ундаётган экан, барчасини қўл қовуштириб томоша қилаётган биз кабиларнинг ҳам бу жойда айбимиз етарли. Мустақилликнинг асл башарасини омма кўзи олдида очиб ташлаган ўзбекнинг бу фожеаси, унинг руҳияти билан чамбарчас боғлиқ экани ҳам асосли бир далил. Бу нарса кимнинг кимлигини, шу қаторида Каримовнинг олчоқ ва қўрқоқ бир одам эканлигини очиб берди. Унинг қўлидан йўлбошчилик келмаслигини, унга ишониб бир қадам ҳам босиб бўлмаслиги тугул, ҳеч қачон этакдаги тошни тўкиб ташлаш, бўшашиш мумкин эмаслигини исботлади. Шунинг учун ҳам воқеаларни мураккаблаштиришнинг, сирлилигини кучайтириш учун турли-туман ёлғонларни ва чўпчакларни бичиб-тикишнинг ҳожати йўқ.

Бир сўз билан айтганда, Каримов ҳар доимгидек вазиятнинг қули бўлди. У оқимда оқа туриб, ўзини эплай олмагани сабабидан ўзи билан оқаётганларни ҳам, қирғоқдагиларни ҳам сувга чўктираётган бир одам.

У Андижон фожеаси масаласида ҳам, муаммонинг ечимини тополмасдан ўша кунгача минг бир хаёлга бориб юрган бўлсада, пировардида вазият тақазоси билан пайдо бўлган халқнинг талабларини бартараф этиш учун жумбоққа бош уриб, вазият юзага уриб чиқарган оқим таъсирида тескари қарор қабул қилгач, эпсизлигини намойиш қила туриб, юришни ниҳоясига етказди. Халқнинг хоҳиш иродаси у учун шахмат ўйинидай бир гап бўлгани учун имкони туғулиши билан қўлига тушган тошни сурди-ю, рақибининг шоҳини шахмат тахтасидан улоқтириб ташлади.

Шу билан қонун-қоидалар у учун ишлаб чиқилмаганини, халқнинг ҳоҳиш-иродасини назар-писанд этмаслигини узул-кесил ошкор эди. У учун муаммо саналган аксар ишлар, халқ учун муаммо ечими эканлигини ҳисобга олсак, низога унинг тахтини сақлаб қолиш иддаоси сабаб бўлганини ҳам яхши тушунамиз. Халқнинг мамлакатда адолат қарор топтириш ва иш ўринларини яратиш каби ҳақли талаби, у учун муаммо бўлган бўлса, унинг халққа бунёдкорлик ва тараққиёт йўлида эркини, ҳақ-ҳуқуларини беришни хоҳламагани, икки томоннинг тўқнашувига туртки бўлди.

Тўғрироғи, Каримов шахсан шундай бўлишини хоҳлагани учун ҳам хавфсизлик кучларининг саъй-ҳаракати билан ур-йиқитлар суъний равишда, зўрма-зўраки пайдо қилинди. Бундай бўлиши мумкинлигини, бошларига кўтариб юриган бир кимсалари ўзларини беаёв ўқ ёмғирларига рўпара қилишини одамлар, етти ухлаб тушларида ҳам тахмин этмаган эдилар.

У ҳеч қачон ташаббус кўтариб, жон-дилидан суядиган ўроқ ва болға тасвири туширилган қизил байроқни Кремилнинг пештоқидан ўз-ўзича илиб, майдонга омма орасидан отилиб чиқмайди. Бу унинг яхши-ёмон барча ташаббуслар душмани эканлигини, ислоҳатларга ҳеч қачон йўл очиб бермаслигини ва асносида ёв қочса, мард кўпаяди, деганлари сингари баъзида таваккалчиликларга қўл уришининг ҳам ўзгалар ҳисобидан эканлигини кўрсатади.

У ҳар доим бошида, ён-атрофидаги одамларнинг феъли-атрофига қўрқа-писа, зимдан разм солади, кейин ким нима деяпти, яхшилаб эшитиб кўради. Сўнгра, кўпчиликка ёқаётган жозибалироқ бир фикрни дарров ўзлаштириб, ўзиники қилиб оладида, отни қамчилашга тушади. Ҳар сафар қизғин бир кайфиятда бошланган сафарбарлик, охирида ҳар сафар ланж бир ҳолатда якунига етади. Аммо, вазият чигаллашса-чигаллашади, яхши тарафга ҳеч қачон ўзгариш бўлмайди. У бутун умр тегирмонга қўшилган кўзи боғлиқ эшак сингари бир жойда доира ясаб, айланаверади-айланаверади.

Шунинг учун ҳам у на ўзига, на бировга яхшилик қила олади. У ўзининг кўлмакдаги тилло балиқча эканлигини жуда яхши англаса ҳам, бир кун эмас, бир кун ўзининг акулага, кўлмакнинг эса денгизга айланишига қаттиқ ишонади. Унинг тушкунлик ичида, бир умр кўтаринкилик даъво қилиб яшаши, шунинг учун ҳам мамлакатда 23 йилдан буён сиёсий-иқтисодий инқирозларга йўл очиб, жамиятни маънавий поракандаликларга судраклайди. Унинг бу ҳолати, унинг болалагида орттирилган оғир руҳий синдроми билан боғлиқ.

Отаси қамоқда йилларида, унинг дунёга келиши унинг ҳаётида бир умрлик маломатлар ва машаққатлар орттиришига сабаб бўлди. Унда, ор-номус ва ҳамият туйғуси йўқлиги сабаб, маломатларнинг қўлидан сариқ чақачалик ҳам иш келмади.

Бироқ, ҳаёт машаққатлари – шайтони зўрлиги сабаб, уни ҳар куни юз марда буғдойнинг дони сингари тегирмонга солиб, юз марта ун қилиб чиқарганда ҳам, ундан кулчанон чиқмади. Ичи ҳасад ва ғаразга лимо-лим тўлалиги боис, у бир умр ачиган хамирлигича ёхуд хомсалигича қолиб кетди. Бир ёзувчининг ёзишича “загатконтора” деб аталадиган бир идоранинг бошлиғи бўлган отаси, ўзи бошлиқ идорадан тўртта эчкипўстак ўғирлаб сотиб қамалиб кетгач, уй-рўзғорнинг барча ташвиши онасининг бўйнида қолади. Баъзида тиланчилик, топилиб қолса одамларнинг кир-чирини ювиб бир этак етим боққан онаси қийналиб кетади. Шу важданам у бошқа ишларга ҳам қўл уради, шекилли, Каримов отасиз бола сифатида дунёга келади…

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон