Мактаб директори синфларни иситиш учун олинган кўмирни сотиб юборди

Мактаб директори синфларни иситиш учун олинган кўмирни сотиб юборди
28 views
10 October 2014 - 10:16

1

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг директори лавозимида олти йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган шахснинг жиной қилмишлари ҳақида “Ҳуқуқ” газетасида мақола эълон қилинди.

Унинг фаолияти таҳлил қилинганда лавозимига номуносиблиги аён бўлди, дейилади мақолада.

Мақола муаллифининг ёзишича, мактаб директорини мактабдаги таълим-тарбия жараёнини яхшилаш, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ижодий муҳитни шакллантириш, ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялашдан кўра ўз чўнтагини қаппайтириш масаласи кўпроқ қизиқтирган экан.

У 2013 йилнинг май ойида мактаб ишчи-хизматчилари номига ёзилган мукофот пуллари ва ойлик маошлари ўз жавобгарлигида ва ихтиёрида эканлигидан фойдаланиб, 12 нафар ходим номига ёзилган 3 миллион 133 минг сўм пулни ўзлаштириб юборади.

Шунингдек, мактаб директори иш ҳақи тарқатиш рўйхатидаги яна тўрт нафар ходимнинг 1 миллион 622 минг сўм мукофот пулини қалбаки имзолар билан олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Айни пайтда, мактаб ҳисобчиси Н.Холбоев ҳам ўзининг раҳбаридан ўрнак олиб, у билан тил бириктирган ҳолда, ишчи-хизматчиларнинг ойлик иш ҳақларини пластик карточкаларга ўтказиб, 2012 йил апрель-октябрь ойларида, жами 1 миллион 704 минг сўм иш ҳақларини талон-торож қилишади.

Бундан ташқари, ходимларнинг 2 миллион 613 минг сўм иш ҳақларини ўзларига яқин бўлган кишилар, жумладан, М.Худойберганов, Ф.Собирова, С.Жуманиёзоваларнинг номига очилган пластик карточкаларга ўтказиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишади.

Шунингдек, мактаб директори ҳисобчи Н.Холбоев билан бирга 2012 йил март-декабрь ойларида 14 нафар ўқитувчига 2 миллион 10 минг сўм, 2013 йил май ва август ойларида 17 нафар ўқитувчига 1 миллион 633 минг сўм рағбат пулларининг ва айрим ўқитувчиларга иш ҳақларининг ортиқча тўланишига йўл қўйиб, давлатнинг 4 миллион 395 минг сўм пул маблағларини ўзлаштириб олади.

Бу ҳам етмагандек, мактаб директори мактабни иситиш учун пул ўтказиш йўли билан сотиб олинган 1 тонна 800 килограмм кўмирни 198 минг сўмга сотиб юборади.

2013 йил 30 ноябрь куни мактаб билан “Туямўйин савдо” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланиб, МЧЖ ҳисоб рақамига 1 миллион 774 минг сўм пул маблағлари ўтказиб берилади ва гўёки МЧЖдан шу пулга мебел жиҳозлари қабул қилиб олингани ҳақида ҳисоб-фактура тузилади. Бироқ, бу мебеллар мактабгача етиб келмайди.

“Бу каби мисоллардан кўриниб турибдики, мактаб директорининг ўз манфаатларини ўзгаларникидан устун қўювчи, ҳалоллик мезонларини унутган шахслиги аён бўлди”, – деб ёзади муаллиф.

Мақолада келтирилишича тилга олинган мактаб директорига нисбатан суд ҳукми чиқарилган, бироқ қандай жазо тайинлангани маълум қилинмаган.

ЎХҲ ахборот бўлими