Ўзбекистон “рус айиғи” ҳамласига учраши мумкин – мухлисимиз фикрлари

Ўзбекистон “рус айиғи” ҳамласига учраши мумкин – мухлисимиз фикрлари
75 views
12 October 2014 - 10:47

5Россия президенти Путин, нафси ва миясига қаттиқ жойлаштирилган коммунизм ғояси ўртасида аросатда.

У халқ билан бўлган очиқ мулоқотда, бир рус аёлининг (исми ёдимдан чиқди) жуда ўринли яъни ” халқ бойлиги бўлган ер ости қазилмалари, нефт ва газдан келаётган бойликларни, халқнинг фойдасини кўзлаб, монополизация қилиш вақти келмадими? Бу бойликлар бир қанча олигархлар ҳисобига кетмоқда, улар аллақачон бойиб булишдику, шу хақда нима дейсиз?” – деган саволига қоникарли жавоб бера олмай, жавобдан ўзини олиб қочганини бутун дунё кўрди.

Чунки бу айтилган, барча Россия халқларининг ҳаққи бўлган бойликлардан чиқаётган даромадларнинг катта қисмини Путин ва уни атрофидагилар ўз фойдаларига ўзлаштириб келмоқдалар. Ўзи оқиб келаётган шунча бойликлардан юз ўгириш рус элитасига осон эмас, балки мутлоқ иложи ҳам йўқдир.

Лекин бу очкўзликларини оқлашга ҳам баҳоналари йўқ. Хўш, эртага яна шу савол, халқ томонидан кўтарилиши мумкин. Жавобдан қочиш учун қандай йўл тутилади? Фақат бир йул, жавоб бермаслик учун, савол бермасликлари керак! Бунинг учун савол берувчиларнинг оғзини ёпиш керак. Кандай килиб?! Фақат босим орқали ва чалғитиш йўли билан!

Босим учун ташқи ва ички душманлар баҳонаси зарур! Чалғитиш учун эса уруш зарур! Кирим аннексияси ва Украина буҳронига сабабчи Путин, энди яна дунёда вужудга келган ғарб ва шарқ карама-каршилигидан фойдаланиб эски совет тузумини бошқа бир кўринишини барпо этиш ҳаракатини бошлади. Ўз атрофига, ўз ғоясидан ўзга ҳеч қайси ҳақиқатни тан олмайдиган коммунистлар ва миллатчиларни йиғиб олса, уларнинг ўзлари ҳақиқатгуйларнинг ҳам, демократларнинг ҳам овозларини ўчириб қўйишади албатта.

Путин атрофига коммунистлар ва миллатчиларни йиғиб, ўз ғояларини илгари суриб, очиқчасига соғлом ақл қабул қила олмайдиган, ўзга давлатга қилинган агрессияни, минглаб айбсиз украин ва русларнинг қони тўкилишини, дунё ҳамжамияти БМТда тасдиқлаб қабул қилган, давлатнинг ҳудудий даҳлсизлиги ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслиги ҳақидаги тамойилларни бузаётганини кўрмоқдамиз.

Бундан ташқари, улар очиқчасига Ўрта Осиё ерларига эгалик қилишни даъво қилишаётганини беркитишмаяпти. Совет давридагидек ўз қуролли кучларини намойиш қилиб, турли ҳудудларда ўқув машқлари баҳонаси билан жанговар ҳолатга келтирмокдалар. Шу билан бирга рус миллатчилари, казаклар ҳамда Кавказда, Чеченистонда ўз ваҳшийликлари билан танилиб, урушдан бошқа ҳеч нарсани билмайдиган, одам ўлдиришни касб қилиб олган жиноятчи ҳарбийлардан таркиб топган ёлланма каллакесарларни ҳам рағбатлантиришни бошладилар. Бу дегани, Путин хукумати уруш ҳаракатига тушиб қолди.

Биринчи навбатда бу хавф ғарбда асосан Болтиқ бўйи мамлакатларидан Молдовага қаратилган бўлса, Кавказда Грузия ва Озарбайжонга, Ўрта Осиёда Ўзбекистонга ҳам тахдид солмокда. Бу дегани юқорида кўрсатилган давлатлар атрофидаги бошқа мамлакатлар тинч-хотиржам қолади дегани эмас. Россия бирданига очиқчасига ҳужум қилмайди, Болтик бўйи мамлакатларида айирмачилар тайёргарчилик кўрмоқдалар, Молдовада Приднестровье ерларида айирмачилар ҳаракатга тайёр туришибди, Кавказда Грузияга, Осетия ва Абхазия оркали, Озарбайжон ва Арманлар ўртасида Қорабоғ тайёр «бомба» каби турибди.

Ўзбекистонга эса қўшни Қиргизистон ва Тожикистон оркали фитна уюштириб, қардош халқлар ўртасида уруш чиқариш режасини амалга оширишлари ҳеч гап эмас. Ундан сунг Болтик бўйига ва Молдовага Украина каби хўрланган русларни миллатчилардан “ҳимоя ва озод” қилиш баҳонаси билан, Кавказда ва Ўрта Осиёда эса “миллатлар-аро урушни тўхтатувчи, тинчлик ўрнатувчи “миротворецлар” ҳаракати деган баҳоналар билан юриш қилишлари хавфи бор.

Аввалам бор айтиш керакки бу ёмон ният ёки башорат эмас. Буларнинг хаммаси кечаги кунларда бўлган тарих сабоқлари ва бугунги кунлардаги русларда авж олиб бораётган шовинизм, “куч бору ақл керак эмас” деб юритаётган сиёсатлари, рус “айиғи”нинг ўз манфаатлари учун кутилмаганда ҳеч нарсадан тап тортмаслигини ҳисобга олган ҳолда қилинган тахминлардир.

Яхшисига ҳам, ёмонига ҳам тайёр бўлган яхши. Чунки дунёга таҳдид солувчи энг ёвуз кучлар, бу – бугунги кундаги Россия давлати қурол қилиб олган коммунистлар ва миллатчилар! Буни тарих тасдиқлайди!

Муҳаммадшариф