Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларидан бири қамалди

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларидан бири қамалди
30 views
08 October 2014 - 8:59

шифокорЖиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари И. Жумашевни ўз мансаб лавозимини суистеъмол қилганлик ва порахўрлик айблари билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда uz24.uz хабар берди.

Вилоят суди вакили берган маълумотларга кўра, судланувчи Тошкентга қилган хизмат сафарлари давомида вилоят эндокринология диспансери бош врачи Ш Хўжаев ҳамда вилоят руҳий ва асаб касалликлари диспансери бош врачи К. Отажановлар ҳисобидан авиабилет сотиб олган.

Бундан ташқари, И. Жумашев Г. Қурбонбоевадан Хоразм вилояти перинатал маркази бош врачи лавозимига ишга жойлаштириш учун $700 пора олган. Шунингдек, онкологик диспансерининг жонлантириш бўлими ҳамширалиги лавозими учун И. Саидовадан $700, вилоят перинатал маркази жонлантириш бўлими ҳамширалиги лавозимига ишга жойлашиши учун фуқаро Н. Йўлдошевадан $400 ва 500 минг сўм миқдорда пора олган.

Тергов жараёнида аниқланишича, И. Жумашев аттестация комиссияси раиси сифатида ўрта поғонадаги соғлиқни сақлаш ходимлари ва фармацевтларни аттестация жараёнидан ўтказишда ўз мансаб лавозимини суистеъмол қилиб келган. Хусусан, 2011 йилнинг апрель ойида у воситачилар орқали Янгибозор тиббий бирлашмасининг 17 та ходимидан умумий 850 минг сўм ҳамда яна 16 та ходимдан жами 800 минг сўм миқдорда пора олган. Бундан ташқари, Жумашев Боғот тумани тиббий билашмасининг 30 та ходимидан жами 1 миллион 450 минг сўм, Хива тумани тиббий бирлашмаси ҳамширалари Х. Машарипова ва М. Абдуқодировалардан воситачилар орқали 200 минг сўм, Тезкор тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалининг 9 та ходимидан бош ҳамшира З. Шакарбоева орқали жами 900 минг сўм миқдорда пора олган.

Маълумотларга кўра, Жумашев олинган пуллар эвазига тиббиёт ходимларининг аттестациядан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйиб берган.

ЎХҲ ахборот бўлими